Диктатор Ислом Каримовдан қолган мерос – Маъмурий ҳуқуқбузарлик сиёсий қатағон қуроли (Мақола № 1)

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раисига

“Ўтюраклар Клуби” инсонҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти Мўътабар Тожибоевадан

ТАКРОРИЙ МУРОЖААТНОМА

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК СОХТА ҚАРОРЛАРИ ВА АДОЛАТСИЗ АЙБЛОВ ҲУКМИ ЗУДЛИК БИЛАН БЕКОР ҚИЛИНМОҒИ ДАРКОР

26 июнь – ҚИЙНОҚ ҚУРБОНЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ХАЛҚАРО КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТУРКУМ МАҚОЛАЛАР

Диктатор Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқарган чорак асрдан ортиқ муддатда қийноқлар тизимли эканлигини тан олишга бирор бир давлат мансабдорининг бўйни ёр бермасди. БМТнинг йиғиними, ЕХҲТнинг навбатдаги анжуманими, ёки бошқа бир халқаро тадбирдами, ишқилиб, имкон пайдо бўлибдики Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари бонг урар, Ўзбекистон ҳукумати мансабдорлари эса мамлакатда қонунлар устиворлиги, қийноқларга қарши нафақат конституциясида, балким қонунларда ҳам алоҳида бандлар ёзилганлигини рўкач қилиб келардилар.

Ислом Каримовнинг вафотидан кейин мамлакатни бошқараётган Шавкат Мирзиёев нафақат Ўзбекистонда қийноқлар тизимли эканлигини тан олди, балким қийноқларга қарши курашни кучайтирди. Республика бош прокуратураси, Республика Олий суди раҳбарияти ҳамда жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳам қийноқларга алоқадор фикр, мулоҳазаларини очиқ ойдин баён қила бошладилар.

Лекин, айнан Шавкат Мирзиёев хукуматга келган пайтларида, аниқроғи 2016 йилнинг сентябрь ойида Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Чоллишоликор» қишлоғида содир бўлган оммавий қатағон ҳақида, айни шу қишлоқ аҳолининг бир қанча оилаларига қарши қилинган босимлар, қўлланилган қийноқлар, ғайриинсоний қилмишлар ҳақида ҳар қанча мурожаатлар қилмайлик, баёнотлар бермайлик хали ҳамон бу оилалалар вакилларига қилинган босимларни тан олиш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун жиддий қадам қўйилаётгани йўқ.

Хеч кимга сир эмаски, қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишлари қўзғатилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланганди.

Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалганди.

Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган “қулоқлар”, енгилтабиат аёллар, маҳалла “фаоллари” ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан кенг фойдаланиларди.

Маъмурий қамоққа олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинардилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланиларди ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўладирлар.

Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланиларди. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига кирарди.

Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинардилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинардилар.

Бугунги биз жамоатчиликка тақдим қиладиган инсонлар тақдирида айнан ўша маъмурий қамоқ усулида қўлланилгани, бутун бошли “Чаллашоликор” аҳолиси кўзи ўнгида содир бўлган адолатсизлик, Ислом Каримов замонидан мерос қолган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик” ишлари Ўзбекистонда сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқларни давом этаётганини исботлайди.

Бунга мисол қилиб ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган ва бугунги кунда қамоқда сақланаётган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Масабуров Озат Бегжонович, Масабуров Матёқуб Солиевич, Рўзметов Ғайрат Комилович, Ўрозбоев Баходир Азадович, Жуманиязов Кўпал Ибрагимович, «Чаккашоликор» қишлоғида яшовчи Масабуров Хабибулла Солиевич, Масабуров Мустафо Озотович ҳамда бошқаларнинг мисолида кўриш мумкин.

Бу “Бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга «ошириб» келган», яъни «террористик гуруҳ етакчиси» сифатидаги жиноятларни содир этганликда айбланган Озат Масабуров ва унинг “жиноий шериклари” тақдири ғоят ачинарлидир.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг судьяси Ш.Раззоқов томонидан 2017 йилнинг 9 март кунги эълон қилинган адолатсиз айблов ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан  маҳрум қилиниб,  бугунги кунда ҳам қамоқда сақланаётган Масабуров Озат ва унинг “жиноий шериклари” хисобланмиш бошқа инсонларни уюштирилган фитналар қурбони бўлганликлари ҳақида қуйидаги янги маълумотларни тақдим қилмоқчиман:

“Террористик гуруҳ етакчиси” Масабуров Озатни маъмурий иши:

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси М.С.Маҳмудов 2016 йил 15 сентябрь куни Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс талабларига ва Судлар ҳақидаги Қонунга зид равишда ишни бир томонлама кўриб чиқиб, 1962 йил 10 март куни Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган, 11 нафар фарзандлари бор, 2 гуруҳ ногирони Масабуров Озат Бегжановични Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан “майда безорилик” содир этганликда айбли деб топиб, унга энг кам ойлик иш ҳақи 130 240 сўмнинг 5 баробари миқдорида, яъни 651200 (олти юз эллик бир минг икки юз) сўм миқдорида жарима жазосига тортишга қарор чиқарган.

2016 йилнинг 15 сентябрь куни Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган ХМ № 0088425 сонли маъмурий баённомада “Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳуқуқлари билан таништирилди Ўз.Рес.МЖтКнинг 294 моддаси” дейилган, лекин Масабуров Озатнинг ҳуқуқларини тушунтирилгани ҳақидаги имзоси мавжуд эмас.

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи гувоҳлар ва холислар ҳам ушбу баённомага умуман имзо чекмаганлар.

“Чаккашоликор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Эрка Бекжонов Озат Масабуровга берган тавсифномасида унинг 11 нафар фарзанди борлиги, маҳалладаги тўй ва маросимларда қатнашиши, шубхали диний таъсир остида кун кечириши ҳақида ёзган.

Маъмурий жаримага тортилган Озат Масабуров билан 2016 йил 15 сентябрь куни қуйидаги  воқеа мана бундай содир бўлган:

2016 йилнинг 15 сентябрь куни эрталаб соат 11.00ларда Озат Масабуров МХХ Хоразм вилоят бошқармаси биносидан ўзига нисбатан бўлаётган босимлардан, собиқ турмуш ўртоғи Гулора Султонова билан биргаликда милиция вакиллари ўзига қарши навбатдаги фитнани уюштирганликлари ҳақида шикоят қилиб, ташқарига чиққан пайтида уни кутиб турган Ички ишлар бўлими ходимлари хассага таянибгина харакатланадиган Масабуровни ногирон ва касал бўлишига қарамасдан уни тутиб олганлар.

Улар Масабуровни қўлларини орқага қайириб, кишанлаб, Урган тумани ИИБ идорасига олиб кетганлар ва кечки соат 20.00гача қўлидаги кишанни ечмасдан, уни жисмонан ва рухан азоблар бериб, на овқат, на сув бермасдан қийнаганлар. Айни шу пайтда эса унинг хонадонида қонунга зид равишда тинтув ўтказганлар.

Шу орада “жабрланувчи” Гулора Султонованинг шикоят аризасига асосан Масабуров Озатга қарши маъмурий баённома ва бошқа қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Озат Масабуровни маъмурий жаримага тортиш ҳақидаги қарорда ёзилишича “…Ҳуқуқбузар Озат Масабуров 2016 йил 15 сентябрь куни ўзининг Урганч тумани, “Чаккашоликор” қишлоғи, “Чаккашоликор” маҳалласи ҳудудида жойлашган яшаш уйининг кўча томонида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида ҳар хил уятли сўзлар билан собиқ турмуш ўртоғи Гулора Султоновани ҳақорат қилиб, шу маҳаллада яшовчиларни тинчлиги ва осойишталигини бузиб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган…”

Суднинг қарорида ҳуқуқбузар, 2 гуруҳ ногирони Озат Масабуров “Жабрланувчи, Хозарапс тумани, Ш.Рашидов маҳалласи, “Нурли йўл” кўчаси 11 уйда яшовчи Гулора Султоновани қўни-қўшнилар олдида ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаънини камситиб, оёғининг тагига олиб, уни йиқитиб урганлигини, кейин секин ўрнидан туриб, туман ИИБга бориб, бўлиб ўтган воқеаларни баён қилиб, собиқ турмуш ўртоғи Озат Масабуровга қонуний чора кўриш мақсадида ариза берган…” дейилган.

Лекин Гулора Султонованинг Урганч тумани ИИБ бошлиғи М.А.Ачилов номига 15 сентябрь кунги ёзган аризасида “…. олдин турмуш ўртоғим бўлган Озат Масабуров мени кўчада, жамоат жойида, фуқаролар олдида ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъним ва қадр-қимматимни камситди. Ушбу холат юзасидан Озат Масабуровгаг қонуний чора кўришингизни сўрайман” деган.

