“Туғён” радиоси мудроқ қалбларни туғёнга келтиришига ишонамиз

radio-thumbnail

“TUG’YON” онлайн-радиоси “Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ҳамда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг қўшма лойиҳаси бўлиб, 2016 йилнинг 16 январидан эътиборан иш бошлади.

Бу куннинг танланиши бежиз эмас, маълумки, бундан роппa-роса 24 йил аввал, 1992 йилнинг 16 январь куни Ўзбекистонда озиқ-овқат махсулотлари нархининг кўтарилишидан норози минглаб талаба пойтахт кўчаларини тўлдирди.

Янги сайланган президент ва бошқўмондон амри остидаги қуролли кучлар ёш талабаларни ўққа тутди, икки нафар ёш талаба қатл этилди, ўнлаб кишилар жароҳат олди. Радиомизнинг илк дастури энг янги тарихимизнинг ўша машъум кунларини ёдга олиш билан бошланди.

Интернет-Радио орқали жамоатчиликув сасланиш тажрибаси, ўзбек фуқаролик жамияти фаолиятида биринчи марта эмас. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Ўзбекистондаги ноқонуний президентлик сайловларини халқаро майдонда кескин танқидларга таслим эта олган ягона ресурс ҳам айнан бизнинг  «Виртуал сайлов» комиссиямиз ҳамда интернет-радиомиз орқали амалга оширилганди.

Радиомиз саҳифалари Ўзбекистондаги бугунги вазиятни ислоҳ этиш бўйича фарқли лойиҳа ва дастурлар, улар устидаги қизғин баҳс ва мунозаралар, тингловчилар билан савол-жавоблар, ва, албатта, ВСКнинг махсус дастурлари ҳамда ВСК Матбуот хизматининг кундалик хабар дастурлари ўрин олган.

Кўп ўтмасданоқ, Виртуал Сайлов комиссияси ва унга тегишли радио вебсайтига қатор кибер ҳужумлар уюштирилди, оқибатда уларни қайта тиклаш имконсиз ҳолга келди, бундан ташқари, ВСКнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам издан чиқарилганди.

Ўша пайтлардаёқ биз бир нарсага амин бўлдикки, ўзбек фуқаролик жамияти учун барча нашр турлари орасида онлайн-радио энг таъсирли, энг аҳамиятли ва энг зарур ресурсдир. Шу боис, радио орқали берилаётган дастурлар, муқобил номзодларнинг чиқишлари, улар орасидаги дебатлар, сайловолди дастур ва лойиҳалар муҳокамаси, ва бошқа эшиттиришларни йўқ қилиш учун уринишлар мутлақо бўлишини кутган эдик.

Виртуал сайлов кампаниясидан сўнг радиони тиклаш имкони бўлмагач, унинг ўрнига янги бир лойиҳа тузишни ният қилиб қўйгандик. “Туғён” радиоси – ушбу ниятимизнинг амалдаги натижасидир.

Туғён радиоси материалларини https://SoundCloud.com/Tugyon  ҳамда http://FieryHeartsClub.org/RADIOhttps://www.youtube.com/channel/UCV-ozQC2DPKPRthg4NmbHwQ саҳифаларида эълон қилиб борамиз. Бундан ташқари http://Faceboook.com/AlterUZ.info  https://Twitter.com/FieryHeartsClub  ижтимоий тармоқдаларида ҳам ёритиб борилади.

Туғён радиоси жамиятнинг оғриқ нуқталари хисобланмиш сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонлари тақдирига, Ўзбекистондаги қийноқлар ва қамоқҳоналардаги вазиятларга, дунёнинг турли бурчидаги қочқинлар ва меҳнат муҳожирларининг тақдирлари сингари муаммоларни кўтариб чиқувчи инсонлар минбари хисобланади.

“TUG’YON” онлайн-радиосининг ўз олдига қўйган мақсадлари:

  • – Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига хизмат қилиш;
  • – Мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш;
  • – Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларига кўмаклашиш;
  • – Жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш;
  • – Турфа фикрли инсонларга эркин ва очиқ минбар яратиш;
  • – Ватанимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз ҳамда диктатура зулми остида қурбон бўлган ватандошларимизнинг хотирасини ёдга олиш;
  • – Сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонлари, қочқинлар тақдирига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш;
  • – Турли сабабларга кўра, хорижда яшаб, ишлаётган ҳамюртларимизнинг, шу жумладан, меҳнат муҳожирларининг бугунги ҳаётини ўрганиш;
  • – Ёшлар ҳаётига назар солиш;
  • – Ҳуқуқий ва сиёсий соҳага оид маълумотларни тақдим этиб бориш;
  • – Маънавият ва маърифат, сиёсат ва иқтисод, тарих ҳамда адабиёт, санъат ва маданият, адлия ҳамда ҳуқуқ тартибот, маориф ва соғлиқни сақлаш каби бир қатор соҳаларга оид туркум эшиттиришлар тайёрлаш.

“TUG’YON” радиоси эшиттиришлари кенг жамоатчилик оммасига йўналган бўлиб, асосан, фуқаролик жамияти фаоллари, давлат ва мухолифат вакиллари, сиёсат ҳамда жамоат арбоблари, диний фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳамда онлайн тингловчилар билан суҳбатлар уюштирилади.

