“Биз, қуйида имзо чекканлар, Сиздан Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган 64 яшар журналист Солижон Абдураҳмоновни озод қилишда ёрдам беришингизни сўраймиз. Сиздан бир дақиқа вақтингизни ажратиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга қўнғироқ қилишингизни ва ундан Абдураҳмоновни озод қилишини шахсан сўрашингизни илтимос қиламиз. 2008 йили ўн йилга ноҳақ қамалган журналистга ёрдам кўрсатиш учун камдан-кам туғиладиган имконият пайдо бўлди”, – дейилади халқаро ташкилотлар баёнотида.
Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 30 ноябр куни Германиянинг Шорндорф шаҳрида Палм жамғармасининг 2014 йил – Озодлик ва матбуот эркинлиги мукофоти билан мукофотлаш маросими бўлади. Солижон Абдураҳмонов унинг лауреатларидан биридир.
Мазкур баёнот муаллифлари Ангела Меркелга йўллаган мурожаатларида ҳам бу ҳақда эслатиб ўтганлар.
“Ўзбекистон расмийлари Германияда сўз эркинлиги, журналистика фаолиятидаги ютуқлари учун мукофот олаётган инсонни қамоқда ушлаб туришлари керак эмас. Солижон Абдураҳмонов Орол денгизи қуриши оқибатида энг кўп зарар кўрганЎзбекистон таркибидаги Қорақолпоғистон республикасидаги ягона мустақил журналист эди. Унинг қамоққа олинишидан кейин “тузли ўлка” ўзининг ягона овозидан маҳрум бўлди, расмийлар эса кузатувчи ва танқидчидан халос бўлдилар”, – дейилади баёнотда.
Германия канцлерига йўллаган баёнотларини ҳуқуқ фаоллари Меркелни президент Ислом Каримовга қўнғироқ қилишга ва қамоқдаги 64 яшар журналистни озод қилишини сўрашга даъват қилиш билан якунлайдилар.
“Меркел хоним, Сиз банд сиёсатчи, дунёда обрў қозонган лидерсиз ва Ўзбекистон Сизнинг кун тартибингизга жуда кам ҳолатларда киритилади, аммо бу мамлакат 2001 йилдан буён Бундесвер қўшинларини Термиздаги база билан таъминлаб келади. Келинг, бу ҳамкорликдан бир маротаба бўлса ҳам оддий халқ ютуқда қолсин. Ислом Каримовга қўнғироқ қилинг, Меркел хоним, бу Сизнинг бир дақиқа вақтингизни олади, аммо ўзбек қамоқхонасидаги бир кун – бу мангуликдир, яхши журналист ва инсонга озодликни совға қилинг”, – дейилади обрўли халқаро ташкилотлар баёноти сўнгида.
Мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, ҳибсга олинганди.
Маҳкама чоғида Абдураҳмоновнинг айби исботланмаганига қарамай, у 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Солижон Абдураҳмоновнинг ҳамкасблари журналистга нисбатан қўзғатилган ишни сохталаштирилган, деб ҳисоблайдилар.
Қарийб олти йилдан буён қамоқда қолаётган Солижон Абдураҳмонов ошқозон хасталигидан азият чекиб келади. Хасталик туфайли унга Қаршининг суви ёқмаётгани учун яқинлари ҳар сафар учрашувга борганларида унга катта идишда сув олиб борадилар.
Ўтган йил кузида Солижон Абдураҳмонов бу хасталик туфайли Тошкентдаги 64/51-сонли қамоқ касалхонасида (бу жой халқ тилида “Сангород” деб юритилади –“Жараён”) бир муддат даволанганидан кейин яна Қаршидаги колонияга қайтарилганди.
Солижон Абдураҳмонов 2013 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўлламиш америкалик 12 сенатор ҳимоя қилиб чиққан уч нафар сиёсий маҳбуснинг биридир.
Сенаторлар мактубида исмлари зикр этилган Солижон Абдураҳмонов, Ағзам Турғунов ва Дилмурод Саййид каби сиёсий маҳбусларнинг ҳаммаси ҳалигача қамоқда оғир аҳволда сақланаётир.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish