Камолиддин Раббимов: Муҳтарам Президент, бу ҳолатлар янги Ўзбекистонимизга оғир юк бўлади…
Ушбу постни ёзишдан олдин анча ўйландим. Лекин, бу фикрларни айнан ҳозир билдириш лозим топдим. Фикрларим Ўзбекистон давлатчилигига етиб боради деб умид қиламан. Гап Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насреддинов ва улар устидан кутилаётган суд жараёни ҳақида.
1. Ўзбекистон кейинги чорак асрда ўта машаққатли давлатчилик шаклланиш даврини бошдан кечирди. Мустақил Ўзбекистон дунё тарихидаги энг катта тоталитар давлат – СССР вайроналари ўрнида ташкил топди. Шу сабаб, тоталитар назорат ва диктатура тафаккури – давлатчиликнинг деярли табиий ҳолати сифатида намоён бўлди. Нафақат ҳокимиятда, балки жамиятда ҳам эркинлик ва маданиятли сиёсий рақобат қадриятлари шаклланмаган эди.
Ҳокимият нолегитим бўлган даврларда, тарихан ҳар доим, сиёсий курашлар ҳам нолегитим усулларда кечган. Чунки бундай ҳолларда нолегитимлик – умумий ўйин қоидасига айланади. Ўзбекистон қонунчилигидан олиб қараганда, табиийки, Бобомурод Абдуллаев ва уни ҳамкорлари фаолиятида ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўлиши эҳтимоли юқори.
Лекин, бу ўриндаги асосий масала – контекст. Ўзбекистон ҳокимияти ўн йилликлар давомида Конституциядан, қонунлардан, ҳалқаро мажбуриятларидан қўпол равишда чекиниб келди. Бобомурод Абдуллаевнинг эҳтиросли фикрлашини, уни ҳатти-ҳаракатларини айнан мана шу контекстдан олиб қараш лозим.
2. Ўзбекистон янги ҳокимияти репутацияси шу қадар муҳим стратегик ресурски, уни бадном бўлишидан жуда ҳам манфаатдор кучлар, баъзи давлатлар мавжуд. Аслида Бобомурод Абдуллаев иши мутлақ сиёсий иш бўлганлиги сабаб, ҳукм ҳам сиёсий контекстни инобатга олиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яъни, Бобомурод Абдуллаев ишини ўтган давр сиёсий контекстидан олиб қараш, янги ҳокимият репутациясига юк бўлишига йўл қўймаслик, ва сиёсий ислоҳотлар эшигини ёпилишига имкон бермаслик каби вазиятлар мавжуд.
Ўйлайманки, агар суд-ҳуқуқ тизими Бобомурод Абдуллаевга нисбатан айбловларни илгари сурганида ҳам, энг юқори давлат органи бўлмиш Президентлик институти ўзининг амнистия ваколатини ҳукм чиққан вақтидаёт ишга солиши – Ўзбекистон давлати репутацияси учун энг яхши йўл бўлар эди.
3. Бобомурод Абдуллаев билан ҳеч қачон сафдош бўлмаганман, у билан кўп марта фикрий тўқнашганман. Уни тафаккурига ва яширин фаолиятига нисбатан ўта танқидий фикрда бўлишим – мени юқоридаги фикрларимни самимий аҳамиятини асослайди.
Ҳар бир давлатнинг, янги ҳокимиятнинг асаблари, интеллектуал салоҳияти бўлади. Ўзбекистон янги ҳокимияти ўзининг асаблари мустаҳкам эканлиги, вазиятни ўз салоҳияти орқали бошқара олишини кўрсатиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Акс ҳолда, Ўзбекистон давлат репутациясига ойма-ой мисқоллаб қора доғлар ёпишаверса, 3-4 йилдан кейин ҳамма – оддий одамлардан тортиб, олий ҳокимиятгача, умумий ресурсимиз бўлган Ўзбекистон ижобий репутациясини яна бир бор йўқотганимизни англашимиз мумкин. Бу эса яна бир авлод умри зое бўлганлигини, Ўзбекистон эса минтақавий ва глобал рақобатда яна ютказганлигини англатади.
Бугун видеода Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насреддиновларнинг оналари судни кутишаётганини кўрдим. Уларга ачиндим, раҳмим келди. Уларни ўрнига онамни қўйиб кўрдим, юрагимга оғир ботди. Одамлар, сиёсатчилар ҳокимият учун ёки унга қарши курашиб, бир-бирларига кўп азоб беришади, лекин натижада азобларни энг кўпини оналар тортади.
Агар менда Президент Мирзиёевга мурожаат қилиш имконияти бўлганида, “Муҳтарам Президент, бу ҳолатлар янги Ўзбекистонимизга оғир юк бўлади, йўлини топиб, барча диний ва сиёсий маҳбусларни озод қилсак – қандай гўзал давлат бўлардик!” деяр эдим.
Fikr bildirish