Улуғбек Бакир: Фактлар, рақамлар, кузатишлар (1-қисм). Европада тунги клублар ва ичиш-чекиш қандай?

ЕВРОПАДА ТУНГИ КЛУБЛАР ВА ИЧИШ-ЧЕКИШ ҚАНДАЙ?

19.08.2018
Улуғбек Бакир

Чет элдаги 12 йиллик ҳаётим даврида кўп давлатларга баъзан иш юзасидан, баъзан таътил пайтларда саёҳатга, сафарга бораман.

Сафарларимнинг асосий қисми Европа давлатларига тўғри келади. Европадан ташқари, Осиё мамлакатларига ҳам бориб тураман. Икки йил аввал хизмат сафари билан Жанубий Африкада ҳам бўлдим.

Биласиз, журналистдек қизиқувчан ва кузатувчан халқ дунёда топилмайди.

Қаерга борсам, ишлар битганидан кейин вақтга қараб, ўша жойнинг ҳаёти, одамларнинг яшаш тарзи, урф-одати, маданияти билан қизиқаман. Иложи борича, музей ва театрларига, ҳайвонот боғларига, бозор ва мозорларига, дам олиш жойларига, кутубхона-ю ибодат масканларига, янаям имконим бўлса, тарихий обидалари, тоғу тошлари-ю ўрмонларигача бир бош суқиб чиқаман.

Кундузги ҳаётларидан ташқари, тунги ҳаётларига ҳам разм соламан. Тунда одамларнинг асл юзларини кўришга кўпроқ имкон бўлади. Кундузлари ҳамма ҳам яхши ва олийжаноб кўринади-да…

Ушбу мақоламда ўзим кўрган, билган, гувоҳи бўлганим маълумотларни ўртоқлашаман.

Айрим маълумотлар қаламга олинадиган муассасаларда ишлайдиган ходимлар билан ўтказган интервьюларим натижасида қўлга киритилган.

Демак, яшаётганим – Норвегиядаги тамаки ва алкоголь ичимликлар ҳамда тунги клублар ҳақида.

ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИ ВА ЧЕКИШ

Норвегияда тамаки маҳсулотлари ва алкоголь ичимликлар бошқа Европа давлатларига нисбатан жуда қаттиқ назорат қилинади. Нархи ҳам ўта қиммат.

Тамаки маҳсулотлари: сигарет, тамаки ва “снус” (ўзбекча носга ўхшаш қадоқланган маҳсулот)лар асосан озиқ-овқат дўкон (супермаркет)ларда ва бензин қуйиш шаҳобчасидаги дўкончаларда сотилади. Ҳеч қаерда сигаретларни доналаб, қутиларини очиқ ҳолда сотиш мумкин эмас. Ресторан, кафе ва тунги клубларда сотилмайди, тақиқланган.

Тамаки маҳсулотлари сотилиш тартиби, вақти, нархи ва ёш чеклови:

18 ёшгача бўлганларга сотиш мумкин эмас. Ёшлардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, албатта, сўралади.

Бу маҳсулотлар кўзга кўринган пештахталарда турмайди. Кассада сотувчининг орқа томонидаги махсус кулранг, қора темир қути (сандиқ)ларда туради. Ташқи томондан сигаретларни кўролмайсиз. “Снус”лар эса, махсус кичик совутгич (холодильник)да кўринмас ҳолатда туради.

Ёндиргич (зажигалка)лар ҳам фақат кассада сотилади.

Кассага келиб, сигарет номини ва миқдори (бир пачка, икки пачка ва ҳ.к.)ни сотувчига айтасиз. Кўринишингиздан ўсмир ёки ёшроқ кўринсангиз, ҳужжатингизни талаб қилади. Ҳужжат бермасангиз, қиролни ўғли бўлсангиз ҳам сотмайди.

Сигарет нархлари жуда қиммат. 20 донали ёки 30 донали қути (пачка)ларда бўлиб, 20 донали бир пачка сигаретнинг энг арзони 100 крона атрофида (10 АҚШ доллари)дан 150 кронагача туради. 30 доналилар ундан ҳам қиммат. “Снус”лар ҳам шундай нархда.

