Янги кампания! МЕНИ ОҚЛАНГ, ЖАНОБ МИРЗИЁЕВ!»
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВДАН ЎЗБЕК ДИКТАТОРИНИНГ СИЁСИЙ ҚАТАҒОНИ ҚУРБОНЛАРИНИ ОҚЛАБ, СИЁСИЙ ВА ДИНИЙ МАҲКУМЛАРНИ ОЗОДЛИККА ЧИҚАРИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТАМИЗ ВА ШУ МАҚСАДДА «МЕНИ ОҚЛАНГ, ЖАНОБ МИРЗИЁЕВ» НОМЛИ БИР ОЙЛИК КАМПАНИЯНИ БОШЛАДИК!
Куни кеча халқаро матбуотлардан бирида бир халқаро ташкилот вакилининг Ўзбекистондаги вазият 180 градусга ўзгаргани ҳақидаги фикрини эшитиб, ўз муносабатимни билдиришга қарор қилдик.
Ҳақиқатан ҳам мамлакатда ўта жиддий ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Диктатор Ислом Каримов вафотидан кейин бир йил ичида 18 та сиёсий махкумни озодликка чиқарилиши жуда яхши ўзгариш. Лекин бунингдек натижаларга таяниб мамлакатда 180 градусга ўзгариш бўлди дея талқин қилиш умуман нотўғри деб хисоблаймиз.
Чунки Ислом Каримов қатағони қурбони бўлган ва унинг даврида жиноятлари адолатли судлов томонидан тасдиқланмасдан туриб отувга хукм қилинган жабрдийдалар хали ўлимларидан кейин бўлсада оқланмадилар. Уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳамон «ватан хоинининг фарзанди», «ваҳобийни оиласи» сингари қора номларни кўтариб юрибдилар. Бундай оилалар вакиллари дунёнинг турли бурчига тарқалиб кетганлар, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, «холинг нечук?» дея бошини силайдиган, ҳуқуқларини тиклайдиган бирор бир инсоннинг ўзи йўқ.
Диктатор Ислом Каримов даврида ғайриихтиёрий равишда ғойиб бўлган диний уламолар, диндор инсонларнинг тақдирига ҳали умуман эътибор қаратилгани йўқ. Мирзиёев бошчилигидаги хукумат хали бу бедарак йўқолган инсонларнинг тақдири билан қизиққани, уларнинг яқинларига таскин бергувчи муждани бергани йўқ. Бедарак кетган инсонларнинг яқинлари, онаизорлари, фарзандлари эшик тиқ этса «Болам келдимикан?» дея кўзларини эшикка тикишдан тўхтаганлари йўқ.
Мамлакатда сиёсий ва диний айбловлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан адолатсиз судлов тизимининг ноҳақ хукмларига асосан озодликдан маҳрум қилинганлар ва қийноқ қурбонларини, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, депортация ва экстрадиция қилинганларни оқлаш, уларни озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун Ўзбекистон хукумати томонидан зудлик билан Махсус Давлат Комиссияси (МДК) ташкил этилиши керак.
Мазкур Махсус Давлат Комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг виждонли усталари – юристлар, прокурорлар ва судьялар бўлиши керак.
Махсус комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари кўмитаси, қийноқларга қарши кўмитаси ва ишчи гуруҳлари томонидан Мустақиллик эълон қилинган йиллардан бошлаб эълон қилинган қарорлари, хулосалари ва тавсияларини ўрганиб чиқиб, ушбу халқаро хужжатларда баён қилинган таклиф ва талабларни бажарилишига маъсул қилиб тайинланса мақсадга мувофиқ бўлади.
Чунки Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саид, Ғайбулло Жалилов, Солижон Абдураҳмонов, Санжар Исмоилов, Хайрулло Турсунов сингари сиёсий ва Алишер Кароматов, Абдурасул Худойназаров, Бобомурод Раззоқов, Қаюм Ортиқов, Эркин Мусаев, Мўътабар Тожибоева сингари собиқ сиёсий маҳкумлар, Рўзметов Уйғун ва Ойбек сингари қанчадан-қанча адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлган жабрдийдаларни ҳуқуқлари паймол қилинганлигини малакали халқаро экспертлар исботлаб берганлар.
Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний маҳкумлар, сиёсий қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ ва тергов давомида ҳамда қамоқда ўлганлар, шунингдек, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, ўғирланганлар, турли мамлакатлардан депортация ва экстрадиция қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ғайриқонуний ва мажбурий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонларнинг ишларини ўрганиши керак.
Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний айбловлар билан узоқ йилларга қамалганлар ва озодликка чиқиш арафасида сохта айбловлар билан жазо муддатлари узайтирилган маҳкумлар устидан очилган жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқишлари, зудлик билан уларни озодликка чиқариш учун ўз хулосаларини хукуматга тақдим этишлари керак.
Шунингдек, Махсус Давлат Комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг яқинларига, оила аъзоларига, қариндошларига уларга етказилан моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак.
Агар шу сингари сиёсий қатағон қурбонлари ва уларнинг оилалари учун адолат қарор топса ва мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, бу Ўзбекистон ҳукумати ва халқи келажаги учун катта резонанс бўлади.
Афсуски уларни арзи додларини тинглайдиган, ҳуқуқларини тиклайдиган, уларнинг дарди хасрати билан қизиқадиган бирор бир инсонни бугунги кунда чироқ қидириб топиш амри маҳол.
Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим амалларидан бири Сталин даврида қамалган сиёсий маҳкумларни озод этиб, барча қатағон қурбонларини оқлашга фармон бериш бўлганди.
Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий ва диний маҳкумлар сони кўпчиликни ташкил этиши билан олдинги сафда туради. Лекин журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, муҳолифатчилар ва диний эътиқоди сабаб “террорчи”ларга, диний “радикал”ларга айланиб қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига хали эътибор қаратилгани йўқ.
Бундан ташқари диктатор Ислом Каримов режими қатағонига учраб, мамлакатни, яқинларини, оила аъзоларини ташлаб, ўзга мамлакатлардан қочқинлик мақоми олган ҳам қочқинлик мақоми олиш илинжида сарсону саргардон юрган жабрдийдаларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларни оқлаб, ёруғ юз билан мамлакатга қайтишларига ҳуқуқий шароитлар яратишга эътибор қаратиш вақти етиб келди деб хисоблаймиз.
Биз диктатура режими сингари сиёсий ва диний маҳкумларни Ўзбекистоннинг янги хукумати гаровда ушлаб туришига қаршимиз ва ушбу қамоқда қолаётган маҳкумларнинг, сиёсий қатағон қурбонларини озодликка чиқарилиш ва оқлаш учун маҳсус давлат комиссияси тузиш талабимиз билан такроран Шавкат Мирзиёевга мурожаат қиларканмиз, шундай тақдир эгаларининг ҳаётларига бир назар ташлаш мақсадида «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши таркибига кирган жамоат ташкилотлари ҳамда ғарб давлатларида истиқомат қилувчи бир қатор фуқаролик жамияти фаоллари иштирокида 13 ноябрдан 13 декабр кунигача «МЕНИ ОҚЛАНГ, ЖАНОБ ПРЕЗИДЕНТ!» номли бир ойлик кампания бошлашга қарор қилдик.
Биз Ўзбекистон ҳукумати – диктатура режимининг қурбонларига бағишлаб кампаниямиз давомида ўзбек миллатининг бошига тушган кулфатларга лоқайд бўлмаган барчани диктатура режими қурбонларини оқлаш кампаниясида фаол иштирок этишга чақирамиз!
Бу бир ойлик кампаниямиз давомида диктатор Ислом Каримов қатағони қурбони бўлган инсонлар, оилалар тақдирларига жамоатчилик эътиборини қаратишга, шундай оилалар фожеалари ҳақида хикоялар қилишга қарор қилдик.
