Абдужалил Бойматов: Муҳаммад Солиҳнинг давлат тўнтариши режаси ҳақида
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг президенти Мўътабар Тожибоева youtube каналида мухолифатдаги Эрк “демократик” партиясининг “етакчиси” Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) томонидан режалаштирилган давлат тўнтатиши ҳақидаги видеони очиқлади. [1].
Салай Мадаминов Ўзбекистонда давлат тўнтариши уюштириш йўлидаги жиноий режалари ҳақида сўзлайди!
Видео Мўътабар Тожибоеванинг кириш сўзи билан бошланади. Мўътабар Тожибоева кириш сўзида Муҳаммад Солиҳнинг давлат тўнтаришини амалга ошириш режасини билан танишиб унинг бу фаолиятига баҳо беришни сўрайди.
31:50 минутлик видеонинг қарийб 8:30 минути давомида Муҳаммад Солиҳ суҳбатдоши билан марҳум диктатор Ислом Каримовнинг ўлими, мухолифатнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида суҳбатлашади. Суҳбатдоши Қирғизистон ва Тожикистон орқали Ўзбекистонга йўл очиб беришини айтади. Видеодаги телефон сўзлашувлари 8:30 минутгача 2016 йилнинг сентябрь, октябрь ойларига тегишли.
Видеонинг 8:30 минутидан охиригача (31:50 минутгача) режани молиялаштириш, Эрдўғон ва Путинга мурожаат қилиб уларга Муҳаммад Солиҳнинг президентликка муносиб номзод эканлигини етказиш, диний ва дунёвий мухолифатнинг ватанга қайтиши,мухолифатнинг қурултойини ўтказиш, бунинг учун 100 миллион АҚШ доллари зарурлиги, қурултойга кимларни таклиф қилиш, Исмат Хушевни ҳам таклиф қилиш керакми, йўқми ва рус матбуоти учун Шавкат Мирзиёев ва Рустам Азимов ҳақида материал тайёрлаб Хмарин Виктор Николаевичга қандай қилиб етказишни мухокама қилинади.
BBC томонидан матн тарзида берилган давлат тўнтариши режаси ҳақида саволларга Муҳаммад Солиҳ батафсил жавоб беради. [2,3].
11:28 минут давом этган видеода Муҳаммад Солиҳ давлат тўнтариши режасини муҳокама қилганини инкор этиб, ўзини зўравонликсиз, тинч йўл билан ҳокимият учун курашувчи етакчи сифатида тақдим этади.
Мен Мўътабар Тожибоева ёйинлаган видео [1], BBC тақдим қилган мақола [2] ва видеони [3] бир неча марта кўриб шундай хулосага келдимки, Муҳаммад Солиҳ суҳбатдоши ( Олим Мирзаев) билан давлат тўнтариши режасини муҳокама қилган.Тўғри бу режани ҳаётга татбиқ қилиш учун кейинчалик амалий тадбирлар ўтказилмаган. Масалан қурултой ўтказилмаган. Балким, 100 миллион АҚШ доллари топилмагандир.
Мени ҳайрон қолдирган нарса, Эрк партияси аъзолари ўз етакчиларининг давлат тўнтариши режасини муҳокама қилганини ташкилот мажлисида кўриб чиқмасдан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб сайтида МХХ, ДХХнинг “агенти” Мўътабар Тожибоева ҳақида шахсиятга тегувчи, ҳақоратли мақолалар чоп қилишган.
Мен ҳам 2009 йили Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг президенти этиб сайланганимдан кейин Бирлик ва Эрк етакчилари Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳларни ўз ташкилотларида етакчиликни узурпация қилиб олганликларини танқид қилишни бошлаган эдим.
Ўшанда мени ҳам Эрк демократик партиясининг веб сайтида мухолифат ичига киритилган МХХнинг агенти деб мақолалар чоп қилинган эди.[4].
Эрк демократик партиясини 29 йилдан бери , Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини 8 йилдан бери бошқариб келаётган Муҳаммад Солиҳ бу партия ва ҳаракат етакчилигини узурпация қилиб олди. Яъни партия ва ҳаракат етакчилигидан тўдабошига айланди, партия ва ҳаракат низоми бўйича етакчи партия ва ҳаракат қурултойида маълум муддатга бир ёки бир неча марта сайланиши мумкин,бироқ умумий муддат 8-10 йилдан ошмаслиги лозим. Эрк демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аъзолари ҳам партия ва ҳаракатнинг тўдага айланишига йўл қўйиб беришган.
