ББС: Ўзбек қамоқхонасидан муслиманинг ўлиги чиқди
Яқинларига кўра, у 2012 йил бошида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва терроризмда айбланиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Милиция ходимлари Нилуфар Раҳимжонова жасадини унинг Тошкентдаги иниларига ўтган шанба куни топширганлар ва майитни зудлик билан кўмишни талаб қилганлар.
Нилуфар Раҳимжонова айни куннинг ўзида Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги қабристонлардан бирида тупроққа қўйилган.
Яқинларининг айтишича, ички ишлар ходимлари Раҳимжонованинг нима сабабдан вафот этгани борасида маълумот беришмаган.
37 ёшли Нилуфар Раҳимжонова Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасининг собиқ имоми Маъруфжон Раҳимжоновнинг тўнғич қизидир.
1990-1991 йилларда Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасининг имом-хатиби бўлган 64 ёшли Маъруфжон Раҳимжонов сўнгги йилларда Тожикистон шимолидаги Истаравшан шаҳрида истиқомат қилади.
Нилуфар Раҳимжонова Бухорода таваллуд топган ва 90 йиллар бошида Тожикистонга турмушга чиққан.
Нилуфар Рамҳимжонова тожикистонлик таниқли журналист ва мухолифат фаоли Сайидюнус Истаравшанийнинг турмуш ўртоғидир.
Эр-хотин тўқсонинчи йиллар бошида Эронга кўчиб ўтган.
Сайидюнус Истаравшаний Теҳрондаги «Мустафо» олийгоҳи қошида очилган қисқа муддатли курсларда мударрислик қилади.
У, шунингдек, Тожикистонда машҳур «Кимёи Саодат» веб саҳифаси асосчиси ва муҳарриридир.
Тўй ва аза
Сайидюнус Истаравшанийнинг Би-би-сига маълум қилишича, 2011 йил июнида яқинларини кўриш учун Теҳрондан Истаравшан шаҳрига борган аёли унга Тошкентда истиқомат қилган укасининг тўйига бориш ниятида эканини айтади.
Унинг эътирозларига қарамай, Нилуфар Раҳимжонова айни йил август ойида Тожикистондан айланма йўллар билан Тошкентга йўл олади.
Тўй тадоригида юрган Нилуфар Раҳимжонова орадан бир ой ўтиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорлари ходимлари томонидан ҳибсга олинади.
Яқинларига кўра, дастлаб унга «давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» айблови қўйилади.
Бироқ кейинчалик Нилуфар Раҳимжонова Ўзбекистон Давлат Телевидениеси орқали чиқиш қилиб, яқинларининг айтишича, «Эронда террорчилар жамлоқларида таълим олиб, Ўзбекистонга терророчилик ҳужумларини содир этгани» келганини «эътироф» этади.
Би-би-си билан суҳбатда Сайидюнус Истаравшаний аёли тергов ишини олиб борган шахс томонидан сохта айбларни эътироф этишга мажбурланганига шубҳа қилмаслигини айтди.
«Илк муслима жасади»
Тошкентлик ҳуқуқбон Сурат Икромовнинг айтишича, у раҳбарлик қилган ташкилот ҳозирга қадар аёллар қамоқонасидан «терроризм ёки диний мотивлар билан қамалган» маҳкумалар жасадининг чиққанини қайд этмаган.
«Шу маънода илк муслима жасади аёллар қамоқхонасидан чиқарилаяпти, десак бўлади,» – дейди Сурат Икромов.
У аёллар қамоқхонасида шароит эркак маҳкумлар сақланувчи жазони ўташ муассисаларга нисбатан «бирмунча яхшироқ» эканини илова қилади.
Бироқ, собиқ сиёсий маҳкума, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, «аёллар қамоқхонасида шароит ўта ҳам оғир».
Унга кўра, аёллар қамоқхонасидан «ҳар йили ўртача 4-5 ўлик чиқади».
«Уларнинг асосий қисми наркоманлар ва СПИДга чалинган маҳкумалардан иборат бўлади. Ҳар йили эълон қилинадиган амнистия акти бўйича, оғир бемор бўлган маҳкумалар жазодан озод қилинишлари керак. Лекин, улар жазодан озод қилинмайди ва уларга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмайди,» – дейди Мўътабар Тожибоева.
Тожибоева хонимнинг айтишича, аёллар қамоқхонасида маҳкумаларни қийноққа солиш ва таҳқирлаш «кенг тарқалган».
«Энг оғир қийноқлар сиёсий ва диний мотивлар билан қамалганларга нисбатан ишлатилади,» – дейди Мўътабар Тожибоева.
Айни мавзу бўйича Би-би-сининг Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилган мурожаати жавобсиз қолди.
Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатдаги систематик қийноқларга оид ички сиёсатини ўзгартирмас экан, Ўзбекистонда қийноқ ҳоллари камайишини кутиб бўлмайди.
2002 йил ноябрида Ўзбекистонга борган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен «Ўзбекистонда қийноқлар систематик қўлланади,» дея хулоса билдирган.
БМТ махсус маърузачиси ҳисоботидан кейин Ўзбекистон ҳукумати қийноқларга қарши махсус дастур қабул қилганини эълон қилган, бироқ ўша дастурдан кейин ўтган 12 йилда ҳам вазият ўзгармаганини айтишади фаоллар.
Fikr bildirish