Бугунги бизни биринчи қахрамонимиз йиллар давомида ўз оиласи шаънини, ор номусини ҳимоя қилиб, турли кўргуликларга дош бериб, ўз сўзини айтишдан тўҳтамаётган Хоразмлик ДАРМОН СУЛТОНОВАдир!
Биз унинг аянчли тақдири ҳақидаги хикоясини тинглар эканмиз, у «Бизнинг оиламиз сингари бошига шундай кулфатлар тушган оилалар мингларни ташкил этади. Улар тақдирига ҳам дунё эътиборини қаратинглар!» дея илтижо ила мурожаат қилишни канда қилмайди.
ДАРМОН СУЛТОНОВА: МЕНИНГ ОИЛАМ ДИКТАТОР ИСЛОМ КАРИМОВ ҚАТАҒОНИ ҚУРБОНИДИР!
Мен – 1945 йилда туғилган юрак хасталиги билан 2 гуруҳ ногирони Дармон Султонованинг шахсан ўзим, 1 гуруҳ туғма ногирони қизим Зиёда Рўзметова ҳамда 2 нафар набираларим – Зайнабхон Рўзметова ҳамда Амина Рўзметовалар билан биргаликда ўзбек диктатори Ислом Каримов режимининг қатағони қурбонлари сифатида оиламиз шаънини тиклаб, адолатсиз судлов хукми билан отувга хукм қилинган ўғилларим Уйғун ва Ойбекларни ўлимидан кейин оқланишларини, бизнинг чорак аср давомида топталиб келган ҳуқуқларимизни тиклашга ёрдам беришни сўраб Шавкат Мирзиёевга ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига, дунё жамоатчилигига мурожаат қиламиз.
Тўғри, Каримов вафот этди, лекин унинг қаттол режими ҳамон қудратда ва менинг тирик қолган оилам аъзолари ҳаётимиз ҳамон хавф хатар остида.
ОИЛА АЪЗОЛАРИМНИНГ АЯНЧЛИ ТАҚДИРИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
Мен Дармон Султонова 1945 йилда туғилганман, ўрта махсус маълумотли ҳамшираман.
1962 йилдан 1995 йилгача 32 йил давомида Хоразмдаги болалар касалхонасида ва болалар боғчасида бош ҳамшира лавозимида ишлаганман. 1995 йилдан бошлаб 1999 йил январь ойигача ўзимизнинг шахсий дорихонамизда ишлаганман.
Тошкентга кўчиб келгандан кейин, яъни 2006 йилдан бошлаб Тошкентдаги Ислом Университетида 5 йил давомида таълим олиб, қуръон ўқишдан таълим олганман. Чунки Чирчиқдаги Хайдар Мақсудов маҳалла комитетининг Турғун деган раиси менга қўлингизда хужжатингиз бўлсагина сизни рўмол ўраб юришга рухсат тегади, агар рўмол ўраб юришга рухсат тегишини истасангиз хукуматимиз рухсат берган ислом университетида ўқиб, расмий хужжатга эга бўлинг” дея берган маслахати асосида мен ўқиб, таълим олдим ва маҳала комитети раиси айтгандек расмий хужжатни қўлга киритдим.
Турмуш ўртоғим Рўзметов Собир 1939 йилда туғилган. У олий категориялик шифокор эди ва Хоразм шахридаги Санэпидстанцияда эпидимиолог лавозимида ишлаган. Кейинчалик ўзимизга қарашли дорихоналарда ишлаган.
Катта ўғлим Рўзметов Мақсудбек 1963 йилда туғилган. У Самарқанддаги Медицина олийгоҳида аълочи студент сифатида Ленин стипендияси олиб, ўқиган. Олийгоҳни қизил диплом билан битирган ва хирурглик мутахассислигига эга бўлган. У диплом ишини Латвиянинг Рига шахрида ёқлаганди.
Мақсудбек Хоразмдаги тез тиббий ёрдам марказида хирург лавозимида ишларди. Кейинчалик ишдалик пайтида автохалокатга учраб, ногирон бўлиб қолди. Шундан кейин 1998 йилгача ўзимизга қарашли бўлган хусусий дорихоналарда ишлаган.
