Коррупция қурбони бўлиб, сохта айблар билан 17 йилга зиндонбанд қилинган жигаримга кўмак беринг!

Коррупция ботқоғиға ботган кимсалар жиноят қилсинлар эканда, нима учун уларнинг жиноий қилмишлари учун менинг укам, унинг оиласи ва норасида фарзандлари жабр тортсинлар?! Нега?! Уларнинг айби нимада ўзи?!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Нусхаси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Камиловга

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Отабек Муродовга

Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевга

Бухоро шаҳри Оқ масжид кўчаси 8/6 5 хонадонда яшовчи фуқаро Асадова Жамила Жалиловнадан (+998902984709)

ШИКОЯТ АРИЗА

Хурматли Шавкат Миромонович!

Сиз Президент лавозимини эгаллаган паллангиздан бошлаб халқнинг манфаати учун олиб бораётган ҳар бир ишингиз, ҳар бир босган қадамингиз мазлум халқнинг кўзи ўнгида. Сиз миллатимиз, халқимизнинг узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган дарду аламларини, хасратларини тинглаб, дардлиларга малҳам бўлиб, ғамгинларга шодлик улашмоқдасиз.

Айниқса Бухорога қилган ташрифингиз пайтидаги қилган маърузангиз ва унинг ортидан нафақат Бухороликлар, балким бутун дунёга овоза бўлган Бухоро вилоят ДХХ идорасида қийнаб ўлдирилган тадбиркор Илҳом Ибодовни ўлимига сабабчи бўлган  мансабдорларни қамоққа олиб, уларни қилган жиноятлари учун муносиб жазо олишларини ўз назоратингизга олганингиздан кейин Бухороликларни кўксига шамол тегди, ҳақиқат барқарор бўлишига умид пайдо бўлди.

Қонун ҳимоячиси шаклига яширинган бу жиноий кимсалардан нафақат Ибодовлар оиласи, балким юзлаб, минглаб Бухороликлар жабр кўрганлар. Мана шундай жабрдийда оила вакилларидан бири мени укам Жахонгир Шариповдир.

Ушбу орқали, Сизга шуни маълум қилмоқчиманки сохта айбловлар билан қамоққа олиниб, қилмаган жиноятини бўйнига олиши учун минг турли қийноқларга солинган, адолатсиз судлов хукми билан 17 йилга қамалган, 1977 йилда туғилган укам Шарипов Жахонгирни иши бўйича ҳақиқат, адолат қарор топиши, уни озодликка чиқиши учун махсус комиссия тузишни ва ушбу комиссия ишини шахсан ўзингиз назорат қилишингизни ўтиниб сўрайман.

Мен Асадова Жамила аввалом бор опа сифатида сизга мурожаат килябман. Укам Шарипов Жахонгир Жамолович 2006 йил шартнома асосида Бухоро шаҳридаги Гўшт Комбинатининг шакар омбори мудири лавозимига ишга қабул қилинди. Укам бу лавозимда 2009 йилнинг август ойигача ишлади. 3 йил давомида у ўз вазифасини виждонан, халол бажарди.

Унинг вазифаси шакар махсулотини тўлалигича сақлаш ва ҳужжат асосида истеъмолчига етказиш бўлган. Бундан бошқасига унинг ваколати йўқ эди. Шу 3 йиллик шакар омбори мудири вазифасини бажариши давомида укамни фаолиятини текширувчилар текширганда бирор маротаба камомад чиқмаган ва бирор бир қонунбузарлик содир этганлиги аниқланмаган.

2009 йилда Гўшт комбинатида Давлат Солиқ Кўмитаси (ДСК) ва Назорат Тафтиш Бошқармаси (КРУ) томонидан тафтиш қилинганида ҳам шакар омборидан камомад чиқмаган. Лекин давлат захираларига тегишли гўшт махсулоти камомади аниқланган. Ўша пайтда гўшт омбори мудири Жўраев Улуғбек эди. 

Ўша текширувдан кейин 2009 йилнинг 31 август куни Бухоро вилоят МХХ томонидан комбинатнинг 12 нафар ҳодимлари қамоққа олиндилар. Уларнинг 3 нафари 66, 63, 58 ёшли онахонлар эди. Ўша пайтда Бухоро вилоят МХХ бошлиғи Қосимов Ҳасанбой, СБ бошлиғи Бобоқулов Шуҳрат, тергов бўлими бошлиғи Саъдуллаев Бахтиёр ва катта терговчи Сулаймонов Рустамлар ушбу қўзғатилган жиноят иши тергов ҳаракатларини бир йил давомида олиб боришди.