Милиция бошлиғи М.А.Ачилов номига ёзган тушунтириш хатида ҳам Гулора Султонова “… олдин турмуш ўртоғим бўлган Озат Масабуров мени кўчада, жамоат жойида, фуқаролар олдида ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъним ва қадр-қимматимни камситди” деган холос.

Суд раиси М.А.Маҳмудов Озат Масабуров Гулора Султоновани оёғининг тагига олиб, уни йиқитиб урганлиги ҳақидаги қайси аризани назарда тутган, буни фақатгина ўзи билади холос.

Судга тақдим қилиш мақсадида сохта хужжатларни расмийлаштириш пайтида Масабуровдан вазият бўйича бирор сўз сўрамаганлар ва ундан тушунтириш хати ҳам олмаганлар. Суд жараёнида пайтида ҳам Масабуровга МЖтК талабларига асосан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун адвокат жалб қилишига хеч қандай имконият берилмаган, маъмурий жавобгарликка тортишга алоқадор тўпланган ҳужжатлар билан таништирилмаган ҳам.

Озат Масабуровни террористлар етакчиси сифатида айблаш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қасддан уюштирилган. Буни Масабуровни қонунга зид равишда, кишанда ушлаб турган пайтларида уни уйини қонунга зид равишда, ордерсиз тинтув ўтказганликлари ҳам исботлайди.

Буни яна бир исботи тариқасида Масабуров Озатни маъмурий жаримага тортиш қарорида ҳам кўриш мумкин. Суд қарорида воқеа жойи, вақти кўрсатилмаган ва тинчлиги бузилган қўшниларни биронтаси ҳам сўроқ қилинмаганлар.

Суднинг қарорида Озат Масабуровни ҳуқуқбузарлик содир қилганлигини Б.Абдуллаев ва Ф.Бобожоновларни берган гувоҳликлари тасдиқлаши ҳақида ёзилган. Лекин Болта Абдуллаев ва Фарход Бобожоновлар маҳалла посбонлари бўлиб, улар ўзлари гувоҳ бўлмаган воқеага, яъни кўрмаган нарсаларига ёлғон гувоҳлик берганлар.

Бу ҳақда маъмурий ҳуқуқбузарлик суд қарорида қуйидагича баён қилинган:

“… Ҳуқуқбузар Озат Масабуров ўз айбига иқрорлик билдирмасада, унинг айби жабрланувчи Гулора Султанованинг суддаги, гувоҳлар Болта Абдуллаев ва Фарҳод Бобожоновларнинг суриштирувдаги тушунтиришлари, баённома, далолатнома, талабнома, маъмурий баённома ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан судда ўз тасдиғини топади.

Суд, ҳуқуқбузар деб эътироф қилинган Озат Масабуровнинг суд мажлисида айбини тан олмасдан, “ўша куни ўзи Гулора Султоновани уятли сўзлар билан ҳақорат қилмаганлигини” билдириб берган тушунтиришига ҳуқуқий бахо бериб, гувоҳлар Болта Абдуллаев ва Фарҳод Бобожоновларнинг суриштирувдаги тушунтиришларини ва жабрланувчи Гулора Султонованинг суд мажлисидаги тушунтиришларини инобатга олиб, Озат Масабуровнинг ушбу тушунтиришини ишончга сазовор эмас ва бундай тушунтириш бериш орқали ўз аҳволини енгиллаштириш ва жавобгарликдан қутулиш мақсадида берилган тушунтириш деб, танқидий бахолашни лозим топади”.

Аслида тўғридан тўғри ички ишлар тизимига бўйсунувчи маҳалла посбонлари Болта Абдуллаев ва Фарҳод Бобожоновларнинг гувоҳлиги қонунга зиддир.

Озат Масабуровдан унинг қарамоғида қолиб кетган вояга етмаган фарзандлари учун тўланиши керак бўлган алиментдан қарздорлик суммаси 5 миллион сўм миқдорига етиб қолгани учун тумандаги Мажбурий Ижро Бюроси томонидан расмий огоҳлантириш олган Гулора Султонованинг жабрланувчи сифатида иштирок этишига ҳуқуқий бахо берилиши ва ушбу маъмурий иш тўлиғича бекор қилинишига асос бўлади.

2016 йилнинг 19 сентябрь куни Масабуров Озатни ўғли Масабуров Мустафога қарши расмийлаштирилган маъмурий қамоққа олиш ишида ҳам айнан шу кимсалар, яъни Фарход Бобожонов жабрланувчи, Болта Абдуллаев эса гувоҳ бўлиб қатнашганлар.

