Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 11 )

5176 

– Тожибоева, уколга!- деди ҳамшира тантанавор оҳангда, –  тайёрланинг.

– Мен ҳеч қандай дори ҳам, укол ҳам олмайман, – дедим ҳамширага қараб. 

– Иеее, бу қанақаси? Мен ҳар битта таблеткани, дори-ю, шприцларни ишлатиб, кейин  ҳужжатлаштириб боришим керак. Сизга белгиланган дориларни нима қиламан мен? – таажжубланди у.

– Майли, укол қилдим, дориларни ичирдим, деб расмийлаштираверинг, розиман.  Дориларни эса ахлатга ташлаб юборинг, илтимос. Қанақа ҳужжатга қўл қўйиш керак бўлса, айтинг,  имзо кўйиб бераман.

– Нима, мени заҳарлаб қўяди деб, қўрқяпсизми? Сизга нима учун ёмонлик килишим мумкин деб ўйлаяпсиз?

–  Сиз мени тушунмадингиз. Нега энди мен сиздан шубҳаланишим керак? Ахир сиз билан эндигина учрашиб турган бўлсак. Аммо тўғри тушининг, менга зиён етказиш мақсадида бўлган амалдорлар кўп. Улар жуда ҳам катта лавозимларда ишлашади. Уларнинг оғзаки кўрсатмаларини, гарчи ноқонуний бўлса-да бажаришга  Бахтиёр Тошхўжаев ҳам, сиз ҳам  мажбурсизлар. Шунинг учун “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” деганларидек, келинг, дориларни бердим деб, расмийлаштириб қўяқолинг, илтимос сиздан, – дедим ялинчоқ овозда.

– Ҳукмингизда мажбурий даволаниш ёзилганми? Мабодо ёзилган бўлса, мажбурий тарзда  ёзилган таблеткаларни ичишингиз, укол олишингиз шарт. Мажбурсиз, тушундингизми?

– Тушунмадим сизни, қанака мажбурий даволаниш?  – дедим ҳайратланганимни яширмасдан.

– Наркоманларга мажбурий даволаниш ёзади-ку ҳукмида. Шуни сўраяпман, – норозилик билан қошларини чимирди у.

– Мен наркоман эмасман.

– Йўғ-е? Нима жиноят қилгансиз ўзи? Қанақа статьялар билан судлангансиз?

– Мен сиёсий маҳкумаман. Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

– Унда сизга нима учун бундай муолажаларни ёзишди экан? Тушунмадим,- елкасини  қисди ҳамшира.

– Илтимос, муолажаларни қилдим деб расмийлаштиринг. Мени руҳий касалга айлантиришмоқчи.

– Майли, унда сизга ҳеч нарса бермайман. Тушундим сизни. Лекин «Дориларни бердим» деб ҳам  расмийлаштирмайман. Бирор йўлини қилармиз. Хавотирланманг, – ҳамшира шундай деди-да, далда бергандек елкамга қоқиб кўйди.

– Раҳмат сизга,- дедим қувончимни яшира олмай, – Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқий инсонлар топилади дунёда.

– Мени-ку, кўндирдингиз. Лекин бошқа кунлари навбатчиликка келадиган ҳамширалар-чи, улар сизни илтимосингизга қараб ўтиришармикин? – деди лабларини қимтиб Зилола.

– Нима қилсак бўлади унда?

– Яхши. Ўзи менга сизни ҳужжатларингизни ташлаб кетмабди Баҳтиёр ака. Фақатгина битта қоғозга сизга қилиниши керак бўлган муолажаларни ёзиб қўйибди холос. Мен ўша қилиниши керак бўлган лечениялар ёзилган қоғозни мен ҳам беркитиб кетаман. Ўзингиз “менга муолажа қилинглар” демагунингизча, билишмайди. Қўлларида докторни назначениеси бўлмаганидан кейин билишмайди-да, – хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб, жилмайди у.

