Толиб Ёқуб: Сиёсий зўравонлик ва қатағон қурбонлари тақдирига бир назар! (2-қисм)

 Ислом Каримовнинг 80 ёшлик юбилейига бағишланади

2-қисм

1. АҲОЛИНИНГ МАМЛАКАТДАН ОММАВИЙ  ЧИҚИБ  КЕТИШИ

[ўрисча: Массовый исход населения].

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан аҳолининг оммавий чиқиб кетиши бир неча бор кузатилган. Мас., Чор Россияси 19-аср ўрталарида Марказий Осиёни босиб олиш урушларини бошлаганда аҳолининг бир қисми оммавий равишда Афғонистон, Қашғар ва бошқа юртларга чиқиб кетишган.

Бу жараён Марказий Осиёни қизил большевиклар қайтадан босиб олган 20-асрнинг 25-30-чи йиллари,  советлар томонидан “босмачилар ҳаракати” дея аталган миллий-озодлик ҳаракати мағлубиятга учрагач, яна бир бор такрорланди. И.Каримов даврида Ўзбекистондан аҳолининг оммавий тарзда чиқиб кетишининг 2 (икки) оқими – “катта оқим” ва “кичик оқим” – кузатилди.

“Катта оқим”ни меҳнат муҳожирлари (гастарбайтерлар), И.Каримовнинг ўз тили билан айтганда, “дангасалар” ташкил қилди.

Бу – ҳақиқатан ҳам улкан оқим эди. Ҳали СССР парчаланишининг “иссиғи” босилмасдан миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб, бола-чақа боқиш дардида нон излаб Россия, Европа, Қозоғистон, Жанубий Қурия ва бошқа давлатларга чиқиб кета бошлашди. Улар ўз ватанига ҳар йили камида 6 (олти) миллиард доллар пул жўнатиб туришди. Бу пуллар Ўзбекистон йиллик бюджетининг асосини ташкил этди – бундан И.Каримов “хўрданиям, бурданиям урди”.

Ўзбекистонни тарк этган Наманган вилояти ва Қўқон музофотидан чет эллар (Тожикистон, Афғонистон, Туркия, Россия ва ҳ.)га қочаётган ўзбекистонликларнинг кичик оқими 1992 йил март ойида юзага келди – бу ҳақда қуйироқда сўз юритаман.

1992 йил охиридан бошлаб, мамлакатни тарк этганларнинг “кичик оқими” авжга чиқди –

бу оқим И.Каримовнинг қатағонига учраган СССР халқ депутати Пўлат Охун, Олий Мажлис депутатлари Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Муҳаммад, Насрулло Саййид, Абдувоҳид Патта;

сиёсий курашда фаоллик кўрсатган “Бирлик” Халқ Ҳаракати, “Эрк” демократик партиясининг лидерлари ва аъзолари ака-ука Абдураҳим Пўлат ва Абдуманноб Пўлат, Ёдгор Обид, Сафар Бекжон, Абдулла Абдураззоқ, Сулаймон Мурод, Фазлиддин Ёқуб, Исмоил Дадажон, Алибой Йўляхши, Ҳазратқул Худойберди, Зафармирзо Исҳоқ, Юсуф Жума, Ботир Норбой, Акбарали Ориф;

журналистлар Алишер Таксанов, Ғофуржон Йўлдош, Сафар Бекжон, Тўлқин Қара, Эркин Худойберган, Улуғбек Бакир;

диний эътиқоди туфайли таъқиб қилинган Муҳаммадсолиҳ Абут, Обидхон-қори Назар ва бу муҳтарам зотнинг укалари Абдумалик ва Умархон;

ҳуқуқбонлар Муҳаммадамин Нарзиқул, Турсунбой Ўтамурод, Эгамназар Шайман, Ҳайитбой Қўзибой, Баҳром Ҳамро, Дилобар Эркинзода, Рафиқ Ғани, Мўътабар Тожибой, Муҳитдин Қурбон ва бошқа ўнлаб ўзбекистонликлардан иборат бўлди.

