Мўътабар Тожибоева: Ғарб сиёсатчиларининг иккиюзламачилик сиёсатини фош қилишимиз керак
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева «Жараён» сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Чехияга сафари олдидан Прагада уюштирилиши режаланаётган норозилик чиқишлари, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари амалга оширмоқчи бўлган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Жараён: Мўътабар опа, куни кеча Чехия президенти Милош Земан 30 дан зиёд халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари томонидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи муносабати билан ёзилган чақириғига жавоб берди.
Чехия президентининг халқаро дипломатия қоидаларига зид равишда қўпол оҳангда ёзилган бу жавоб хати сизга қандай таъсир қилди?
Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашаётган 30 дан зиёд инсон ҳуқуқлари ташкилотлари номидан Чехия президенти Милош Земан номига тайёрланган очиқ хат 10 февраль куни жўнатилган ва ушбу очиқ хатни 12 февраль куни интернет нашрларида чоп қилишга келишилганди. Ушбу очиқ хатга имзо чеккан Прагадаги “Фалокатдаги одамлар” нодавлат ташкилоти вакиллари ушбу очиқ хатни 10 февраль куни эрталаб Чехия Президенти матбуот хизмати вакилларига топширишлари режалаштирилганди.
10 февраль куни эрталаб топширилган очиқ хатга Чехия президенти Милош Земин шу кунни ўзида жавоб берди.
Унинг жавоби қуйидагича эди:
“Ҳурматли жаноблар,
Сизларнинг очиқ хатингиз учун раҳмат ва мен ҳам очиқ хат билан жавоб бераман.
Биринчидан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни менинг салафим чақирган ва дипломатик қоидаларга мувофиқ янги президент, яъни камина олдинги президент чақириб қўйган меҳмонни қабул қилиши керак. Лекин негадир собиқ президент Вацлав Клаус Ўзбекистонга борганида бунга норозилик билдирилганини пайқаганимиз йўқ эди.
Иккинчидан, Ислом Каримов яқинда Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарияти тарафидан қабул қилинди. Бунга ҳам норозилик бўлганини кузатмадик.
Учинчидан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни террорчиликка қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди. Бунга ҳам эътироз билдирилганини сезмадик.
Сизнинг бунақа мавзуларда кўпроқ ахборотга эга бўлишингиз ва камроқ иккиюзламачилик қилишингизни истардим”.
Имзо:Чех Республикаси президенти Милош Земан”
Чехия президентининг шармандаларча ва беҳурматлик билан ёзилган ушбу жавобидан кўриниб турибдики, Ислом Каримовнинг Ғарб давлатларига эмин-эркин сафар қилишини уюштириш юқори доираларда муҳокама қилинган ва Милош Земан, қандай бўлмасин, Ислом Каримовни Прагада қабул қилиши шарт.
Президент Земаннинг кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол равишда бузилишига ўз муносабатларини билдириб, бунга қарши курашиб ва бонг уриб келаётган нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига берган бу жавоби Ғарб сиёсатчиларининг Ўзбекистонга муносабатини кўрсатиб, улар учун мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммолари эмас, балки геосиёсий манфаатлар устун эканлигини яна бир марта исботлади, дейиш мумкин.
Чехия президенти Ўзбекистондаги вазиятга баҳо беришда биргина 2005 йилдаги Андижон қирғинидан кейин Европа Иттифоқига аъзо давлатлар қаторида Чехия хукумати ҳам Ўзбекистонга санкция киритиш талаби билан чиққани сабаблари билан қизиқса бўларди. Бундан ташқари, Андижон фожеаларидан кейин Чехия йигирмадан ортиқ андижонлик оилани қабул қилган. Президент Земан ўша қочқинларнинг қабул қилиниши ва уларга қочқинлик мақоми берилиши сабабларини ўрганса бўларди.
Андижон фожеаларидан кейин Ўзбекистонда қарийб биронта ҳам халқаро ташкилот қолмади, халқаро оммавий ахборот воситаларининг барчаси қувилди мамлакатдан. Шулар қаторида қароргоҳи Прагада жойлашган “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ҳам ёпилиб, журналистлари қувғин қилинди, уларга қарши ўзбек матбуотида оммавий кампанияси олиб борилди. Бугунги кунда Ўзбекистондан қувилган ўнлаб журналист Прагадан туриб Ўзбекистондаги муаммоларга оид хабарларни дунё жамоатчилигига етказиб турибди. Чехия президентининг матбуот хизмати нодавлат ташкилотларга жавоб берилишидан олдин мана шу журналистлардан ҳам Ўзбекистон ҳақида маълумот олса бўларди.
