Муҳтарам олий суд раиси бизларни ғайриқонуний ҳибсга олишга ва укам Илҳомни ўлдирилишига бош сабабчи солиқ идораси мансабдорларига чора кўринг!

  Ўзбекистон  Республикаси  Олий суди раиси К.Ф.Камиловга        

ЖИБ Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15-февраль кунидаги   Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 177-моддаси 3-кисми “а, б” бандлари, 184-моддаси 3-кисми, 189-моддаси ва 243-моддаси билан судланган Раҳим  Ражабович  Ибодов   томонидан 

Тел: (91 407 90 18); (90 636 35 53)

НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ШИКОЯТГА ҚЎШИМЧА   

2008 йил 11-март куни укам Илҳом Ражабович Ибодов бошчилигида Бухоро шахар “Ситора” бозори ҳудудида “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонасини  167 реестр,  № 0000117 ва  (ИНН) 300755666 сонли солиқ тўловчининг идентификация рақами билан “Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги  гувоҳномага асосан  ташкил қилиб, ушбу корхонанинг “Низоми” бўйича фаолият кўрсатишни бошладик.  

2011 йилдан бошлаб мен ушбу корхонанинг бухгалтер вазифасида фаолиятимни бошладим. Бу вақт мобайнида укам И.Р.Ибодов билан бирга барча солиқ тўловларни ўз вақтида тўлаб бориш билан бирга корхонамизнинг фаолиятини ривожлантириш, уни кенгайтириш  борасида барча чораларни кўрганмиз.

 

Бундан ташкари, Бухоро шаҳар “Ситора” бозорида ишлаган барча солиқ инспекцияси ходимларининг (назоратчи) оғзаки топшириғи билан ҳар кунлик нақд пул тушумларини инкассация хизмати орқали корхонамизнинг банкдаги ҳисоб рақамига топшириб келганмиз. Шу билан бирга ҳар кунлик  пластик карточкалар орқали савдо тушумларини ҳам режадан ортиғи билан бажариб келганмиз.

Бу вақтларда инкассация орқали корхонамизнинг банкдаги ҳисоб рақамига ҳар кунлик нақд пул тушумларнинг маълум бир миқдори ҳақида солиқ органи ёки бошқа бирор-бир орган билан шартнома расмийлаштирилмаган ёки бу ҳақда кўрсатма  берилмаган эди.

2015 йил 14-август куни  “Бозорлар  ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси Бухоро вилоят бўлими” бошлиғи Б.Мухамедовнинг № 313-хс сонли ноқонуний равишда ёзилган буйруғига асосан “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонамизнинг бир кунлик, яъни 16-август кунги холатига “Қисқа муддатли текшириш” ўтказилди.

Солиқ ходимлари томонидан ўтказилган текширишда 124 500 сўмлик нақд савдо пули назорат касса машинасидан ўтказилмасдан туриб савдо қилинганлиги ҳамда корхона ҳисобига кирим қилинган ва сертификатлари мавжуд бўлган 613 турдаги 700 808,6 минг сўмлик автомашина жиҳозларини корхона ҳисобига кирим қилинмаган ва сертификатлари мавжуд эмас деган хулосага келиниб, БФ 12373 сонли далолатномани расмийлаштирдилар. Ушбу далолатнома 2015 йил 17-августь куни Бухоро шахар давлат солиқ инспекциясининг 2-шакл китобига 1289-сон билан рўйхатга олинган.

Айнан шу вақтларда МХХ Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари укам Илхомни ва мени гўёки майда безорилик қилганликда айблаб, 15 суткалик қамоқ жазосига тортдилар ва бизларга ташқи оламдан ажратиб олиб, ҳимоя ҳуқуқимизни таъминламасдан туриб, солиқ инспекцияси ва МХХ вакиллари ёлғон, ҳақиқатга зид бўлган камчиликлар баён қилиб, расмийлаштирилган сохта далолатномага имзо чекишга мажбур қилдилар, ҳамда ушбу камчиликларни тан олиб тушунтириш хати ёзишга мажбурладилар. Ушбу тушунтириш хатларига ёзиладиган ҳар бир сўзни  ўзлари айтиб туриб ёздиришди.

“Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонасининг иш фаолияти юзасидан текшириш ўтказган давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамда вилоят инкассация бошқармаси бошлиғи томонидан  содир қилинган қуйидаги конун бузишларига умуман эътибор бермасдан ва иш материалларини чуқур ўрганмасдан туриб, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси суриштирув бўлими катта суриштирувчиси 2-даражали адлия маслахатчиси М.М.Аслонов ва Ж.Р.Ражабовлар бизларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 189-моддаси 3 қисми билан жиноят иши қўзғатдилар.

Ушбу жиноят иши қўзғатилишининг ғайриқонунийлиги:

1. “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси томонидан 2015 йил май ойида 500 000 сўм, июн ойида 600 000 сўм, июл ойида 600 000 сўм, август ойининг 13 кунида 600 000 сўм нақд пулларни банкдаги корхонанинг хисоб рақамига инкассация орқали топширганмиз.

