Қийноқлар ороли асираси. Хибснинг биринчи кунидаги психотроп муолажа қилишга харакат ( 16 )
– Гумонланувчи Тожибоева, сизни жиноят содир этганлигингиз ўз исботини топиб бўлди. Шунинг учун ўз вазиятингизни оғирлаштирмасдан, қилган жиноятларингизни тан олиб, пушаймонлигингизни билдиринг. Кечириб сўраб, мана бу ҳужжатга имзо чекиб берсангиз, ўзингизга яхши бўлади, – мени ҳибсга олиб, Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасига олиб борган дақиқадан бошлаб тинмасдан менга шу гапни уқтиришга ҳаракат қилишарди…
Қўлларимга кишан солиб, олиб кетишаётган пайтида, улар гумон қилаётган “товламачилик” жиноятини содир этмаганлигимни исботловчи ҳужжатларни ўзим билан олишимга рухсат беришларини сўрадим. Қуролланганлардан 2 таси мен билан бирга ҳужжатларга лиқ тўла шкаф турган хонамга киришди.
Мен ҳужжатлар билан бирга ўзим севиб ўқийдиган Владимир Воронцовнинг «Тафаккур гулшани» деб аталувчи афоризмлар китобини ҳам олдим. Кейин, қўлларимга кишан солишди. Мен китоб билан ҳужжатларни қучоқлаганча, уларнинг қуршовида уйдан чиқиб кетдим.
Қўлимдаги буюк мутафаккирларнинг адолатсизликка, разолатга, жаҳолатга қарши кураш хавф-хатарлар билан тўла бўлишидан огоҳ этувчи китоб эди. Хавф-хатарлар, ҳақсизликларга мардона турган инсонларгина комил инсон бўлиб етишишига, ҳақиқат жаҳолат устидан, албатта, ғалаба қозонишига янада қаттиқ ишонч туғдиришига хизмат қиладиган китоб эди, бу. Шафқатсиз курашлар синовида жасорату мардлик билан хавф-хатарга тик қарашга ўргатгувчи китоб эди, бу! Унинг ҳар варағи олтинга тенг фикрларини ўқирканман, йўлга чиқишга улгуролмаганимга, яқинларим ҳаётини хавф-ҳатардан сақлаб қолганимга, Аллоҳга беҳисоб шукрлар қилардим. Бу беназир китобдан, руҳий мадад, маънавий озуқа олардим. Чунки бу тун ёнимдаги ягона садоқатли, ҳақиқий дўст мана шу китоб эди, холос.
“Тафаккур гулшани”даги афоризмларни хотиржамлик билан ўқиб ўтиришимдан ғазабланган прокуратура терговчиси: “Гумонланувчи Тожибоева, сизни жиноятингиз ўз тасдиғини топди. Шунинг учун вазиятингизни бундан-да оғирлаштирмасдан, қилган жиноятларингизни тан олиб, пушаймонлигингизни билдиринг! Кечириб сўраб, мана бу ҳужжатга имзо чекиб беринг!” – дея, балки ўн бешинчи марта, балким йигирманчи маротаба такрорлади. Мен ҳам балки ўн бешинчи марта, балким, йигирманги маротаба китобдан зўрға боши кўтариб: “И-е, ҳали ҳам мен талаб қилган адвокатларим келишмадими? Майли, кутайлик, адвокатларим келишсин, кейин саволларингизга жавоб бераман, хўпми?” – дея яна китоб уммонига “ шўнғидим”.
Мени ҳибсга олиш жараёнига мени яхши танийдиган, ҳурмат қиладиган Ички ишлар бошқармаси ходимларидан бир-иккитаси ҳам жалб қилинганди. ИВСда ўтирган пайтимда улар мени ҳибсга олишгач ва ундан кейин бўлган воқеаларни айтиб беришганди. Уларнинг айтишича, мени ҳибсга олишга тайёргарлик кўрилаётган пайтда, айнан, мени ҳибсга олиш рейдида иштирок этадиган милиция ходимларидан буни қаттиқ сир сақлашган экан. Йигитлар мени қўлга олиш операциясида қатнашаётганликларини, айнан менинг уйимга келишаётганларини эшикни очганимдагина билишган экан.