Суд қарорида Д.Худоярова суд жараёнида котибалик қилди деб расмийлаштирилган бўлсада суд жараёнида судьядан ташқари “жабрланувчи” Гулора Султонова ва кишанланган ҳолатдаги “ҳуқуқбузар” Озат Масабуровлар иштирок этганлар холос. Суд котибаси судда умуман иштирок этмаган. Масабуров Озатни “ҳуқуқбузарлик” содир этганлигини исботловчи бирорта ҳам гувоҳ сўроқ қилинмаганлар. Ўзбекистонда иш куни эрталабки соат 9.00дан 18.00гача деб белгиланган бўлишига қарамасдан Масабуровга қарши суд жараёни кеч соат 21да бошланиб, 15 дақиқа давом этган.   

Суддан кейиноқ ўз ҳаққи ҳуқуқларини биладиган ва ҳуқуқларини бузилишига қарши ўз муносабатини билдирадиган, керакли идораларга дарҳол шикоятлар билан мурожаат қиладиган Масабуровни ўзига қарши олиб борилаётган фитналарни фош қилиб қўйишидан қўрқиб, уни ташқи оламдан ажратиб қўйишга харакатларини давом эттирганлар.

Суддан кейин Масабуровга уни уйига ташлаб қўйишларини айтиб, машинага ўткизганлар ва тўғри Урганч туман ИИБ идорасига олиб борганлар. Худуд профилактика нозири капитан Азамат Сапарбоев ўзига берилган ғайриқонуний топшириққа асосан Масабуровни паспортини олиб қўйиб, Урганч шаҳар Саноатчилар кўчаси 30 уйда жойлашган шахси аниқланмаганларни ва дайдиларни ушлаб турадиган вақтинчалик ҳибсхонасига 15 сентябрь куни кеч соат 22лардан кейин олиб бориб топширган.

2016 йилнинг 16 сентябрь куни соат 11ларда яна ўша худуд профилактика нозири Азамат Сапарбоев шахси аниқланмаганларни ва дайдиларни ушлаб турадиган вақтинчалик ҳибсхонадан Озат Масабуровни олиб, Урганч туман ИИБ идорасига олиб борган.

ИИБ идорасида Масабуров касаллиги ва очлиги учун аҳволи ёмонлашганда унга тез тиббий ёрдам чақирилган. Етиб келган тез тиббий ёрдам шифокорлари Озат Масабуровга қандайдир муолажалар қилганлар. Қилинган уколлардан кейин Масабуров чалажон бўлиб, хушини йўқотган.  

Шу куни кеч соат 20гача Озат Масабуров қўлида кишан билан Урганч туман ИИБ идораси коридорида ўтирган. Бу муддат ичида уни кимдир сўроқ ҳам қилмаган, ҳолинг нечук деб ҳам сўрамаган ҳам. Тушлик ва кечки овқатланиш пайти бўлишига қарамасдан 15 сентябрь куни соат 11ларда қўлга олинган Масабуровни оч холатда сақлаётган милиция ходимлари унга озиқ овқат ҳам, сув ҳам бермаганлар, хаттоки хожатхонага олиб чиқмаганлар.

2016 йилнинг 16 сенябрь куни кеч соат 20лардан кейин Масабуровни Хоразм вилоят Ички ишлар Бошқармасининг тергов бошқармасига олиб борганлар. У ерда Озат Масабуровни очлиги ва аҳволи оғирлигига қарамасдан гумонланувчи тариқасида сўроққа тутганлар.

Масабуровга қарши қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишида “жабрланувчи” бўлган Гулора Султонова Озат Масабуровга қарши қўзғатилган жиноят ишида энди “асосий гувоҳ” ролини ўйнаган. Гулора Султонова ва унга ўхшаган “асосий” гувоҳларнинг берган “ўта мухим” кўргазмалари асосида Озат Масабуровни жиноят кодексининг 159 моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» этганликда қоралаб, унга айблов эълон қилганлар.

16 сентябрь куни кеч соат 22 – 23лар оралиғида Озат Масабуровни эҳтиёт чораси қамоқда сақлаш масаласини хал қилиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судига олиб борганлар ва суд бир неча минут давом этган холос.

Судда Озат Масабуров ва адвокати Машарипов Давронлар унинг мутлақо айбсизлигини, очилган жиноят иши сохта айбловларга асосланганлигини, Масабуровнинг ногиронлиги ва касаллигини хисобга олиб уни эҳтиёт чораси сифатида тилхат билан очиқда қолдиришни сўраган бўлсаларда, суд уларнинг қонуний талабларига умуман эътибор бермасдан Озат Масабуровни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган.