Лекин Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика инкассация хизмати давлат унитар корхонаси Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи С.Ҳ.Фозилов томонидан  Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи в.б. А.А.Бозоров номига ёзган 2015 йил 29-июль куни № 04-02/147-сонли хатида ва унга илова қилинган пул тушумлари ҳақидаги сохта маълумотномада “2015 йил май, июн, июл ойларида “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси ўзининг банкдаги ҳисоб рақамига инкассация орқали умуман пул топширмаган” деб ёлғон ёзган. Ушбу сохта маълумот киритилган хат корхонамизнинг иш фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказилишига асос бўлган;

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8-январ кунидаги “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги № 1257-сонли қарорининг 3-банди 1-хатбошисида қуйидагилар баён қилинган:

“Давлат солиқ хизмати органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақи тўлови топширилиши ва ҳисоби тўлиқ юритилишини, савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларига риоя қилинишини, ушбу банднинг тўртинчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлардан мустасно тарзда, қисқа муддатли текширувлар ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар”.

Аммо “Бозорлар  ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси  Бухоро вилоят булими бошлиғи  Б.Мухамедов ушбу меъёрий ҳужжатлар талабларини  кўпол равишда бузиб, корхонамизнинг савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилинишини текшириш учун назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига эга бўлмасдан туриб, ўз мансаб ваколатидан ғараз мақсадларда, қасддан фойдаланиш йўли билан 2015 йил 14 август кунида “қисқа муддатли текшириш ҳақида” 313-хс буйруғини чиқарган;

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8-январ кунидаги “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги № 1257-сонли карорининг 3-банди 2-хатбошисида қуйидагилар баён қилинган:

“Давлат солиқ хизмати органлари томонидан бозорларда, савдо комплекслари ва уларга туташ автомобиль тўхташ жойларида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналаридан, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, белгиланган тартибда чек ва талонларни бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширувлар, ўрнатилган тартибга мувофиқ, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этадиган солиқ текшируви ҳисобланмайди”.

Лекин “Бозорлар  ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси  Бухоро вилоят бўлими бошлиғи Б.Мухамедов ушбу меъёрий ҳужжатлар талабларини кўпол равишда бузиш йўли билан 2015 йил 14-сентябрь кунидаги № 313-хс сонли буйруғида  “Ўзбекистон Республикаси  Президентининг  “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  2010 йил 8-январ кунидаги № 1257-сонли қарорининг 3-банди талабларига мувофиқ, Бозорлар  ва савдо комплекслари ҳудудларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан назорат касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширув ўтказиш мақсадида, БУЮРАМАН” деб қайд қилган.

Бундан кўринадики Б.Мухамедов ўзининг  2015 йил 14-август кунидаги 313- хс-сонли буйруғи билан  корхонамиз томонидан фақат назорат-касса машиналаридан, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланишини, шунингдек, белгиланган тартибда чек ва талонлар берилишини, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан текшириш ўтказиши мумкинлигини, аммо махсус кенгаш қарори билан  корхонамизнинг “Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширув ўтказиш”  лозим бўлган.

Б.Мухамедов эса ўзининг 313 хс буйруғида “Савдо ва хизмат кўсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширув ўтказиш” деган сўзни қўшиш билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузганлигига чора кўрмасдан туриб, ўз вазифаларига савуққонлик, эътиборсизлик, лоқайдсизлик тарзда  иш кўришлари ва содир қилмаган жиноятларимизни “Содир қилдим” деб кўсатма беришимизга мажбурлашлари ҳамда қўллаган вахшиёна қийноқлари ортидан укам Илхом вафот этди, менинг эса бош миямни каттиқ жароҳатлаганликлари сабабли ўзимни ҳаракатларимга жавоб бера олмасдан қоладиган касалликка дучор бўлдим. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда Олий суд Пленумининг  қарорларида  “Судлар ҳар бир ишни холисона тарзда кўришлари ва адолатли ҳукм чиқаришлари лозимлиги” тўғрисида таъкидланган бўлсада, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ва  ЖИБ вилоят суди аппеляция инстанцияси  мен билан укамга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш вақтида ушбу жиноят ишида мавжуд бўлган қуйидаги далилларга ҳуқуқий бахо бермади:

“Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси  томонидан  2015 йил май ойида 500 000 сўм, июн ойида 600 000 сўм, июл ойида 600 000  сўм, август ойининг 13 кунида 600 000 сўм нақд пулларни банкдаги корхонанинг хисоб рақамига инкассация орқали топширилган бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика инкассация хизмати давлат унитар корхонаси Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи С.Ҳ.Фозилов томонидан Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи в.б. А.А.Бозоров номига ёзган 2015 йил 29-июль куни № 04-02/147-сонли хатида ва унга илова қилинган пул тушумлар хақидаги маълумотномага 2015 йил май, июн, июл ойларида  “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси ўзининг банкдаги  ҳисоб рақамига инкассация орқали умуман пул топширмаган деб сохта маълумот киритганлигини “Бозорлар  ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси  Бухоро вилоят бўлими бошлиғи Б.Мухамедов текшириб кўрмасдан, ушбу меъёрий ҳужжатлар талабларини кўпол равишда бузиш йўли билан  2015 йил 14-сентябрь кунидаги № 313-хс сонли буйруғига асосан қисқа муддатли текшириш ўтказиб, бунда 2010 йил 8 январдаги  ПФ  1257 – сон қарори талабларини қўпол тарзда бузиш йули билан бизнинг тадбиркорлик фаолиятимизга ноқонуний равишда аралашганликларига умуман эътибор бермасдан, жиноят ишини  бир томонлама  кўриб чиқишди.

