М.Тожибоева: Лидерлик белгиланмайди, уни халқ ўзи танлаб олади, афсуски бугунги мухолифат вакиллари мана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйган

Мўътабар Тожибоева: Бу ерда мухолифатнинг бошини бир жойга қовуштирмайдиган бир муаммо бор, кўпчилик дўстлар мендан хафа бўлишмасин, амммо биз ўзаро очиқ гапириш ва нуқсонларни аниқ кўрсатишга келишдик, мен ҳам шунга амал қилиб айтаманки, муаммо бор, у ҳам бўлса КИМ НОМЕР БИРИНЧИ ЛИДЕР БЎЛАДИ деган касал иддао. Аслида лидерлик белгиланмайди, лидерни халқ ўзи танлаб олади, афсуски бугунги мухолифат вакиллари мана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйганми, деб ўйлайман. Ўйлайман эмас унутиб қўйган!!!

Хабарингиз бор Андижон қирғинидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ташаббуси билан ташкил этилган “13 май Иттифоқи” платформасида дунёга келгани айтилаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 23-24 май кунлари Германияда ўзининг илк таъсис Қурултойини ўтказди.

Кўпчилик ОАВ томонидан ўзбек мухолифатининг хориждаги илк йирик тадбири деб аталган мазкур йиғинда ЎХҲ кенг халқ оммасининг протест потенциалини тузумга қарши тинч шаклдаги бўйсунмаслик акцияларига йўналтириш, тузум раҳбари ва унинг ҳукуматини тинч йўллар билан истеъфога чиқаришга эришиш, ҳокимият тизимларига эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш жараёнини тайёрлаш ва уни амалга ошириш, барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ва тўлиқ оқланиши, мухолифат раҳбарларининг мамлакатга қайтишларига эришишни ўзининг асосий вазифалари деб белгилаб олди.

Олтита сиёсий ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “Эрк”, Ўзбекистон Демократик форуми, Андижон Адолат ва Тикланиш, Таянч ташкилоти, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти, Ёшлар ҳаракати муассислар бўлишди. “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ эса, Муассислар Мажлиси раиси этиб сайланди. ОАВ томонидан тадбир ва унинг натижаси ўлароқ кенг оммага тақдим этиб келинаётган ягона хабар ана шундан иборат.

Аслидачи, аслида номаълум қолаётган қайси ҳолатлар матбуотда ёритилмади, ҳар қалай Қурултой икки кун давомида нималарнидир муҳокама қилди, қандайдир масалалар устида тортишувлар бўлгандир. Биз ана шу саволларга жавоб олиш мақсадида Қурултойда кузатувчи сифатида иштирок этган “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева билан мулоқот уюштирдик.

Jarayon: Дастлаб ЎХҲ Қурултойи, унинг иштирокчилари ва улар кимлиги ҳақида ўз кузатувларингиз натижаларини гапириб берсангиз?

Мўътабар Тожибоева: Чиндан ҳам мен Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Берлин шаҳрида ўтган икки кунлик Қурултойида кузатувчи сифатида қатнашдим. Дунёнинг турли бурчларидан, Европа ва Ғарбдан мухожир ўзбеклар, хорижий кузатувчилар иштирок этган бу тадбирда, адашмасам 50-80 одам иштирок этди. Аммо айтиб ўтиш керак, Қурултой ўтказиш ташаббуси билан чиққан Ҳаракат муассислари ва ташкилотчилар асосан бу тадбирга тўлиқ тайёргарлик кўриб улгурмаганининг гувоҳи бўлиш мумкин эди.

Тайёргарлик етарли даражада бўлмаганлиги Қурултой бошланган пайтданоқ маълум бўлди. Масалан Қурултой бошлангандан кейин ЎХҲ Низомини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинаётган пайтда анчагина тортишув келиб чиқди. Низомнинг анчагина хомлиги, камчиликларга эгалиги сабабли Хазратқул Худойберди, Насрулло Сайидов, Дилсора Фозилова, Исмоил Дадажонов сингари Қурултой иштирокчиларидан тортиб, мен каби кузатувчи сифатида катнашаётган инсонлар ҳам бефарқ қараб туролмади.

Мана шу муҳокама пайтида бир неча марта Эрк партиясининг вакили Абдулла Абдураззок Низом аллақачон муассислар томонидан тасдиқланиб бўлинганини яна буни муҳокама қилиш шарт эмаслигини уқтириши кескин танқидларга сабаб бўлди. Яъни, Қурултойдан ташқари муҳокама қилинган Низомдаги камчиликлар бартараф этилмайдиган бўлса, муҳокамага қўйилиши сабабини тушунтиришни сўралган ҳолатлар кўп бўлди…

Хуллас, Қурултойнинг биринчи куни анчагина тортишувлар, келишмовчиликлар билан ўтган бўлса, иккинчи куни анча тартибга тушди. Низомдаги муҳокама пайтида айтилган камчиликлар бартараф этилиб, кўпчилик айтган фикрлар қўшилди. Масалан, ЎХҲнинг бош органи Қурултой бўлиши керак деганлар бир тараф, бош орган Муассислар йиғини бўлсин деганлар бир тараф бўлиб бўлинди. Лекин охири Низомга ЎХҲнинг бош органи Қурултой бўлиши киритилди. Бундай мисолларни анчагина келтириш мумкин.

Jarayon: Муассислар томонидан тасдиқланган, деди деяпсиз, аммо, Қурултой иштирокчилари, яъни делегатларнинг ўзлари ўша янги тузилган Ҳаракатнинг таъсисчи муассислари эмасмиди?

Мўътабар Тожибоева: Қурултойда муассислардан ташқари бу Ҳаракатга қўшилиш ниятини билдирганлар ҳам кўпчиликни ташкил этганди. Ҳаракатга қўшилишни билдириб Қурултойда қатнашиш учун келганлар сони ҳам анчагиналигини ҳисобга олинадиган бўлса муассислар томонидан тайёрланган Низом ва Дастурни муҳокама қилиб тасдиқлаш керак эди…

Jarayon: Кимлар эди, Ҳаракатга қўшилиш истагида келганлар ва Ўзбекистондан ҳам кимдир бормиди, бирор ташкилот вакили ёки якка шахслар?

Мўътабар Тожибоева:Ўзбекистон ичкарисидан ҳеч қандай ташкилот ва ҳеч қандай якка шахслар катнашмади бу тадбирда. Асосан бу Ҳаракатга қўшилиш истагида бўлганлар Ғарб давлатлари ва Россияда яшовчи инсонлар эди. Масалан, Россиялик Ҳайдар Жамол ва унинг ўғли ҳам Қурултойда фаол қатнашди. Улар ЎХҲ қўшилиш истагини билдирди. Муҳокамалар пайтида бу россиялик меҳмонларнинг Ўзбекистондаги бугунги вазият ҳақида етарли маълумотга эгаликларини сезиш қийин эмасди.

Jarayon: Россиялик сиз айтган шахс жуда ҳам машҳур Исломшунос олим, унинг бу Ҳаракатга қизиқиши боиси нимада экан, буни билишнинг имкони бўлдими?

Мўътабар Тожибоева:Лекин, у одамнинг асл мақсади нима эканини мен билмадим…

Jarayon: Умуман олганда, тортишув ва бахсга тўла бўлгани Қурултойнинг демократик руҳда ўтганига далолатдир, аммо иштирокчиларнинг ғоявий якдиллиги, Ҳаракатнинг келажагига ишончи нақадар сезилди?

Мўътабар Тожибоева:Тўғриси мен бу Ҳаракатнинг келажагига ишонч билан қарай олмадим. Шунинг учун ҳам мен шахсан ўзим ва мен бошқараётган “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бу Ҳаракатга қўшилмаслигини билдирдим. Аммо биз Ҳаракат иштирокчиларининг шахсий позицияси, фикр эркинликлари ва бирор ғоя атрофидаги бирлашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз, буни қадрлаймиз. Аммо, бу уюшмага қўшилиш масаласида, ҳозирча ўзимизни тийиб турамиз. Қурултой иштирокчилари ҳақида гапирсам, у ерда иккита бир бирига қарама қарши бўлган фикрлар бўлди ва айнан мана шу фикрлар сабабли тортишувлар кучли бўлди.

Бир томондагилар энди бунингдек (Ўзбекистондагидай – Ж) зулмни давом этиши мумкин эмаслигини, бу зулмга барҳам бериш учун кескин курашиш кераклигини айтишса, иккинчи томон кескин курашиш усули керак деган ақида билан яна ўзбек халқига қийин қилиб қўйиш мумкинлиги ҳақида гапирди. Мана шу масалада Қурултойнинг охиригача ҳам икки ҳил фикрда қолинган ҳолат бўлди десам хато бўлмаса керак.