Мени ҳибсга олиш учун уйимга бостириб кирганларида: «Ҳа, келинглар, сизларни кутаётгандим ўзим ҳам» дея уларнинг босқинчиларча қилган ҳаракатларини хотиржам қаршилаганим, дод-фарёд қилмай, кўз ёшимни оқизмай мардона турганимдан нечоғлик ҳайратланган бўлсалар, ҳибсга олинганимдан кейин ҳам бадиий китоб ўқиб хотиржам ўтирганим, уларни буткул ақлдан оздираётганди.
Танишларимнинг айтишларича, Тошкентдан, Республика Бош Прокуратурасидан 6 нафар мансабдор Фарғона вилоятига, мени ҳибсга олишни ташкиллаштириш учун хизмат сафарига юборилган экан. Шулардан 4 таси, мени Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасига олиб келишиб, тергов ўтказилаётган пайтда, қўшни хонада ўтириб, мени қўлга олиш жараёнининг видео тасвирини томоша қилишган. Фақат шугина эмас, мени тергов қилишаётган хонага ўрнатилган видеокамера орқали терговни бошқариб туришган экан.
Бош прокуратура вакиллари ҳам, Вилоят прокуратураси ва Ички Ишлар Бошқармаси амалдорлари ҳам мени ҳибсга олаётган пайтларида хотиржамлигим, ваҳимага тушмаганимдан ҳайратланганликларини яширишмабди. Чунки улар мана-ман деган катта-катта лавозимлардаги амалдорлару, бошқа жиноятларда айбланиб, қўлга олинган забардаст эркаклар ҳам ҳибсга олиниш чоғида ваҳимага тушиб, вужудларини совуқ тер босиб, ўзларини йўқотиб қўйганликларига жуда кўп бор гувоҳ бўлишган. Шунинг учун ҳам менинг бу хотиржамлигимга қарата: “Юрагингиз битта эмас, мингта экан-да, ўзиям!” – дегувчилар кўп бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам, мени ҳибсга олишганида, хотиржам эдим. Биринчидан, менга уюштирилиши мумкин бўлган хавфдан дўстларимни хабардор қилдим. Иккинчидан, “Бугун қамашармикан, эртага ўлдиришармикин, ё бир нарса уюштиришармикан?” деган ҳадикда яшашдан чарчаб кетгандим. Ўша, мени хавотирга солган кун келганлигини англаганим учун ҳам, хотиржам бўлиб қолгандим, чоғи.
Мен шу куни йўлга чиқсам, аввал уюштирилганидек, автоҳалокатга учрашим ҳам, ёки самолётга чиқиб, самога парвоз қилиб, самолётга чиқиб изсиз ғойиб бўлган Абдували қоридек қайтиб тушмаслигим ҳам мумкин эди. Уйимдан чиқиб кетишга улгурсам, Ҳусан билан Отабекни олиб келган ўз пулимни қизим ё куёвим олиб, ҳаётлари хавф остида қолиши мумкин эди. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, уларга ҳам бир неча марта тазйиқлар бўлганди.
15 апрель, 2005 йилда мени ўғирлаб кетиб, тахқирлаган амалдорлар ҳам ягона фарзандим Маҳлиё орқали ўч олишни ваъда қилишганди. Ёлғизгина қизимнинг ҳаёти билан қўрқитганди мени. Мен йўлга чиқиб кетганимда, албатта, қизим билан куёвимни ҳибсга олиб, вахшийларча азоблардилар-да, Нодира Хидоятовани аэропортда ҳибсга олганларидек, Дублинга бориш учун Москвага учишимдан аввал, мени ҳам аэропортда ҳибсга олишарди. Мени ҳибсга олиш учун эса, қийнаш, минг бир азоблаш орқали ўзлари тайёрлаган ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлган яқинларимнинг кўргазмаларини асос қилиб олишарди.
Бош прокуратурадагилар терговни четдан туриб бошқараётганликлари аниқ эди. Чунки хонадаги телефон тез-тез жиринглар, ҳар жиринглаганида, терговчи гўшакни кўтариш ўрнига, ҳар гал ташқарига чиқиб келарди. Ана шундай чиқиб келишларининг бирида, терговчи ниҳоятда катта чамадон кўтарган оқ халатли икки нафар эркак ва иккита аёл шифокорни мен тергов қилинаётган хонага етаклаб кирди.