Президентимиз томонидан Давлатимизнинг равнақи, халқнинг фаровон ва яхши яшаши ҳамда ҳар бир ишда адолат бўлиши лозимлиги борасида олиб борилаётган сиёсатлари туфайли, АДОЛАТ юзага чиқиб, айнан укам И.Р.Ибодовнинг ўлимига сабабчи бўлган   (МХХ) ДХХ Бухоро вилоят бошқармасининг бир нечта  ходимлари жавобгарликка тортилди ва уларнинг ҳар бири узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиндилар. 

Юқоридагиларни  инобатга олиб, ЎзР ЖПКнинг 498-512 моддаларига асосан, Сиздан ўз ваколатингиз доирасида:

– 2016 йил 15-февраль кунидаги жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг  Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва 243-моддаси билан айблаш тўғрисидаги айблов ҳукмини ҳамда  ЖИБ Бухоро вилоят суди апелляция босқич судининг 2016 йил 24 мартдаги асоссиз ажримини бекор қилишингизни, менинг ҳаракатимда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукмини чиқариш тўғрисида ЎзР Олий суди жиноят судлов хайъатига назорат тартибида протест келтиришингизни;

 – Ушбу келтирилган протестда ЖПКнинг талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2004 йил 24-сентябрдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги” 12-сонли қарорининг бир нечта моддалари ва бандларини ўта қўпол тарзда бузилиши ортидан яратилган жиноят иши материаллари орасига тикилган юқорида санаб ўтилган барча далилларни  номоқбул далил деб топиш талабини киритишингизни;

– Назорат тартибидаги шикоятимни кўриб чиқиш жараёнида, юқорида қўрсатилган қонун бузилишига сабабчи бўлган ҳар бир мансабдор ва маъсул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида, 2018 йил 10-декабрь куни Президентимиз номига юборган  аризамга илова қилинган  барча асл нусхадаги  далилларни  ЎзР Ҳарбий прокуратурасидан  чақириб олишингизни  сўрайман.

Назорат тартибидаги шикоятга қўшимчага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати:

1. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15-февраль кунидаги айблов ҳукми;

2. ЖИБ Бухоро вилоят суди апелляция босқич судининг 2016 йил 24 мартдаги ажрими

3. 2018 йил 22–июнь кунидаги ЎзР Харбий судининг ҳукми;

4. Бухоро вилоят Адлия бошқармасига мурожаат қилиш йўли билан олинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8-январ кунидаги “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги № 1257-сонли қарори;

5. 2015 йил 29 июл кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика инкассация хизмати давлат унитар корхонаси Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи С.Ҳ.Фозилов томонидан Солиқ органига тақдим қилинган пул тушумлари хақидаги сохталаштирилган маълумотнома ва ушбу маълумотнома юборилган 04-02/147-сонли хат;

6. Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг 2018 йил 23-ноябрдаги 26/4-08754-сонли ғайриқонуний жавоб хати;

7. 2018 йил 29 ноябрь кунги 2015 йил январдан 31 декабргача “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонасининг 202080005044686089001 банк хисоб рақамига “Ипотека банк” АТИБ Бухоро вилоят филиали орқали туширилган пул маблағлари ҳақидаги ушбу банк томонидан олинган маълумот;

8. 2018 йил 6 декабрь кунги адвокатнинг сўровномасига асосан “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси хисоб рақамига 2015 йил 7 январь кунидан бошлаб 14 август кунигача “Ипотека банк” АТИБ Бухоро вилоят филиали орқали нақд пул тушириш йўли билан 4500 минг сўм, терминал орқали 2860 минг сўм, ҳамда пул кўчириш орқали 29260 минг сўм, жаъми 30 900 минг сўм туширилгани ҳақидаги “Ипотека банк” АТИБ Бухоро вилоят филиали бошқарувчи Э.Мансуров имзо чеккан маълумотномаси;

9. “Ал-Ражаб автоглобал сервис” хусусий корхонаси банк операцияларига алоқадор яна бир қанча маълумотларни, бу маълумотлар билан солиқ инспекцияси томонидан нотўғри талқин қилинганини солиштириш ва ҳуқуқий базо беришларингиз учун тадқим қилмоқдамиз.

Раҳим Ибодов

Ўзбекистон Республикаси фуқароси                                              

17.01.2019 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.