2017 йилнинг 9 март кунги Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси Ш.Раззақов имзо чеккан айблов ҳукмида Озат Масабуров иш бўйича 2016 йилнинг 19 сентябрь кунидан “қамоққа олиш эхтиёт чораси” қўлланилган ҳақида ёзилган. Айнан шу ҳукмда уни 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилиш ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган. Шунингдек жазони ўташ муддати 2016 йилнинг 16 сентябрь кунидан бошлаб хисоблансин” дейилган.

Суднинг ҳукмига кўра Озат Масабуровнинг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатни қоралаб, бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстрмистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга ошириб келган.

Бугунги кунгача Озат Масабуровнинг мутлоқ айбсизлиги жиноят иши, маъмурий жавобгарлик ҳужжатларида ўз аксини топган бўлишига, унинг қамоқда қаттиқ режимда сақлангани сабабли соғлиги кескин ёмонлашган бўлишига қарамасдан уни озодликка чиқаришни кескин тарзда рад қилиб келмоқдалар.

Озат Масабуров “етакчиси” бўлган террорчилар гуруҳи аъзолари дея қораланган Хоразм вилояти Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғида яшаб келган Масабуровнинг яқинлари даставвал 2016 йилнинг 19 – 20 сентябрь кунлари “Майда безорилик» ҳуқуқбузарлиги содир этганликда айбланиб, сохта айбловлар билан маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.

Бу “террористлар” – Жуманиёзов Кўпал, Рўзметов Ғайрат Комилович, Озатни акаси Масабуров Солижонни ўғли Матёқуб, Ўразбаев Баходир Азадовичларни  19 – 20 сентябрь кунлари “майда безорилик” содир қилганликда айблаб, ташқи оламдан ажратиш мақсадида 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортганлар. Маъмурий қамоқдалик пайтларида уларга нисбатан қийноқлар қўллаб террористларга, экстремистларга айлантирганлар. Маъмурий қамоқдан озод бўлишлари биланоқ, уларга қарши қўзғатилган жиноят ишига жалб қилиниб, қамоққа олинганлар. Бугунги кунда улар Ўзбекистондаги турли қамоқхоналарда қамоқ жазосини ўтамоқдалар.

Маъмурий қамоққа олинган ушбу жабрдийдаларга, яъни Озат Масабуровнинг яқинларига нисбатан қийноқлар қўллаб, уларнинг ғайриқонуний талабларини бажармаганликлари учун ҳам унинг жиноий шериклари сифатида жалб қилиб, улар содир қилмаган жиноятларни бўйниларига илиб, қамоқ жазосига ҳукм қилганлар.

Шунингдек 2016 йилнинг 19 – 20 сентябрь кунлари Озат Мусобировни ўғли Мустафо Масабуровни, яқин қариндошларида акаси Масабуров Солижонни ўғли Масабуров Ҳабибуллани, ҳамда унинг ўғиллари Усмон ва Умар Масабуровларни, бошқа яқинларини ҳам сохта айблар билан қоралаб, “майда безорилик” ҳуқуқбузарлиги содир қилганликда айблаб, суднинг сохта қарори билан 15 суткаданга маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.

Ушбу жабрдийдаларни маъмурий қамоққа олиб, уларни қийнаб, калтаклаб, азоблаб, ўзларига ҳамда Озат Масабуровга қарши кўрсатма беришга, ўзлари истаган коғозларга имзо чекишга мажбур қилганлар. Бу жабрдийдалар Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган айблов кўрсатмасига имзо чекишга мажбур бўлганликлари сабабли ҳам озодликка чиқиш бахтига эришганлар.

Айни ўша кунлари автобусда тўла қора ниқоб кийганлар ҳар куни автобусда “Чаккашоликор” қишлоғига бостириб бориб, бутун қишлоқ аҳолисини тинчини бузиб, нафақат Озат Масабуровни оила аъзоларини, балким барча қишлоқдошларини ҳам босимга олиб, вахималар уюштиришган. Қўни–қўшнилар, таниш–билишларни сўроқлар қилиб, уларга қарши Озат Масабуров, Жуманиёзов Кўпал ва бошқа ҳибсга олинганлар кўрсатма берганликларини айтиб қўрқитганлар.

Тергов пайтида Озат Масабуровга қарши бошқа яқин қариндошларидан ташқари қизи Бекчанова Хадича Озат қизини ҳам отасига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилганлар. Суд пайтида Озат Масабуровнинг яқинлари унга қарши кўрсатма беришга мажбур қилинганликлари ҳақида айтган бўлсаларда суд уларни кўрсатмаларини инобатга олмаган.