Барча сигаретлар фильтрли, сифати юқори. Фильтрсиз сигаретлар йўқ. Фақат кичик қадоқларда (25 граммлар атрофида) тамаки (табак) сотилади. Уни ўрайдиган махсус қоғозчалари ҳам алоҳида сотилади. Тамаки ҳам тахминан сигарет нархида ёки ундан қимматроқ.

Айрим дўконларда сигаретлар махсус машиналарда сотилади. Тартиби: кассанинг атрофида турган машиналар экранидан ўзингизга керакли сигарет маркасини танлайсиз. Машина сизга штрих кодли қоғозчани чиқариб беради. Уни олиб, кассага борасиз. Кассир ёшингизни текшириб, ҳалиги қоғозни сканерга “уради”, пулини тўлайсиз. Кассадан ўтиб, ўша қоғозчани бир бурчакда турган темир сандиққа бориб “урасиз”. Остидан сигарет тушади.

Озиқ-овқат дўконларининг иш вақти ҳар хил. Айримлари соат эрталаб 07:00 дан 23:00 гача ишлайди. Шанба куни 22:00 гача. Бошқа марказроқдаги дўконлар 09:00 дан 21:00 гача. Шанба 20:00 гача. Якшанба ва байрам кунлари (қизил кунлар) ёпиқ бўлади. Айрим дўконлар якшанба кунлари ҳам қисқароқ графикда ишлайди. Дўконлар ҳар қадамингизда йўқ, махсус жойлардагина бор.

Дўконлар ёпилганидан кейин сигеретни фақат бир жойдан: бензин қуйиш жойларидаги дўконча (киоск)лардан оласиз. Нархи озиқ-овқат дўконларидан анча қиммат. Улар ҳам тунги соат 12 да ёпилади. Узоқроқ жойларда бўлади.

Сигарет қутиларида катта-катта қора ҳарфларда: “чексанг, ўласан” ёзувлари ва турли қўрқинчли суратлар акс этган. Қутилар ҳам бир хил рангга ўтиб кетяпти. Яъни кулранг, кўримсиз рангга. Қачонки, қўлингизга олиб, ёзувини ўқимасангиз, ажратолмайсиз.

Сигаретларни чекиш жойлари:

Ҳамма жойда ҳам чека олмайсиз. Норвегияда йилдан-йилга чекиш ҳудудлари торайиб бормоқда ва чекишга қарши кураш авжида. Давлат, чекишга қарши курашнинг минг хил йўлини топиб, катта пуллар сарфлаб, турли ишларни амалга оширади.

Чекиш тақиқланган ҳудудлар: болалар боғчалари, мактаб ва бошқа ўқув юртлари, кутубхона, ҳокимият идораси, аэропорт, темир йўл бекатлари, ибодат масканлари, иш жойлари, ташкилотлар ва ҳ.к.

Ҳокимиятга қарашли ташкилотларга ва ўқув масканларига чекувчилар ишга олинмайди. Шу сабабли чекувчилар, бу одатини яширишга ҳаракат қилади: иш пайтида чекмайди, уйга бориб чекади. Ёки худди ўғирлик қилаётгандек, танаффусларда бир бурчакларга ўтиб чекиб олади. Қўлга тушса, ишидан айрилади. Айнан шунинг учун ҳам кўпчилик кашандалар “снус” чекади.

Ҳар қандай биноларнинг ичида чекиш мумкин эмас. Бировнинг ҳаёлига ҳам келмайди, бундай жойларда чекиб, ўзини хатарга қўйиш. Кимдир билиб-билмай чекиб қўйса, тепадаги мослама жиринглаб кетади, ҳаммаёқ ваҳима, остин-устун бўлиб кетади. Бундай мослама ҳамма жойда бор. Кўпларида, ҳатто тепадан сув отилиб чиқади, худди ёмғир каби (ёнғинга қарши махсус қурилма).

