Улуғбек Бакиров: Бугун 96 ёшни қарши олаётган улуғ адибимиз Шукруллони қадрига етяпмизми?!

2-расмни Карим Баҳриев бу йил май ойида Тошкентда суратга олган

Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шукрулло домла ўзининг нуроний 96 ёшини қарши олмоқда.

Бу улуғ айём билан устоз адибимизни чин дилдан қутлаймиз!..

Лекин…

Шу муборак айём фурсатидан фойдаланиб, узоқ йиллардан бери қалбимни тирнаб келаётган бир оғир масалада тўхталиб ўтмоқчиман.

Айни дамда Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари орасида, умуман, юртимиз зиёлилари қаторида Шукрулло домладек салкам БИР АСРни қарши олаётган буюк адибнинг ўзи қолганми?!

Устоз Шукрулло домла не-не машаққатли дамларни бошидан ўтказмади.

Домла Сталин қатағони даврида Сибирга бадарға этилган, шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечириб, омон қолган бугунги кундаги ягона тирик афсонамиз эмасми?!

Унинг «Кафансиз кўмилганлар» романини ўқимаган ўзбек қолмаган бўлса керак.

Бутун умр халқимизга ҳалол хизмат қилиб келаётган бу нуроний Инсонни бугун бизлар қандай қадрлаяпмиз?!

Агарда бошқа халқларда Шукрулло домладек бир аср умр кечираётган зиёли бўлса, бошларига кўтариб юрган бўлмасмиди?!.

Биз-чи, бизлар, нима қиляпмиз?!

Узоққа бормайлик, Домланинг ўтган 90, 95 йиллик юбилейларини муносиб тарзда нишонладикми?!

Ундан аввалгиларини-чи?!

Ўтган йиллар давомида бирор бир таниқли ижодкорнинг юбилей саналари давлат миқёсида нишонландими ўзи?!

Хўп, бугунга келиб, 25 йил давомида босиб ўтган давримизга президент Мирзиёев ўзининг танқидий баҳосини бериб бўлди. Саваланмаган бирор бир соҳа қолмади.

Хўш, нима учун шунча гап-сўз, танқидлардан кейин ҳам улуғ адибимиз Шукрулло ҳеч кимнинг ёдига келмаяпти?!

Ўтган даврда тақиққа учраган бир қатор ижодкорлар яна ижод майдонига, катта саҳналарга қайтарилди. Лекин, негадир ҳануз Шукрулло домлани ҳеч қаерда кўрмаяпмиз.

Ахир, бир асрлик тарихимизни ўз гарданида кўтариб юрган Оқсоқол адибимизни ойнаи жаҳонлардан кўрсатиб, унинг нодир ва омонат сўзларини халқимизга етказмаймизми, тасмаларга ёзиб олмаймизми?

Телевидение, радио, газета-журналлар мухбирлари бири келиб, бири кетиб Шукрулло домланинг хонадонини чангитиб ташламайдиларми!

Ахир у кишининг ҳар бир сўзи элимиз, айниқса, ёшларимиз учун ёдгорлик, кўзларга суртса арзигулик ТИРИК ТАРИХ эмасми?

Ёзувчилар Уюшмаси отли номи улуғ масканнинг кўзлари бугун қаёқда? Қулоқлари нималар билан банд?

Қачон бизлар буюкларимизнинг тириклигида қадрига етамиз?

96 ЁШ!!!

Бу ҳазил гапми?! Бир асрлик умр кўриш осонми?!

Азизларимизни бизлар қадрламасак, кимлар қадрлайди?!

Бугун юртимиз бўйлаб қўшалоқ байрамлар нишонланаётган дамда Устоз Шукруллони кимлар йўқлади?

Ижтимоий тармоқларда баъзан устоз журналист Карим Баҳриев Шукрулло домлани йўқлаб бориб, у кишидан суҳбатлар олганини кўриб, қувониб турамиз. Бунинг учун Карим акага минг раҳмат, минг ташаккурлар!..

Ватанимизда 31 август куни ҳар йилгидек, Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Анъанага кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди.

Эрта тонгда Бўзсув соҳилига йиғилган зиёлиларимиз орасида Шукрулло домла кўринмади. Аслида ушбу маросимнинг тўрида президент билан бирга Отахон адибимиз ўтириши керак эмасми?

Қатағон қурбонларининг тирик афсонаси ёнингизда ўтирса бўлмасмиди, жаноб Президент?

Ёки Мустақиллик байрамида-чи?

Ахир шулар эмасмиди, Истиқлолимиз учун курашганлар?!

3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда ҳам афсуски, Шукрулло домлани кўрмадик.

Куни кеча бир қатор юртдошларимиз мукофотлар билан тақдирландилар. Шукрулло домла эса бировнинг эсига ҳам келмади.

Эртага кимдир президентга домлани эслатиб қўйса-ю, кейин Ш.Мирзиёев Шукрулло домлани тилга олиб, телевидениеда гапириб қолса, ана унда кўрасиз ҳақиқий томошани.

Бутун бошли Ўзбекистонда фақат президент кимнидир ёки ниманидир эслатсагина ёки танқид қилсагина кейин бошлаймизми, «ура-ура»чиликни?! Унга қадар ҳаммамиз кўр ёки кармизми? Худди ўтган 25 йилдаги каби…

Азиз Устоз!

Қадрли Домла!

Таваллуд кунингиз қутлуғ бўлсин!

Яна узоқ йиллар эл-юртимиз бахтига омон бўлинг!

Ҳеч шубҳасиз, Сиз халқимиз қалбидан юксак жой эгаллагансиз.

Сиздек пиру бадавлат бўлиб, нуроний ёшларга етиб юриш ҳар биримизга насиб айласин!

Умрингиз яна-да узоқ, тан жонингиз саломат бўлсин!

Илоҳим, 100 ёшингизда юртимизда катта ТЎЙ қилайлик!

ТУҒИЛГАН КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Сизга чексиз ҳурматлар билан,

Улуғбек Бакиров
журналист

2 сентябрь, 2017 йил,
Норвегия

*****
Шоир ҳақида қисқача маълумот (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтидан олинган):

Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган.

Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Педагогика билим юрти (1935— 38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944).

Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўқилган дардларим» (2001), «Шафақ» (2007) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи.

Кўплаб достонлар («Аср баҳси», 1985), болаларга аталган шеър ва эртаклар («Юлдузлар, 1964) ҳамда шеърий драмалар («Ҳасрат боғи», 2004) ёзган.

«Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, катағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Тирик рухлар» (1999) роман-хроникаси ҳам бор.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

*****

БУГУН 96 ЁШИНИ ҚАРШИ ОЛАЁТГАН УЛУҒ АДИБИМИЗ ШУКРУЛЛОНИ ҚАДРИГА ЕТЯПМИЗМИ?!Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон халқ шоири…

Posted by Ulughbek Bakirov on Samstag, 2. September 2017

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.