Мустафо Масабуров ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар ҳақида гапириб, отасига қарши кўрсатма беришни талаб қилиб, дубинка билан урилиши сабабли бадани момалатоқ бўлиб ётгани, Ҳабибулла Масабуров ўзини Масабуров Озатга қарши кўрсатма беришга мажбур қилиб қовурғасини синдирганларини, шунингдек Жуманиёзов Кўпал уни уриб бошини ёрганликларини айтиб, ўзларини терговда берган кўргазмаларини инобатга олмасликни ва ўзларига нисбатан қўлланилган қийноқлар бўйича суд тиббий эскпертизаси тайинлашни талаб қилганлар. Лекин суд бу қонуний талабларни инобатга олмаган.

Озат Масабуров ўзининг “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашда кўмак беришни сўраб ёзган дастлабки шикоят аризасида қуйидагиларни баён қилганди:

“…Ўғлим Мустафони орқа бел қисмидаги дубинка излари хали ҳам турибди. Ўзларини талабларини бажармайдиган бўлсам ўлдириш билан қўрқитишганди. Шу ваъдаларини амалга ошириб, Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасида ўзларига хизмат қиладиган “лохмач” махкумлар ёрдамида менга қарши икки марта суиқасд уюштирдилар.

Касаллик туфайли жазони ижро этишга лаёқатлиликни аниқлаш холати бўйича ЖИЭМдан келган комиссия аввалги сафар ҳам мени 2018 йил апрель ойида ММИК (маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхона)да кўрган, у сафар менинг ҳужжатларим 15 кун мухокамада ётган эди.

Бу сафар ҳам худди ўша шахс, яъни бир кишидан иборат комиссия келди. У шахс мени текширгани келганида биринчи берган саволи «Статянгиз?» – яъни қайси модда билан қамалганим, иккинчи саволи «Қанча срок қолган?» – бўлди. У мени ХАТТО диққат билан текширмадиям. 

Агар у бу сафар менинг касаллигим туфайли жазони ўташга нолойиқлик тўғрисидаги комиссия хулосасини судга тақдим этса ўз–ўзини фош этишини билгани учун ҳам мана икки ойдан ошди, атайин вақтни чўзяпти. Ҳамма ҳужжатларимни, хатто ўз хисобимдан анча пулга туширилган МСХТ рентген пленкаларимни ҳам олиб кетган. Шу сабабли хозир холат мени тўғри аниқ, керакли муолажа олишимга анча тўсқинлик қилаяпти.

Менда прокуратура, МХХ, СУД, ИИБ тизимига умуман ишонч қолмади. Сиздан илтимосим шуки мени шикоятларимни Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёевга ва бутун ДУНЁ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига етказсангиз…».

Масабуров шундай тарздаги ёзган шикоят аризаларида тухматлар билан адолатсиз судлов қурбони бўлган шерикларини ҳам ўз ҳимоямизга олишимизни сўраган.

Биз Ислом Каримов вафотидан кейин давом этаётган бу сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқлар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш ва «Чаккашоликор» қишлоғилик қатағон ва қийноқ қурбонларини ҳимояси учун улар қораланган маъмурий ҳуқуқбузарлик қарорлари ва унга алоқадор барча ҳужжатлардан кўчирмалар беришларини талаб қилиб, бир неча ойлар давомида тинимсиз равишда судларга, прокуратурага қилган мурожаатларимиз оқибатсиз қолаверди. Хаттоки судлар бу маъмурий ишларни прокуратурада деб бахона қилса, прокуратура сукут сақлашни афзал кўрди.

Ваниҳоят бугунги кунда Мустафо Масабуров ва қамоқда қолаётган қийноқ қурбонларидан Масабуров Матёқуб, Масабуров Ҳабибулла, Жуманиёзов Кўпал, Рўзметов Ғайрат ҳамда Ўразбоев Баҳодирларни маъмурий иш ҳужжатларини қўлга киритишга эришдик.

Ушбу ғайриқонуний ҳужжатлар бугунги кунда ҳам Ислом Каримов замони қатағонлари мана шу жабрдийдаларга қарши давом этаётганлигини тўлиқ исботлайди. Бу ҳужжатлар билан танишиб чиққач жамоатчиликни бунингдек қонунбузарликлар билан таништиришимиз керак деган қарорга келдик.

