Юбилей муборак! Давлат ва сиёсат арбоби Бобур Маликов 70 ёшда!
Бугун, 2 сентябрь – азиз устозимиз, халқимизнинг забардаст фарзанди, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоевнинг набираси, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги биринчи фавқулотда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Олий Судининг собиқ раиси ва собиқ Адлия вазири, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Бобур Мажидович Маликов 70 ёшли юбилей айёмини Вашингтонда оиласи, яқинлари ва дўстлари даврасида қарши олмоқда.
Шу улуғ айём муносабати билан Бобуржон акани чин дилдан табриклаймиз!
Таниқли давлат ва сиёсат арбоби Муҳаммад-Бобур Мажидович Маликов 1948 йилнинг 2 сентябрида Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган.
Отаси — Мажид Маликов (марҳум) урушдан кейинги оғир вақтларда Фарғона вилояти Охунбобоев тумани Ойимча қишлоғида жамоа хўжалиги (колхоз)га узоқ йиллар раислик қилади.
Онаси — Ҳайринисо ая Охунбобоева 2015 йилнинг 6 июлида 94 ёшида Тошкентда вафот этган.
Бобур Маликов 1949-1957 йилларда Фарғонада яшаб, 1967 йилда Тошкентдаги авиатехникумни тамомлаб, бир йил терувчи-уста вазифасида ишлаган.
1972 йили Тошкент Давлат Университети (ТошДУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.
1972-1977 йилларда Тошкент шаҳри ва Республика прокуратураси тизимларида фаолият олиб борган Бобур Маликов, 1977 йилдан Адлия тизимида ишлаган.
1983 йилда Тошкент вилояти судининг аъзоси, 1985 йилда Олий Суд аъзоси, 1987-1989 йилларда эса, Андижон вилояти суди раиси, кейинроқ, яъни 1989 йили Ўзбекистон Олий Суди раиси ва бир вақтнинг ўзида СССР Олий Судининг аъзоси лавозимида ишлаган.
Бобур Маликов 1991 йили Ўзбекистон Адлия вазири лавозимига тайинланган.
1993 йили (19 февралдан 1993 йилнинг охиригача) Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги биринчи фавқулотда ва мухтор элчиси лавозимида фаолият олиб борган.
Бобур Маликов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан, 1993 йилда истеъфо бериши ортидан ҳозиргача АҚШда сиёсий муҳожирликда оиласи билан бирга яшаб келмоқда.
Б.М.Маликов Ўзбекистон ҳукумати хизмати тизимида туриб, жасорат билан мухолифат сафларига ўтган юқори лавозимдаги мансабдор ҳисобланади.
Бобур Маликов собиқ СССР Олий Суди аъзолиги даврида СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян ва Ивановлар Ўзбекистонда олиб борган ишларини қатағон атаб, 3,5 мингдан ортиқ «ўзбеклар иши», «пахта иши» каби сохта айбловлар билан судланган кишиларнинг оқланишларига эришган.
Оилали, икки фарзанди ва бир набираси бор.
Ҳурматли Бобур Мажидович!
Ўзбекистон Адлия тизимида, мамлакатимиз давлат бошқаруви пойдевори такомиллашувида, Ватанимиз Мустақиллигининг дастлабки тарихий даврида Сизнинг фаолиятингиз алоҳида юксак ўринга эгадир.
Бугун Ўзбекистон Адлия, Прокуратура ва Суд тизими бошқа кўплаб сохалар каби мутлоқ ислоҳотларга муҳтож.
Сиз ва сафдошларингиз йиллар давомида куйиниб айтиб келган сўзларингизни, кескин танқидларингизни Президент Шавкат Мирзиёев ўтган икки йил давомида юксак минбарлардан бот-бот таъкидлаб келмоқда. Суд ва адлия тизимида ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистондаги ҳар бир адлия ходимига, барча ҳуқуқшуносларга Сизнинг адолат ва қонунларни ҳурмат қилиб ишлаган даврингиз, Сизнинг олийжаноблик фазилатларингиз ҳамиша ўрнак ва намунадир. Афсуски, бугунги Ўзбекистон давлат мансабдорлари Сиз ва Сиз каби миллатимиз ойдинларининг халқпарварлиги ва ҳақпарварлигидан ўзларига сабоқ олмадилар…
Вақтлар келади, Сиз яратган ҳуқуқ мактаби Ўзбекистонда янгидан ривож топажак!
АЗИЗ БОБУР МАЖИДОВИЧ!
70 ёшли юбилей айёмингиз билан чин дилдан қутлаймиз!
Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахту саодат, қалбингиздаги барча ниятларингиз рўёбини Яратгандан тилаб қоламиз!
Невара-чевараларингизни камолини кўриб, яна узоқ йиллар халқимиз бахтига омон бўлинг!
Келаси айёмларни, 75, 80, 90, 100 ёшли юбилейларингизни жонажон она Ватанимизда, азиз Халқимиз билан биргаликда муҳташам тўйхоналарда қарши олишлик барчамизга насиб айласин!
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Ҳурмат ва эҳтиром ила,
сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан,
Улуғбек Бакир
“Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Халқаро ташкилоти раҳбари
2 сентябрь, 2018 йил,
Норвегия
Fikr bildirish