Ўғирланган пулларга эга чиқмоқчи бўлган «халқ вакиллари» ўзларини фош қилгувчи далилларни АҚШ Конгрессига етиб боришидан хавотирдалар

Демократик мамлакатлардан бирининг иммиграция масалалари билан шуғулланувчи идоралари вакиллари «Мўътабар Тожибоева маълумотларни қаердан, қандай усул билан топади?» дея мен билан алоқада бўлган дунёнинг энг ривожланган давлатида яшовчи бир ўзбекни (исми шарифини сир сақлашга қарор қилдик) 3 апрель куни ўз идораларига чақиртириб, уни сўроқ савол қилибдилар.

Энг қизиғи шундаки мен шикоятни 5 апрель куни керакли идораларга жўнатганман, сўроқ саволни эса менинг аризам керакли манзилга жўнатилишидан 2 кун аввал бу шикоятим ҳақида сўроқ қилишни бошлаб юборганлар(!!!).  Ҳатто улар менинг шикоятимда номи келтирилган кимсага алоқадор фактларни қаердан топганлигимга аниқлик киритиш учун у бечора қочқинни роса қонини ичганлар «Сен …. танийсанми? Унинг фаолиятидан хабаринг борми?» деган мазмунда.

Нахотки демократик давлат идоралари вакиллари ҳам Ўзбекистондаги каби ўзларининг ваколатларига кирмаган ишларга тумшуқларини тиқишни бошлаган бўлсалар? Нахотки улар режим қурбони бўлмиш хуқуқ фаолини овозини ўчиришни ният қилган бўлсалар?

Энг қизиғи шундаки ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида 17 йил давомида фаолият юритар эканман ғайриқонуний равишда қамаганларида ҳам менга инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича маълумотларни берувчи инсонларни рўйхатини тузиш топширилганди Фарғона вилоят ИИБ ҳамда МҲХ бошқармаларига.

Бу сафар эса терроризмга ҳамда халқаро миқёсдаги коррупция жиноятларига қарши курашим натижасида ўтказилаётган босимларга чек қўйиш ва менинг «Ҳуқуқ ҳимоячилари Декларацияси»да кўрсатилган ҳуқуқларимдан фойдаланишимга қилинган қаршиликлар, босимлар юзасидан ёзган шикоятимда келтирганим важларни, айни мана шу инсониятга қарши жиноятларга алоқадор далилларни қаердан олишим билан қизиқибдилар.

Нега бундай саволлар билан мен яшайдиган мамлакат Франциянинг керакли органлари эмас, айнан менга умуман алоқаси бўлмаган мамлакат идоралари қизиқдилар? Нега улар тўғридан тўғри мени ўзимга мурожаат қилмадилар? Ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазифаси бу қонунбузилишлар ва инсоният тинчлигига раҳна солгувчи жиноятларга қарши мониторинглар ўтказиш ва ушбу жиноятларни хужжатлаштириш эканлигини билмасдилар? Францияда яшаб фаолият юритаётган Тожибоеванинг олиб бораётган фаолиятидан деярли хабардор бўлмаган океан ортидаги қочқиндан сўраб суриштириш ғайриқонуний эканлигига нахотки фаросатлари етмаган бўлса?

Бундай савол билан мени ўзимга чиқсалар албатта барча важларимни исботловчи хужжатларни тақдим қилиб, текширувлар ўтказишни талаб қилишимни билганлари учун ҳам бошқа инсонлар орқали аниқлик киритмоқчи бўлганлари шуни кўрсатадики халқаро терроризм ва уюшган коррупция жиноятларини ўша идоралар ҳам қўллаб қувватлар эканлар. Бундан кўриниб турибдики менинг ушбу унсурларга қарши курашим сабабли нафақат ўзимни ҳаётим, балким бугунги кунда Францияда яшаётган қизим ва унинг оиласи, гўдак набираларим ҳаёти ҳам хавф остида қолмоқда экан.

Мени қўрқитиб қўйиш мақсадида уюштирилаётган фитналар бошида кимлар турганлигини ва нима учун бунингдек фаросатсизларча томоша кўрсатаётганлари сабабини аниқ биламан. Мен «Ўғрини қароқчи урди» деган мақолда айтилганидек Гулнора Каримова ўғирлаган пулларга эга чиқмоқчи бўлган кимсаларнинг ғайриқонуний қилмишлари ҳақидаги шикоят аризам ва ушбу шикоят аризага бириктирилган далиллар, исботларни 7 апрель куни «Cotton Campaign» ташкилотининг координаторига жўнатиб, ўғирланган пулларга эга чиқмоқчи бўлаётган кимсалар манфаатини ҳимоя қилаётган «Cotton Campaign» ташкилотининг ҳуқуқшуноси Брайан Кампбеллга топширишини, ушбу далиллар билан танишиб чиққанидан кейин Брайан Кампбелл ўз хулосасини ёзиб Гулнора Каримова ўғирлаган пуллар тақдири устида шуғулланаётган АҚШ Конгрессига топширишини сўрагандим.