Иккинчи ўғлим Рўзматов Ойбек 1965 йилда туғилган. У Тошкентдаги ўрта махсус билим юртида ўқиб, битирган ва мебел ишлаб чиқарадиган корхонада устачилик қиларди. Ойбек ишлайдиган устахонада ўғрилик уюштирилиб, устахонадаги бор нарсалар, анжомларни ўғирлаб кетилганидан кейин у ҳам дорихонадаги ишларга қарашиб юрганди.
Ёлғизгина қизим Рўзметова Зиёда 1968 йилда туғилган. У бош миясида грижа билан, туғма 1 гуруҳ ногирони бўлиб туғилган.
Кенжа ўғлим Рўзметов Уйғун 1970 йилда туғилган. У Хоразмда очилган диний мадрасада ўқиб, таълим олган. Хоразпсда катта корхонада автомашина устаси вазифасида ишлаган.
1999 ЙИЛ 1-2 ЯНВАРЬ КУНЛАРИДАГИ ОИЛАМИЗ БОШИГА ТУШГАН КУЛФАТ
1999 йилнинг 1 январь куни мени ўғилларим Рўзматов Ойбек ва Уйғунларни сохта айблар билан, яъни диний экстремизм жиноятларини содир этганликда айблаб, хибсга олдилар.
Айнан ўғилларимни хибсга олинган кунларидан бир кун ўтиб, яъни 1999 йилнинг 2 январь куни бизнинг Питнакдаги хонадонимизни ҳам ғайриқонуний тарзда хибсдан ўтказиб, гиёҳванд моддалар “топганликлари учун” турмуш ўртоғим Рўзматов Собирни ҳам хибсга олдилар.
Суднинг хукми билан турмуш ўртоғим гиёҳванд моддалар сақлашда айбланиб, 5 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинди. Қамоқдан чиққанидан кейин соғлиги яхшиланмасдан, 2004 йилнинг ноябрь ойида вафот этди.
Ўғилларим Ойбек ва Уйғунни эса 1999 йилнинг июнь ойида мен онаизорни иштирок эттирмасдан бўлиб ўтган суд жараёни якунида мени фарзандларим Ойбек ва Уйғунларни отувга хукм қилдилар.
Катта ўғлим Рўзматов Мақсудбек 1998 йилда отаси ва укаларини хибсга олиниб, отасини 5 йилга қамоқ жазосига, укаларини отувга хукм қилинганларидан кейин соғлиги ёмонлашди ва даволовчи шифокорнинг тавсияси билан даволаниш ва климитни алмаштириш мақсадида Россияга кетди.
Мақсудбекни хотини Нигора ва 3 нафар набираларим, Фотима, Убайдулло ва Мухаммадларни бугунги тақдиридан бехабармиз.
Иккинчи ўғлим Ойбекни хотини Азиза касалванд эди, 2013 йилда вафот этган. Ойбекнинг фарзандлари Хатича ва Осиёнинг тақдиридан бехабармиз. Руқия исмли набирам касаллик сабабли вафот этган.
Уйғунни турмуш ўртоғи Мухаббат 2006 йилда оиламиздаги парокандаликдан кейин вояга етмаган 3 нафар фарзандларини менга ташлаб, бошқа турмуш қилиб кетишга мажбур бўлди.
ОИЛА ПАРОКАНДАЛИГИДАН, ФОЖИАСИДАН КЕЙИНГИ “ҲАЁТ”
Катта ўғлим Мақсудбек Россияда даволаниб юрган пайтида укаси Уйғунни ўғли Абдулазизни ўз қарамоғига олган ва улар кейинчалик биргаликда Покистонга кетган эканлар. Мақсудбек Покистонда шифокор бўлиб ишлаган, набирам Абдулазиз эса Покистондаги диний мадрасада илм олаётган бўлган.