Бу икки оқимнинг юзага келиши жаллод И.Каримов кулфатларининг охири эмас экан – 2005 йилдаги Андижон қирғинидан кейин юзлаб андижонликлар Ўзбекистонни тарк этиб дунёга сочилиб кетишди. Исм-шарифлари юқорида санаб ўтилган ватандошлар мен эслаганларим, холос –  эслай олмаганларим қанча!

2. ЎЛДИРИЛГАНЛАР,  БЕДАРАК  КЕТГАНЛАР,  УЗОҚ  МУДДАТЛИ  ҚАМОҚҚА  ТАШЛАНГАНЛАР                                       

1991 йил 29 декабрьда ўтказилган Президент сайловининг ҳали шов-шуви босилмасдан, 1992 йил 16 январида, яъни 17 кундан кейин, Тошкентдаги Талабалар Шаҳарчасида ноннинг кескин қимматлашгани ва стипендияларни бериш кечиктирилаётганига қарши тинч намойишга чиққан студентлар ўққа тутилди, бир неча студент ўлдирилди.

Мухолифатнинг “Қотиллар топилсин! Қотиллар жазолансин!” деган барча ҳайқириқлари беҳуда кетди, бир тийинга олинмади. Бошқача айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозимида ўз фаолиятини хунрезлик ва қотилликдан бошлади.

Президепнтнинг ўзи қотиллик қилиб турганда бошқа амалдорларга, миршабларга, прокурорларга, МХХчиларга нима?! «Қотилликни давлат раҳбари қилганда биз қила олмаймизми? Қила оламиз!” дейишди улар баралла ва гапларининг устидан чиқа бошлашди. Мас.,  2001 йил 7 июньда Олий Мажлис депутати Шавруқ Рўзимурод қийноққа солиниб ИИВ ертўласида ўлдирилди. 2001 йил март ойининг бошида уйғур ва ўзбек ёзувчиси Эмин Усмоннинг жасади ИИВ ертўласидан оиласига қайтарилди.

Бу икки ватанпарвар ХХI-асрнинг иккинчи йилида ўлдирилган инсонлар эди, бироқ ХХ-асрнинг 90-чи йилларида ҳам, ХХI-асрнинг биринчи йилида ҳам И.Каримов жаллодлари ўз қотилликларини тап тортмай амалга ошириб келаётган эди – милиция участкалари, тергов изоляторлари ва жазони ўташ зоналарида қийнаб ўлдирилган одамлар рўйхати, фикримча, махсус архивларда сақланса керак, улар вақти келиб очилади, холис мутахассислар ва жамоатчилик томонидан ўрганилади, ўлдирилганлар рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Учта болтиқбўйи республикалари Литва, Латвия, Эстонияда, булардан ташқари Украинада ҳам кенг омма ва мутахассислар танишиши учун ВЧК (НКВД, КГБ) архивлари очилди.

Талабалар Шаҳарчасидаги хунрезликдан тўкилган қон ҳали қотиб улгурмасдан, 1992 йил март ойининг ўртасида Наманган ва Қўқонда қама-қама бошланди – ўша пайтда бу икки шаҳарда советлар даврининг мероси бўлган ўғрилик, фоҳишабозлик, порахўрлик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши курашиш мақсадида тузилган “Адолат” (раҳбари Ҳакимжон Сатим) ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” (раҳбари Қаҳрамон Ҳамид) ташкилотлари халқнинг кенг кўламли иштирокида фаолият олиб бораётган эди.