Шундай қилиб, 10-июль – душанба куни ҳеч қандай муолажа олмадим.

Кейинчалик билсам, мени келтиришган бу психиатрик бўлимда асосан ўта хавфли, серияли қотилликлар содир этган маҳкумалар ва ҳеч нарса билан ҳисоблашмайдиган, реал ҳаёт билан алоқасини узган, асосан, СПИД ва ВИЧ  касаллигининг охирги стадиясини бошидан кечираётган наркоманлар сақланаркан.

Маҳкумалар  ҳамиша дориларни ичишдан бош тортишар, тўс-тўполон кўтариб, ҳамширалар билан жанжаллашишарди. Лекин уларнинг дод-войига қулоқ соладиган кимсанинг ўзи йўқ.  Ҳар бир маҳкуманинг  оғзига ҳамшираларнинг ўзлари дорини мажбурлаб тиқишар, устидан сув тутиб,  ютиб юборишларигача назорат қилиб туришарди. Уколларни қабул қилиш жараёни ҳам худди шундай ваҳималар билан ўтарди.

Ҳамширанинг ёрдами билан менга қандай муолажалар ёзилганлигига ҳам аниқлик киритдим. Аксарият   бемор маҳкумаларни айнан  менга ёзилган дори дармонлар билан даволашар экан.  Шунинг учун ҳам айнан ўша дори-дармонларни қабул қилган маҳкумаларнинг муолажани олганларидан кейинги ҳолатларини зимдан кузатардим…

…Муолажаларини қабул қилгач, ҳаял ўтмай уйқуга кетган маҳкумалар эртаси куни то тушликкача бошларини кўтаришга мажоли етмай, ланж бўлиб ётишарди. Гоҳида эса  муолажани олган заҳотиёқ   дориларнинг таъсиридан маҳкумаларни тили карахт бўлиб, оғизлари қийшайиб қоларди. Айримларида ҳатто тутқаноқ аломатлари пайдо бўларди.  Бундай  ҳолат бир-икки  маҳкумада эмас, муолажаларни қабул килган кўпчиликда кузатиларди. Баъзи маҳкумаларга ҳар куни ана шундай муолажалар қилинса, айримларига икки кунда бир маротаба қилишарди…

Муолажа ишларини тугатган ҳамширалар ҳали психотделениедан чиқиб кетишга улгурмаслариданоқ  оғзи-бурни қийшайиб, ўзини эплай олмай қолган маҳкумаларга ҳеч қандай тиббий  ёрдами кўрсатишмасди. Ҳамширалар ҳеч ҳам ёрдамга шошилмас, аксинча: “Ўткинчи ҳолат бу, тезда ўтиб кетади”, – дея бепарво қўл силташарди…

             * * *

“Блатной кобел”лар ўзларининг жуфтлари билан бир пайтда психиатрик бўлимга ва венерологик бўлимга ётишар экан. Чунки текширувчилар ҳар ўн дақиқада бу ерга киравериб,  безовта қилишмайди. Айниқса, текширувчилар келаётганини англатувчи ташқари панжараларнинг шарақлаган шовқини бошқа пайтлари ичкаридаги маҳкумаларни ўзларини тартибга келтириб олишларига имкон берса, ярим тунлар уйқуни бузиб, безовта қиларди.

Қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимида энг жанжалкаш, шарм-ҳаёсиз жуфтликдардан бири Андижонлик собиқ милиция амалдорининг қизи Гавхар Бекчонова, иккинчиси эса асли Самарқандлик Жайнак лақабли Нилуфар экан. Жайнак узун бўйли, қотмадан келган, кўзлари чўккан. У қамоқхонани ўзининг уйидан, озодликдан афзал кўрадиганлардан. Бу ҳақда ўзи ҳам фахр билан оғиз кўпиртиришни яхши кўради. Агар адашиб озод қилишса ҳам, барибир, яна тезда қайтиб келишини бот-бот таъкидлаб юрадиган лўли қиз.