Эътибор беринг:

  1. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси М.С.Маҳмудов имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Ўразбаев Бахадирни маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.00дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган;
  2. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси М.С.Маҳмудов имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Масабуров Мустафони маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.10дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган;
  3. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси М.С.Маҳмудов имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Масабуров Хабибуллани маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.25дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган;
  4. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси М.С.Маҳмудов имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Масабуров Матяқубни маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.40дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган;
  5. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг судьяси Б.И.Хайитбоев имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Жуманиёзов Кўпални маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 20 сентябрь куни соат 20.15дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган;
  6. Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг судьяси Б.И.Хайитбоев имзо чеккан Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Рўзметов Ғаййратни маъмурий қамоққа олиш 2016 йил 20 сентябрь куни соат 20.25дан бошлаб хисобланиши ҳақида ёзилган.

Бундан кўриниб турибдики, ушбу суд жараёнлари иш пайтидан кейин, шошма-шошарлик билан, тахминан 5 – 6 дақиқалар давомида кўрилиб, судьялар куч ишлатар тизимлардан «Чаккашоликор» қишлоғидаги «террорчилар» ўчоғини йўқ қилишда фаол иштирок этиш буюртмасини бажариб, беайб инсонларни сохта айблар билан маъмурий қамоққа тиқиб, уларни ташқи оламдан узиб, уларга нисбатан қийноқлар қўлланишига қонуний шароитлар яратиб берганлар холос.

Озат Масабуровнинг ўғли Мустафо Масабуров «ҳуқуқбузарлиги»

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси М.С.Маҳмудов 2016 йил 19 сентябрь куни МЖтК талабларига ва Судлар ҳақидаги қонунга зид равишда ишни бир томонлама кўриб чиқиб, 1991 йил 11 июнь куни туғилган, 2 нафар фарзанди бор Масабуров Мустафо Озотовични Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан “майда безорилик” содир этганликда айбли деб топиб, уни 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш ва жазони ўташ муддати 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.10дан бошлаб хисоблаш ҳақида қарор қабул қилган.

2016 йилнинг 19 сентябрь куни Масабуров Мустафога қарши расмийлаштирилган ХМ № 0103402 сонли маъмурий баённомада “Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳуқуқлари билан таништирилди Ўз.Рес.МЖтКнинг ……. моддаси” дейилган, яъни ҳуқуқбузарлик содир қилган шахснинг ҳуқуқлари МЖтКнинг қайси моддасида кўрсатилгани баённомада ёзилмаган. Қолаверса МЖтКнинг қайсидир моддасига асосан Масабуров Мустафонинг ҳуқуқлари тушунтирилгани ҳақидаги имзоси ҳам мавжуд эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг қисқача тушунтириш хати дейилган жойига ҳам ҳеч нарса ёзилмаган. Агар ҳуқуқбузар қисқача тушунтириш хати ёзишдан бош тортгудек бўлса албатта бу баённомага ёзилиши шарт.

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи гувоҳлар ва холислар ҳам ушбу баённомага умуман имзо чекмаганлар.

“Чаккашоликор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Эрка Бекжонов Мустафо Масабуровга берган тавсифномасида унинг 2 нафар фарзанди борлиги, маҳалладаги тўй ва маросимларда қатнашиши, шубхали диний қизиқишлари борлиги ҳақида ёзган.

Мустафо Масабуровни маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги қарорда қуйидагилар баён қилинган.

«…Ҳуқуқбузар Мустафо Масабуров, 2016 йил 18 сентябрь куни жамоат жойида, яъни Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғи ҳудудида жойлашган «Машина бозори» олдида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, унга олдиндан нотаниш бўлган, фуқаро Ф.Бабайджановни туртиб юбориб, ҳеч қандай сабабсиз уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

Ҳуқуқбузар Мустафо Масабуров ўзининг бу ғайриҳуқуқий ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар Мустафо Масабуров судда, айбига иқрорлик билдирмасдан, ҳақиқатдан ҳам 2016 йил 18 сентябрь куни ўзи Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғида жойлашган «Машина бозори»га бормаганлигини, Ф.Бабайджанов унга туҳмат қилаётганлигини, ўзи ҳеч ким билан жанжаллашиб, уришмаганлигини билдириб, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, ўзига нисбатан қонун доирасида адолатли қарор қабул қилишни сўраб, тушунтириш берди.

Жабрланувчи Ф.Бабайджонов судда, 2016 йил 18 сентябрь куни шахсий ишлари билан Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғи худудида жойлашган «Машина бозори» олдидан ўтиб бораётганида ўзига олдиндан нотаниш бўлган фуқаро Мустафо Масабуров унга «Нимага мени олдимдан ўтасан» деганлигини, ўзи унга нимага бундай қилганлиги ҳақида эътироз билдирганида, Мустафо Масабуров ҳеч қандай сабабсиз уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб ташлаганлигини, уни кечирмаслигини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб тушунтириш берди.