Бир нарсани айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деб номланувчи бу уюшмага албатта ўзбек зиёлилари, сиёсатни тушунадиган, дунёда анча танилиб улгурган арбобларни ҳам жалб қилинса яхши бўларди. Чунки мухолифат бирлашди деб ҳар қанча ёзмасинлар бу Қурултой бир ҳилда ёки баъзи бир масалаларда фикрдош бўлган инсонлар йиғилган бир анжуман бўлди, дейиш мумкин холос. Ҳар доимгидек Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф бўлган барча кучларнинг бошини Қурултой бир жойга қовуштира олгани йўқ.

Jarayon: Нега Қурултой Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимиятга мухолиф бўлган барча кучларни бирлаштира олмади, сизнингча бунинг боиси нимада? Ва бундай “кучлар” деганда сиз яна кимларни назарда тутяпсиз?

Мўътабар Тожибоева:Манимча, таъсисчилар бунинг учун ҳаракат ҳам қилмаган бўлсалар керак, деб ўйлайман. Яъни, Жаҳонгир Муҳаммад, Бобир Маликов сингари тарозининг палласига залворли тош босиши мумкин бўлган инсонлар билан мулоқот ҳам ўтказишмаган. Абдураҳим Пўлат, Баҳодир Чориев билан ҳам ҳеч қандай мулоқот олиб бормаганлар. Айтиб ўтилган шахслардан кимларинидир, балким ЎХҲ аъзолари мухолиф “куч” сифатида тан олмас, айримларига нисбатан араз бордир, аммо илк мана шу бир қарашда жуда арзимаган, аммо жуда ҳам муҳим тўсиқни йиқита олишмаса, Ўзбекистондаги ҳар тарафини мустаҳкам ўраб келаётган улкан “довонни” йиқитиш қийин бўлса керак.

Ҳар қандай режа ва интилишлар энг аввалидан мустаҳкам ва пухта бўлиб бориши керак, унинг мустаҳкамлиги ва пухталиги сафнинг кенглиги ва якдилликда айниқса сезилиши керакда. Менинг фикримча, ҳатто мана шу юқорида айтиб ўтганларим шахсларнинг йўқлиги учун ҳам, Ҳаракатда бир бўшлик бор, менимча у сал мўртроқдай, яна билмадим.

Jarayon: Нега аслида сиз тилга олган шахслар чақирилмади, сиз нима деб ўйлайсиз? Умуман Қурултой давомида кимдир бу ҳақдаям гапирдими, бу ҳолатга эътибор қаратдими?

Мўътабар Тожибоева: Бу ерда мухолифатнинг бошини бир жойга қовуштирмайдиган бир муаммо бор, кўпчилик дўстлар мендан хафа бўлишмасин, амммо биз ўзаро очиқ гапириш ва нуқсонларни аниқ кўрсатишга келишдик, мен ҳам шунга амал қилиб айтаманки, муаммо бор, у ҳам бўлса КИМ НОМЕР БИРИНЧИ ЛИДЕР БЎЛАДИ деган касал иддао. Аслида лидерлик белгиланмайди, лидерни халқ ўзи танлаб олади, афсуски бугунги мухолифат вакиллари мана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйганми, деб ўйлайман. Ўйлайман эмас унутиб қўйган!!!

Иккинчи тарафдан, ўша чақирилмаган шахсларнинг ўзлари ҳам бунга эътиборсиз қолаётгани ёки бошланган ташаббусни эшитмасликка олаётгани ажабланарли. Биродарлар, ахир кимдир ниманидир кўрмай, сезмай, ўзича навбатдаги хатога, адаш қадамга интилаётган бўлса нега қараб тиржайиб туришимиз керак. Нега, майли бир биримизга бўлган араз ва нафратни четга сурайлик, гарчи “бас, етар”, деган хулосага келинибди экан, келинглар мана бундай, мана бундай қилайлик, демаяпти? Қачондир ахир ақлларимизни йиғиб олишимиз керакку, ўзимиз учун бўлмаса шўрлик халқимиз учун шундай қилишимиз керакмасми? Агар мана шу Ҳаракат иштирокчилари қоқилиб йиқилса, ва энг даҳшати ДИКТАТУРА устун келса нима кўнглимиз шод бўладими? Э-э, гапирсангиз гап кўп…

Jarayon: Мана Қурултой давомида икки ҳил муносабат, таклиф-фикр ўзаро тортишувли қолиб кетди, дедингиз, қайси фикр тарафдорлари, агар шундай дейиш мумкин бўлса, кўпчиликни ташкил этди?