Афсуски бу ташкилот вакили ҳам мен тақдим қилган хужжатлар билан танишиб, ўзбек халқига тегишли бўлган ўғирланган пулни қўлга киритиш учун қора илонлардек чирмашаётган кимсалар манфаатини ҳимоя қилишни давом эттириш мақсадида шундай сўроқ савол ўйинларини бошлаб юборган бўлсалар ажабмас. Кулгули томони шундаки «Cotton Campaign» ташкилоти вакили мен тақдим шикоят ва унга бириктирилган далилларни ҳуқуқшуносига тақдим қилиш ўрнига пулга эга чиқмоқчи бўлган кимсаларга тақдим қилган. Улар эса мени ишонтира олмайдиган даражада афсона тўқиб, Тожибоева қўлга киритаётган далилларни қаердан олади деган савол билан мени қўрқитмоқчи бўлишди.

Бундай қилмишлари билан бир неча йиллардан буён Гулнорага насиб қилмаган пулларни қўлга киритмоқчи бўлиб тамшаниб юрган гуруҳ вакилларини, уларнинг шериги бўлмиш халқаро ташкилотлар, халқаро жамғармалар вакилларини ўзлари баралла айтишни яхши кўрадиган демократия, инсон ҳуқуқи ғояларидан қанчалар йироқ эканликларини такрор ва такрор исботламоқдалар.

Шунинг учун мен кенг жамоатчиликка маълум қилмоқчиман:

«Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларация»да кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларимиз бузилганлиги юзасидан хизмат суриштируви ўтказишни сўраб 21 март куни Женевада ўзим совриндори бўлганим Мартин Энналс жамғармаси раҳбари Майкл Камбатта, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитаси офицери Joana Miquel-Gelabert (Human Rights Officer Europe and Central Asia Section Office of the United Nations High Commissioner for Human Rights) ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашган пайтимда исбот далилларни тақдим қилган холатда баён қилдим ва менинг Декларацияда кўрсатилган ҳуқуқларимни тиклаш, ҳуқуқларимни йиллар давомида паймол қилиб келган кимсалар ва жиноий гуруҳлар вакилларига қонуний чора кўришларини сўраб мурожаат қилдим.

Апрель ойининг бошида Мартин Энналс жамғармаси ва ҳуқуқларимни топталишига қарши курашиб, менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш ўрнига менга қарши қоралов кампанияларида фаол иштирок этиб, менга қарши туҳмат бўҳтонлар тарқатиб келган нуфузли халқаро ташкилотнинг ходимига нисбатан хизмат текшируви бошланмай туриб, яъни биринчи сонли шикоят аризам ўша идоранинг текширув ўтказадиган юридик бўлимига етиб бориб улгурмасдан, хали улар таржимонларни жалб қилиб иш бошламасларидан туриб шикоят аризамни қайтариб олиш учун турли дағдағалар ва алдовлар қилиняптики мен мана шундай демократик давлатда яшаб туриб диктатура режимининг босимларини яна такроран хис қилаётганимдан афсусдаман.

Ахир кимдир ўзини ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида қайсидир бир идорага шикоят қилса ўша шикоятни кўрдирмаслик, уни йўқотиш учун турли хил босимлар ва таҳдидлар диктатура режимининг усули эмасмиди? Демократик давлатларда қилинган шикоятлар важлари атрофлича ўрганиб чиқилиб, айбдорлар қонун олдида жавоб беришлари кўзда тутилмаганмиди? Қарангки топширадиган шикоятимни аввал бир кўздан ўтказиб беришларини ҳам таклиф қилиб чиқишга уялишмади. Нега менинг ҳуқуқларим йиллар давомида бузилиб келганида сукут сақланинглар? Нега энди мени тақдирим сизларни шунчалик қизиқтириб қолди?

Мен ўз шикоятим якунида агар менинг шикоят аризамда келтирилган далиллар ўз исботини топмаса, унда мен расман матбуот орқали ўша менинг ҳуқуқларимни топтади деб айтган кимсалардан расман кечирим сўрашимни ҳамда шундай нуфузли мукофотга номуносиблигимни айтиб, мукофотдан воз кечишимни, ҳуқуқ ҳимоячиси номига номуносиблигим сабаб фаолиятимга ҳам чек қўйишимни баён қилмаганмидим?

