Диктатор Ислом Каримовдан қолган мерос – Маъмурий ҳуқуқбузарлик сиёсий қатағон қуроли (Мақола № 2)

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди раисига

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раисига

“Ўтюраклар Клуби” инсонҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти Мўътабар Тожибоевадан

ТАКРОРИЙ МУРОЖААТНОМА

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК СОХТА ҚАРОРЛАРИ ВА АДОЛАТСИЗ АЙБЛОВ ҲУКМИ ЗУДЛИК БИЛАН БЕКОР ҚИЛИНМОҒИ ДАРКОР

26 июнь – ҚИЙНОҚ ҚУРБОНЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ХАЛҚАРО КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТУРКУМ МАҚОЛАЛАР

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг ҳамда менинг ҳимоямдаги Масабуров Озат, Масабуров Матёқуб, Рўзметов Ғайрат, Ўрозбоев Баходир, Жуманиязов Кўпал, Масабуров Хабибулла ҳамда Масабуров Мустафолар диктатура режими пайтида эмас, айнан янги ҳукумат даврида, Шавкат Мирзиёев замонида қатағонга учраганлар.

Бу инсонларни қўл урмаган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаш ва уларга жиноят иши қўзғатиш мақсадида 2016 йил 15, 19 – 20 сентябрь кунлари Мирзиёев эътироф этган МХХнинг қулоғи бўлган посбонлар, маҳалла фаоллари ҳамда Озат Масабуровнинг инсонийлигига вахшийлик билан жавоб беришдан ор қилмаган собиқ турмуш ўртоғи Гулора Султонованинг фаол иштирокида уюштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий жарима ва маъмурий қамоқ ишлари сахна асари яратилган.

Қўғирчоқ судьялар эса сохта айбловлар билан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар ва уларга бириктирилган сохта ҳужжатларга ҳуқуқий бахо бермасдан, уларнинг ҳуқуқ эркинликлари бузилишига, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилишига ва қилмаган жиноятларни тан олишга мажбур қилишларига шароитлар яратиб берганлар.

Шу йилнинг 31 январь куни “Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти расмий сайтида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссиясига мурожаат қилиб, ўз ҳимоямизда бўлган Озат Масабуров, унинг ўғли Мустафо Масабуров, ҳамда Озат Масабуров бошчилик қилгани айтилаётган «экстремистик гуруҳ» “вакиллари”га қарши уюштирилган сохта маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишни ўз назоратига олишини қатъий талаб қилгандик. Ундан кейин ҳам бир неча Республика Хотин қизлар кўмитаси раисаси Танзила Норбоевага, Республика Соғлиқни сақлаш Вазирига, Республика Ички Ишлар Вазирига қилган мурожаатларимиз бўйича ҳам бирор бир текширув ўтказилмади.

Бизнинг бунингдек расмий талабномаларимиздан олдин ҳам ушбу жабрдийдалар йиллар давомида барча давлат идораларига шикоятлар қилиб келганлар. Лекин бу беайб инсонларнинг тақдирига Ўзбекистондаги инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши шарт бўлган давлат идоралари мансабдорлари умуман эътибор қаратмаганлар.

Юқоридагиларни эътиборга олган холда ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик қарорлари ҳамда жиноят иши айблов ҳукмининг ҳаққонийлигига ҳуқуқий бахо бериш шарт деб хисоблаймиз.

Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясининг 19–моддасига кўра:

“Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.”

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасига кўра:

“…2. Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади.”

Ўзбекистон Республикасининг асосий қомуси хисобланмиш Конституциянинг 29-моддага кўра:

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.”

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги кодекснинг 294 – “Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари” моддасига кўра:

“Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга… иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир” дейилган.

Чунки ушбу инсонларнинг аянчли тақдирлари ҳақида хикоя қилгувчи далиллар билан танишиб чиққанимиздан кейин уларга қарши ғайриқонуний равишда сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, ЖИБ Урганч туман судининг ғайриқоуний қарорлари билан уларни маъмурий қамоқ жазосига тортганликлари гувоҳи бўлдик. Бу инсонларга қарши қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларида ҳам, жиноят ишида ҳам асосий “гувоҳлар” ҳамда “жабрланувчилар” “Шоликорлар” маҳалла фаоллари, посбонлар Фарҳод Бобожонов ва Болта Абдуллаев, шунингдек Озат Масабуровнинг собиқ турмуш ўртоғи Гулора Султоновалар эканлиги шармандали холатдир.

Маъмурий қамоқ жазосига тортилган бу инсонлар ўзларини ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан махрум бўлганлар ва уларга нисбатан қўлланилган қийноқлар натижасида қариндоши, ҳамқишлоғи, қўшниси бўлмиш Озат Масабуровни “террорчилар етакчиси”, ўзларини эса мана шу “террорчилар етакчиси”га эргашган “террорчилар” дея тан олишга, ёки қамоқдан қутулиб қолиш учун шунга ўхшаган кўргазмалар беришга мажбур қилинганлар.

Яъни уларнинг кўпчилиги қийноқларга дош бера олмасдан ИИБ Вақтинчалик Сақлаш Ҳибсхонасида ушлаб турилган пайтларида “Ўз айбига иқрорлик аризаси” ёки террористик гуруҳ жиноятлари ҳақида кўргазмалар ёзиб беришга мажбур бўлганлар. Ҳимоядаги озодликдан маҳрум қилинган беайб айбдорларга нисбатан айнан уларни маъмурий қамоқдалик пайтларидаги ўзларига ва Озат Масабуровга қарши расмийлаштирилган сохта кўрсатмалар асосидагина жиноят иши қўзғатилган.

Айнан маъмурий қамоқ жазолари тугалланган куни уларни барчасини қамоққа олишга қарор чиқарилганлиги бизни юқоридаги фикрларимизни исботлайди. Шунинг учун ҳам ҳимоямдаги жабрдийдаларни маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги қарорларни қонунийлигига ҳуқуқий бахо бериш ва бунинг ортидан уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қалбаки эканлигини исботлаб, уларни озодликка чиқишларига эришишни ният қилганмиз.

Шунинг учун ҳам зудлик билан юқорида санаб ўтилган сиёсий қатағон қурбонларини маъмурий жарима ва қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги суднинг қарорлари ва ушбу қарорларни қабул қилишинига сабаб  бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари ва бу баённомаларга бириктирилган ҳужжатлардан нусхалар олишни таъминлашларингизни талаб қиламан.

Чунки бу маъмурий ишлар кўрилиш палласида маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган жабрдийдаларнинг барчаларини ҳуқуқ ва эркинликлари ўта қўпол равишда топталган. Уларга маъмурий иш ҳужжатлари билан танишишга, малакали юридик ёрдамлар олишга шароитлар яратилмаган. Қолаверса уларнинг маъмурий жазога тортилганларига 28 ойдан ўтган бўлсада Озат Масабуров, Мустафо Масабуров ҳамда Баходир Ўрозбоевдан ташқари бошқалари 2019 йилнинг июнь ойигача уларни маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги қарорлардан кўчирмалар ололмагандилар.

Демак, маъмурий қамоқдан кейин «террорчилар»га айланган жабрдийдалар ҳақидаги хикоямизни давом эттирамиз:

“Уюшган жиноий гуруҳ аъзоси” Ўразбаев Бахадир иши:

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси М.С.Маҳмудов 2016 йил 19 сентябрь куни МЖтК талабларига ва Судлар ҳақидаги қонунга зид равишда ишни бир томонлама кўриб чиқиб, 1972 йилнинг 6 февраль куни туғилган Ўразбаев Бахадир Азадовични Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан “майда безорилик” содир этганликда айбли деб топиб, уни 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш ва жазони ўташ муддати 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.00дан бошлаб хисоблаш ҳақида қарор қабул қилган.

2019 йилнинг 19 сентябрь куни Ўразбаев Бахадирга қарши расмийлаштирилган ХМ № 0088427 сонли маъмурий баённомага Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи гувоҳлар ва холислар умуман имзо чекмаганлар.

“Чаккашоликор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Эрка Бекжонов Ўразбаев Бахадирга берган тавсифномасида унинг 5 нафар фарзанди борлиги, маҳалладаги тўй ва маросимларда қатнашиши, шубхали диний қизиқишлари борлиги ҳақида ёзган.

Ўразбаев Бахадирни маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги қарорда қуйидагилар баён қилинган:

“… Ҳуқуқбузар Бахадир Ўразбоев, 2016 йил 18 сентябрь куни соат тахминан 11.30ларда жамоат жойида, яъни Урганч туман “Чаккашоликор” қишлоғи худудида жойлашган “Яхши ният” тўйхонаси олдида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, унга олдиндан нотаниш бўлган, фуқаро М.Олламовни туртиб юбориб, ҳеч қандай сабабсиз уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

Ҳуқуқбузар Бахадир Ўразбаев ўзининг бу ғайриҳуқуқий ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар Бахадир Ўразбаев судда, айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам 2016 йил 18 сентябрь куни соат тахминан 11.30ларда Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғида жойлашган “Янги ният” тўйхонаси олдида турганида ўзига олдиндан нотаниш бўлган Машарип исмли шахс билан тўқнашиб кетганлигини ва у билан ўзаро келишмасдан айтишиб қолганлигини, қилган иши учун ундан кечирим сўрашини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини инобатга олиб, ўзига нисбатан енгиллик қилишни сўраб, тушунтириш берди.

Жабрланувчи Машарип Олламов судда, 2016 йил 18 сентябрь куни соат тахминан 11.30ларда шахсий ишлари билан Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи худудида жойлашган “Яхши ният” тўйхонаси олдидан ўтиб бораётганида ўзига олдиндан нотаниш бўлган фуқаро Бахадир Ўразбаев унга “Нима қилиб юрибсан бу ерда” деганлигини, ўзи унга нимага бундай қилганлиги ҳақида эътироз билдирганида Б.Ўразбаев ҳеч қандай сабабсиз уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб ташлаганлигини, ўзи қилган иши учун уни кечирмаслигини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб тушунтириш берди…”

Урганч туман Юқоришўра қишлоғи Уюшиш маҳалласида яшовчи Олламов Машарипни ҳуқуқ ва эркинликларини Ўразбаев Бахадир томонидан бузилгани, Ўразбаевни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлигини Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, Ўртаён маҳалласида яшовчи Курязов Ражаббой ҳамда “Чаллашоликор” қишлоғида яшовчи Султонов Руслан Қодировичлар гувоҳлик берибдилар.

Ўразбоев Бахадирни суди 19 сентябрь куни кеч соат 19да бўлганига, 19.25да судда Хабибулла Масабуровни маъмурий қамоқ жазосига тортиш суд жараёни бўлганига қарамасдан Ўразбаевни маъмурий қамоққа тортиш ҳақидаги суднинг қарори айни шу 19 сентябрь куни унга тақдим қилинганмиш. Ўразбаевни маъмурий қамоққа тортишга алоқадор ҳужжатлар ичида суд қарорини 19 сентябрь куни олганлиги ҳақидаги уни тилхати турибди. Лекин Ўразбаев ўзига тегишли суд қарорини кейинчалик олишга эришган холос.

Ўрозбоев Баходирни маъмурий қамоқ жазо муддати тугаган кунидан унга қарши қўзғатилган жиноят ишига асосан гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, 2016 йилнинг 5 октябрь кунидан айбланувчи тариқасида “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьяси Ш.Раззақовнинг 2017 йил 9 март кунги айблов ҳукмига асосан Ўразбаев Бахадир жиноят кодексининг 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» қилгани учун 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган.

 “Уюшган жиноий гуруҳ аъзоси” Масабуров Хабибулла иши:

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси М.С.Маҳмудов 2016 йил 19 сентябрь куни МЖтК талабларига ва Судлар ҳақидаги қонунга зид равишда ишни бир томонлама кўриб чиқиб, 1969 йилнинг 29 октябрь куни туғилган Хабибулла Масабуровни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан “майда безорилик” содир этганликда айбли деб топиб, уни 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш ва жазони ўташ муддати 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.25дан бошлаб хисоблаш ҳақида қарор қабул қилган.

