Муҳаммадсолиҳ Абутов: ИШИД гирдоби ўзбекларни ҳам домига тортмоқда

Диний жиҳатдан етарли маълумотга эга бўлмаган ёшларни ИШИД ғояларига эргашаётганлигини кўп гувоҳ бўлаяпмиз. Стокҳолмдаги терактни ўзбек миллатига мансуб террорчи амалга оширгани маълум бўлди. Шунингдек, уларни шу каби қотилликка чорлаб турган шайхлар ҳам мавжудлиги сир эмас. Ислом уммати ичига тушган бу катта фитна ичига Ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолмоқдалар.

Швециядаги ўзбеклар билан боғлиқ нохуш воқеъалар

Ўзбекистонлик муҳожирлар сони Швецияда уч мингдан ошиқроқ экани айтилади. Булар аксарияти 1999 йилги портлашлардан кейин ватанни тарк этиб, Швецияга келган қочоқлардир.

Бир қисм фирибгарлар ва кейин келган меҳнат муҳожирларини айтмаганда, бу ерда ўзбеклар деярли яшамаган эди.

Ўзбекистон Швецияга алоқадор машҳур «ўзбек иши» сифатида 2007 йилда Гулнора Каримовага пора берганликда айбланган TeliaSonera ширкати компанияси можаросига боғлиқ ҳужжатли филмни айтиш мумкин.

Бу филм швед журналистлари томонидан тайёрланиб швед телевидениясида намойиш қилингач, шведлар Ўзбекистон ҳақида нохуш бўлсада бир оз тасаввурга эга бўлишди. Бу можаро ҳалигача тугамаган ва бот-бот швед матбуотига чиқиб туради.

Иккинчи ўзбеклар аралашган нохуш воқеъа Обид қори Назаровга қилинган суиқасд воқеъаси бўлди. Бу воқеъа ва у билан боғлиқ узоқ давом этган суд жараёнлари ҳам швед матбуотида атрофлича ёритилди. Бу ердаги халқ шунақа миллат ва мустабид тузум мавжудлигига яна бир бор гувоҳ бўлишди.

Бугун 7 апрел 2017 йил куни эса Стокҳолмда юк машинаси билан пиёдаларни босиб янчиб тўрт кишини ўлдирган ва ўнбештача одамни жароҳатлаган кимса ҳам ўзбек бўлиб чиқди.Aftonbladet интернет портали хабарига кўра, бу шахс Стокҳолмда яшаётган ва тўртта болани отаси 39 ёшлик Ўзбекистонлик экан. У қурилишда ишлар экан. Тушунишимча, бу кимса бошпана олган қочоқлардан эмас. У меҳнат муҳожирларидан бири бўлган.

Бу теракт Санк Петербургда ўзбек миллатига мансуб Қирғизистонлик Акбаржон Жалилов метродаги терактни амалга оширганидан уч кун ўтиб содир бўлди. Швеция халқи шу учта шов-шувли воқеъа орқали ўзбек деган миллатни кимлиги ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлди. Булар ичига Стокҳолмда яшаб келган икки ака-укалар фожеъаси кирмайди.

Уч йил олдин Самарқандлик меҳнат муҳожири бўлган икки ўзбек йигити воқеъаси ҳам ўзбеклар орасида машҳур бўлсада, кенг оммага маълум бўлмай қолганди. Ўшанда укаси акаси ишга кетгач, унинг ҳомиладор хотинини зўрлаб, кейин пичоқлаб ўлдирганди. Қотил ука қамалди. Акаси эса хотини ўлигини олиб Ўзбекистонга кетганди. Бу воқеъани ҳисобга олмаганда бутун Швецияда шов шув бўлган юқоридаги учта воқеъа туфайли бугун шведлар ўзбекларни танишди. Начора, истаймизми йўқми бизни боримиз шу экан?

Радикаллар кимлар?