Қисқа фурсат ичида бу икки ташкилот Наманган ва Қўқонни ўғрилик, фоҳишабозлик, порахўрлик каби ижтимоий иллатлардан тозалади – ушбу тозалаш ўғрилик, фоҳишабозлик, порахўрлик ва бошқа ижтимоий иллатлар билан асосан И.Каримов тайинлаган, жой-жойига қўйган прокурорлар, милиция бошлиқлари, судьялар, ҳокимият вакиллари ва бошқа амалдорлар шуғулланишганини яққол кўрсатди.

Халқ томонидан бундай зарбани кутмаган И.Каримов бу икки “бебош” ташкилотни таг-томири билан йўқ қилишга киришди – март ва апрель ойларида Наманган ва Қўқонда юзлаб одамлар, шу жумладан Наманганда Ҳакимжон Сатим, Қўқонда Қаҳрамон Ҳамид ва унинг икки укаси қамоққа олинди. Оммавий қама-қама аҳоли орасида оммавий ваҳимани келтириб чиқарди – Наманган, Қўқон ва уларнинг атрофидаги қишлоқлардан минг-минглаб одамлар чет элларга, асосан Тожикистонга қоча бошлади.

Қизиғи шунда-ки, сал илгарироқ “Адолат”дан ажраб чиққан, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги “Ислом лашкарлари” ташкилотининг аъзоларига Ўзбекистонни бемалол тарк этишга ва Тожикистон ҳудудига ўтиб кетишга имконият яратилди.

Тоҳир Йўлдош ва унинг ўнг қўли Жума Намангоний Афғонистонда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” (ЎИҲ)ни тузишди. Тоҳир Йўлдош тузган “Ислом лашкарлари” ташкилоти аъзоларига Ўзбекистондан чиқиб кетишга кенг йўл очилгани ва Афғонистонда ЎИҲнинг тузилиши ғалати ўй-ҳаёлларни туғдиради:

1) ЎИҲ И.Каримовнинг ўзининг лойиҳаси эмасмикин? Бу лойиҳа гўё-ки терроризмга қарши курашиш байроғи остида Ўзбекистонда сиёсий ва диний мухолифатга қарши қатағонлар уюштиришни ва бунга дунё демократик ҳамжамиятини ишонтириш учун ишлаб чиқилмадимикин?

2) ЎИҲ И.Каримов тузумига қарши курашадиган ҳарбий ташкилот бўлса, нега у қатор йиллар давомида Ўзбекистонга жиддий таҳдид солмади? Нега Тоҳир Йўлдош афғон мужоҳидлари қаторида асосан АҚШ ҳарбий кучларига қарши урушда қатнашиб кун ўтказди?

3) Террор, терроризм тушунчалари ўша пайтларда ҳам халқаро ҳамжамиятда қизғин муҳокама қилинарди, Ғарбнинг АҚШ, Буюкбритания, Франция каби (ва б.) бой давлатлари терроризмга қарши курашиш учун йирик грантлар ажратишар эди.

Катта-катта грантларни олиш учун эса давлат раҳбари бирор халқаро анжуманда усталик билан: “Мен бошқараётган давлатга террорчилар ҳамла қилишаяпти, биз уларга қарши курашаяпмиз, бироқ бизда бу курашни амалга ошириш учун маблағ йўқ, биз яқиндагина мустақил бўлдик, илгари ҳамма бойликларимизни Москвага топширишга мажбур эдик. Ҳозир биз қашшоқмиз –  терроризмга қарши курашиш учун бизга грантлар ажратинг!” дейиши кифоя эди.

Бошқача айтганда, И.Каримов дунё ҳамжамиятини Ўзбекистондаги сохта терроризм билан қўрқитиб Ғарб давлатларини “соғин сигир”га айлантиришни йўлга қўйди. Сохта терроризм риторикаси эса И.Каримов режими содир этаётган қотилликларни яшириш учунгина ишлатилар эди.