2013 йилда олдин ўғлим Мақсудбекни қатл қилганлар ва айнан хайит байрамидан бир кун аввал 20 ёшли набирам Абдулазизни Покистонда отиб ўлдирганлар. Бугунги кунчага уларни ким қатл қилган, нима учун қатл қилган бу каби саволларга жавобларимиз йўқ. Набирамни отиб ўлдирилгани ҳақида эшитганимдан кейин мен иккинчи маротаба инсульт бўлдим ва танамнинг бир томони умуман ишламай қолди.
Уйғунни хибсга олинган пайтида набираларим – Абдулазиз 5 ёшда, Зайнаб бир ёшда бўлган, Амина эса отаси отувга хукм қилинган йилда туғилган. Шундай бўлишига қарамасдан улар мактаб ёшига етганларида, яъни оталари отувга хукм қилинганидан бир неча йиллар ўтиб ҳам Хозарапс шахридаги мактабларга болаларни мактабга олишларини сўраб қилган мурожаатларимизга “вахобийни боласини бизни мактаб қабул қилмайди” дея уларни ўрта таълим олиш хуқуқларидан фойдаланишга йўл беришмаган.
Шу аҳволда қолганимга қарамай менга ва оиламга маҳаллий маъмурий органлар амалдорлари ва вакиллари томонидан доимий равишда таҳдидлар, қаршиликлар ва босимлар бўлаверди. Маҳаллада яшаш имконсиз бўлиб қолди. Қариндош уруғ ва қўшнилар мен билан алоқа қилишдан қўрқишарди. Шу аҳволда яшашга мажбур бўлдим.
Дорихоналаримиз катта ўғлим Мақсудбекни номида эди, уларни ишлата ҳам олмадик, сотишга ҳам имконимиз бўлмади. Чунки ўғлим Россияга кетганича бедарак кетганди. Ўғлимни Покистонда қатл қилингани ҳақида 2 нафар инсонлар судга келиб гувоҳлик берган бўлсаларда, суд дорихонани менинг номимга расмийлаштиришга қарор чиқариб берган бўлсада, Хоразмдаги маҳаллий рахбарлар дорихонани ўз номимга расмийлаштириб олиб, на ишлатишимга на сотиб юборишимга йўл бермадилар.
Милиция ходимлари мени фохишахона очганим ва набираларимни сотаётганим ҳақида турли туман бўхтонлар тарқатавердилар. На кечаси, на тонг демасдан уйимизга бостириб келар ва ҳеч қандай қонунга таянмаган ҳолатда, қўлларида бирор бир ордер бўлмасада тинимсиз тинтувлар қилардилар, кетимиздан узлуксиз кузатардилар.
Бизнинг оиладаги барча эркаклар фожеали ўлим топганлари сабабли менга, ногирон, руҳий носоғлом қизим ва 2 нафар қиз набираларимни ҳол аҳволимиздан хабардор бўлиб, қўлларидан келганча кўмак бериб турган қариндошларимни ҳам ҳали уйларида, ҳали уйларини томларида тинтувлар ўтказавериб, уларни ҳам холи жонларига қўймадилар. Набираларим маҳаллада бош кўтариб юра олмай қолдилар.
Ногирон қизим ва иккитагина набирамнинг келажаги тақдири мени ниҳоятда ташвишга соларди. Шунинг учун Хозарапсдаги уйимизни арзон гаровга сотиб, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шахридан квартира сотиб олдик. Лекин набираларимга бу ерда ҳам таълим олишга йўл қўйишмади, уларни мактабга қабул қилишмади.
Бу ерда ҳам бизни тинч яшашга қўйишмади, муаммолар авж олаверди. Тошкентда тонг сахарларда уйимизга милициялар бостириб кирардилар ва қонунга зид равишда тинтувлар
қилишга келганларида бу маъмурий органлар ходимлари бувиси тенги бўлган мендек аёлни Тошкентдаги масжидлар ёнида рўмол ёйиб гадойчилик қилганликда айблаб, устимдан масхалар қилардилар.
