Ҳазратқул Худойберди: Адолат ва ҳақиқат ҳамиша бирламчидир

2012 йил 4 февралда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти(ЎИҲХЖ)нинг бир гуруҳ аъзолари (Толиб Ёқубов, ЎИҲХЖ фахрий Президенти, Тўлқин Қораев ЎИҲХЖ аъзоси, Абдуҳамид Пўлатов Вице президенти, Турсунбой Ўтамуродов ЎИҲХЖ аъзоси ва номлари сир тутилган Ўзбекистондаги вакиллар) бир кичик Баёнот тарқатишибди. Қисқача маъноси шуки, улар Ҳаракат сафида қолишни лозим топишибди. Бу Баёнотни мен Ўзб.Халқ Ҳаракати сайтида кўрдим ва Толиб Ёқубов бу гапни тасдиқлади.

Жамиятимиз фаолларининг менга, ўзлари Қурултойда сайлаган раҳбарга, бу ҳақда лом мим демасдан бундай баёнот беришлари ҳурматсизликнинг бир кўриниши бўлди. Мен уларни бу қадамларини демократ бўлганим учун кечираман. Аммо инсоний муносабатлар бундан кейин қандай бўлишини ёлғиз Оллоҳ таоло билади.

Ҳурматсизликниинг иккинчи кўринишии шундан иборатки, бу биродарларим менинг 16 январда Ўзб.Халқ Ҳаракати Раҳбариятига тайёрлаган махсус Баёнотим борлигини билишар эди. Ва у Баёнотни оммавий матбуотда чоп этмасдан Ҳаракат Раҳбариятига ўйлаб кўриш ва кейин бу Баёнотга бир муносабат билдиришни талаб қилганимни ҳам билишар эди.

Шуларни била туриб нега улар муддат тугашига 12 кун қолганда шоша пиша, мендан яширинча бунақа баёнот беришди экан? Нима бўлганда ҳам бу инсонлар лафзни икки карра бузишди.

Шу сабабдан мен ўзим битган Баёнотни муддатидан олдин ошкор этишга мажбурман.

Чунки ўз ўзидан маълум бўлдики Ўзб.Халқ Ҳаракати раҳбарияти менинг Баёнотимга жавоб беришдан воз кечган ва унинг ўрнига бизнинг Жамият фаоллари билан тил бириктириб мавжуд муаммоларни ечишдан кўра ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши йўлини танлашган.

Аммо мен илгари ёзгандек бир касалликни даволамасдан унинг ёнидан индамай ўтиб кетадиган одам эмасман.

Агар мен яқинларим, дўстларим ёки биродарларим бирор касаллик билан оғриганларини кўрсам мен аввалига уларга ёрдам беришга, уларни бу касалликдан фориғ бўлишларига ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Аммо касал одам даволанишни истамаса уни мажбурлаш қийин. Ўлгиси келган одам барибир ўлади сиз уни ҳарчанд шлангалар ва томчи дорилар билан ҳаётини сақлаб тураман деб уринсангиз ҳам.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳозир ана шундай оғир касалликка дучор бўлган бир бемор. Мен уни даволашга уринаман деб роса уриндим, Оллоҳ шоҳид. Аммо начора, агар улар айрим беморлар каби ўлим йўлини танлашган экан, бу уларнинг ҳуқуқи.

Мен ҳар бир инсоннинг ва ташкилотнинг ҳуқуқини биринчи ўринга, ўзимнинг турли туман қизиқишларим, фикрларимни иккинчи ўринга қўйиб келадиган инсонман.

Менинг бир аниқ, сиёсий кўз қарашим бор: Адолат ва ҳақиқат ҳамиша бирламчидир.

Бир буюк адолатга эришиш учун кимгадир қарши адолатсизлик қилиш ёки бир буюк ҳақиқатни деб бошқа бир кичикроқ ҳақиқатдан кўз юмиш мен учун жиноятдек бир гап.