2016 йилнинг 19 сентябрь куни Хабибулла Масабуровга қарши расмийлаштирилган ХМ № 0103311 сонли маъмурий баённомада “Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳуқуқлари билан таништирилди Ўз.Рес.МЖтКнинг ……. моддаси” дейилган, яъни ҳуқуқбузарлик содир қилган шахснинг ҳуқуқлари МЖтКнинг қайси моддасида кўрсатилгани баённомада ёзилмаган.

Лекин ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айбланаётган Хабибулла Масабуровни ҳуқуқлари тушунтирилганлиги ҳақидаги имзоси мавжуд, қайси моддадаги ҳуқуқлари тушунтирилгани номаълум.

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи гувоҳлар ва холислар ҳам ушбу баённомага умуман имзо чекмаганлар.

Маъмурий баённомадаги энг қўпол хато шундан иборатки баённомада “жабрланувчи” Халилаев Хамдамни “ХАЛИЛОВ” деб нотўғри ёзилган.

“Чаккашоликор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Эрка Бекжонов Хабибулла Масабуровга берган тавсифномасида унинг 3 нафар фарзанди борлиги, маҳалладаги тўй ва маросимларда қатнашиши, шубхали диний қизиқишлари борлиги ҳақида ёзган.

Хабибулла Масабуровни маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги қарорда қуйидагилар баён қилинган:

“… Ҳуқуқбузар Хабибулла Масабуров, 2016 йил 19 сентябрь куни жамоат жойида, яъни Урганч туман ИИБ биноси олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, фуқаро Ҳ.Ҳалилаевни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, шу маҳалладаги фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

Ҳуқуқбузар Матяқуб Масабуров ўзининг бу ғайриҳуқуқий ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар Х.Масабуров судда, айбига иқрорлик билдирмасдан, 2016 йил 19 сентябрь куни ўзининг ишлари билан Урганч туман ИИБ биносига борганлигини, лекин ўзи шу куни туман ИИБ биноси олдида ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлигини, фуқаро Х.Халилаевни танимаслигини, ўзига нисбатан қонун доирасида енгиллик қилишни сўраб, тушунтириш берди.

Жабрланувчи Х.Халилаев судда, 2016 йил 19 сентябрь куни ўзининг шахсий ишлари билан Урганч тутман ИИБ биносига борганлигини, шу ерда кейинчалик билса Хабибулла Масабуров исмли шахс унга туртилиб кетиб, ўз-ўзидан ҳар хил уятли ёмон сўзларни айтиб, ҳақорат қилганлигини, қилган қилмиши учун Х.Масабуровни кечирмаслигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, тушунтириш берди.

Ҳуқуқбузар Хабибулла Масабуровнинг айби, унинг ўз айбига иқрорлик билдирмасдан берган тушунтиришидан ташқари, гувоҳлар Х.Собиров ва Х.Каримовларнинг суриштирувдаги тушунтиришлари, маъмурий баённома ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан судда ўз тасдиғини топади…”

Маъмурий иш ҳужжатлари ичидаги Хабибулла Масабуровнинг Урганч туман ИИБ бошлиғи М.А.Ачилов номига ёзган тушунтириш хатида қуйидагилар баён қилинган:

“…Мен хозирги кунда Чаккашоликор қишлоғида яшовчи Русланни уйида туғишган укам Матяқуб билан биргаликда қурилиш ишларида ишлаб келмоқдаман. 2019 йил 19 сентябрь куни мен Урганч туман ИИБга ишим билан келган эдим. Лекин мен шу куни ҳеч кимни ҳақорат қилганим йўқ. Мен Ҳамдам исмли фуқарони танимайман…”

Лекин Хабибуллани Урганч туман ИИБ бошлиғи номига ёзган тушунтириш хатини ҳам, суддаги ўзини ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир қилмаганлиги ҳақидаги кўрсатмасини ҳам суд умуман эътиборга олмаган.

Урганч тумани Чандирқиёт қишлоғи Қиёт маҳалласида яшовчи ва шу маҳалланинг посбони Каримов Хамидбек Шарипович ҳамда унинг дўсти Чандирқиёт қишлоғининг Киллавут маҳалласида яшовчи Собиров Хусанбой Бахтиёровичнинг сўзма-сўз бир хил ёзган тушунтириш хатларини солиштирилса бу тушунтириш хатларидаги фамилиялар ўзгача холос.