Мана битта мисол:

1999 йил ноябрьда БМТга аъзо давлатлар бошлиқларининг Истамбулда ўтган халқаро саммитда И.Каримов биринчи бўлиб сўзга чиқди, Тошкент вилояти Янгиобод туманига ЎИҲ қуролли жангарилари бостириб киргани ҳақида ғазабланиб гапирди, Ғарб давлатларидан молиявий кўмак сўради, минбардан тушгач эса зудлик билан зални тарк этди ва самолётига ўтириб Ўзбекистонга қайтиб кетди.

Ўша пайтда Ўзбекистон матбуотида Янгиободнинг тоғли қишлоқларининг бирида 15 тача тиш-тирноғигача қуролланган «террорист”лар юргани ҳақида мақола чиққан эди. Унда айтилишича, маҳаллий ҳукумат буни Тошкентга хабар қилгач, Қуролли кучлар вазирлиги “террорист”ларни йўқ қилиш учун ўша қишлоққа 1500 аскар, танклар, БТРлар ҳамда ҳарбий вертолётларни ташлайди. 15 “террорист” билан Ўзбекистон армиясининг мўри-малаҳдай қуролли кучлари орасида “жанг” бўлади – “шиддатли жанг”да 3-4 одам ўлади.

Шундан бир неча кун ўтгач, мен Ангрен шаҳрига, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Тошкент вилояти бўлимининг раиси Холхўжа Юнус хонадонига бордим – у менга даҳшатли бир воқеани гапириб берди. Шу воқеадан олдинроқ, 1999 йил 31 октябрьда Бухоро вилояти Қизилтепа шаҳарчасидаги УЯ 64/25 қамоқхонада маҳбуслар исъёни бўлиб ўтади, ҳукумат уни куч билан бостиради.

Бизга турли манбаълардан етиб келган маълумотларга кўра ўлганлар сони 25 тадан 70 га қадар эди. Холхўжанинг гапига қараганда, тоғда қўй боқиб юрган бир чўпон вертолётлардан ўликлар туширилаётганини кўриб қолади ва панада туриб кузатади. Аскарлар ўликларни кўмиб бўлгач, вертолётлар учиб кетишади. Чўпоннинг айтишича, умумий қабрга 51 та жасад кўмилади.

Янги “қабристон”ни вақтинчалик қўриқлаш учун 2-3 та МХХ ва 3-4 та милиция ходимлари палаткаларда қолдирилади. Орадан бир неча кун ўтгач, улар орасида жанжал чиқади, отишма бўлади, иккита милиционер ўлади – қолганлари ортга қайтарилади. Холхўжа чўпондан: “Ўша қабристон қаердалигини яхши эслаб қолдингизми? Вақти келганда уни топиб бора оласизми?” деган саволига чўпон иккиланмасдан “Ҳа!” дейди.

УЯ 64/25 зонада бўлган исъёнда ўлдирилган маҳбусларнинг бирортасининг жасади ўз оиласига қайтарилмади – бу И.Каримов тузуми содир этган энг мудҳиш, текширилмаган ва очилмаган жиноятларнинг бири бўлиб турибди.

Олдинги мавзуга қайтаман. Тез орада қамоқхоналарда қўқонлик Қаҳрамон Ҳамид ва унинг икки укаси ўлдирилди ва уларнинг жасади оилаларига топширилди. Бундай мисолларни ўнлаб эмас, юзлаб келтириш мумкин.

Масалан, Жиззах тумани Кўтарма маҳалласида яшовчи бир йигитни ички ишлар ходимлари қийнаб ўлдиришибди, Жаслиқдаги УЯ 64/71 қамоқхонасидан милиция ходимлари машинада “Бирлик” Халқ Ҳаракати Андижон вилояти раиси Жўрабек Азимнинг ўлигини олиб келиб оиласига топширишибди, Тошкент политехника институти ўқитувчиси, математик олима Дилором Саидаминнинг ягона фарзанди Нўмон Саидамин қамоққа олингандан бир ҳафта ҳам ўтмасдан МХХ ертўласида ўлдирилибди, тошкентлик Равшан Ҳаит Собир Раҳимов тумани милиция бўлимида қийноқлардан ўлибди, деган гапларни ҳар куни бўлмаса-да, кунора эшитиб турардик.