Бироз сабр қилсалар текширувлар бошланиб, менинг нохақлигим исботланса қутиладиларку бира тўла.

Ҳар не бўлганда ҳам бўлаётган сирли ходисалар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишни лозим топдим.

2017 йилнинг 17-январь куни мен асос солган ва бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолият бошлаганига 17 йил тўлди. Мана шу 17 йиллик фаолиятнинг 15 йили давомида ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист сифатида олиб бораётган касбий фаолиятим сабабли босимлар, тахдидлар ва шантажлар қурбони бўлиб келмоқдаман.

Ташкилот Францияда давлат рўйхатидан ўтмасидан туриб, аниқроғи 2009 йилнинг куз ойларидан бошлаб шу бугунги кунгача интернет нашрлари ҳамда электрон адреслар, оғзаки тарқатиладиган миш-мишлар орқали узлуксиз равишда шахсан мени, мен  бошқараётган «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини, менинг оила аъзоларим, фарзандларим, набираларим, ташкилот фаоллари ҳамда ташкилотимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган ҳамкорларимизни бадном қилувчи, шаън, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборимни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган туҳмат ва бўхтон маълумотларни ёзиб тарқатилмоқда.

Мен ва менинг яқинларим, ташкилотимиз фаоллари ҳамда ҳамкорларимиз *туҳмат ва ҳақорат* кампанияларининг жабрдийдаларига айландик. Нафақат давлат томонидан, балким коррупционерлар, терроризм тарғиботчилари томонидан бошқариладиган оммавий ахборот воситаларида менинг ҳалоллигим ва маънавий қиёфамни шубҳа остига қўювчи *бўҳтон ва уйдирма* гаплар тарқатмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиноятларни фош қилганим учун мустақил ноҳукумат ташкилотларни ва журналистларни ёрдами билан мени бадном қилиш мақсадида сохта шикоятчилардан фойдаланмоқдалар.

Дунёнинг энг ривожланган демократик мамлакати Францияда яшаб фаолият юритсамда мени ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида таъқиб қилиб, менинг ишимни барбод этиш учун фикр  эркинлиги ва уни ифодалаш эркинлигига оид *ҳуқуқларимни қонуний амалга ошириш ва улардан фойдаланишни чекловчи харакатлар, бизларни овозимизни ўчириш, фаолиятимизга тўсқинликлар қилишлар борган сари авж олиб бормоқда.

“Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кескин курашамиз – БИЗ ОГОҲМИЗ!” шиори остида фаолиятини олиб бораётган “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг (“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ) асосий мақсад вазифаси – ДИКТАТУРА РЕЖИМИ (сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судлов), ТЕРРОРИЗМ – РАДИКАЛИЗМ, ИШИД, ЖИХОДНИ МОЛИЯЛАШ ВА ТАРҒИБ ҚИЛИШ, ГИЁҲВАНДЛИК (маъмурий органлар кўлига тушган гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш ўрнига қайтадан сотиш), ОДАМ САВДОСИ (фоҳишахоналар, қўшмачихоналар ташкил этиш ва уларга раҳнамолик қилиш), КОРРУПЦИЯ жиноятларининг ҳар қандай кўринишига қарши кескин курашиш, дунё тинчлигига рахна солгувчи ушбу жиноятларга қарши тинимсиз бонг уришдан иборатдир.

Ташкилотимизнинг тасдиқланган Низомида кўрсатиб ўтилган асосий мақсад вазифаси узоқ йиллар давомида сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судловлар сиёсатини юритган Ўзбекистондаги диктатура режимига, шунингдек дунё жамоатчилигини ларзага солаётган, ўйлантираётган энг оғир муаммолар – Ўзбекистонга боғлиқ холатдаги ва бугунги кунда авж олиб бораётган гиёҳванд моддалар савдоси ва унга боғлиқ холатдаги одам савдоси, терроризм, радикализм, халқаро миқёсдаги коррупция жиноятларига қарши курашишдан иборатдир.

Юқорида санаб ўтганимиз – содир этаётган жиноий унсурларга қарши сўзлашдан ҳайиқмаётганимиз, ўзбошимчаликка қарши чиқаётганимиз учун ҳам босимга учраяпмиз, бизларга очиқдан очиқ электрон почталар орқали, интернет нашрларида, ижтимоий тармоқларда, ютуб каналларда бадном қилувчи, шаън, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборимни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган туҳмат ва бўхтон маълумотларни ёзиб тарқатиб таҳдидлар, шантажлар қилмоқдалар, ҳақоратлар қилмоқдалар, туҳмат ва бўҳтон кампаниялари олиб бормоқдалар, босимлар ўтказишни давом эттирмоқдалар.