Гарчи ҳуқуқбузар Мустафо Масабуров ўз айбига иқрорлик билдирмасада, унинг айби жабрланувчи Ф.Бабайджонов, гувоҳ Б.Эгамберганов ва Б.Абдуллаевларнинг суриштирувдаги тушунтиришлари, маъмурий баённома ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан судда ўз тасдиғини топади…»

2016 йилнинг 15 сентябрь кунги Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишида 1992 йил 7 декабрь куни туғилган «Чаккашоликор» қишлоғида яшовчи маҳалла посбони Фарҳод Бобожонов Ҳожиназар ўғли асосий гувоҳлардан бири сифатида ёзган тушунтириш хати ва суд қарорида Фарход Бобожонов деб расмийлаштирилган.

2016 йил 19 сентябрь кунги Мустафо Масабуровни маъмурий қамоққа тортиш ҳужжатлари орасидаги унга қарши ёзган шикоят аризасида ва тушунтириш хатида ҳам Фарҳод Бобожонов Хожиназар ўғли деб ёзган. Хаттоки Озат ва Мустафо Масабуровларга қарши ёзган тушунтириш хатларида 93 287 22 92 мобил телефон рақамини кўрсатган.

Фарҳод Бобожонов Хожиназар ўғли «Чолишоликор» қишлоғида туғилиб ўсган, Масабуров оиласи вакиллари билан яқин таниш бўлишига қарамасдан ўзининг Мустафо Масабуровга чора кўришни сўраб ёзган шикоят аризасида ҳамда тушунтириш хатида “…ўзига нотаниш бўлган кимса, кейинчалик билишича “Чолишоликор” қишлоғида яшайдиган Мустафо Масабуров ўзини уятли сўзлар билан ҳақоратлагани” ҳақида баён қилган.

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси М.С.Маҳмудов сохтакорликлар бўйича рекорд натижани қўлга киритгани аниқ.

Чунки 4 кун оралиғида маъмурий жаримага тортилаётган ота Озат Масабуровнинг ишида асосий гувоҳ бўлиб ўтган кимсани Озатнинг ўғли Мустафо Масабуровни маъмурий қамоққа олиш ишини кўришда “жабрланувчи”га айланган маҳалла посбони ариза ва тушунтириш хатида Бобожонов Фарҳод Хожиназар ўғли деб ёзган бўлишига қарамасдан суд раиси унинг фамилиясини сохталаштириб “БАБАДЖАНОВ” деб суд қарорига киритган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган ҳужжатлар орасида тушунтириш хати ёзган 1963 йилнинг 10 август куни туғилган «Чаккашоликор» қишлоғида яшовчи гувоҳ Болтабой Ражабович Абдуллаев Мустафо Масабуровга қарши расмийлаштирилган сохта айбловда ҳам гувоҳ сифатида иштирок этган. Лекин ҳар икки холатда ҳам Болтабой Ражабович Абдуллаев ўзининг маҳалла посбони эканлиги ҳақида лом мим демаган.

Суднинг қарорида Мустафо Масабуровни «майда безорилик» содир этганлиги бўйича айбли деб топиш ҳақида ёзилган, лекин айнан 19 сентябрь кунининг айнан қайси вақтида содир этгани ҳақида лом мим дейилмаган.

Ушбу холат қонунга зид равишда ҳибсга олинган отаси Озат Масабуровни ҳимояси учун қонуний ҳаракатлар бошлаши мумкин бўлган Мустафони ҳам маъмурий қамоққа олиб, унга нисбатан ҳайвоний муносабатда бўлганлар. Отасига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилинган Мустафо Масабуровнинг отасининг суди пайтида ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар ва сохта гувохликлар ҳақида берган кўргазмаси инобатга олинмаган.

Мустафо маъмурий қамоқдан чиққанидан кейин ҳақиқат очилиб қолмаслиги учун 15 суткалик қамоқдалик пайтида унга қийноқлар қўллаб келган милиция ходимлари Мустафодан маъмурий қамоқдалик пайтида бўлиб ўтган воқеалар, ходисалар ҳақида бирор жойга шикоят қилмаслик ҳақида тилхат олганликлари ҳақидаги кўрсатмаси ҳам, баданидаги калтаклар ўрни ҳам на судяни, на судда иштирок этаётган прокурорни қизиқтирмаган.

Давоми бор

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.