1999 йилнинг 20 сентябрига қадар Жаслиқ қамоқхонаси ҳақида ҳеч ким билмас эди – биз қамоқхона ҳақида баъзи узуқ-юлуқ гапларни эшитиб турардик, холос. Ўша йили сентябрь ойи бошида Хьюман Райтс Ватч ташкилотининг Тошкентдаги офиси директори [аёл киши, исми-шарифини эслай олмадим] ва ЎИҲЖ Хоразм вилояти бўлимининг раиси Ҳайитбой Ёқуб Жаслиққа катта қийинчиликлар билан бориб келишди.

Уларнинг маълумоти бўйича ЎИҲЖ 1999 йил 20 сентябрьда УЯ 64/71 қамоқхонаси ҳақида биринчи марта баёнот эълон қилди. Шундан сўнг, ЎИҲЖ ушбу қамоқхонадан келаётган хабарларни кенг жамоатчиликга тарқата бошлади.

Мас., “2000 йилнинг 30 июнь кунигa қaдaр, ярим йил ичидa Қoрaқaлпoғистoндaги Жaслиқ кoнцлaгeридa 89 нaфaр мaҳбус миршaблaр тoмoнидaн уриб ўлдирилгaн (булaр фaқaт aниқлaнгaнлaри, ҳaли нoмаълум қoлгaн қaнчa қурбoнлaр бoрлиги кeйинрoқ маълум бўлaди)”  деган маълумотни ЎИҲЖ 2002 йил 17 майда тарқатди.

И.Каримов шотирлари қамоқхоналарда махбусларни қийнаб ўлдиришдан ташқари Абдулла Ўтабой, Абдували-қори Мирза, Рамазон Маткарим каби ўндаб диний уламоларнинг баъзиларини ошкора, баъзиларини эса яширинча (хуфёна) ўғирлаб кетишни ҳам машқ қилишди.

Мас., унинг шотирлари 1992 йил 15 декабрида сурхондарёлик, бироқ Тошкент шаҳрида яшайдиган Абдулла Ўтабой ва унинг укаси Ҳасан Ўтабойни Ҳувайдо кўчасидаги ота-онасининг уйи дарвозаси олдида, ҳамманинг кўз ўнгида қуролланган милиция ходимлари машинага тиқиб олиб кетишади. 1995 йил 29 августида андижонликлар Абдували-қори Мирза ва Рамазон Маткарим эса Тошкент аэропортида, Тошкент-Москва рейси бўйича учаётган самолёт трапи олдида, ўнлаб йўловчилар кўзи ўнгида ўғирлаб кетилади.

2004 йил 16 майда Обидхон-қори Назарнинг ўғли Хусниддин шом намозини ўқиш учун уйидан чиқиб масжидга кетаётганда бедарак йўқолади – салкам 14 йил илгари бедарак кетган Ҳусниддин ҳақида унинг яқинлари ёзган хатларига МХХдан ҳанузгача олди-қочди гаплардан бошқа жавоб келган эмас.

Юқорида исм-шарифлари келтирилган бу мўътабар шахсларнинг барчаси бедарак кетишди – улар тирикми, ўлганми – номаълум.