Мен ва қизим бир ойга тахминан 50 долларга етар етмасдан (охирги пайтларда ҳар биримиз 400 минг сўмдан) ногиронлик нафақалари олардик ва мана шу ногиронлик нафақаси эвазига бутун бошли оиламиз билан ҳам яшардик, ҳам даволаниш учун иккимиз учун тинимсиз равишда дори дармонлар сотиб олардик, даволанардик. Хукумат томонидан ҳеч қандай моддий кўмак, маънавий ёрдам олмаганмиз.
Чирчиқдаги Ҳайдар Мақсудов номли маҳалласи раиси Миртилла “Хоразмга қайтиб кетинг, бу ерда ўзингиз ҳам қийналиб кетдингиз, бизларни ҳам қийнаб ташладингиз” деганди.
БМТНИНГ ҚАРОРИ БОИС ОИЛАМ ХАВФ ОСТИДА ҚОЛИБ КЕТДИ
Мен оилам бошига тушган кулфатлар, турмуш ўртоғим Рўзматов Собирни ва ўғилларим Ойбек ва Уйғунларни қонунга зид равишда ҳибсга олинганликлари, адолатсиз судлов хукми билан турмуш ўртоғимга содир қилинмаган жиноят учун 5 йил қамоқ жазоси берганлари, ўғилларимни эса конституцион режимга тажовуз қилганликда айблаб отувга хукм қилинганликлари ҳақида тинимсиз бонг уравердим.
Ўғилларим ва турмуш ўртоғимни хибсга олишдан бир неча кун аввал, яъни 1999 йилнинг 28 декабрь куни кечаси Хозарапс тумани прокуратураси вакиллари бир қанча ички ишлар бўлими ходимлари билан биргаликда хонадонимизга бостириб кириб, бирор бир ордерсиз тинтувдан ўтказгандилар, ўғилларимни қаерда эканликларини сўраганлар, биз уларни Хозарапсдан 20 километр узоқликда бўлган Питнакда эканликларини айтдик. Тинтув пайтида хеч нима тополмай, қайтиб кетганлар. Бу сафар ордерсиз тинтув ўтказган бўлсаларда, тинтув ўтказилганлиги ҳақидаги баённомасидан бир нусхасини мени талабим билан бергандилар.
Шу куни уйимизни қўриқлашга 6 нафар милиционерларни қолдириб кетдилар. Қоровулликда қолган милиционерлардан бири Бозбеков тонгги сахар 5да уйимизга кириб 3 та бўш патрон ва бошқа «топилиши керак бўлган» нарсаларни ташлаб қўйган. Эртаси куни, 30 декабрь куни ярим кечаси эса энди автоматлар билан қуролланган милиция ходимлари Хоразпс туман прокурори ва туман ИИБ бошлиғи билан биргаликда уйимизда такрорий тинтув ўтказдилар. Бу ўтказилган тинтув пайтида 3 та бўш патрон, таъқиқланган диний адабиётлар ҳамда упаковкада гиёҳванд моддалар “топганлар”. Эндиги тинтув баёномасидан бир нусха беришларини қилган талабимни қаноатлантирмаганлар.
1998 йилнинг 28 декабрь кунидан бошлаб токи 1999 йилнинг 6 февраль кунигача бизнинг хонадонимизда 7 нафар милиционерлар яшадилар. Бу милиционерлар бизларни бирор бир харакатланишимизга тўсқинлик қилишар ва оилам вакилларини очиқ ошкора тарзда йўқ қилиш билан қўрқитардилар. Бизларни ким биландир боғланиб, гаплашиш, телефондан фойдаланишимизни умуман таъқиқлагандилар.
Давлат тўнтариши қилишга суиқасд, конституцион режимни зўрлик остида ўзгартириш, ислом фундаментал режим барпо этиш, жиходчилар харакатини ташкил этиш ҳамда оғирлаштирилган ҳолатда қотиллик жинояти содир этишда айбладилар ўғилларимни. Уларни бу жиноятларни содир этганликликларини бўйниларига қўйиш учун вахшиёна қийноқлар қўллаганлар. Агар улар ушбу жиноятларни тан олиб иқрорлик аризалари ёзмасалар ота оналарини қамаб, қизларини зўрлаш билан қўрқитганлар.