Укам Жахонгир Шарипов тергов давомида гўшт омборига ўзининг умуман алоқаси йўқлигини айтиб, буни тасдиқловчи ҳужжатлар билан исботлаб берган. Шунга карамай терговчи Сулаймонов Рустам Жахонгирга айтганки «Мен биламан сенинг алоқанг йўқ, айбинг ҳам йўқ. Лекин сенинг раҳбаринг Бекмуродов Қаҳрамонни гапиртириш учун, борини олиш учун сенлар орқали ҳаракат қиламиз. Уни бир ўзи бўлса жуда қисқа муддатда озодликка чиқиб кетиши мумкин. Сенларни ҳам аралаштириб, жиноий гуруҳ яратсак, унда уюшган жиноий гуруҳнинг раҳбари сифатида узоқ йиллар ўтиради ёки бизни айтганимизни қилади» деган.

Тергов жараёни кетаётган пайтида укам узоқ пайтгача терговчиларни уни зиммасига қўяётган айбловни тан олмаган, умуман жиноят содир этмаганлигини, буни терговчиларга тақдим қилинган ҳужжатлар исботлашини таъкидлайверган. Шундан кейин укам  ўтирган камерага судлар ҳукмларига асосан «ўта хавфли рецидивист» деб топилган маҳкумлар сақланадиган маҳсус «Қоровулбозор» қамоқхонасидан гўшт комбинати иши бўйича ҳибсга олинган маҳбусларга қийноқлар қўллаш ва улардан иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида «лохмачлар» олиб келинади.

Шундай «лохмач»лардан бири – ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун бир неча марта қамалган, суднинг ҳукми билан «ўта хавфли рецидивист» деб топилган Элов Фозилни укам Жахонгир ўтирган камерага укамга қийноқлар қўллаб, ўзи содир қилмаган жиноятларни тан олиб, керакли ҳужжатларга имзо чекиб беришга мажбур қилиши учун ташлаганлар.

Элов Фозил укам билан бир камерада 4 ярим ой давомида бирга бўлган. Мана шу 4 ярим ой давомида у укамга тинчлик бермаган, тинимсиз азоблаган. Кечалари камерадан чиқиб кетиб, маст холатда камерага қайтган ва укамга нисбатан кечалари билан қийноқлар қўллаб келган. Кечалари унга уйқу бермасдан, Гўшт комбинатининг директори Бекмуродов Қаҳрамонга қарши сохта, ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур қилган. Охир-оқибат «лохмач» Элов Фозилнинг узлуксиз қийноқларига дош бера олмаган укам улар айтган барча ҳужжатларга имзо чеиб беришга мажбур бўлган.

Жахонгирни хеч қандай жиноят содир этмаганлиги учун ҳам ўзига қарши иқрорлик кўрсатмаси ҳамда Гўшт комбинати директори Бекмуродов Қахрамонга қарши берган «гувоҳлик кўрсатмалари» Элов Фозилнинг тинимсиз равишда қўллаган ваҳшиёна қийноқлари сабаб бўлганлигини укам билан ўша пайтларда бир камерада ўтирган камерадошлари тасдиқлайдилар. Шундан камерадошларидан бири Бухородаги Пахта банкнинг собиқ бошлиғи Рустам Хамиддир. 

Укам Жахонгир Шариповга нисбатан Жиноят Кодексининг 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик), 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш),189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларни бузиш), 242-моддаси 1-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш), 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддасида (Мансаб сохтакорлиги) кўрсатилган жиноятларни содир қилганлиги айби қўйилган.

2010 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судяси Юсупов укам ва унинг ҳамкасбларига 17 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган. Хозирги кунда укам Бухоро вилоят УЯ64/85 жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтамоқда.

Укам ва унинг ҳамкасблари адолатсиз суднинг ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинганларидан кейин адолат қарор топиши илинжида бир неча йиллардан буён тиним билмай шикоятбозликлар қиламиз. Қани энди бирор бир инсон топилсаки, бизни дардимизни тингласа ва ҳақиқат қарор топиши учун ёрдам қўлини чўзса.

Жахонгир ва унинг ҳамкасблари емаган сомсага пул тўлаб, бутун ёшликлари қамоқда ўтмоқда. Аслида камомадни келтириб чиқарган мансабдорлар бошқалар эканлигини билсаларда, уларни хатто маъмурий жавобгарликка ҳам тортишмади. 

Гўшт комбинатидаги камомаднинг айбдорлари МХХ терговчилари ва судяларни сотиб олишлари, қонун ҳимоячиси саналмиш ДХХ терговчилари ва судяларни қонунга ҳиёнат қилишлари эвазига 11 нафар беайб инсон зиндонда қолмоқдалар. 

Хурматли Шавкат Миромонович!

Мен олий маълумотли ҳуқуқшунос эмасман, атига укасига қилинган адолатсизликларга қарши курашаётган опаман холос.

Мен укамнинг умуман беайб эканлигини ўша уни зиммасига содир қилмаган жиноятларни бўйнигакуч ишлатар тизимлардаги мансабдорлар манфаати учун хизмат қиладиган «лохмач»лари ёрдамида илган ДХХ терговчиларию, адолатли бўлиш ва қонунларга бўйсунишга қасамёд қилиб судялик лавозимини эгаллаган судлардан кўра яхшироқ тушунаман ва далиллар ёрдамида исботлаб беришга доимо тайёрман.

Укам Жахонгир Шариповни ўзи ҳам бўйнига қўйилган айблар 4 ярим ойлик қийноқлар натижасида эканлигини тинимсиз равишда таъкидлаб келмоқда. У ўзига қўйилган айбларнинг бирортасига ҳам иқрор эмас. Айбловлар нотўғри қўйилган.

Укам Жахонгир Шариповни айбсизлигини исботи тариқасида унга қўйилган Жиноят Кодексининг қуйидаги моддалари тахлилини қилинса ҳақиқат ошкор бўлади:

179-модда: «Сохта тадбиркорлик» жинояти содир қилгани ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Жахонгир Шарипов тадбиркор эмас, у шартнома асосида ишга қабул қилинган омбор мудири. У қандай қилиб ўзи фаолият юритаётган корхона номига кредитлар ёки ссудалар олиши мумкин, қайси даромадни яшириши мумкин?!

182-модда: «Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» жинояти содир қилгани ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Жахонгир Шарипов атига Гўшт комбинатининг шакар омбори мудири бўлса божхонага унинг нима алоқаси бор?!

184-модда: «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» жинояти содир этгани ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Жахонгир Шарипов Гўшт комбинатига шартнома асосида ёлланган ишчи бўлса, қайси солиқни тўлаши керак эди? Ахир комбинатга тегишли барча тўловларни тўлаш комбинат раҳбариятининг зиммасида бўлиши керак эмасми?!

189-модда: «Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш» жинояти содир этганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Жахонгир Шарипов гўшт ва шакар маҳсулотларини бартер бўлаётганини билиб, савдо қоидасини бузгандир, лекин на комбинатга, на давлатга, на аҳолига бирор сўмлик моддий зарар етказмаган!

242-модданинг 1-қисми: «Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек уларни мавжуд бўлишини ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият» жинояти содир этганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Қандай қилиб шакар омбор мудири жиноий уюшма тузиши ва таркибини сақлаши мумкин? У раҳбарият билан ўзаро тузилган мехнат шартномасига асосан ўзини зиммасига юклатилган вазифани бажарса, қонунга итоат этса?!

243-модда: «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш» жинояти содир этганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Ўзингиз ўйлаб кўринг. Жахонгир Шариповнинг тасарруфида бўлган шакар омборида шакар махсулотлари тўлалигича бўлса, камомад ёки ортиқчалар бўлмаса, омбордаги маҳсулотлар билан ҳужжатдаги маҳсулот миқдори ва суммаси ўртасида тафовут бўлмаса, корхонада мавжуд бўлган даромад ёки пул ва шунга ўхшаш манбааларга ваколати бўлмаса ва эгаллаб турган лавозими бу нарсаларга яқинлашишга ҳуқуқ бермаса, укам қайси даромадни қандай қилиб ўзлаштириши мумкин?!

167-моддаси 3-қисми: «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан, яъни айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растарата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш» жинояти содир этганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

«Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш» жиноятини содир этганликда айбланаётган Жахонгир Шариповнинг ўша пайтда тасарруфида бўлган шакар махсулотлари 1 кг кам ҳам ёки ортиқча ҳам бўлмаган. Бунга ДСК ва Назорат Тафтиш бошқармаси (КРУ) томонидан ўтказилган тафтиш хулосалари исбот бўлади. Жахонгир Шариповни айблов ҳукми билан танишсангиз ҳукмда ҳам шакар махсулотларидан камомад бўлмаганлиги баён қилинган.

Агар суд ўзи Жахонгир Шарипов бошқарган шакар омборида умуман камомад ёки бошқа қонун бузилиши содир этилганлигини исботлайдиган далилга, яъни ашёвий далилга эга эмас экан ва буни ҳукмда тан олиб ўтган экан унда нима учун «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш» жинояти содир қилганликда айблаганлар уни?! Қайси важга асосланиб укамга бу жиноятни содир қилганлик айби юкланганини ким, қайси давлат органи тушунтириб, асослаб беради бизларга?!

205-модда: «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи, мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказишга сабаб булиш» жиноятини содир этганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Жиноят Кодексининг ушбу моддасида кўрсатилган жиноятни Жахонгир Шарипов содир этиши умуман мумкин эмас. Чунки у на бирор-бир ҳокимият вакили, ёки бирор-бир мансабдор шахс эмас. У шунчаки Гўшт комбинатининг шакар омбори мудири вазифасида ишлаган, фаолияти давомида на давлат манфаатига, на корхона манфаатига заррача ҳам зиён етказмаган инсон.

206-модда: «Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш» жиноятини содир қилганлиги ҳақидаги важни инкор этгувчи далил.

Яна такрорлайманки укам Жахонгир Шарипов хеч қандай ҳокимият вакили эмас, мансабдор шахс ҳам эмас. У на давлатга, на корхонага хеч қандай зарар етказмаган!

207-модда: «Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, мансабдор шахснинг ўз вазифасига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб булиш» жиноятини содир қилганлик важини инкор этгувчи далил.  

Мен укам Жахонгир Шариповни  буткул оппоқ, ўз вазифасини бажариш жараёнида хатога йўл қўймаган дейиш фикридан буткул йироқман. Укам ҳақиқатан ҳам мансаб эмас, ўз ишига эътиборсиз муносабатда бўлиб, шакар махсулотларини дўкон мудири М.Боймуродов номига расмийлаштирилган транспорт накладнойи билан бошқа одамга, яъни қассобларга бериб юборгани ҳақиқат.

Лекин шакар махсулотини олиш учун келган, Гўшт комбинатига доимий равишда гўшт маҳсулотлари етказиб берувчи қассобни қўлида дўкон мудири Боймуродовни, корхона директорини, тарозибонни ҳамда корхона қоровулининг имзоси бўлганлиги учунгина ва рахбарият ўша накладной билан шакарни олишга борган қассобга бериб юбориши ҳақида топшириқ берганидан кейингина Жахонгир Шарипов Боймуродов номига ажратилганва расмийлаштирилган шакар махсулотини ўша ҳужжатни олиб келган қассобга бериб юборган.

Юқорида айтиб ўтганимдек Боймуродов номига расмийлаштирилган шакарни қабул қилиб олганлар ҳам нотаниш кимсалар бўлмаган. Аксинча комбинатга гўшт топширган қассобларга беришга нақд пул бўлмаганлиги учун пул ўрнига шакар олишларини айтганлар. Қассобларни топширган гўштлари эвазига шакар бериш, яъни бартер қилишга гўшт комбинати рахбарлари ҳам, Боймуродов ҳам рози бўлганлар ва рухсат берганлар. Укам бу бартер операциясини қонун доирасида, яъни рахбарнинг топшириғига асосан амалга оширган.

209-модда: «Мансаб сохтакорлиги» жинояти содир этганлиги важини инкор эгувчи далил.

Жахонгир Шарипов мансабдор шахс бўлмаса қандай қилиб «Мансаб сохтакорлиги» жиноятини содир этган бўлиши мумкин?!

Хурматли Шавкат Миромонович!

Адолатсизлик қурбони бўлган укам Жахонгир Шариповни 3 нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Адолатсизлик сабаб турмуш ўртоғининг қамалиб кетиши, ҳақиқат учун тинимсиз курашлар натижа бермагани ортидан укамнинг турмуш ўртоғи фарзандларини мени қарамоғимга қолдириб кетган. Мени эса соғлигим жуда абгор ҳолатда.

Йиллар давомида ҳақиқат истаб бош уриб бормаган остонам, ҳақиқат қарор топишига кўмак беришларини сўраб мурожаат қилмаган мансабдор қолмади мамлакатда.

Кимдир мени дардимни лоқайдлик билан тингласа яна бир дўқ пўписа билан жавоб берди, яна бири тахдид ва шантаж қилди. Буларнинг барчаси мени соғлигимни кескин ёмонлашувига олиб келган.

Вояга етмаган норасида жиянларимнинг аянчли тақдирларини ўйласам бошимга қай бир тошга уришни билмайман. Ахир уларни айби нимада?

Коррупция ботқоғиға ботган кимсалар жиноят қилсинлар эканда, нима учун уларнинг жиноий қилмишлари учун менинг укам, унинг оиласи ва норасида фарзандлари жабр тортсинлар?! Нега?! Уларнинг айби нимада ўзи?!

Ягона таянчимиз, ишонган тоғимиз Сизсиз! Илтимос укамнинг тақдирига бефарқ қараманг!

Сизга хурмат ва эхтиром ила Асадова Жамила

13 август 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.