Маълумки, ўзбек халқи советлар зулмида яшаган ва динидан узоқлашган бир халқдир. Бу диёрга дин совет Иттифоқи қулагандан кейин кириб келди. Ўшандан бери ИАК бошлиқ давлат диндорларга қарши курашиб келмоқда. Аммо, шунга қарамай турли туман диний гуруҳлар кўпайишда давом этмоқда. Шулар ичида радикал гуруҳлар алоҳида ажралиб туришади. Бу гуруҳлар қўшни Афғонистон, Чеченистонда ва бошқа ерлардаги уруш бўлаётган ерларга бориб қолган йигитлардан ташкил топгандир.

Булар қурол воситасида Ўзбекистонда Халифат ёки Исломий давлат қуришни мақсад қилган гуруҳлардир. Ислом умматининг турли диёрларида қирғинбаротлар давом этар экан, бу умматнинг бир бўлаги бўлган ўзбеклар ҳам бу жангларга аралшиб қолмоқдалар. Албатта, кўплаб ёш диндорларни ватандан чиқиб кетишга мажбур қилган нарса мустабид тузумни қатағон сиёсати эди. Бу йигитлар турли туман гуруҳларга қўшилиб кўпчилиги Афғонистон ва Чеченистонда ва охирги уч тўрт йилда эса Сурия ва Ироқда қурбон бўлдилар. Айниқса, ўта радикал такфирчи гуруҳлар пайдо бўлиши уммат ичига катта фитна солди. ИШИД бунга яққол мисолдир.

ИШИД пайдо бўлганидан бери фақат мусулмонларни қирғинбарот қилмоқда. Дунёнинг турли бурчагида терактлар содир этмоқда. Бу фитнага эса, ўзбеклар ҳам аралшиб қолишди. Жиҳод бошқаларни динга мажбурлаб киритиш воситаси эмасдир. Зеро динда мажбурлаш йўқдир. У даъват йўлидаги тўсиқларни бартараф қилиш воситасидир. Даъват учун тўсиқ Европа давлатларида мавжуд эмас. Бу ерларда диний эркинликлар тўла таъминланган. Шунингдек, бу давлатларда кўп сонли мусулмонлар истиқомат қилишади.

Масжидлар очиқ ва даъватчилар бемалол фаолият кўрсатмоқда. Шундай пайтда бу ерга келиб теракт содир қилишни нима дейиш мумкин?
Суратдаги кимса Стокҳолмда террор қилганликда гумонланаётган ўзбекдир.

Швециядаги муҳожирлар

Европа давлатлари ичида энг кўп муҳожирларни қабул қилган давлат бу Швециядир. Бу давлатда Босниядаги урушдан қочиб келган қочоқлар ва Ироқ урушидан қочганлар ва Сомалидаги урушлардан қочган ва Афғонистонликлар яшашади. Булардан ташқари яна бошқа ўнлаб давлатлардан келган қочоқлар бу ердан бошпана олган.

Биргина ўтган йилни ўзида Швеция Суриялик қочоқлардан 150 мингдан кўпроғини қабул қилди. Бу ерда ишлаш ва яшаш учун Европа давлатларидан келганлар ҳам талайгина. Буларни ҳаммасига ўз дининга амал қилиш ҳуқуқи берилган. Истаган шахс истаган динига амал қилиши мумкин. Аёллар паспорт учун ҳижобда суратга тушишга рухсат бор. Дўппи кийган ва соқол қўйган учун полиция ҳеч кимни безовта қилмайди.

Ким қайси мазҳабдалиги билан давлатни иши йўқ. Оминни баланд овозда айтасанми ёки махфийми биров текширмайди. Шу ҳақ ҳуқуқлар Ўзбекистонда йўқ. Улар муҳожирларни чақириб келишмаган. Муҳожирлар ўз ватанларидаги урушлардан ва ёки Ўзбекистонга ўхшаган мустабид тузумлардаги диндорларга бўлаётган зулмлардан қочиб келишган. Булар ўша қочоқларга бошпана беришган. Шунча яхшилик қилган давлатга қарши уруш эълон қилиш мумкинми?