Мўътабар Тожибоева: Асосан иккинчи фикр, яъни халққа зулм бўлиб қолишидан эҳтиётланиш керак, деган фикрдагилар кўпчиликни ташкил қилди. Лекин мен мана шундай фикрни гапирганимдан кейин, кейинчалик эшитишимча, Россия фуқароси бўлган ва нонвойчилик қилиб тирикчилик қиладиган бир йигит сўзга чиқиб қўрқоқ одамларга қулоқ солмасликни, керак бўлса биринчилардан бўлиб Ўзбекистонга кириб боришини баралла гапирди. Мен унинг бу шижоати, шахсий позициясини ҳурмат қиламан, аммо барибир бу хом жазава эди, шу учун унга жавобан айтдимки, “Демак сиз сиёсат билан олдин шуғулланмагансиз ва ҳукуматнинг қийноқ машинаси билан яккама якка қолмагансиз”, дедим. Чунки, мен ўзим учун эмас, миллатимиз учун ичим ачиганди.

Jarayon: Нечун сизни кескинроқ кураш ғояси бу қадар хавотирга солди, яъни сиз агар шу ғоя Қурултой томонидан қўлланса шундай бўлиши, кескин кураш бошланиши мумкин деган ишончдамисиз?

Мўътабар Тожибоева: Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Чунки бунингдек кураш бошлашга Ўзбекистон мухолифатининг ҳеч қандай имконияти йўқ, деб ҳисоблайман. Лекин мана шундай кескин фикрлар натижасида Ўзбекистондаги вазият янада оғирлашиши мумкин. Ўзбекистондаги назорат ва таъқиблар янада кучайиши аниқ бунингдек баёнотлардан кейин. Яъни, Ўзбекистоннинг шафқатсиз ҳукуматига фарқи йўқ, бу ғоями ёки шунчаки режам, у амалга ошадими ёки йўқ, унинг учун шундай баҳона бўлса бас, навбатдаги минглаб бегуноҳлар қирилади, бу билан ҳукумат гўё огоҳлантириш йўллайди. Қараб турмайман, керак бўлса бундан кўпиниям қираман, қани ким билан кескин кураш олиб борасан, дейди. Мен шундан хавотир билдирдим, зеро бунга оид ўнлаб мисоллар бор. Қолаверса, Ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида ҳам шуғулланаётган вакиллари борлиги ҳақидаги баёнотлари ҳушёр торттиради.

Яна менинг ишонмаслигимга сабаб бўлган омиллардан бири бу, мухолифат вакилларининг деярли барчаси мамлакат ташкарисида-ку. Халқни етаклаб кўчага олиб чиқадиган куч мамлакат ичкарисида, халқ орасида бўлиши керак эмасми? Араб давлатларида бўлиб ўтган диктаторларга қарши курашда, ғалаёнларда мухолифат мамлакат ичкарисида бўлган ва ўша мухолифат вакиллари халқни кўчага олиб чиқди.

Jarayon: Балким мамлакат ичкарисида шунга, сиз шубҳа қилаётган ҳаракатга қодир куч бордир ва Ҳаракат иштирокчилари буни билар, ўша кучга таянаётгандир?

Мўътабар Тожибоева: Йўқ мен бунга ишонмайман… умуман ҳозир мана шу суҳбатда ҳатто бўлиши мумкин, яна ким билади дейсиз деган гумонга ҳам бормайман, акс ҳолда, худо кўрсатмасин нечтасининг бурни қонаши мумкин…

Jarayon: Умуман Қурултойда нимададир якдиллик бўлдими, Ҳаракат ниманидир ҳозирги мана шу босқичда бажара олиш қудратига эгамикан?

Мўътабар Тожибоева: Буни фақат вақт кўрсатади.

Jarayon: Сиз Курултойга кўзга кўринган кўпчилик мухолифатчиларнинг келмаганини мухолифат ичидаги эски дард, яъни лидерлик “касали” билан боғладингиз, Қурултой якуни ўларок Ҳаракатга Муҳаммад Солиҳ етакчи деб сайлангани хабар қилинди, айтингчи, бу кўпчиликнинг ихтиёрий, чинакам маънодаги сайловимиди ёки боя айтганингиздай фикрдошлар, айтиш мумкин бўлса, солиҳчилар йиғилиб, ўзларининг ҳурматли кишисини танлаб қўяқолдиларми?