Шу учун мен маъноси қолмаган 12 кунлик кутиш ўрнига Ўзб.Халқ Ҳаракати раҳбарияти номига тайёрланган ўз Баёнотимни эълон қиламан. Кўпчилик ўқиб кейин ҳар ким ўз хулосасини чиқариб олсин.

Жамиятимиз фаолларининг Ўзб.Халқ Ҳаракатида қолишлари уларнинг муқаддас ҳуқуқларидир. Аммо бизлар бундан кейин бирга ишлай олмаслигимиз ҳам ўз ўзидан аён бўлди.

Жамиятимиз фаоллари билан менинг фикрларим бир бирига тамоман зид бўлгани учун мен бугун 5 феврал 2012 йилдан эътиборан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти президентлигидан истеъфо бераман.

Ҳазратқул Худойберди
2012. 5 феврал

Қуйида 16 январда тайёрланган Баёнот
………………………………………………………………………………….

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти БАЁНОТИ

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти (ЎИҲХЖ) Ўзбекистон Халқ Ҳаракат (ЎХҲ )ининг фаолиятида иштирок этишни Ҳаракат тузилишининг илк дамларидаёқ бошлади.

Қурултойда ЎИҲХЖ томонидан киритилган муҳим масалалар ЎХҲ Низоми ва Дастуридан жой олдилар. Кейинчалик ЎИҲХЖ вакилининг Ҳаракат раҳбарияти ва умумий фаолияти жараёнида қўшган ҳиссалари кўп ва самарадор бўлди.

Хусусан Ҳаракат Раҳбарияти фаолиятини тартибли олиб бориш учун Жамият вакили томонидан киритилган қатор таклифлар, шу жумладан Раҳбариятга “Мувофиқлаштирувчи/Координатор” лавозими киритиш, Ҳаракатнинг Ҳуқуқий масалалар Бўлими, Хавфсизлик масалалари Бўлими ва Махсус Стратегик Марказларини тузиш таклифлари, Ҳуқуқий масалалар Бўлимини ЎИҲХЖ вакили томонидан қисқа муддатда олиб борган самарали ва мўҳим фаолияти, Ҳаракат байроғи, Мурожаатларини тайёрлаш, Ҳаракат фаолиятини кучайтириш ва тарғибот қилишга қаратилган 30дан ошиқ сиёсий ва ҳуқуқий масалалар бўйича мақолалар, Раҳбариятда мажлисларни демократик руҳда олиб боришга бўлган кўплаб уринишлар ўз вақтида ЎИҲХЖ томонидан Ҳаракат фаолиятини яхшилашга қаратилган муҳим тадбирларнинг айримлари холос.

Аммо Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши жараёнидаёқ ЎИҲХЖ вакиллари томонидан бир неча бор кўрсатилган ва кузатилган жиддий камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ечимлар таклиф этилганига қарамай, афсуски бу таклифлар инобатга олинмади, камчиликлар бартараф этилмади. Аксинча, тузатилмаган камчиликлар секин аста Раҳбариятнинг жиддий ва доимий равишда такрорланадиган хатоларига айланиб қолди.

Булар оқибатида Ҳаракатни кучайтириш ишлари орқага кетди, унинг раҳбар ва фаол вакилларини ҳимоя қилиш ишлари жиддий йўлга қўйилмагани боис Ҳаракат ҳам жисмонан, ҳам маънавий йўқотишларга дучор бўлди.

Фуад Рўстамхўжаевнинг қурбон берилиши, “Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг Ҳаракат сафини тарк этишга мажбур бўлиши, ЎИҲХЖ вакилини ЎҲХ Раҳбарияти бўлмиш Муассислар Мажлисидан чиқиб кетишга мажбур бўлиши ана шу йўқотишларнинг айримлари холос.

Ҳаракат Раҳбарияти томонидан йўл қўйилаётган хатолар бу билан тугамади.

Раҳбарият вакиллари ва фаолларини Ўзбекистон ҳуқумати айғоқчилари хуружидан ҳимоя қилишга қаратилган чора тадбирлар кўриш ўрнига, узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон демократик мухолифатига қарши турли туман фаолиятлар олиб бораётганлиги фош этилган шахслар, бундай айғоқчилар билан ҳамкорлик қилган одамлар (М.Зоҳидов, Ю.Расулов, И.Дадажонов, Д.Худойназаров ва бошқалар) билан ЎХҲ Раҳбарияти яқиндан ҳамкорлик қила бошлади, уларнинг айримлари ҳатто Ҳаракат Раҳбариятига киритилди. Бу нарса охир оқибатда ЎХҲ раҳбариятини кучли инқирозга олиб келишига сабабчи бўлди.

Биз, ЎИҲХЖ вакиллари, токи Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларида ва ҳатто унинг раҳбарият органларида юқорида номлари келтирилган шахслар ишлар ёки улар билан ҳамкорлик қилинар экан, биз Ҳаракат сафларида ортиқ қола олмаймиз. Чунки бундай бузғунчи кимсалар билан бир стол атрофида ўтириб бирор бир муҳим масалани ижобий ҳал қилиб бўлмайди.

Ундан ташқари Ҳаракат Раҳбарлигини бошқариш борган сари диктаторлик руҳини ола бошлагани, унинг раиси ўз партиясидаги бошқарув услубини Ҳаракатга кўчириб, якка ҳолда бошқарув тизимини ўрнатаётгани ҳам демократик ташкилот қабул қила олмайдиган бир ҳолатдир.

Ўтган 6 ойлик давр мобайнида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати секин аста Ўзбекистондаги мавжуд мустабид, зўравон ва жиноий тузумга қарши курашувчи энг катта ташкилий бирлашмага айлана бошлаган эди.

Аммо мустабид тузум жим ўтирмади ва ўзининг турли туман жиноий усуллари билан Ҳаракатни ичидан емириш учун қаттиқ курашди.

Натижада бугун Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўта оғир аҳволда қолди. Бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулосалар қилиш имконига эга бўлмаган Ҳаракат раҳбарияти ўзининг сўнгги Стокгольм йиғилишида ўз фаолиятини қониқарли деб баҳолади ва бу билан ЎХҲини самарали бошқара олиш қудратига эга эмаслигини очиқ кўрсатди.

Юқорида келтирилган сабаблар ЎИҲХЖнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур қилаётган шарт шароитлардан муҳимларидир.

Аммо Жамият фаолларининг эзгу ниятлари, ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ЎХҲ сафларида туриб Ўзбекистондаги мавжуд диктатура режимига қарши курашни собитқадамлик билан охиригача олиб боришдир.

Шу сабабдан ЎИҲХЖ президенти ЎХҲ Раҳбарияти сафидаги ўз ўрнидан ўтган йилнинг ноябрь ойида истеъфо берган бўлса ҳам Жамият унинг кўпчилик фаолларининг талаби билан Ҳаракат сафларида қолди. Сабаби, бизда ЎХҲ Раҳбарияти бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулосалар чиқариб олади ва ҳатоларни ўз вақтида тўғрилашга уринади деган умидлар бор эди.

Афсуски биз кутган ўзгаришлар Ҳаракат раҳбариятида юз бермади.

ЎХҲ олиб бораётган кураш унинг раҳбариятида юзага келган деструктив шароитда муваффақият сари эмас балки мағлубият тарафга қараб оға бошлади. Бундай шароитда Ҳаракат яқин йиллар ичида ўз олдига қўйган улкан мақсадларга эриша олиши дааргумон, Ҳаракат аъзоларини оғир курашга бошлашда зарур бўлган кучли раҳбарлик, қудрат ва матонат каби мўҳим омиллар етишмайди, Раҳбариятда ҳамжиҳатлик, маслаҳат ила бошқарув каби мўҳим факторлар йўқ. Ана шулар сабаб ЎХҲнинг кураши яқин йилларда самарали бўлиши ва бу кураш ғалабага олиб бориши улкан савол остида қолмоқда.

Шунинг учун ЎИҲХЖ вакиллари фақат бир ҳолатда Ҳаракат сафларида ўз фаолиятини давом эттира олишлари мумкин. Бу учун Ҳаракат ўзининг фавқулодда Қурултойини чақириши ва у ерда унинг раҳбарияти ёппасига истеъфога чиқиши ва янги раҳбарият демократик сайловлар йўли билан сайланиши керак.

Янги сайланажак Ҳаракат раҳбарияти ўзидан олдинги раҳбарият камчиликлари ва хатоларини чуқур таҳлил қилиб, уларни қайта такрорланмаслиги чораларини ишлаб чиқиши лозим.

Ҳаракатга раҳбарлик Коллегиал усулда ёки маъсулиятни теппа тенг бўлиб олган уч раисдош бошқаруви кўринишида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.

Бир пайтлар Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати айнан ана шундай демократик бошқарув услубини қўллаганлиги учун ҳам унинг қудрати буюк ва сафлари жипслашган улкан ҳаракат эди. Кейинчалик уни бошқариш яккаҳокимлик шаклини олгач бу ҳаракатнинг инқирозга юз тутгани барчага аён бўлган фактдир.

ЎХҲ фаолияти давомида диний фикрлар, ғоялар, ҳадисларни сиёсатдан ажратиш ва уларни сиёсий муаммоларни ечиш жараёнига аралаштирмаслик масаласи ҳам Фавқулодда ўтказиладиган Қурултойда жиддий кўриб чиқилиши лозим. Ўзбекистон кўп миллатли, турли диний оқимлар ва гуруҳларга бой бир давлатдир.

Фақат демократик кураш билангина мамлакатдаги оғир сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Бу давр ва замон талабидир.

Аммо афсуски, Ҳаракат Низомига “демократик қадриятлар” сўзи ҳам кўпчилик диний фикрловчиларнинг талаблари билан киритилмади. Бу хато ҳам ўз вақтида, Фавқулодда Қурултойда тузатилиши лозим бўлган масаладир.

Ҳаракат Раҳбарияти вакили бўлган шахслардан бирининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларига даъват қилиши ҳам хато қадамдир. ЎИҲни ЎХҲ сафларига таклиф қилиниши учун ЎИҲ аввало демократик қадриятларни тан олиши керак. Ҳолбуки улар Ўзбекистонда халифат ўрнатиш тарафдори эканлигини кўпчилик билади. Бунга кўз юмиб ЎИҲини ЎХҲ сафларига даъват қилиш ЎХҲ раҳбарларининг тузатиши лозим бўлган хатоларидан биридир.

Юқорида санаб ўтилган шартлар бажарилиши кафолатланса ЎИҲХЖ вакиллари ЎХҲ сафларида ўз фаолиятларини давом эттиришлари ва Ҳаракатни қайтадан, кучлироқ кўринишда оёққа турғазиш, уни янада кучайтириш ишларида фаол иштирок этишлари мумкин.

Ҳазратқул Худойберди
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти президенти

2012.01.16

———————————————————————————–

Орадан 18 кун ўтгач Ҳаракат Раҳбарияти бу Баёнотга жиддий жавоб бериш ва йўл қўйилган хатолар бўйича жиддий ишлаш ўрнига бизнинг Жамиятнинг айрим фаолларини ўз тарафига оғдириб олиб улар билан бирга ишлашни лозим кўришибди.

Уларнинг ишларига омад. Вақт ҳар доим ҳакамдир. Маълум муддат ўтиши билан ким ноҳақ, ким ҳақлигини у барибир кўрсатади. Бу Баёнот бошқаларга сабоқ бўлсин деб чоп этилди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Раҳбариятининг менинг бу Баёнотимга ҳеч қандай муносабат билдирмаслиги аниқ бўлгани ҳамда бу раҳбарлар билан бирга ишлаб бўлмаслиги ҳам аниқ бўлгаанлиги учун мен бугундан эътиборан Ҳаракатдаги ўз фаолиятимни тамоман тўхтатаман.

stopdictatorkarimov.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.