Мана энди биз нафақат Чехия президенти, балки Чехия ҳукуматининг бошқа амалдорлари ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши, мамлакатда коррупциянинг илдизи чуқурлашиб кетаётгани ва бошқа долзарб мавзулар бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун ҳаракат қиламиз ва бу билан уларнинг иккиюзламачилик сиёсатини қўллаётганликларини исботлаб берамиз.
Жараён: Аввалроқ Каримовнинг Чехияга сафари муносабати билан фикрдош дўстлар ҳамроҳлигида Прагада норозилик тадбирлари ўтказишни режалаётганингизни билдиргандингиз. Жаноб Земаннинг кечаги жавобидан кейин бу режангиз ўзгаргани йўқми?
Мўътабар Тожибоева: Президент Земан жавобидан кейин Ислом Каримов Прагага ташриф буюрган пайтида норозилик тадбири ўтказиш қарорим ўзгармади, билъакс, қатъийлашди. Каримовнинг Прагага ташрифи чоғида норозилик намойиши ўтказишимиз ҳақида унинг Прагага келиши ҳақида ҳабар чиққанидан буён гапириб келмоқдамиз.
Айнан 15 январь куни Чехия президенти Милош Земанга қилган мурожаатимизда ҳам Прагада норозилик акцияси ўтказишимиз ҳақида билдирганмиз, унга ёзган мурожаатимизни ижтимоий тармоқлар орқали ҳам етказганмиз ва ўша кундан буён жамоатчилик вакиллари, режим қурбонлари билан бу акцияда иштирок этишлари учун мулоқот олиб бормоқдамиз.
Чунки Чехия президентининг бу жавобидан кейин мана шу норозилик тадбирида айнан ўзбек режими томонидан босим ва таъқибларга учраган қочқинлар, қийноқ қурбонлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокини таъминлаш жуда ҳам муҳимлигини тушуниб етдим. Тадбирга ташриф буюрган журналистлар ва жамоатчилик вакиллари тўғридан-тўғри қийноқ қурбонларининг ўзлари билан, уларнинг оила аъзолари билан учрашиб, аянчли тақдирлари ҳақида уларнинг ўзларидан эшитишлари мумкин.
Бундан ташқари, Земаннинг жавобидан кейин норозилик намойишида: “Ғарб сиёсатчилари! Иккиюзламачилик сиёсатидан воз кечинг! Диктаторларни қўлламанг! Уларни мамлакатингизга киритманг!” деб ёзилган плакатни ёзуви тагига Ислом Каримов ва Милош Земан расмларини қўйиб тайёрлашга ва норозилик намойишида шу плакатни кўтариб туришга қарор қилдим.
Мен норозилик тадбири ўтказиш учун рухсат олиш мақсадида 11 февраль куни Прага шаҳар ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилдим. Улар норозилик тадбири ташкилотчиси сифатида бир қанча саволларга жавоб беришимни сўрашди ва саволларга жавобларни олганларидан кейин бу тадбирни ўтказишга рухсат беришди. Улар бу намойишнинг ташкилотчиси сифатида бошқалардан ажралиб турадиган ҳолатни уларга олдиндан айтишимни сўрашди, масалан, менда бошқа ҳеч бир иштирокчида бўлмаган бир белги бўлиши кераклигини талаб қилишди. Мен уларга қўлимда оқ боғич бўлишини айтдим. Мен ўша куни улар талаб қилган боғич билан қатнашишим шарт экан.
Норозилик акцияси Прага марказидаги Hradcanske namesti майдонида – собиқ президент Т. Г. Масарика ҳайкали ёнида бўлади. Бу жой айнан 21 февраль куни икки президент иштирокида матбуот анжумани ўтказиладиган қасрдан 100 метр нарида, холос. Норозилик тадбирини бошланиш вақтини 21 февраль эрталабки соат 9.30 дан 14.00 гача қилиб белгиладик.
Ҳозирда норозилик тадбирига оид ташкилий ишлар билан шуғулланяпмиз. Асосан ташкилотимиз шуғулланган ва jarayon.com сайтида чоп қилинган инсонлар тақдири, қийноқ қурбонларининг кечинмаларидан ҳикоя қилувчи фотосуратларни ҳам плакат тариқасида тайёрламоқчимиз. Бундан ташқари, 2012 йил 30 январь куни Ислом Каримовни туғилган куни муносабати билан Парижда ўтказилган норозилик намойишида фойдаланиш учун “Ўтюракли талабалар” ҳаракати вакиллари томонидан чизилган сиёсий маҳкумлар Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Ғанихон Маматхонов ва бошқаларнинг портретларини ҳам намойиш қиламиз.
Ушбу норозилик тадбирида диктатура режими ва бу режимни қўллаб-қувватловчиларга ўз норозилигимизни изҳор қилиш билангина чекланиб қолмай, 2012 йилнинг 22 февралида Ўзбекистон ҳукумати ёллаган қотил томонидан Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасдни ҳам ёд этмоқчимиз.
Чунки Обид қори Назаровга қилинган суиқасд буюртмачилари жаҳон ҳамжамияти олдида, жилла қурса, норозилик акциялари орқали шарманда қилинмас экан, буюртмачи эртага мени гумдон қилиш учун Францияга, “Озодлик”нинг бирон-бир журналистини гумдон қилиш учун Прагага ёлланма қотилини юбормайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Каримов режими иқтидорда экан, бу режимга қарши бўлган ҳар бир инсоннинг, ҳар бири оиланинг ҳаёти – қаерда яшашидан қатъий назар – хавф остида қолаверади. Худди Ўзбекистонда яшаётгандек, фарзандларингиз, набираларингиз, жигарларингиз, яқинларингиз тақдиридан хавотирланишда давом этаверасиз.
Ўзбекистондаги давлат рўйхатидан ўтган нодавлат ташкилотлар номидан сохта ҳужжатлар тайёрланиб, “семинарларда иштирок этиш учун” деб расмийлаштирилиб, аслида айғоқчи сифатида ғарб давлатларига чиқариб юборилган ва йиллар давомида шу давлатларда яшаб келаётган ва нима ишлар машғуллиги ҳеч кимга маълум бўлмаган кимсалар ҳақида маълумотларга эгамиз. Ўша давлатларга чиқариб юборилаётган айғоқчиларнинг ўз мамлакатида йиллар давомида қолишига имкон яратиб бераётган ғарб давлатлари махсус хизматлари бу масалани Ўзбекистон ҳукумати билан келишмаганлар, бу айғоқчилар хориждаги диссидентларга қарши фаолият олиб бориш учун юборилаётганларини билмайдилар, дея олмаймиз. Бу каби муаммоларни жамоатчиликка етказиш учун ҳам ушбу норозилик акцияси ўтказилиши муҳим, деб ҳисоблайман.
Тадбирда Андижон фожеаси ва қийноқ қурбони бўлган, бугунги кунда халқаро ташкилотлар билан ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш устида ҳамкорлик қилаётгани учун айғоқчилар томонидан “экстремист”, “хавфли жиноий гуруҳ вакили” дея танитилиб, яшаётган давлати махсус идораларига олабўжи қилиб кўрсатилаётган, халқаро ташкилотлар томонидан ёлланган ҳимоячи ёрдамидагина бу муаммолари ҳал бўлаётган оила вакиллари ҳам қатнашишга бел боғлаганлар.
Бундан ташқари, мен Чехиядаги нодавлат ташкилотлар вакилларига, оммавий ахборот воситаларига ва чехиялик ёшларга, талабаларга мурожаат билан чиқиб, уларни бу тадбирда сафимизда бўлишга чақирдим. Умид қиламанки, улар орасидан диктаторнинг Чехияга келишига ўз муносабатини билдирувчи, ўзбек миллати тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар чиқади ва улар бизни қўллаб қувватлайдилар.
Жараён: Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистлардан айримлари Ислом Каримовнинг Прага сафаридан унумли фойдаланиб, у билан мамлакатдаги муаммолар ҳақида суҳбатлашиш зарурлигини таъкидламоқдалар. Шундай суҳбат ташкил этилган тақдирда, унда сиз ҳам иштирок этасизми ва бундай мулоқот шакли реал натижа беришига ишонасизми?
Мўътабар Тожибоева: Прагада 20 февраль куни “Фалокатдаги одамлар” нодавлат ташкилоти биносида ўтказилиши режалаштирилаётган конференцияда иштирок этишимиз керак. Ушбу конференцияда мен, Умида Ниёзова, Надежда Атаева ва Галима Бухарбаевалар мамлакатдаги вазият бўйича чиқишлар қилишимиз кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 21 февралда ўтказилиши режалаштирилаётган матбуот анжуманида иштирок этиш учун Чехия президенти матбуот марказига ариза билан мурожаат қилдим ва матбуот анжуманида иштирок этишимга рухсат берилгани ҳақидаги жавоб хатини ҳам олдим.