Мўътабар Тожибоева: Муҳаммад Солиҳни бир йил муддатда муассислар Кенгаши раиси лавозимига сайланиш жараёни ўша муассис ташкилотлар раҳбарлари ёки бир вакили иштирокида, яширин тарзда ўтказилди. Лекин нимагадир кўпчилик, шулар қаторида мен ҳам Муҳаммад Солиҳни муассислар Кенгаши етакчиси этиб сайланишига ишонгандик. Чунки юқорида айтганимдек бу Ўзбекистон ҳукумати мухолифларининг бир жойга тўпланишлари натижаси эмасди бу Қурултой. Бу ҳамфикр бўлган шахслар ва ташкилотлар муассислигидан ташкил топган Ҳаракат эди.

Jarayon: Балким бу фақат бошланишидир, ахир ЎХҲ тарафдорлари “бу ҳали бошланиши, энди биринчи қадам ташланди”, дейишяпти, балким олдинда сиз кутаётган қадамлар ҳам ташланар?

Мўътабар Тожибоева: Аввал айтганимдай, қадам энг аввалидан пухта ва мустаҳкам ташланиши керак, эй бошлайверайлик у ёғи бир гап бўлар қабилида иш тутиш ярашмайди, ахир бу маданий тадбир учун гуруҳ йиғиш иши эмаску? Билмадим, майли мен чиндан ҳам шошқалоқлик қилаётган бўлай ўз таҳминларим ва хулосаларимда, сиз айтгандай, балким, олдиндадир ҳаммаси, агар шундай бўлса ва мен ўша аниқ, мустаҳкам куч бўлиш интилишини кўрсам, мен манави суҳбатимиз давомида адаш фикр билдирганим учун узр сўрашга тайёрман ва ҳатто бу ҳаракатга қўшилиш масаласини қайта кўриб чиқамиз.

Jarayon: Қурултой давомида ва унинг якуни бўйича тарқатилган маълумотларда ҳам на Низом ва на Дастур ҳақида гапирилди, сиз мана ундаги бандлар юзасидан келишмовчиликлар бўлди дедингиз, кейинчалик ўзаро келишув асосида Ҳаракат ҳужжатларига ўзгартишлар киритилиб у пухта ҳолга келтирилипти. У нималарни назарда тутади, олдинга қўйилган аниқ режалар нималардан иборат, буни билишнинг имкони бўлдими?

Мўътабар Тожибоева: Қурултойда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатиннинг дастури тўғрилашлар киритилиб, чиндан ҳам тасдиқланди. Лекин унда, адашмасам Ҳаракат дастурида айнан қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида босқичма босқич баён қилинмаган. Менимча, 19 кишидан иборат Марказий Котибият сайланди. Айтишлари бўйича, мана шу Котибият вакиллари режалаштирилган ишларни олиб боради. Яъни, бу нарсадан мен ҳам бехабарман. Охирги тасдиқланишдан олдинги Низомда балким булар ҳақда бирор нарса ёзилгандир. Лекин, мен йиғилишнинг иккинчи куни бироз кечикиб кирганимда, қўшимчалар киритилган Низом аллақачон тарқатиб бўлинган экан. Шунинг учун аниқ бир гап айта олмайман.

Jarayon: Умуман кузатувларингиз бўйича, ана шу йиғин иштирокчилари, нимадир қила олишларига, реал кучга айланишига қанчалар ишонади ёки уларда ҳам маълум маънодаги иккиланиш сезилдими?

Мўътабар Тожибоева: Менимча йиғин иштирокчиларининг барчаси ҳам якдил бўлиб, реал кучга айланишига ишонмасалар керак. Бу ҳам табиий ҳол назаримда. Чунки Ҳаракатга қўшилган бўлсаларда шубҳа билан қараганлар ҳам бор, албатта. Лекин бу йиғиндан олинган хулоса шуки, ўзгаларнинг фикрини эшита олиш ва бу фикрларни қабул қила олиш шароити юзага келди, менимча бу йиғиннинг биринчи ютуғи шу бўлса керак.

http://jarayon.com/index.php?option=com_content&view=article&id=1398:2011-05-29-16-44-55&catid=54:habarlar&Itemid=70

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.