Бу билан Инсон Ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясида, БМТнинг Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларациясида, яъни Жамиятнинг алоҳида шахслари, гуруҳлари ва жамият идораларининг умум тан олинган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш ҳуқуқи ва мажбурияти тўғрисидаги Декларацияда кўрсатиб ўтилган қуйидаги ҳуқуқларимиз бузилмоқда:

Инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга бўлган ҳуқуқларидан фойдаланаётган инсон сифатида ҳар томонлама ҳимоялашни таъминлаши керак бўлган давлатнинг тўғридан-тўғри мажбуриятини бажаришини сўраш ҳуқуқи;

инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳуқуқи;

сўз эркинлиги ҳуқуқи;

инсон ҳуқуқлари бузилиши фактларини қайд қилиш ҳуқуқи;

ҳуқуқ ҳимояси фаолияти учун маблағ излаш ҳуқуқи;

ҳукумат ва бошқа идоралар ҳаракатларини танқид қилиш ҳуқуқи;

халқаро идоралар ҳимоясини излаш ҳуқуқи.

Менинг ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақидаги Декларациясида кўрсатилган ҳуқуқларимни бузилаётгани ҳақида мустақил, адолатли ва одил хулоса беришлари учун харакатларимизни бошлашимиз ортидан ушбу фитналарга алоқадор халқаро ташкилотлар ва халқаро жамғармалар вакиллари томонидан ҳам турли тўсқинликлар, қаршиликлар содир қилиш кучайиб бормоқда. Хатто шикоятни текширувини тўхтатиш мақсадида мени ҳаётимга тажовуз қилишлари ҳам мумкин.

Агар менга суиқасд уюштиргудек бўлсалар ҳам ҳақиқатни фош бўлишини энди тўхтата олмайдилар. Чунки менинг терроризм тарғиботи ва уни қўллаб қувватлаш, ғиёхванд моддалар ва одам савдоси, халқаро миқёсдаги коррупция жинояти содир этиб келаётган уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашаётганлигимни дунёнинг турли бурчидаги Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари яхши биладилар.

Ушбу жиноий гуруҳларнинг жиноятлари юзасидан олиб бораётган журналистик суриштурув ва мониторинг натижасида бугунги кунгача тўпланган материаллар – далиллар ва исботлар нусхалари Европа ва АҚШ давлатида яшовчи ўнга яқин фаоллар қўлида сақланмоқда. Агар улар бугунги кунгача қилган тахдидларини, шантажларини жисмоний йўқ қилиш даражасига кўтарганлари билан улар кечикдилар. Агар менга бир кунлик умрим қолганини башорат қилсалар шу бир кунимни инсоният тинчлигига рахна солгувчи жиноятларга қарши бонг уришга сарфлайман.

Текширув ўтказиш учун топширилган шикоятим ҳамда унга қўшимча тақдим қилинган хужжатлар ҳақида текширув якунига етмасдан бонг уришни ўзим ҳам лозим топмадим. Агар матбуотда эълон қилсам «Ёлғонларига бизларни ишонтириш учун шундай қиляпти» деган хаёлга боришлари мумкин эди. Менинг эса қўлимдаги етарли хужжатларим менинг ҳақлигимни исботлайди.

Мен яқин кунларда ўша мени терроризм, халқаро коррупция жиноятларини фош қилгувчи хужжатларни қайси усуллар билан топишимга қизиққан ва мен билан таниш бўлган қочқинни сўроқ қилган иммиграция хизмати вакилларини қидириб топишга ва уларнинг менинг фаолиятим билан қизиқишлари сабабларини аниқлаб, уни қизиқтирган саволларга жавобларни уларнинг рахбариятларига маълум қилишга харакат қиламан.

Шунингдек қайси қонунга кўра менинг фаолиятим юзасидан ўзгаларни сўроқ қилиш ҳуқуқлари борлиги ҳақида қайси қонуннинг қайси бандида ёзилганлигини маълум қилишларини ва ходимларининг ғайриқонуний қилмиши учун жазолашларини талаб қилиб ариза бераман.

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

One Response to Ўғирланган пулларга эга чиқмоқчи бўлган «халқ вакиллари» ўзларини фош қилгувчи далилларни АҚШ Конгрессига етиб боришидан хавотирдалар

  1. Сизни ёлгизлатиб куймаймиз иншааллох.

Мухиддин Курбановga fikr bildirish Javobni bekor qilish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.