Буларнинг ҳар иккиси ҳам умри қамоқхонада ўтадиган ашаддий ўғри, чўнтаккесарлар. Уларнинг ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан чўчимасликларини биринчи кунлардаёқ билгандим… Ёнимдаги кроватда ётадиган Гуллола Гавҳарни тарихини ҳикоя қилиб берганди.

* * *

Тадбиркорлик ниқоби остида наркобаронлик қиладиган Комилбой деган бойвачча бор экан. Унинг мана шу Гавҳар билан тенгдош ёлғиз ўғли гиёҳванд бўлиб  қолибди-да, ўқишини ҳам ташлабди. Бир нача марта яширинча даволашибди ҳам, аммо фойдаси бўлмабди. Фарзандларининг ҳали  гўдаклигидаёқ қуда бўлишга аҳдлашган милиция амалдори билан наркобароннинг  йўллари шу сабаб айро тушибди. Бу ҳам камлик қилганидек, наркобароннинг ўғли  уюшган жиноятга – қотилликка аралашиб қолибди. Ягона фарзандини   жазодан омон сақлаб қолиш учун отасининг  бош уриб бормаган остонаси қолмабди.

–  Қудажон, катталарга  сизнинг гапингиз ўтади. Илтимос, шу сафар куёвингизни қутқариб қолинг. Кейин нима бўлган тақдирда ҳам ўртага тушмайсиз, – тавалло қилибди Комилбой милиция амалдорининг уйига келиб ялиниб.

– Қуда деманг-е мени, садқаи қуда кетинг. Ҳали уйлаб-жойламаган фарзандларимизни қовуштирамиз деб бир-биримизга ваъда берганимиз учун ҳам қуда- қуда деб юрардик-да давраларда, – зарда қилди милиция амалдори, – Биласизми, кечаги катта бир йиғинда «Мана Бекчоновнинг куёви ҳам оғир жиноят содир қилган экан, тергов изолторида ўтирибди. «Мен амалдорман, куёвим қамалмаслиги керак» – демаяпти-ку акахонимиз. Қолаверса, қудалари ҳам анойи одамлардан эмас.

Шунга қарамасдан адолат қарор топиши учун мансабни суисътемол қилмаяптилар акамиз» – деб ўринбосарим жар солиб ўтирибди-ку. Қани энди ўша пайтда ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. У мени мақтаб гапирмади. Аксинча, шарманда қилди. Вазиятни кузатиб туринглар-а, барибир бўлажак куёвини қутқариб олишга уринади, деган фикрни шакллантириб бўлди кўпчилик онгида, одамларни хушёрликка чақириб қўйди.

– Ҳа, энди унақанги шакалларнинг ҳар бир гап-сўзини ҳам кўнглингизга яқин олаверманг-да. Мен ҳам якка-ю ёлғиз ўғлим наркоман бўлсин дебман-ми? – кўксининг чап томонини сийпалаб, оғир уф тортди Комилбой.

– Ўзингиз сотаётган оғуни орқасидан қанчадан қанча ёшлар ўғлингизни аҳволига тушган. Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаганмисиз?  Аслида, ўзим ахмоқ сизга криша бўлган. Наркотик савдоси билан шуғулланмаганингизда, ўғлингизни бошига шу кунлар тушмасмиди балки… – заҳрини сочди “қуда”.

– Мабодо мен бу иш билан шуғулланмаганимда, ёки сиз менга криша бўлмаганингизда бу данғиллама иморатлару маишатлар қаерда эди? Сизнинг пағонама-пағона амалга кўтарган-чи, нима сизнингча? Шу сиз айтган “қора иш”нинг соққаси эмасми? Шу савилнинг орқасидан бой бўлмаганимизда на сиз амалга эришардингиз, на мен Палончи бой бўлиб юрмаган бўлардим… Юрардик итнинг охирги оёғи бўл-и-и-б, – наркобарон яқин ўтмишини ўртоғига эслатиб қўяркан, яна ялинишга тушди, –  Илтимос қудажон, Тошкент билан ўзингиз гаплашинг, қанча десалар, нима десалар муҳайё қиламан. Етса молим, етмаса жоним. Бир йўлини қилмасангиз бўлмайди энди.