“…2016 йил 19 сентябрь куни тахминан соат 10.00ларда мен маҳалламизда яшовчи ……. билан Урганч тумани ИИБ ёнидаги “Агро банк”ка пластик карточкамни янгилаш мақсадида бораётганимда ИИБ олдида исмлари менга кейинчалик маълум бўлган Хабибулла ўз-ўзидан ҳар хил сўзлар билан шаъни ва қадр-қимматини камситиб, Ҳамдам деган фуқарони ҳақорат қилиб турганини кўрдим. Шу пайт Ҳамдам Хабибуллани ҳақорат қилмади. Сўнгра Ҳамдам мен сизга нима дедим деб, ИИБга ариза билан мурожаат қилибди. Мени кўрган билганларим шулардан иборат.”

Урганч тумани ИИБ бошлиғи М.Ачилов номига Урганч тумани Юқори Дўрмон қишлоғи Матназар Охун маҳалласида яшовчи Хамдам Халилаевни 2019 йил 19 сентябрь кунги аризасида қуйидагилар ёзилган:

“… 2016 йилнинг 19 сентябрь куни Урганч тумани ИИБга ўз ишларим билан келганимда ИИБга кириш эшиги олдида кейинчалик билишимча Чаккашоликор қишлоғида яшовчи Масабуров Хабибулла менга туртилиб кетиб, кўрмисан, кўзингга қара, хей хезалак, кунтий деб фуқаролар олдида шаъним ва қадр-қимматимни камситиб, ҳақорат қилди, лекин мен уни ҳақорат қилмадим. Шундан сўнг ушбу холат юзасидан қонуний чора кўриб беришингизни сўрайман”.

“Уюшган жиноий гуруҳ аъзоси” Масабуров Матяқуб иши:

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси М.С.Маҳмудов 2016 йил 19 сентябрь куни МЖтК талабларига ва Судлар ҳақидаги қонунга зид равишда ишни бир томонлама кўриб чиқиб, 1973 йилнинг 5 ноябрь куни туғилган, 4 нафар фарзандлари бор Масабуров Матяқуб Салиевични Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан “майда безорилик” содир этганликда айбли деб топиб, уни 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш ва жазони ўташ муддати 2016 йил 19 сентябрь куни соат 19.40дан бошлаб хисоблаш ҳақида қарор қабул қилган.

2016 йилнинг 19 сентябрь куни Матяқуб Масабуровга қарши расмийлаштирилган ХМ № 0103310 сонли маъмурий баённомада “Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳуқуқлари билан таништирилди Ўз.Рес.МЖтКнинг ……. моддаси” дейилган, яъни ҳуқуқбузарлик содир қилган шахснинг ҳуқуқлари МЖтКнинг қайси моддасида кўрсатилгани баённомада ёзилмаган.

Лекин ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айбланаётган Матяқуб Масабуровни ҳуқуқлари тушунтирилганлиги ҳақидаги имзоси мавжуд, қайси моддадаги ҳуқуқлари тушунтирилгани номаълум.

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи гувоҳлар ва холислар ҳам ушбу баённомага умуман имзо чекмаганлар.

“Чаккашоликор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Эрка Бекжонов Матяқуб Масабуровга берган тавсифномасида унинг 4 нафар фарзанди борлиги, маҳалладаги тўй ва маросимларда қатнашиши, шубхали диний қизиқишлари борлиги ҳақида ёзган.

Матяқуб Масабуровни маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги қарорда қуйидагилар баён қилинган:

“… Ҳуқуқбузар Матяқуб Масабуров, 2016 йил 18 сентябрь куни жамоат жойида, яъни Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Фарход Бекзод” тўйхонаси олдида, жамиятда юриш -туриш қоидаларини менсимасдан, унга олдиндан нотаниш бўлган, фуқаро Дониёр Юлдашевни туртиб юбориб, ҳеч қандай сабабсиз уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

Ҳуқуқбузар Матяқуб Масабуров ўзининг бу ғайриҳуқуқий ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар Матяқуб Масабуров судда айбига иқрорлик билдирмасдан, ҳақиқатан ҳам 2016 йил 18 сентябрь куни ўзи Урганч тумани “Чаллашоликор” қишлоғида жойлашган “Фарҳод Бекзод” тўйхонаси олдидан ўтмаганлигини, Дониёр Юлдашев унга туҳмат қилаётганлигини, ўзи ҳеч ким билан жанжаллашиб, уришмаганлигини билдириб, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, ўзига нисбатан қонун доирасида адолатли қарор қабул қилишни сўраб, тушунтириш берди.

Жабрланувчи Д.Юлдашев судда, 2016 йил 18 сентябрь куни шахсий ишлари билан Урганч тумани “Чаллашоликор” қишлоғи худудида жойлашган “Фарход Бекжон” тўйхонаси олдидан ўтиб бораётганида ўзига олдиндан нотаниш бўлган фуқаро Матяқуб Масабуров унга “Нима қилиб юрибсан бу ерда” деганлигини, ўзи унга нимага бундай қилганлиги ҳақида эътироз билдирганида Матяқуб Масабуров ҳеч қандай сабабсиз, уни ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб ташлаганлигини, уни кечирмаслигини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб тушунтириш берди…”

Урганч тумани Юқори Дўрмон қишлоғи, Араблар маҳалласида яшовчи Юлдашев Дониёр ўзининг Урганч тумани ИИБ бошлиғи М.Очилов номига 2016 йил 19 сентябрь кунги ёзган аризасида қуйидагиларни ёзган:

“2016 йил 18 сентябрь куни ўз ишларим билан “Чаккашоликор” қишлоғига келгандим. Шу қишлоқ ҳудудида жойлашган “Фарход Бекзод” тўйхонаси олдидан пиёда кетаётган пайтимда менга нотаниш бўлган, кейин билсам Матяқуб деган исмли шахс менга “Сен бу ерда нима қилиб юрибсан” деб мени ҳар хил ёмон гаплар билан шахсиятимга тегадиган гапларни айтиб, кўчада шаъни ва қадр-қимматимни камситиб сўкди. Шу сабабдан Матяқуб исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўриб беришингизни сўрайман”.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик иши ҳужжатлари орасидаги Дониёр Юлдашевнинг имзолари умуман бир-бирига уумуман ўхшамайди.

Матёқуб Масабуров эса Урганч тумани ИИБ бошлиғи М.Очилов номига ёзган тушунтириш хатида  қуйидагича ёзган:

“… Мен 2016 йил 18 сентябрь мен ишга бормасдан, ўзимни уйимда, яъни яшаш уйимдан ҳеч қаерга чиқмасдан, уйда ўтирдим. Шу куни мен “Фарҳод Бекзод” тўйхонаси олдидан ўтганим ҳам йўқ ва шу куни ҳеч кимни ҳақорат қилмадим. Мен Дониёр исмли фуқарони танимайман…”

Матяқуб Масабуровни Дониёр Юлдашевни “ҳақоратлагани”га гувоҳ бўлган Урганч туман Чандирқиёс қишлоғи “Қайчили” маҳалласида яшовчи Матяқубов Хўжанафас Пирнафасович ва унинг ҳамқишлоғи Қиёт маҳалласида яшовчи Рўзметов Илҳом Қурамбоевичларнинг Урганч туман ИИБ бошлиғи М.А.Ачилов номига ёзган тушунтириш хатлари сўзма-сўз такрорланган. Ахир тушунтириш хати шахснинг ўз сўзлари билан ёзилмайдими?

Лекин уларни тушунтириш хатидаги “… Шундан сўнг бизлар индамасдан уйга кетдик…” сўзларига ишониладиган бўлса на Матяқубни, на Дониёрни танимайдиган ва улар билан яқиндан танишмай уйларига кетган Хўжанафас ва Илҳомлар Дониёрни ИИБ бўлимига шикоят аризаси берганлигини қаердан билганлар?!!!  

Масабуров Матяқубни маъмурий қамоқ жазоси тугаган кунидан унга қарши қўзғатилган жиноят ишига асосан гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, 2016 йилнинг 4 октябрь кунидан айбланувчи тариқасида “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьяси Ш.Раззақовнинг 2017 йил 9 март кунги айблов ҳукмига асосан Масабуров Матяқубни жиноят кодексининг 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» қилгани учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилинган.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.