Журналист Матлуба Азаматова: ТОПТАЛГАН АЁЛ ҚАДРИ
Мен интернет орқали оммага тарқатилган видеони кўриб туни билан ўзимга келолмадим.
Хақиқатдан хам бундан ортиқ тубанлик бўлмаса керак. КИМНИНГДИР ОНАСИ. КИМНИНГДИР ОПАСИ ЁКИ СИНГЛИСИ БЎЛГАН БУ АЁЛЛАРНИНГ ҚАДРИ ЕР БИЛАН ЯКСОН БЎЛГАНИ миллатнинг фожеасидир.
Мана шундай аблах, номард, эркакман деб ховлиқиб, камига форма кийиб олган ярамасларни кўриб нафратланади одам. Ахир ўша фаросатсиз номарднинг ҳам оиласи бордир? Ақли бор одам бу ишни қилмайди ахир?
Умуман 3 фарзанднинг онаси сифатида бундай кечирилмас гуноҳни килган кимсага нафратим кучли. Энди журналист сифатида ўзимнинг баъзи мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман.
Озодлик саҳифасида эълон қилинган видеони кўрдим, мақолани ўқидим ва бу радиодаги хамкасбларимдан қаттиқ ранжидим.
Сабаби шов-шувли материал эълон қилиш ортидан бусиз ҳам эгилган. номусдан ўзига келолмай эл-юрт олдида бошини кўтаролмай қолган тасвирдаги аёлнинг баданини янада халққа кўрсатиб шарманда қилишга асос бормиди?
Антиташвиқот ҳам ташвиқот аслида. Нега энди номахрам эркаклар олдида ечинишга мажбур қилинган аёлни яна ҳаммага кўрсатиш керак?
Эҳтимол, шарманда бўлган аёлнинг юзи кўрсатилмаганку, деб эътироз билдирарсиз?
Ҳа, юзи кўрсатилмаса хам бадани деярли кўриниб турибди видеода. Кийимлари, қадди қомати шундайгина очик кўриниб диққкатни тортади. Факатгина сал-пал интим жойлари тўсилгани билан бу ёлни таниш қийин деб ўйлайсизми?
Ўғирликда гумон қилинган бу аёлларни шунчалик хўрлаш шартмиди? Ўша аёл ҳам ўзида жасорат топиб кийимини ечиши шарт эмас эди. Отсанг отиб ташла бу шармандаликдан кўра ўлганим яхши , деб қаршилик кўрсатиши мумкин эдику, бу аёл!!!!
Нега шундай жасорат етишмади? Ҳуқуқларини билмаганиданми? Ёки милиция зўровонлари илдиз отиб кетганиданми Самарқандда? Эҳтимол, Самарқанд вилояти, Каттакўрғон шаҳар ички ишлар бўлимида бундай ҳолатлар оддий ҳисобланар?
Интернетда минг маротаба лаънат ёғдирилган . аёл қадрини ерга уриб ҳақоратлаган шахснинг исмини Озодлик радиоси шундай изоҳлайди.
”Озодлик ўтказган суриштирув давомида¸ бу воқеанинг 3 июнь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг биносида бўлгани¸ аëлни қўрқитув ва босим билан ечинишга мажбурлаган шахснинг эса¸ ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров эканини аниқланди. ”
Шунингдек, Озодлик радиосининг таъкидлашича. айбдор ўз айбини тан олган. Шахсан мен ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаровнинг айбини тан олганига ишонмайман.
Айбсизлик презумпциясига кўра айбдор сифати гумон қилинаётган шахснинг айби судда исботини топмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ – айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча уни айбсиз деб фараз қилиш. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми б-н аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Эхтимол. Озодлик қўнғироғига жавоб берган шахс умуман терговчи эмасдир.
Мен ички ишлар бўлимларидан жуда куп материаллар қилганман. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, терговчими, оддий ходимми матбуотга, айниқса хориж матбуотига ўз ҳолича интервью ҳам, маълумот ҳам беролмайди.
Бунинг учун Ички ишлар бошлиғига ёки ички ишлар матбуот хизматига мурожаат қилиш керак. Менинг назаримда ҳақиқий журналист ўзини таништириб олинган овоз ва маълумот радио ёки мақолада фойдаланилишини яширмаслиги керак.
”Терговчи Озодлик билан суҳбатда, шундай воқеа бўлганини тан олди ва бу воқеа юзасидан вилоят прокуратураси жиноий иш очганини билдирди.”
Бу ерда мен мен умуман тушунмадим, ким бу воқеани тан олди? Воқеа содир бўлганиними ёки шу жиноятни ўзи қилганиними? Санъат Умаровми ёки бошқами?
Жабрланган аёллардан узр сўраган шахс ким? Эҳтимол ички ишларнинг бошқа ходими ҳамкасби қилмишидан афсусланиб кечирим сўрагандир?
Ҳақиқатдан хам Санъат Умаров мен ўша аёлларни ечинтиришга мажбур қилиб видеога олдим ва тарқатдим, деб айтдими? Агар шу гап рост бўлса у ҳақиқий терговчи ҳам эмас эканда!
Хуллас, воқеликдан ҳайратлансамда, лекин шу видеони тарқатган шахслардан қаттиқ норозиман. Агар журналист сифатида бу мақолани ёритганимда, энг аввало инсон қадрини биринчи ўринга қўйган бўлардим. Сенсация ортидан қанча умрларга зомин булиш мумкин?
Бутун дунёга шармандали ҳолати тарқатилган бу аёлни кечинмаларини ким тўғри тушунади? Фарзандлари. оиласи қандай бош кўтариб юради? ЎЗИЧИ, бир умр афсус-надоматда қолмайдими? Нега яна уни яна ерга уриш керак?
Мен аёл қадрини шунчалар топтаган ўша номард милиция ходимларига лаънат ўкийман. Мансабини суистеъмол килган бу шахслар албатта жазога тортилиши керак.
Сўзимнинг якунида, истардимки, гап инсон ҳаёти ҳакида бораётганда журналист халқи хам масъулиятни ҳис килиши керак.
Журналист кайси матбуотга ишлашидан қатъий назар ҳақиқатни ва тўлик ўрганилган маълумотни таркатиши шарт. Эълон қилинган материалдан кейин бусиз хам жабр тортган одам яна руҳан ва жисмонан азобга махкум этилмаслиги керак.
Матлуба Азаматова.
Fikr bildirish