Маҳмуд Раҳимовнинг Ўзбекистон фойдасига ишлагани айтилмоқда
Туркияда расмий иқомати бўлган қирғизистонлик этник ўзбек Маҳмуд Раҳимов 10 феврал куни Истанбулнинг Бошоқшаҳар мавзеидаги уйида полициячилар тарафидан ҳибсга олинган эди.
Айни пайтда у Истанбулдаги Қумқопи полиция қамоқхонасида тутиб турилибди.
25 ёшли ўзбек муҳожирининг Истанбулда қўлга олиниши ва яқин кунларда унинг юртига депортация қилиниши ҳақида аввалроқ Озодлик радиоси ва Туркиядаги incanews хабар агентликлари ёзган эди.
Бу манбалар Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раиси Адем Чевикдан олинган дастлабки маълумотларга таяниб, Маҳмуд Раҳимов минглаб ўзбекистонликлар сингари ватанида ўз диний қарашлари сабабли тазйиқларга учрагани ва бунинг ортидан Туркияга қочиб чиққани ҳақида хабар берганлар.
Қирғизистонлик ўзбек қочқини, Истанбулда қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, полициячилар томонидан қўлга олингани ва уйи тинтув қилингани ҳақида Озодликка интервью берган “Ўзбеклар бирлиги” раиси Адем Чевик: “Маҳмуд Раҳимов Қирғизистон ва Ўзбекистондан келган айблов ҳужжатлари асосида қўлга олинган, у исломий экстремизмда гумонланаётир”, дея билдирган.
Биз Маҳмуд Раҳимов билан боғлиқ сўнгги тафсилотларни ўрганиш мақсадида Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилотига қўнғироқ қилдик.
Телефон гўшагини кўтарган, аммо ўзини таништирмаган шахс ташкилот раиси Адем Чевик муҳим бир тадбирда қатнашаётгани ва Маҳмуд Раҳимов билан боғлиқ бизни қизиқтирган саволларга раис ўрнига жавоб беришга ҳозирлигини айтди.
– Ҳамма ерда Маҳмуднинг Ўзбекистон фуқароси экани ва у ўша мамлакатга депортация қилиниши ҳақида ёзишаяпти, лекин бу нотўғри. Биринчидан, Маҳмуд Раҳимов – Қирғизистон фуқароси. У бу ерга аксарият каби ишлашга келган бўлган. Бошқа томондан, у қочқинлик мақомини олувчи ҳам эмас. Биз сўнгги бир неча кунда у ҳақда етарлича маълумот тўпладик.
Қўлимиздаги далилларга кўра, Маҳмуд Раҳимов Истанбулдаги уч-тўрт нафар ўзбекистонликнинг шикояти билан қўлга олинган. Маълум бўлишича, Маҳмуд Раҳимов бу ердан туриб, Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига ишлаган, яъни баъзи топшириқлар олиб, бу ердагиларни ўзбек хавфсизлик хизматларига “сотган”, – дейди Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилотининг исми матбуотга очиқланмаслигини илтимос қилган ходими.
Унинг айтишича, Маҳмуд Раҳимов қўлга олинганидан кейин Истанбулдаги ўзбекистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маҳаллий ва хорижий ташкилотлари унга яқиндан ёрдам бериш истагини билдирган.
– Биз ҳам уни адвокат билан таъминлаш мақсадида Қумқопига ўз вакилимизни юбордик, лекин у қабул қилмади. Яна бошқаларнинг ҳам ҳуқуқий ёрдамларини рад қилган. Билишимизча, Маҳмуд Ўзбекистонга ишлаганини бу ердаги ўзбекистонликлар билиб қолганидан ташвишга тушган. Шу сабабли у ҳар қандай ҳуқуқий ёрдамлардан воз кечиб, Қирғизистонга қайтиб кетишни маъқул кўраяпти, – деди ўзидаги маълумотлар билан ўртоқлашган “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти вакили.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Маҳмуд Раҳимов Истанбулда хотини ва бир фарзанди билан яшаган. Раҳимов пайшанба куни аёли ва фарзанди билан учраштирилган.
Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Маҳмуд Раҳимовнинг турмуш ўртоғига телефон қилдик, аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмади.
“Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти ходимининг айтишича, Маҳмуд Раҳимовнинг қўлга олиниши Истанбулдаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва маҳаллий журналистларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.
– Лекин Маҳмуд Раҳимовнинг ўзбек махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилганлиги маълум бўлгандан кейин ҳамма тиниб қолди, – дейди суҳбатдош.
Айни пайтда қирғизистонлик фуқаронинг ўзбек хавфсизлик хизматлари билан сиртдан ҳамкорлиги ҳақида Туркия матбуоти ёки расмий манбаларда аниқ бир нарса дейилмаган.
Туркиядан бошпана топган мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиб, диктатура режимига топширилиши Истанбулдаги медиа ва ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари томонидан кескин норозиликлар билан қарши олинади.
“Қумқопи” вақтинча сақлаш қамоқхонасида тутиб турилган ва бир неча кундан сўнг Қирғизистонга депортация қилиниши кутилаётган Маҳмуд Раҳимовнинг тақдиридан ташвишланаётган Туркиядаги “Мазлумлар” ташкилоти ва турк матуботи вакиллари, ҳар қандай шароит ва далиллардан қатъий назар, Маҳмуд Раҳимовнинг юртига депортацияси бекор қилиниши шарт, демоқдалар.
“Мазлумлар” ташкилоти ҳафта бошида Туркия ҳукуматига расмий мурожаатида 1999 йилнинг март ойида бу мамлакат Вазирлар маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлиги қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинган Зайниддин Асқаровнинг аянчли тақдирини эслатган.
Шу ўринда айтиб ўтсак, 1999 йил февраль ойида Тошкент шаҳридаги портлашларда иштирок этганликда айбланган Зайниддин Асқаров 1999 йилнинг 5 мартида Туркия аэропортида қўлга олинган эди.
Истанбулдаги бир қатор исломий ташкилотлар, медиа ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Европа маҳкамасининг ўзбек қочқинига нисбатан адолатсиз қарорни бекор қилишга оид чақириқларига қарамай, Туркия томони Зайниддин Асқаровни ўша йилнинг 26 апрелида Тошкент ихтиёрига бериб юборган.
Ўзбекистон Олий суди ҳукми билан 10 йилга қамалган Зайниддин Асқаров 2010 йили қамоқда жон таслим қилган.
Турк матбуоти ва “Мазлумлар” ташкилоти фаоллари: “Бугунги кунда Туркия ҳукумати Маҳмуд Раҳимов тақдирини ҳал қилар экан, ўтмишдаги хатосини такрорламаслиги лозим”, демоқдалар.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish