Рўзибой Азимий: Депутат нега интервьюдан бош тортди (ёхуд журналистни менсимайдиган депутат депутатми?)

Бундан роппа-роса бир ой олдин “Mulkdor” сайтида “Президентни маддоҳлардан асраш керак”, деб номланган мақолам эълон қилингандан кейин ушбу мақолада тилга олинган “қаҳрамон”имиз — ӮзЛиДеП аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати, ӮзМТРК таркибидаги каналлардан бирида режиссёр бӯлиб ишлайдиган Олимжон Тӯхтаназаровдан Facebookдаги саҳифамга дӯстлик таклифи келди.

Сидқидилдан қабул қилдим.

Олимжон ака билан ӯзаро салом-аликдан, унинг саволларига қисқа жавобларимдан кейинги мавзу юқорида номи қайд қилинган мақолага бориб тақалди.

Хулласи калом, Олимжон аканинг фикрича, мақолада “танқидни ҳаддан ташқари ошириб юборганман”…

Ӯзаро савол-жавобдан кейин мен Олимжон акага мақолага қарши фикрлар бӯлса, у ҳолда интервью уюштиришимиз мумкинлигини ва ӯз фикрини ана шу ӯтказажак суҳбатимизда бемалол баён қилса бӯлишини билдирдим. Шу тариқа, суҳбат жараёнида Олимжон ака билан интервью уюштиришга келишдик.

Депутат, менимча бу таклифга бажонудил рози бӯлди. Ҳатто ӯзининг ҳар доим алоқада эканлигини, интервью саволларимга жавоб беришга ҳамиша тайёрлигини, ҳар қандай саволларга жавоб бера олишини кӯтаринки руҳда маълум қилди.

Олимжон аканинг жавоби рости мени чунон руҳлантирди. Айниқса, “ҳар қандай саволларингизга тайёрман”, деган жавобидан тамоман қувониб кетдим.

Чунки депутатлардан интервью олиш мустақиллигимизнинг сӯнгги 15-20 йилида, аввало, унча осон бӯлмай қолганди, қолаверса, депутатлар қилаётган иш мутлақо сезилмаётганлиги учун улардан интервью олиш ҳам унчалик қизиқ бӯлмай қолганди…

Хуллас, Олимжон аканинг розилигига асосан унга биринчи саволимни жӯнатдим. Савол қуйидагича эди:

“Олимжон ака, маълумки, Ӯзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ӯтган ойда Президент Шавкат Мирзиёевни “Ӯзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлаш ғояси илгари сурилди. Орада кӯп вақт ӯтмасдан Сиз, ӮзЛиДеПнинг Наманган вилоят кенгаши депутати ваколатидан фойдаланган ҳолда Президентни “Нобель” мукофотига тавсия қилишга доир таклиф билан чиқдингиз. Сир эмас, Сизларнинг қӯшалоқ таклиф ва ғояларингиз кенг халқ оммаси томонидан ҳар хил кутиб олинди. Ҳимоячилар ҳам, танқидчилар ҳам ӯз фикрларини айтдилар. Менимча, бу борада қӯллаб-қувватловчилардан кӯра танқидчилар кӯп бӯлди. Ана шундай танқидларга нисбатан муносабатингизни билсам бӯладими?”.

Бироқ, афсуски, Олимжон ака, ушбу саволимга 3-4 кунгача жавоб бермади. Ҳайрон ҳолатда депутатга такроран мурожаат қилдим. Чунки ишни бошлаб қӯйганмиз. Олимжон ака, саволлар камлигини, ӯзимни қизиқтирган қолган саволларни ҳам ёзиб юборишимни, ҳамма саволларимга бир йӯла жавоб беражагини маълум қилди.

Ислом Каримов бошқаруви даврида депутатлар оддий халқни менсинмай қӯйганлиги, ҳамиша оёғи ердан узилган ҳолда юрганлиги, журналистларга паст назар билан қараб келганлиги каби омиллар ёдимга тушиб, депутатнинг бу инжиқликларини “эски эркаликлардан ҳали фориғ бӯлолмаётган бӯлиши мумкин”лигига йӯйиб, яна депутатнинг йӯриғига юриб, айтганини қилишга мажбур бӯлдим ва унга ӯзимни қизиқтирган қолган учта саволларимни жӯнатдим.

Саволлар қуйидагича эди.

Иккинчи савол:

“Ӯзбекистондаги мавжуд партияларга нисбатан “чӯнтак партия”, деган атама пайдо бӯлган. Бу атама партиячилар кӯнглига оғир ботмайдими? Одамлар орасида партияларимизнинг мавқеи нима сабабдан паст? Бу ҳақида нима дейсиз?”.

Учинчи савол:

“Мухолифатга нисбатан муносабатингиз қандай? Партияларимиз сафида мухолифат партия ёки ҳаракатлар бӯлиши керакми?”.

Ва, ниҳоят, тӯртинчи савол:

“Сиз ишлайдиган телевидение соҳаси бугунги кун талабига жавоб бера оладими? Нима сабабдан тележурналистларимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидий чиқишларига кам эътибор қаратмоқда. Бунинг боисини нимада деб ӯйлайсиз?”.