Булардан ташқари, Тўлқин-қори Йўлдош (Тошкент шаҳридаги Чуқурсой маҳалласи масжидининг имоми), Абдулло Аҳмад (Андижон ш.), Неъматуллоҳ Парпи (Андижон ш., 1996 йилда), Камолиддин Қосимбек (1999 йил 5 августда), Баҳодир Ҳасан (2000 йилда), Сайфиддин Мўмин (2001 йилда), Шерзод Малик (2001 йилда), Содиқ-қори Раҳмон (Ўзган ш., Қирғизистон Республикаси, 2003 йил сентябрь ойида), Оқилжон Юнус ( Тошкент вилояти, Қибрай посёлкаси, 2004 йил 28 майда), Фарруҳ Ҳайдар (Тошкент ш., 2004 йил 24 июньда), Абдурасул Раҳим (Тошкент ш., 2004 йил 14 июльда), Равшан (Шокир) Исманхўжа (Тошкент ш., 2004 йил 14 июльда), Дилмурод Саъдулла (Тошкент ш., 2004 йилда), Шамсиддин Тўхта (Бухоро ш., 2004 йил 11 августда), Руҳитдин Фаҳритдин (Тошкент ш., 2005 йил 24 ноябрда) ва бошқалар диний мотивлар асосида ўғирлаб кетилади.

1999 йил 16 февралда Тошкентда юз берган тўртта портлаш ва 2005 йилда Андижонда содир этилган хунрезлик И.Каримов мамлакатни бошқарган даврда қилинган жиноятларнинг сўзсиз кульминациясидир, деб бемалол айтиш мумкин. Тошкент портлашларини ҳукумат кучлари уюштиргани белгилари шу қадар равшан эди-ки, бу ҳақда уларни ўз кўзи билан кўрган одамлар ўша куннинг ўзидаёқ баралла гапира бошлаган эди. Тошкент портлашлари, И.Каримовнинг режаси, нияти ва умиди бўйича диндорлар ва сиёсий мухолифатга, асосан унинг лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳга бериладиган охирги ва тугал зарба бўлиши керак эди. Натижа нима бўлди?

1) М.Солиҳга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, сиртдан ўтказилган суд уни 15,5 йилга “кесди”. Ўша пайтда М.Солиҳ Прагада эди, И.Каримов уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни талаб этди, Чехия прокуратураси жиноий иш ҳужжатлари копиясини Прагага юборишни сўради, Тошкентда жиноий иш ҳужжатлари зудлик билан инглиз тилига таржима қилинди, Чехия прокурорлари ва судьялари уларни ўрганиб, таҳлил қилиб чиқишди ва … жиноий иш ҚАЛБАКИ дейишди. И.Каримов “Чехия суди ва прокуратураси нари борса ўзимизнинг жонажон судимиз ва прокуратурамиздай” деб ўйлаган бўлса керак.

1999 йилги Тошкент портлашлари кутилмаганда ХХ-асрнинг 1925-1935 йилларида Марказий Осиёда динсиз большовойларга қарши шиддатли кураш олиб борган, ўлса қайтмас, диндор инсонларнинг “Босмачилар ҳаракати” ташкилоти каби янги “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” (ЎИҲ)ни дунёга келтирди.

Ташкилотга, юқорида айтилгандек, наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний бош бўлишди. Портлашлар Тошкентда бўлган-ку, нега ЎИҲга наманганликлар бошлиқ бўлишди? Гап шунда-ки, портлашлардан бир кун ўтар-ўтмас ҳукумат Наманган шаҳри ва Наманган вилояти одамларини оммавий тарзда қамай бошлади. Ҳукумат одамлари қама-қамада шу қадар фаол бўлиб қизишиб кетдилар-ки, ҳатто юзлаб қамалганларнинг 27 тасини Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 151-моддаси (Агрессия) билан айблашди.

Гарчи Ўзбекистон БМТга аъзо бўлса-да, прокуратура ва бошқа тергов органлари ходимлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра агрессия жинояти (яъни, бир давлат бошқа давлатга қуролли ҳужум уюштириши) билан фақат агрессор давлат бошлиғи айбланиши мумкин эканини билмас эканлар!

Ваҳолан-ки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 20-бандида: “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади”, дейилган ва, демак, фақат у (давлат бошлиғи) Қуролли Кучларга бошқа давлатга қуролли ҳужум қилишга буйруқ бераолади!

(Давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.