– Ўтники – ўтга, сувники – сувга, қолди қатиқнинг пули, денг. Лекин мен илтимосингизни бажара олмайман. Шусиз ҳам  курсимга кўз олайтирганлар дўпписини осмонга отиб, хурсанд бўлиб юришибди. Ҳозир ўғлингизни қутқаришга кўмаклашсам, эртага ўзим хонавайрон бўламан, – бош чайқади амалдор.

– Ахир, қуда…

– Йўқ, биз энди қуда эмасмиз. Орамиз очиқ. Бола  тарбиялашни билмагансиз, жўра, ўзингиздан ўпкаланг бу ёғига, узр…., – қўлларини кўксига  кўйди милиция амалдори.

– Қани, унда аллоҳу Акбар, менга рухсат, оғайни, – ғазаб отига минган Комилбой юзига фотиҳа тортаркан, шу дамда дастурхонга фотиҳа ўқидими, ё юз йиллик қадрдонликни дарз кетганига фатво ўқидими, ё  қасос олиш илинжида Оллоҳга илтижо қилдими, билиб бўлмас, номаълум эди…

Кўп йиллик дўстлик дарз кетди.  Бекчонов бўлмай қолган қудасини дарвозага кузатиб кўяркан, ҳамтовоғининг кўзида чақнаган нафрат ва қасос ўтини кўрмади, кўролмади. Эҳтимол, кўп йиллик қадрдон дўсти  қизи Гавҳарнинг ҳаётини изидан чиқаришдек бад ниятда Олоҳу акбар дея юзига фотиҳа тортганини эртароқ  фаҳмлаганида эди,  амал курсисидан ўша дамнинг ўзидаёқ воз кечган бўлармиди,  яна ким билади, дейсиз…

Гиёҳванд моддалар савдосидан тушган даромадларни арра қилиш пайтларида “Ҳа, энди бунақа эмас-да, қуда, чўғи камроқ-ку, яна озроқ қўшинг-да энди! Қудачиликда бунақаси кетмайди-да, уят бўлади-я.    Қани, ташланг яна камгина кўкидан”, дея ҳазул-ҳузул қилиб қуда бўлишини эслатиш баҳонасида улушини ошиғи билан ундириб олувчи Бекчанов бугун “қуда” деган сўздан ижирғаниб ўтирса-я?! Нима дегани бу? Сенинг гиёҳванд ўғлинг менинг гулдек қизимга арзимайди, деганими бу?!  Бошига кулфат тушган  дўсти кўмак қўлини чўзиш ўрнига, юз ўгирди-я Комилбойдан. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Айниқса,  “қуда” сўзини оғзига олишга ор қилган Бекчановнинг илк маротаба ЖЎРА дейиши жуда алам қилди, ҳанжардай бағрини тилди-я бу сўз! Ҳа-а-а, шу билан ҳамкорлик ҳам барҳам топди ҳисоби… Ҳап, сеними, аблах! Ўғлимга тенг кўрмаган қизингни шундай куйларга солайки, дўппинг тор келиб, сичқон ини минг танга бўлиб қолсин сенга!