Олимжон аканинг айтганини қилиб, унга ӯзимни қизиқтирган барча саволларни ӯз вақтида жӯнатдим ва саволлар билан танишиб чиққанига ҳамда яқин икки-уч кун ичида Телеграм тармоғи орқали жавоб беражагига оид хабаридан воқиф бӯлганимдан кейин ваъда қилинган кунни кутдим.

Депутатга ваъда қилинган кундан 3-4 кун ӯтгач қайта мурожаат қилишга мажбур бӯлдим. Унинг бу сафарги мактаб ӯқувчиларига хос жавоби шунчаки хафсаламни пир қилмади, балки журналистни эрмак қилаётганини яққол англатди.

Холбуки, жаноб Тӯхтаназаровга савол жӯнатишдан олдин ҳам унинг сӯровига биноан мақола “Mulkdor” cайтида ёритилиши, мазкур сайт “Бирдамлик” ХДҲ сайти экани ҳақида маълумот берган эдим. Бу сафар ушбу жавобларимни яна такрорладим.

Олимжон ака, товусдек товланишга ӯтди. Ӯзи ваъда қилганидек, саволларимга жавоб бериш ӯрнига аксинча, мени саволлар билан кӯмиб ташлади. “Ӯзбекистонда қисқа муддат ичида амалга оширилган ислоҳотларга муносабатим”ни, “Ӯзбекистонда рӯй бераётган қатор ӯзгаришларни қӯллаб-қувватлаш ёки қувватламаслигим”ни, “Ӯзбекистонда охирги март қачон бӯлганим”ни билишга доир саволлар беришди.

Шу тариқа депутат журналистдан интервью олишга ӯтди.

Хуллас, Олимжон Тӯхтаназаровдан интервью саволларига жавоб бермаслиги, журналистга нисбатан паст назар билан қараши замирида нималар яширинганини сӯрашга мажбур бӯлдим.

Депутат “ёрилди”. Қуйида Олимжон аканинг жавоби ва унга ӯзимнинг жавобларим айнан келтирилмоқда:

О.Т.: “Чўнтак партия” деган атама бу сизлар ўйлаб топган атамами? Ҳеч қаердан бундай атамани топмадим? Савол ғалати.

Р.А.: Ҳеч иккиланмасдан жавобларингизни эркин баён қилаверсангиз ҳам бӯлади. Мана масалан, 2-саволга жавоб берибсиз.

О.Т.: Атамани билмас эканман. Эшитмаганман. Сизлар топганмисизлар бу атамани.

Р.А.: Мана шу фикрларингизни жавоб тариқасида ёзинг. Савол ғалати бӯлса ғалатилиги ҳақида фикр билдираверинг…

Депутат яна талқон ютди ҳолатга ӯтди.

Гарчи, жаноб депутатнинг ундан ҳам олдинги жавобларидан эффектни яққол билган бӯлсам ҳам менга Ш. Мирзиёев даври депутатларининг журналистларга муносабати нечоғлигини билишга бӯлган қизиқишларим ором бермади.

Депутат негадир менинг Ӯзбекистонда доимий яшашимга ишонмади. Менимча, у ҳамон “Ӯзбекистонда яшайдиган журналистлар депутатларга бундай савол бериши керак эмас”, деган тамойилдан воқиф бӯлмаган. Бу эса, Шавкат Мирзиёев депутатларидан, яъни журналистларга паст назар билан қарайдиган халқ пулига яшаётган депутатлардан ҳам бирор янгилик кутиш амримаҳоллигини англатади.

Ҳолбуки, барча демократик давлатларда депутатлар журналистларнинг саволига сидқидилдан жавоб беради. Улар учун журналистнинг ӯзлари фаолият юритаётган давлатда яшаш-яшамаслиги, нашрлари қайси давлатда рӯйхатдан ӯтган-ӯтмаганлиги муҳим аҳамиятга эга эмас.

Депутат Олимжон аканинг сӯнгги жавоби: Қачонки, Тошкентга келсангиз шундан кейин саволларингизга жавоб бераман! Бироқ, Тошкентга эмас, депутат яшаётган Наманганга борсак ҳам барибир жавоб бермайди. Чунки Олимжон Тӯхтаназаров каби депутатларимизни элимиз, юртимиз муаммолари заррача қизиқтирмайди. Лекин курси керак! Уни сақлаш ва авайлаш шарт ва зарур!

Қизиқ Озодлик мухбирлари депутатдан интервью олишни сӯраганда улардан ҳам Тошкентга келишини талаб қилдимикин? Бу депутат нега ҳаммани олдига чақиришга ишқибоз? Мана кӯрасиз, яқинда Нобелчилар Мирзиёевнинг олдига келиб президенттимизни Нобель мукофоти билан тақдирллаб кетади. Буни юрагим сезяпти деди-я?

Бизнинг депутатларимиз қачон ҳақиқий депутат бӯларкан-а?

Муаллиф: Рӯзибой Азимий

Мақола mulkdor.com сайтидан олинган.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan