Қорақалпоғистон Олий судига: Аъзам Фармоновни озод қилинг!
“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи № 4
2016 йилнинг 25 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Аъзам Фармонов ишини кассация тартибида қайта кўриб чиқади. Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани жиноят ишлари бўйича суди судьяси Д.Разов томонидан 2015 йилнинг 1 май куни чиқарилган суд ҳукмига кўра, ҳамкасб дўстимиз Аъзам Фармонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2-қисми билан 5 йил 26 кунга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳолбуки, бунга қадар у Жаслиқ лагерида 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаган ва озодликка чиқарилиши лозим эди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг адвокати М.Парпиева томонидан келтирилган кассация шикоятида унинг айбсизлиги, жазони ижро этиш муассасасининг унга нисбатан айрича муносабати ва гувоҳларнинг сохталиги ўз исботини топган. Хусусан, Аъзам Фармонов 9 йил давомида муассаса тартибини бузмай озодликка бир неча кун қолганида “тартиббузар”га чиқарилиши куракда турмайдиган гапдир. Шунингдек, унинг тартиббузганлик айби бўйича сўроқ қилинган гувоҳларнинг барчаси бевосита бўйсунишга мажбур Жаслиқ лагерида жазо муддати ўтаётганлар ёки муассаса хизматчиларидир. Ана шу ҳолатларнинг ўзиёқ айбловнинг уйдирма эканини тасдиқлайд+и.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг кассация судлов ҳайъатини ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновга нисбатан чиқарилган Қўнғирот тумани суди ҳукмини бекор қилиб, уни озодликка чиқаришга чақиради. Зеро, Аъзам Фармоновнинг чиқарилган сўнгги ҳукм бўйича айбдорлигига ҳеч ким ишонмайди!
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси бўлган Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида ҳибсга олинган. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Янгиер тумани судининг 16.06.2006 йилдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жазо муддатини ўтаган Фармоновга 2015 йилнинг 1 майида Қўнғирот тумани суди яна 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берди.
Fikr bildirish