Мустабид диктаторларга қарши урушмасдан жим ўтирган ва ёки қочиб кетган одамлар, уларни бошини силаган давлатга қарши жанг қилиши инсофдан бўладими? Аллоҳу Таоло қуръонда: Яхшиликнинг мукофоти, фақат яхшиликдир. (Раҳмон сураси 60 оят) дейди.  Аммо, ИШИДчилар учун кимни қачон ва қаерда ўлдиришни фарқи йўқ экан.

Бу фитнадан кимга фойда ва кимга зарар?

Фитнада айбсиз тўртта киши нобуд бўлди. Ўн бештача жароҳатланди. Бу албатта ноҳақ адолатсиз жиноий қилмишдир. Швеция Бош Вазири Стефан Лёвен бу теракт ортидан берган баёнотида, унинг ҳукумати давлат чегараларини қаттиқ қўриқлашга қарор қилганлигини гапирди. Бу дегани ташқаридан мамлакатга кириш энди аввалгидек бемалол бўлмайди. Энди бошпана изловчиларга ҳам муносабат совуқлашиши мумкин.

Бу дегани яна муҳожир мусулмонларга зарар бўлди. Бу террорни мамлакатдаги ўзбекларга ёки диний қочоқларга салбий таъсири ҳақида гапирсак, қуйидагиларни тахмин қилиш мумкин. Бу қотилни Ўзбекистонлик эканидан келиб чиқиб, бу ерда бошпана олиб яшаётган ўзбеклар ичидан террористлар бор йўқлиги қайта текширилади. Ваҳолонки, бу ердаги диний қочоқлар аксарияти ватанида террорист деб айбланган шахслардир.

Жумладан мен ҳам. ИАК давридаги ҳукумат Швециядаги диний қочоқларни бир қанчасини «хавфли террорист» сифатида ушлаб, Ўзбекистонга беришни талаб қилганди. Уни ичида Обид қори ҳам бор эди. Энди ИАК йўқ бўлсада, бугунги ўзбек ҳукумати уни сиёсатини давом эттиряпди. Бу воқеъадан манфаат кўрувчи томонлардан бири ўзбек ҳукумати бўлди. Зарар кўрувчилар эса, қочоқ диндор ўзбеклардир. Ўзбек МХХси швед ҳукуматига, биз сизларга, «булар террористлар. Уларга бошпана берманг. Бизга топширинг деб айтгандик.

Мана энди бизни сўзимиз тўғрилигига ўзларинг гувоҳ бўлдингиз» дейишлари мумкин?! Швециядаги миллатчилар учун ҳам бу фитна айни муддао бўлди. Энди улар мусулмонларга нисбатан янада қаттиқ қаршилик кўрсатиши ва олдинроқ қилганлари каби, ноҳақдан мусулмонларни қатл қилишлари эҳтимоли бор?! Шунингдек, бу фитна ўзбекларни юк машина ҳайдаш учун шофёр сифатида ишга киришларига ҳам бир тўсиқ бўлиши мумкин? Шунингдек, бу фитнадан ИШИДни ўзига ҳам заррача манфаат бўлмади.

Террорчини ўзини эса, умрбод қамоққа ҳукм қилишларини ва у энди Ўзбекистондаги тўртта боласини бошқа ҳеч қачон кўролмаслигини айтмай қўяқолай. Шу дунёда шунча салбий оқибатларга сабаб бўлган бу қотиллик учун охиратда мукофот берилишига мен ишонмайман. Охират мукофоти имон келтириб, яхши амал қилганлар ва одамларни шу яхшиликка даъват қилганлар ва шу йўлдаги озорларга сабр қилганлар учундир! Ноҳақ одам ўлдирганлар учун эмас!  Валлоҳу аълам.

…………

Муҳаммадсолиҳ Абутов

8 апрел 2017 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.