Аэропорт, вокзалларнинг ташқарисида чекувчилар учун махсус кичик жойлар ажратилган. У ерда катта кулдонлар қўйилган. Поездларда чекиш мумкин эмас, 10 соат юрса ҳам, 100 соат юрса ҳам тақиқланган. Махсус чекиш вагон (тамбур)лар мавжуд эмас.

Барча жойларда катта-катта “чекиш тақиқланади” белгилари қўйиб ташланган. Ўнгга қарасангиз ҳам шу, чапга қарасангиз ҳам шу. Ҳамма ерда видеокузатув. Дарров кузатувчи ходим келади, отни калласидек жаримани бўйнингизга илади. Бош тортсангиз, бу ёғи “полицияга марҳамат”.

Хуллас, чекувчига кун йўқ. Мақсад: чекишни ташла, ташла ва яна ташла! Чекишни ташлаш учун ёрдам берадиган жойлар эса, жуда кўп.

Ресторан, кафе каби овқатланиш масканларида ҳам бино ичида чекиш тақиқланган. Ташқарига чиқиб, махсус ажратилган жойда чекилади. Тунги клубларда ҳам худди шундай.

Лекин кўча-кўйда пиёда юриб кетаёган одамлар чекиб кетишаверади. Аммо у қадар кўп кўзга ташланавермайди.

Нархлар ошиб бориши:

Озиқ-овқат маҳсулотларидан фарқли тарзда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари тез-тез, сезиларли равишда қимматлашиб бораверади. Давлат, чекувчиларнинг чўнтакларига ҳам зиён бўлиши учун атайлаб шундай қилади. Қисқа қилиб айтганда: кашандалар ҳар томонлама қаттиқ сиқувга олинган.

Озиқ-овқат, кийим-кечак каби маҳсулотлар тез-тез арзонлашиб туради (распродажа), айниқса, байрам кунлари. Лекин тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бунинг акси, қимматлашиб бораверади.

Норвегияда наркотик моддалар сотиш, истеъмол қилиш, чекиш тақиқланган. Ноқонуний йўллар билан топиб чекадиганлар бор. Лекин бу жуда хавфли…

АЛКОГОЛЬ ИЧИМЛИКЛАР

Норвегияда спиртли ичимликлар, бутун бошли бир катта жараён. Сотиб олиш ҳам, ичиш ҳам осон эмас.

Алкоголь – давлат монополиясида. Номи ҳам: “Vinmonopolet” (“Винмонопола”).

Тамаки каби бу маҳсулотларни сотишда рақобат қилиш мумкин эмас. Ҳеч ким бу йўналишда бизнес қилолмайди. Фақат давлат ўзи сотиб, ўзи назорат қилади.

Энг аввало, спиртли ичимликлар турларга бўлинган ва муомала ҳам шунга қараб йўлга қўйилган.

ПИВО

Пиволардаги алкоголь даражаси: 3% дан 5% гача. Бундан юқориси йўқ.

Сотилиш жойлари: худди сигарет каби озиқ-овқат дўконларида. Лекин кўзга яқин кўринадиган жойларда эмас, бир бурчакларга қўйилган, ичимликлар бўлимига. Бундан ташқари, ресторан ва тунги клубларда сотилади (нархи дўконлардан анча қиммат).

Кафе ва бошқа овқатланиш жойларида ва кўчалардаги киоскларда сотилмайди.

Ёш чеклови: 18 ёш.

Турлари: 4-5 хил атрофида.

Дўконларда нархи: 0,5 литрли банкалардаги 1 донаси ўртача 35 крона (3-4 доллар).

Сотилиш вақти: пиволар гарчи озиқ-овқат дўконлари ичида бўлса ҳам уларнинг сотилиш соати дўконлар иш вақти билан бир хил эмас. Масалан, дўкон 07:00 да очилиб, 23:00 да ёпилса, пиволар соат 08:00 дан 20:00 гача сотилади. Шанба куни 18:00 гача. Якшанба ва байрам кунлари қисқароқ вақтга очиқ бўладиган дўконларда эса, умуман сотилмайди.