“TUG’YON” онлайн-радиоси ҳафтасига ўртача уч-беш дастур тайёрлайди. Яъни бизнинг режаларимиз бўйича хафтанинг икки кунида “Ҳуқуқий билимимизни оширамиз” рукнида, хафтанинг икки кунида “Диктатура режими жиноятларини фош қилувчи асарлар” рукни остидаги аудио-китоблар бериб борилади. Ҳафтанинг қолган 3 кунида эса турли мавзуларда сухбатлар бериб борилади.

Радиомизнинг ташкил этилиши, таниқли сиёсатчилар, сиёсатшунослар, ҳуқуқ фаоллари ва бошқа жамоатчилик вакиллари томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Ўтган ярим ой мобайнида тайёрланган дастурлар орасида, сиёсий махкумлар Ғайбулло Жалилов, Азам Турғунов ва Азам Фармоновларнинг бугунги вазиятлари ва уларнинг бугунги муаммолари ҳақидаги эшиттиришлар, бугунги ижтимоий вазият билан боғлиқ суҳбатлар, ва ҳатто Диктатор Ислом Каримовнинг туғилган кунига аталган эшиттиришлар ўрин олди.

Эшиттиришларимиз турфа ҳил:

Туғён радиосининг баъзи бир мустақил ва мухолифат матбуотларидан фарқи бизда ўзаро қоралов кампанияларга, тарафкашликларга йўл қўйилмайди.

Туғён радиоси ўз фаолиятини ўзбек тилида бошлади, кейинроқ, имконларнинг кенгайишига кўра, радионинг рус тилидаги версиясини ҳам ташкил этишни ният қилганмиз.

Бугунги кунда радио эшиттиришларни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакиров тайёрламоқда ва эфирга узатмоқда. Бугунги кунда кўнгилли равишда фаолиятимизга кўмак бериши мумкин бўлган иқтидорли ёшларни, журналистларни ўз сафларимизга жалб қилиш устида ишламоқдамиз.

Бугун мамлакат ичкарисида янги кучларнинг пайдо бўлиши тобора қийинлашиб бораётир, мустақил журналистлар ва инсон ҳақлари фаолларининг янги вакиллари кўзга ташланмаётир. Мамлакат ичкарисидаги бу соҳаларга қизиққан инсонларда тажриба ва билим орттириш имконлари ўта чекланган. Улар билан турли учрашув ва йиғилишлар, семинар ва тренинглар ўтказиш ҳам умуман имконсиз бўлиб қолган.

Чунки мамлакат ичкарисидаги фаолларни қўшни давлатларга чақиртириб, тренинг ва семинарларда қатнашиши уларнинг ҳаётини жиддий хавфга солиши мумкин. Диктатура ҳукмрон бўлган мамлакатларда эса фуқаролик жамияти фаолларининг ҳуқуқий билимлари ўзгаларни ҳам, ўзларини хам ҳимоя қила оладиган даражада етарли бўлиши керак, деб хисоблаймиз.

Ўзингизга маълум, сўнгги йилларда ҲАҚИҚИЙ фуқаролик жамиятлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини молиялаш буткул тўхтатилган. Баъзи Халқаро жамғармаларнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва, хусусан, Ўзбекистон бўйича ишловчи коррупция жиноятига алоқадор бўлган ходимлари тарафидан уюштирилган турли хил фитналари оқибатида, «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига нисбатан сиртдан иқтисодий санкция қўллалилган. Бир сўз билан бизнинг ташкилотими норасмий қора рўйхатда.

Шунинг учун ҳам 2015 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Виртуал сайлов кампаниясини ҳам, 2015 йил 12 апрелдан бошланган “Қонли Андижонга 10 йил” бир ойлик кампанияни ҳам фуқаролик жамияти фаолларининг бир гуруҳи ўз ташаббусимиз ва ўзимизнинг молиявий имкониятларимиздан келиб чиқиб ташкил қилгандик.

2015 йил 29 июлдан 20 августгача “Ўзбек режими тарафидан ўғирлаб йўқ қилинганларни хотирлаймиз” бир ойлик кампанияси ўтказдик. 1995 йил 29 августда Андижон Жомеъ масжиди имоми Абдували қори Мирзаев ва унинг сафардаги ҳамроҳи Рамазон Маткаримов Тошкент Аэропортидан ўғирлаб йўқ қилинганига 20 йил тўлишига аталган ушбу кампания ҳам фақат ўз куч ва имконимиз даражасида ташкил қилинди. Бу кампанияларни намунали ташкил этилишимизда ва кенг жамоатчиликка етказишга, жамоатчилик вакилларини эътибориии жалб қилишимизда ҳам хамкоримиз Мухаммадсолих Абутовнинг радиоблоги фаолияти мухим роль ўйнади.

“Туғён” радиоси ҳам ўз ватани, миллатдошлари тақдирига бефарқ қола олмайдиган, аввалроқ санаб ўтганим инсонлар иштирокида ва уларнинг ташаббуси билан амалга оширилмоқдаки, бу билан биз КУЧ эканлигимизни яна бир бора намоён қилиш мақсадидамиз.

Тан олиш керакки, бугун яна майдонга қайтишимиз ва фаолиятимизни яна изга тушишига бош қароргохи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Федерацияси (FIDH)нинг ҳиссаси улкандир.

«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти

Ўзбекистон Фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши

Туғён онлайн радиоси жамоаси

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.