Умуман олганда Ўзбекистонда эркинлик ва демократия учун курашадиган ҳаракат ва партиялар йўқ. Фақат, қўғирчоқ 5 партия ва Абдураҳим Пўлатов томонидан узурпация қилинган Бирлик Халқ Ҳаракати партияси, Муҳаммад Солиҳ томонидан узурпация қилинган Эрк демократик партияси, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва Баҳодирхон Туркистон томонидан узурпация қилинган Бирдамлик Халқ Демократик партияси бор.
Ўзбекистонда эса ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жорий ҳокимият томонидан оёқ ости қилинябди.
Хусусан, Янгийўл ҳокимлиги режани бажарган фермерлар ғалласини ҳам тортиб олмоқда.[5].
Озодликдан иқтибос:”Тошкент вилояти, Янгийўл туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерлар давлатга буғдой топшириш контрактация шартномасини бажарганига қарамай¸ ҳокимлик режадан ортиқ буғдойни ҳам ўриб олиб кетаëтганини билдирди.
Фермерларга кўра, милиция ходимлари назоратида ўримга туширилган комбайнлар, даладаги сўнгги бошоқни ўриб олмагунча чиқарилмаяпти.
Туман ҳокимлигининг мулозими шундай ҳолат бўлганини тасдиқлар экан, бу тадбир гектар ҳосилдорлиги паст бўлган фермерларга нисбатан қўлланилаётганини айтди.
Ҳокимлик томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермер Озодликка давлатга буғдой топшириш контрактация шартномасини қарийб 140 фоиз қилиб бажарган бўлса-да, ўзига бир кило ҳам буғдой қолдирилмаганини айтади.
“Буғдой ўрими бошланиши билан ҳар бир комбайнга иккитадан орган ходими бириктириб қўйилди. Масалан, комбайн менинг даламга кириб келганидан то чиқиб кетгунча ана шу ходимлар назорат қилиб турди. Комбайн тўккан буғдойни топшириб келаяпмиз, режа 130 фоиздан ҳам ошди, лекин ўрим тўхтатилмади. Энг сўнгги бошоқни ҳам ўриб олиб кетишди. Менга бир кило ҳам буғдой қолдирилмади. Ҳокимликдан масъул қилиб қўйилган одамга арз қилсак, ҳеч гап эмас, давлат пландан ортиқ буғдойингга ортиқча нарх беради, деб рухсат бермади”. Иқтибос тугади. [5].
Юқоридагилардан кўриниб турибдики президент Шавкат Мирзиёев ҳокимияти ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилса, Муҳаммад Солиҳлар эса ўз партия ва ҳаракатларини низомига тупуриб қўйиб бу партия ва ҳаракатнинг етакчилигидан тўдабошига айланиб олган.
Шу сабабли ҳам мамлакатда на иқтисодий эркинлик бор, на сиёсий эркинлик бор. Мамлакат зўравонлик ва коррупция ботқоғида.
Зеро,Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[6].
Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.
Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва Украина (60 балл) ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Россия (20 балл),Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [7].
Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[8].
Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. Россия коррупция кўрсаткичи бўйича 28 балл билан 138-ўринни эгаллаган бўлса, Украина 32 балл билан 120-ўринни эгаллаган.[9].
Давлат тўнтариши режаси ва ҳокимият зўравонлиги машмашалари жонингизга теккан бўлса ёш, таниқли, хушовоз хонанда Бунёдбек Саидов ижросида “Устозлар термаси” қўшиғини тинглаб машмашаларни бироз унутинг. [10].
Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.
12– июль, 2019-йил.
Дублин, Ирландия.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Салай Мадаминов давлат тўнтариши режалари ҳақида сўзлайди! 06.07.2019. (Салай Мадаминов давлат тўнтариши режалари ҳақида сўзлайди!).
2. Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган – Муҳаммад Солиҳ. 09.07.2019. (Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган – Муҳаммад Солиҳ).
3. Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган – Муҳаммад Солиҳ. 09.07.2019. (Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган – Муҳаммад Солиҳ).
4. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011. (Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. – Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти).
5. Янгийўл ҳокимлиги режани бажарган фермерлар ғалласини ҳам тортиб олмоқда. 05.07.2019. (Янгийўл ҳокимлиги режани бажарган фермерлар ғалласини ҳам тортиб олмоқда).
6. 2019. Index of Economic Freedom. (Country Rankings: World & Global Economy Rankings on Economic Freedom).
7. Freedom in the World 2019. (https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).
8. Worst of the worst. 2019. (https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat).
9.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018 (Corruption Perceptions Index 2018)
10. Bunyodbek Saidov – Ustozlar 3 | Бунёдбек Саидов – Устозлар 3 (concert version). 11.05.2016. (Bunyodbek Saidov – Ustozlar 3 | Бунёдбек Саидов – Устозлар 3 (concert version).
Fikr bildirish