1999 йилнинг 5 январь куни кеч 19ларда менга турмуш ўртоғим Собир Рўзметовни кўриш ва унга керакли нарсаларни бериш мақсадида керакли нарсаларни олиб боришимни талаб қилдилар. Мен эримга керакли нарсаларни олиб етиб борсам, мени Урганч шахрининг СНБ бошлиғи қабулига олиб кирдилар. СНБ бошлиғи даставвал мени ҳақоратлар қилди.
Кейин эса Урганч шахар ИИБ ертўласига қўлларимга кишан солиб ёлғиз ўзимни бир камерага қамадилар. Кейин мени қип яланғоч қилиб ечинтирдилар ва Урганч шахар СНБ бошлиғи иштирокида икки уч ёш йигитларга рўпара қилганлар. Буларнинг ичида мени кенжа ўғлим Уйғун бор эди. Мен Уйғунни зўрға танидим, унинг аҳволи жуда ҳам оғир эди.
Эртаси куни эса эрта тонгда уйимга бостириб кирган 7 та милиция ходимлари менинг оиламга катта моддий зиён етказдилар. Мен барча давлат идораларига тинимсиз равишда шикоятлар қилдим ва оилам вакилларига бўлаётган хунрезликларга чек қўйишни талаб қилдим. Лекин бирорта шикоятимда келтирилган важлар ҳақида текширувлар ўтказилмади ҳам, қониқарли жавоб олмадим ҳам.
Фарзандларимни ҳимоя қилишлари учун адвокатлар ёллаб, уларни кирита олмадим. Давлат томонидан ёлланган адвокат фарзандларимни ҳимоя қилганлари йўқ.
1999 йил 13 июль кунги суд жараёнида болаларим ўзларини содир қилмаган жиноятларни бўйниларига олишга мажбур қилганларини, қийноқларга солганликларини айтиб беришган. Асосан қийноқлар Тошкентда МХХнинг ертўласида, адвокат иштирокисиз содир этилганлигини айтганлар.
Уйғун ўзининг чўнтагига пистолет, 12 та патрон ва гиёҳванд моддалар ташлаб қўйганликлари, онасини ялағноч қилиб, ўзи ва бегона йигитларга кўрсатганлари, агар улар кўрсатган бўш қоғозга имзо чекмаса хотинини олиб келиб, ўзининг кўзи ўнгида зўрлашларини айтганларидан кейин улар берган бўш қоғозга имзо чекиб берганлигини айтган.
Ойбек эса шундай сўроқлар ва қийноқлардан кейин ўзгалар кўмагисиз юра олмайдиган бўлиб қолганини айтиб берган судга. Лекин барча судланувчилар шундай қийноқлар ҳақида кўргазмалар берган бўлишларига қарамасдан судланаётган 8 нафар судланувчидан 5 нафарига, шулар ичида Уйғун ва Ойбекларни ҳам отиб ўлдиришга хукм қилди.
Мени ўғилларимни хибсга олинганлардан токи отувга хукм қилингунларича атига 2 марта кўрганман холос – 1999 йилнинг 1 август ва 23 сентябрь кунлари.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 1999 йил 24 июль кунги хукми билан Уйғунни, 29 июль кунги хукми билан Ойбекни отувга хукм қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1999 йилнинг 20 сентябрь кунги Ажрими билан хукмлар ўз кучида қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича Хоразасп туман судининг 1999 йил 2 ноябрь кунги ҳукми билан 5 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган Собир Рўзметов 64 ёшида хибсга олинган ва қийноқларга солинган.
Менга болаларимни қачон отиб ўлдирилганликлари ҳақида орадан бир неча ойлар ўтгандан кейин, яъни 2000 йилнинг 13 июнь кунги жавоб хати билан ўғилларим Ойбек ва Уйғунни 1999 йил 29 сентябрь куни отиб ўлдирганлари ҳақида хабар бердилар холос.
Лекин Юнусобод туман Фуқаролик холатларини қайд этиш (ЗАГС) бўлимида Уйғун ва Ойбекни отиб ўлдирилганликлари, яъни ўлимлари ҳақида ўлимларни қайд этиш журналига қайд этилмаган.
Жиноят ишлари бўйича Хозарапс тумани судининг 1999 йилнинг 28 май кунги хукми билан 5 йил қамоқ жазосига хукм қилинган 64 ёшли турмуш ўртоғим Собир Рўзметов ҳам тергов пайтида қийноқларга тутилган. Уни хукм ўқиладиган куни судга носилка билан кўтариб олиб келишган. Адолатсиз суд хукми билан 5 йил қамоқ жазосига хукм қилинган Собир Рўзметовни бирор марта ҳам амнистия билан жазо муддати қисқартирилмади. Чунки уни қамоқда қамоқхона ички тартиб қоидасини бузганликда айблаб, такроран суд ҳам қилишганди.
Мени ўғилларимни отиб ўлдирганларидан кейин орадан 10 ой ўтгандан сўнггина хабар берганлар, лекин уларни қаерга дафн қилинганлари ҳақида ханузгача менда маълумот йўқ. Фарзандларимни қабрларини зиёрат этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинганман.
Юқоридаги вазиятларга ҳуқуқий баҳо берган унинг номига берган ишончномамиз асосида ҳуқуқларимизни ҳимоя қилган Толиб Ёқубов сингари ҳуқуқ фаолларининг кўмаклари билан ўғилларим Ойбек ва Уйғун, шунингдек турмуш ўртоғим Собир Рўзметовларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб қийноқлар, қўлга олинган пайтдаги ноинсоний муносабатлар, шахсий ҳаётга аралашмаслик ҳамда адолатсиз судлов якунига етмасдан туриб отувга хукм қилиш ҳуқуқлари бузилгангини баён қилиб 2000 йилнинг 7 февраль куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитасига шикоят аризаси топширдим.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитасига Ўзбекистон хукуматига қарши берган шикоятим бўйича 2006 йил 30 март кунги чиқарган қарори ўзбек хукуматининг мени оиламга қилган хунрезликларини исботлаб берди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитаси менинг шикоятимда келтирилган важларни батафсил ўрганиб чиқиш учун малакали юридик ёрдам бериш, ўғилларимни қаерга кўмилганликлари ҳақида менга маълум қилишни, менга етказилган рухий азобларим учун компенсация тўлаш ва бундай кейин бунингдек қаттолликларга йўл қўймасликни Ўзбекистон хукуматидан талаб қилди. Шунингдек БМТ кўмитаси 90 кунлик оралиқда ушбу чиқарган қарори юзасидан амалга оширилган чоралар ҳақида маълумотлар бериш, шунингдек БМТнинг қарорини Ўзбекистондаги матбуотларда чоп қилиш талабини қўйганди.
Хукумат БМТ инсон ҳуқуқлари кўмитасининг қарори талабларини амалга ошириш ўрнига мени БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар, матбуотлар билан ҳамкорлик қилганим учун босимни хали хануз тўхтатмадилар.
Бизнинг оиламиз фожеаси Ўзбекистонлик минглаб оилаларнинг, миллионлаб инсонларнинг бошига тушган кулфатларнинг бир томчиси холос.
БИЗ СИЗЛАРДАН ОИЛАМИЗНИ ОҚЛАШИНГИЗНИ ТАЛАБ ҚИЛАМИЗ ЖАНОБ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ!
Хурмат билан
Дармон Султонова
Зиёда Рўзметова
Зайнаб Рўзметова
Амира Рўзметова
Биз келтирган важларнинг ҳақиқатлигини билиш учун қуйидаги интернет нашрида чиққан мақолалар ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кўмитасига топширилган шикоят юзасидан чиқарилган қарор билан қуйидаги линклардаги материаллар орқали танишишингиз мумкин:
Жалоба Дармон Султановой к правохранительным органам!
ОПЧУ: Мы гневно осуждаем организаторов и исполнителей этих кровавых беспорядков
Охота на ведья по – Узбекски. К визиту президента Каримова к президенту Путину
Fikr bildirish