Ресторан ва тунги клублардаги пиволар нархи: 0,5 литрли бир кружкаси ўртача 9 АҚШ доллари, яъни дўконлардаги нархлардан 3 баробар қиммат. Дўкондан фарқи: бочкадан яхна қуйиб берилади.

Пивони ҳам кўча-кўйда, тўғри келган жойда сув каби ичиб юриш қатъиян тақиқланган.

Озиқ-овқат дўконларида пиводан ташқари, бошқа спиртли ичимликлар сотилмайди. Қолган турдаги алкоголлар махсус дўконда сотилади.

Шу ўринда, нархларни таққослаш учун мисол: бир кило яхна лахм мол гўштининг нархи ўртача 150 крона (15 доллар), яъни, бир қути сигаретнинг нархида. Бу пулга яна ресторандан бир дона пицца ҳам олса бўлади. Дўконда бир дона нон 2-3 доллар, бир кило банан 1,5-2 доллар ва ҳ.к.

Барча турдаги маҳсулотлар Норвегия бўйича бир хил нархда сотилади.

Ойлик маош, ўртача 25 минг крона (2,5 минг АҚШ доллари).

Бугун Facebook’да ўзбекистонликлар орасида ўтказган қисқа муддатли сўровномам натижасига кўра, бир кило яхна лахм мол гўштининг нархи ўртача 45 минг сўм (5,5 доллар)ни ташкил қиларкан (пойтахт ва вилоятлардаги нархларни умумийлаштириб ҳисоблаганда). Энг арзон фильтрли сигарет 4 минг сўм, энг арзон 0,5 литрли ароқ бир шишаси 10 минг сўм экан. 1 АҚШ доллари = 8 минг сўм.

Ойлик маош, ўртача 800 минг сўм (100 АҚШ доллари) атрофида.

ВИНО, АРОҚ, ВИСКИ КАБИ ИЧИМЛИКЛАР

Бу турдаги спиртли ичимликлар озиқ-овқат дўконларида сигарет ва пиво каби сотилмайди. Фақат махсус “Vinmonopolet” (“Винмонопола”) дўконида сотилади. Бу дўконлар, ўзбекча қилиб айтганда, анқонинг уруғи, ҳар жойда ҳам топилмайди.

Пойтахт Ослонинг айрим туманларида биттадан бор. Лекин кичик шаҳарларда фақат бир жойда бор. У ҳам шаҳарнинг қоқ марказида эмас, сал четроқда ёки катта савдо марказларининг ичида, алоҳида дўкон тарзида мавжуд.

Иш тартиби, қатъий: душанба, сешанба, чоршанба: 10:00 – 17:00. Пайшанба, жума: 10:00 – 18:00. Шанба: 10:00 – 15:00. Якшанба ва байрам кунлари ёпиқ. Байрам кунларидан олдинги 1-3-кунларда иш вақти янаям қисқароқ бўлади.

Мақсад: кам сотиш ва ичкиликка қарши курашиш.

Бундай даражадаги ичимликларни сотиб олиш учун одамлар алоҳида шу дўконларга махсус боради. Йўл-йўлакай, худди нон олгандек, сотиб ололмайди.

Бошқа жойларда (кафе, киоскларда) сотилмайди. Фақат “Vinmonopolet”да, ресторан ва тунги клубларда сотилади.

ВИНО

Винолардаги алкоголь даражаси: 10-14%. Бундан юқори даражаси йўқ. Нархи: 0,7 литрли бир шишаси энг арзони 100 крона (10 доллар)дан бошланади.

Ёш чеклови: 22% гача ичимликлар – 18 ёшдан юқори. Алкоголь даражаси 22% дан юқори бўлган ичимликлар учун – 20 ёш. Энг юқори ичимлик даражаси 42%.

АРОҚ

Ароқнинг энг арзон нархи: 0,5 литрли бир шишаси 250 крона (25 доллар).

ВИСКИ

Энг арзони: 0,5 литрли бир шишаси 35-40 доллар.

БОШҚА ТУРДАГИЛАР

Коньяк, текила, бренди каби турли ичимликлар нархи ҳам 0,5 литрли бир шишаси 40 доллар ва ундан юқори нархда.

(давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.