Комилбой Бекчановнинг остонасини худди ана шундай қасоскор ўйлар оғушида тарк этган эди…

Қаҳрнинг кўзлари кўр бўлади, дейишади… Қасос олиш алангасида ёнган Комилбой шундай режани амалга оширдики, унинг сценарийсига асосан бир йил ўтар-ўтмас Бекчоновнинг ёлғизгина қизи гиёҳвандлик дардига чалинди. Кўп ўтмай Андижонда яқингинада тузилган “Гавҳар” деб номланган ўғрилар гуруҳига Бекчоновнинг арзандаси бош-қош экан, деган миш-мишлар тарқалди.  Андижондаги машина бозорларида айнан мана шу гуруҳ аъзолари қинғир ишларни амалга ошираётган экан деган гаплар овоза бўлди. Устига-устак гиёҳвандлардан бири “Бекчоновнинг эркатой гиёҳванд қизи бошлиқ  жиноий гуруҳга қўшилиб, адашиб қолганимни тан оламан.

Амалдорларнинг фарзандлари бошқаларнинг болаларига ўрнак бўлиш ўрнига, оталарининг соясида жазодан қутилиб қолишларини билганликлари учун ҳам жиноятлар кўчасида эркин кезадилар, улар қонундан кўрқмайдилар, қонунни назар писанд ҳам қилмайдилар” – дея Ички Ишлар  Вазири номига ариза ҳам ёзиб юборибди.  Гиёҳванд ўз аризасида барча қилмишларидан пушаймон эканлигини айтиб, «Гавҳар» деб аталувчи жиноий гуруҳининг  кирдикорлари ҳақида  батафсил баён қилган экан.

Текширувлар натижаси аниқланмасдан туриб  Бекчонов хизмат вазифасидан четлатилди. Аммо бу пайтда шармандаликларга дош бера олмаган Бекчонов оғир инфактни бошидан ўтказиб, фалаж бўлиб касалхонада ётарди… Гавҳар илк бор ўшанда қамалган эди…  Аммо кўп ўтирмаган. Тез кунда  амнистия қарорига биноан жазодан озод қилинганди.

Кейинчалик қизини тўғри йўлга солиш учун қилган барча саъйи-ҳаракатлари зое кетган ота-онаси Гавҳарни уйдан ҳайдаб чиқаришган. Чунки  энди бу пайтда   қамоқнинг тузини татиб кўрган Гавҳар у ерда энг учарлардан ўғриликнинг сир-асрорларини обдон ўрганган, тўла сабоқ олиб чиққан эди. Бирор бир амалдорнинг соясида бўлса, доимо пичоғи ёғ устида бўлишини яхши билган Гавҳар аввало арбоблардан бирининг жазманига айланди.

Қачонки у овга чиқадиган бўлса, ўша жазманининг одамлари кўз-қулоқ бўлиб туришган. Бироқ, кўза кунда эмас, кунида синади деганлари рост экан. Бир куни Гавҳар ўғрилик қилиш илинжида бир аёлнинг чўнтагига қўл солади. Бахтга қарши у аёл спорт устаси экан. Шу тақлид Гавҳар такрор жиноят устида қўлга олинган ва яна қисқа муддатга озодликдан маҳрум этилган. Уни қувватлаб турган  жазмани эса ишдан ҳайдалган.

Икки маротаба қамалиб чиққан ва гиёҳвандликка муккасидан кетган  Гавҳар  отаси ва жазманиниг бошини егач, ёлғизланиб қолган. Гиёҳванд модда сотиб олишга пул топа олмай,  дуч келган дўконга кириб сотувчидан кўрқитиш йўли билан пул талаб қилган Гавҳар учинчи бор қўлга олинган. Бу сафар уни узоқ муддатга кесиб юборишган. Ҳозир Гавҳарни  ташқарида кутадиган ҳеч бир кимсаси йўқ.  Қизи иккинчи бор қамалгандан кейин шармандаликдан осон йўлини қидирган отаси эса бир ҳовуч юрак доридан  бира тўла истеъмол қилиб, оламдан ўтган экан.  Гавҳарга марҳум отасининг  амали шу ерда ҳам кўмакдош. У собиқ ментнинг қизи бўлганлиги учун ҳам кобеллар ўртасида талаш.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.