Конференцияда, норозилик намойиши пайтида ва матбуот анжуманида иштирок этиши кўзда тутилаётган журналистлар, жамоатчилик вакиллари ва бошқаларга ўзбек ҳукуматининг жиноятлари ҳақида гапирувчи варақалар тайёрлаб тарқатишни ҳам режалаганман. Шунингдек, матбуот анжумани пайтида имкон қадар сўз олиб, Ислом Каримовга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол равишда бузилишига доир савол бериб, бу саволга жавоб олишга ҳаракат қиламан. Айни пайтда Ислом Каримов билан бошқалардан ҳоли ҳолатда учрашиб, бирор-бир масалани муҳокама қилишни истамайман ва бундай учрашувга Каримов розилик берган тақдирда ҳам бирор-бир ижобий ўзгариш томон қадам қўйилади, деб ўйламайман.
Ислом Каримов биз билан учрашиши мумкин, бизнинг талабларимиз ва таклифларимизни тинглаши, уларни ўйлаб кўриши ва албатта бизга ижобий жавоб беришини айтиб, ишонтириши мумкин. Лекин, менимча, бу Каримовнинг навбатдаги ёлғони бўлади.
Ислом Каримов 1991 йили Наманганда ўзини ноқулай вазиятга солиб қўйган Жума Намонгоний ва Тоҳир Йўлдош билан усталик билан мулоқот қилгани, уларга турли ваъдалар берганига оид видеолавҳа Интернет саҳифаларида сақланиб қолган. Ўша пайтда Ислом Каримов ноқулай вазиятдан чиқиш мақсадида ялтоқланган, лекин Тошкентга қайтиб борганидан кейин кечагина ўзи ялинган одамларни “таг-томири билан” йўқ қилиш ҳақида топшириқ берган. Унинг ёлғонларига ишонган инсонларнинг кейинги тақдири қандай бўлганидан хабардор одамлар у билан ҳоли учрашиши ва унинг ёлғон ваъдаларига учмаслиги керак, деб ўйлайман. Ҳар қанча мулоқот ва мунозара бўлса, марҳамат, матбуот анжуманида очиқ муҳокама қилинсин.
2012 йилда Каримовнинг Брюсселга ташрифи пайтида FIDH, HRW, Амнести Интернейшнл каби халқаро ташкилотлар вакилларидан ташқари, ўзбек миллати вакилларидан фақатгина мен, Надежда Атаева, Сафар Бекжон ва турмуш ўртоғи Қурбоной ҳамда яна бир сафдошлари иштирок этганмиз, холос. Элликдан ортиқ журналист қуршовида фақат 4-5 киши Ўзбекистондаги вазият ҳақида бонг урганмиз.
Прага намойиши белгиланган кунга ҳали бир ҳафтадан ортиқ вақт бор, лекин шу кунгача 40 дан зиёд инсон намойишда иштирок этишни сўраб қилган чақириғимга ижобий жавоб берди.
Фурсатдан фойдаланиб, норозилик намойишида иштирок этишга розилик берган, Европа давлатларининг турли бурчакларида яшовчи инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки бу норозилик намойишини ўтказиш учун ҳеч бир жамғарма бизни молиялаштираётгани йўқ. Шундай бўлса-да, ташаббусга лаббай деб жавоб берган ва Прагага бориш-келиш харажатларини ўз ёнларидан сарфлашга тайёр бўлган инсонларга, норозилик намойиши юқори даражада ўтиши учун плакатлар тайёрлаш ва бошқа ташкилий ишларда ўз ҳиссасини қўшаётган инсонларга минг раҳмат, десам арзийди.
Интервьюни Асад БОЙМУРОДОВ тайёрлади
Таҳририятдан: Ушбу интервью чоп қилиниши арафасида халқаро матбуотда Ислом Каримовнинг Чехияга сафари номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабарлар ёйинланди. Бу Каримов сафари чоғида Прагада норозилик намойиши уюштирмоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг режаларига ҳам ўзгартишлар киритади. Бу ҳақдаги материалимизни тез орада эълон қиламиз.
Fikr bildirish