Бугун сафдошимиз, фаоллар фаоли, журналист Улуғбек Бакиров таваллуд топган кун!

Бугун, 9 сентябрь куни сафдошимиз, фаоллар фаоли, журналист, мухолифатчи, ҳуқуқ ҳимоячиси Улуғбек Бакиров таваллуд топган кун.

Улуғбек Бакиров ўзининг 37 ёшини она ватандан, яқинларидан йироқда, олис Норвегия давлатида дўстлари, сафдошлари сафида кутиб олмоқда.

Ёдингдами, айт-чи, сен туғилган он,
Ҳамма хандон еди, сен еса гирён.
Шундай яшагин-ки кетар чоғингда,
Ҳамма гирён қолсин, Сен кетгил хандон.

Мана шу тўртликни улуғларнинг улуғи, бекларнинг беги бўлмиш ўз она юрти равнақи учун жон фидо қилгувчи Улуғбеклар учун айтилганига шубхамиз йўқ. Чунки Улуғбек Бакировнинг ҳаёт йўли ўз она Ватани озодлиги учун курашга бағишланганлигига уни таниган-билган барча инсонлар яхши биладилар.

https://www.youtube.com/watch?v=VLKKoKgWffs

Агар сафларимизда Улуғбек Бакиров сингари ўз ватани, миллатдошлари учун жон фидо қила оладиган фаоллардан бир нечтагина бўлганида эди, сафларимиз янада мустаҳкамланган бўларди.

Улуғбек укажон, сизни таваллуд топган айёмингиз билан ўзинингиз бошқарув кенгаши аъзоси бўлган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамияти “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши вакиллари ва барча ҳамкорларимиз, сафдошларимиз номидан чин дилдан қутлаймиз.

Умид қиламизки, яқин муддатларда ўз ватанимизда фаолиятимизни давом эттирамиз ва 40 ёшлик юбилейингизни онажонингиз, опа сингилларингиз ва бугунги кунда сиздан йироқда бўлиб, дийдорингизга зор бўлаётган яқинларингиз, касбдошларингиз, дўстларингиз сафида нишонлаш насиб этади. 

Келгусида сизга улкан муваффақиятлар, оилавий бахт саодат тилаймиз! Қалбингиз тубидаги барча орзу ниятларингизни ижобат бўлишини тилаб қоламиз!

Ҳурмат ва эҳтиром ила,
опангиз Мўътабар Тожибоева

Улуғбек Бакиров ҳақида:

Улуғбек Бакиров 1980 йил 9 сентябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Охунбобоев шаҳрида туғилган.

Охунбобоев шаҳрининг 4-ўрта мактабида 8-синфгача ўқиб, сўнгра Охунбобев шаҳридаги 1-физика-математика лицейини аъло баҳоларга тамомлаган.

Олий таълимни Андижон Давлат Университети (АДУ)нинг ўзбек филологияси факультетида олган. Иш фаолиятини дастлаб Андижон “Тараққиёт” ва Андижон Ёшлар телевидениясида мухбирликдан бошлаб, кейинроқ мактаб ва коллежларда ўқитувчи, тарбиячи, методист вазифаларида ишлаган.

Улуғбек Бакиров сиёсий фаолиятини 2001 йили 21 ёшида “Бирлик” Халқ Ҳаракати сафига келгандан кейин бошлаган.

Ҳаракатга дастлаб оддий аъзо бўлиб кирган Улуғбек, 2003 йилда мазкур Ҳаракат “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясига айлангандан кейин, 2006 йилгача “Бирлик” партиясининг Жалақудуқ туман бўлими раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ”Эзгулик” жамиятининг шу тумандаги раиси вазифаларида ишлаган. Ҳамда тумандаги “Исломбек” уй-жой мулкдорлари ширкати раиси вазифаларида ишлаган.

“Бирлик” ХҲП ва ЎИҲЖ “Эзгулик” сафларида фаолият кўрсатган Улуғбек Бакиров, “Фридом Хаус”, “Хьюман Райтс Вотч” каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаган. АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борган.

Ўзбекистон расмий ОАВда ва хориж матбуотида мақолалари билан танилган. “Озодлик”, Би-би-си, “Америка овози” радиоларида Андижондаги ижтимоий-сиёсий ва инсон ҳуқуқлари борасида мунтазам чиқиш қилиб келган.

2005 йил майида бўлиб ўтган Андижон воқеаларининг дунё матбуотида ёритилишида фаоллик кўрсатган. Шу воқеалардан сўнг, 2006 йилгача У.Бакировга кўплаб тазйиқлар, таъқиблар бўлгандан кейин 2006 йил сентябрида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

У.Бакиров дастлаб Бишкекда сиёсий муҳожир мақомида яшаб, бир йил мобайнида Бишкекдаги ўзбек ва қирғиз мухолифати вакиллари билан сиёсий ҳамкорликда бўлиб, ўзбек муҳожирларининг Бишкекдаги илк “Ҳижрат сарбони” номли газетасига масъул муҳаррирлик қилган.

2007 йилдан буён Норвегияда яшайди.

2003-2011 йиллар давомида  “Бирлик” ХҲПнинг “Ҳаракат” Ахборот Агентлигига мухбирлик қилган.

2011 йилдан 2013 йилгача Замондош веб-нашри ва интернет ТВсида Бош муҳаррир, бошловчи , 2013-2014 йилларда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг веб-сайтида Бош муҳаррир вазифаларида ишлаган.

2006 йилдан буён “Туронзамин” мустақил нашрида кўплаб мақола ва шеърлари нашр қилинган.

2015 йилнинг январида хориждаги бир қатор фаоллар ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Президентлик сайловида Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК)нинг Матбуот котиби вазифасида фаолият олиб борган.

Бакировнинг Виртуал Сайлов Комиссиясидаги фаолиятига Марказий Сайлов Комиссиясининг сайлов участкаларида Ўзбекистондаги Президентлик ва парламент сайловларида уч марта турли вазифаларда ишлаб орттирган тажрибалари қўл келган.

Улуғбек Бакиров шеърлар ҳам ёзиб туради. Унинг илк “Ўзбекистоним” шеъри 14 ёшида туман газетаси “Жалақудуқ ҳаёти”да нашр қилинган, вилоят телевидениесидаги Мустақиллик байрамига бағишланган махсус кўрсатувда ушбу шеърини ўқиб берган.

Ўзи таҳсил олган Охунбобоев шаҳридаги физика-математика лицейининг мадҳиясини Улуғбек 15 ёшида 1995 йилда ёзиб, танловда ғолиб бўлган. Бу мадҳия 22 йилдан буён лицей ўқувчилари томонидан куйланиб келинмоқда.

2015 йилда Улуғбек Бакиров ташаббуси билан Андижон фожиасининг 10 йиллиги муносабати билан “Қонли Андижонга 10 йил” кампанияси доирасида туркум эшиттиришлар тайёрланди. Европарламентдаги тадбирлар ҳақида қатор фильмлар тайёрланди.

2015 йил январь ойидан бошлаб, “Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти Бошқарув кенгаши аъзоси сифатида ташкилот Низомида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб келади.

2016 йил январь ойидан бошлаб “Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик Кенгаши “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан ташкил этилган TUG’YON радиосини бошқариб, ўзбек жамиятининг оғриқ нуқталари ҳисобланмиш сиёсий ва диний маҳкумларнинг ҳамда қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонларининг тақдирларига, Ўзбекистондаги қийноқлар ва қамоқҳоналардаги вазиятларга, дунёнинг турли бурчидаги қочқинлар ва меҳнат муҳожирларининг тақдирлари сингари муаммоларни кўтариб чиққан.

Улуғбек Бакиров бошқарган TUG’YON онлайн-радиосида 120 дан ортиқ муаллифлик дастурлари тайёрланиб эфирга узатилган. Ўтган давр мобайнида TUG’YON радиоси жами 88 соат эфирга чиққан. Шундан 75 соати Улуғбек Бакировнинг ўз муаллифлиги остидаги радиодастурлардир.

Радионинг мақсад вазифаси Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига хизмат қилиш; Мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш; Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларига кўмаклашиш; Жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш; Турфа фикрли инсонларга эркин ва очиқ минбар яратиш; Ватанимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз ҳамда диктатура зулми остида қурбон бўлган ватандошларимизнинг хотирасини ёдга олиш; Сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ қурбонлари ва адолатсиз судлов қурбонлари, қочқинлар тақдирига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш; Турли сабабларга кўра, хорижда яшаб, ишлаётган ҳамюртларимизнинг, шу жумладан, меҳнат муҳожирларининг бугунги ҳаётини ўрганиш; Ёшлар ҳаётига назар солиш; Ҳуқуқий ва сиёсий соҳага оид маълумотларни тақдим этиб бориш; Маънавият ва маърифат, сиёсат ва иқтисод, тарих ҳамда адабиёт, санъат ва маданият, адлия ҳамда ҳуқуқ тартибот, маориф ва соғлиқни сақлаш каби бир қатор соҳаларга оид туркум эшиттиришлар тайёрлаб, унда асосан, фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат намоёндалари, давлат ва сиёсат ҳамда жамоат ва дин арбоблари, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳамда оддий радиотингловчилар билан суҳбатлар уюштиришдан иборат бўлиб кўзлангандан ортиқ даражада фаолият юритди.

Шу жараёнда инсон ҳуқуқлари фаоллари, сиёсатчилар, сиёсатшунослар, журналистлар, мухолифатчилар, фуқаролик жамияти фаоллари, диний фаоллар, собиқ сиёсий маҳкумлар, шунингдек, афғонистонлик ва қирғизистонлик фаоллар билан интервьюлар, давра суҳбатлари ташкил қилинди ва бу дастурларда 60 дан ортиқ турли соҳа вакиллари ва сиёсий маҳкумлар яқинлари, сиёсий қатағон, қийноқ қурбонлари ва уларнинг яқинлари иштирок этдилар.

Улуғбек Бакиров Ziyo Nur интерет-студиясига 2013 йил февралида асос солган. Унга Бош муҳаррирлик қилади. TUG’YON радиоси ва Ziyo Nur студияси орқали миллатимиз жонкуярлари, фидойи инсонлар ҳақида фильмлар, радиодастурлар тайёрлаб эфирга узатиб келади.

Миллат фидойилари бўлмиш машҳур инсонлар тақдирига бағишланган фильмлар, радиодастурлар Ўзбекистон келажак авлодига Ватан озодлиги йўлида курашган ўз ватандошлари ҳақида етарли маълумотлар олиши учун хизмат қилишига ишонамиз! 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.