– Нима учун келишди булар? – ҳайрон бўлиб сўрадим терговчидан.
– Сизнинг соғлигингизни текшириб, медицина кўригидан ўтказиб қўйишади, – деди терговчи.
– Менинг соғлигим жойида. “Соғлигим ёмонлашди” – деб, сизларги шикоят қилганим йўқ. Шунинг учун мен бу шифокорларнинг кўригидан ўтмайман, – дедим бош тортиб..
Терговчи Бахтиёр Маматов эътирозларимга парво ҳам қилмади.
– Бошлиқларингиз ким? – дея шифокорларга юзланди. Оқ халатига «Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам маркази навбатчи врачи Юлчиев Отабек Ортиқович» деб ёзилган эмблема тақиб олган оқ халатли нусха:
– Мен! – дея жавоб қилди терговчига, кўкрагини кериб.
– Қани, унда бошланг, – буюрди терговчи унга.
Юлчиев бошчилигидаги гиппократ қасамини ичган оқ халатли шифокорлар, терговчининг топшириғини кутиб тургандек, дарҳол жомадонларидан тиббиёт асбобларини олиб, стол устига тера бошладилар.
-Илтимос, қўлингизни беринг, қон босимингизни ўлчаб қўяман, – деди Юлчиев менга яқинлашиб..
Унга билагимни тутдим. Юлчиев қон босимимни ўлчагач:
– Бемор, сизни қон босимингиз 150 га 120. Кўтарилиб кетибди-ку? Бу хавфли эканлигини биласиз. Шунинг учун зудлик билан қон босимингизни туширадиган укол қилишимиз керак, – деди.
Ҳайрон бўлдим. Чунки 2003 йил август ойидаги фоҳишалар уюштирган тошбўронда ҳам, 4 ой ўтгандан кейинги уюштирилган автоҳалокатда оғир тан жароҳати олганимда ҳам бошимдан олган оғир зарбалар сабаб, шифокорлар “сотрясение мозга” деган ташҳис қўйишганди. Шундан буён, салгина қон босимим кўтарилса, чидаёлмай қолардим.
– Қон босимим кўтарилишида бўладиган ҳеч қандай аломатларни сезмаяпман. Кўзларимда босим йўқ. Асабийлашмаётган бўлсам, бошим оғримаётган бўлса, кўнглим беҳузур бўлмаётган бўлса, нима учун қон босимим бунчалик кўтарилиб кетди экан? Ахир, қон босимим бирозгина кўтарилса ҳам, ўзимни қўйгани жой топа олмай қолардим-ку? – дедим таажжубимни ошкор қилиб. Чунки ҳақиқатдан ҳам ўта хотиржам эдим. Сабаби, дўстларимга хабар беришга улгургандим. Энг муҳими, мутлақо айбсиз эканлигимни аниқ билардим. Эҳтимол, стрессдан бу симптомлар сезилмаётгандир, деган ўйга бориб, укол қилишларига рози бўлдим.
Муолажа қилишга розилигимни олган шифокор туғилган йилим, ойим, шу каби керакли маълумотларимни сўраб-суриштириб, “ сигналный лист” бланкасини тўлдира бошлади. Шу пайт у мени қон босимимни “120/90” деб ёзганига кўзим тушди.
Шу заҳоти кўнглимда хавотир пайдо бўлди. Бу шифокорлар нима учун чақиртирилганлигини тушунуб етдим. Булар айбсиз фуқароларни ноқонуний равишда ҳибсга олиб, ноҳақдан ҳибсга олинган ва ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум бўлган гумонланувчиларнинг иродасини синдириш мақсадида шифокорлар кўмагида психотроп муолажалар қўллаб, ўзига қарши кўрсатмаларга имзо чектиришлари, қилмаган жиноятларини қилдим, деган ҳужжатларга қўл қўйдириш усулидан фойдаланмоқчи эканликларини англадим.
– Нима учун қон босиминг 150\120 га кўтарилиб кетибди деб, мени алдадингиз? Нима учун менга бошқа сонни айтиб, “ сигналный лист”га 120/90 деб, бошқа сонни ёздингиз? Наҳот, кийган оқ халатингизга, мана шу оқ халатни кийиш пайтида ичган Гиппократ қасамингизга хиёнат қилишга виждонингиз йўл қўйса? – саволларга кўмиб ташладим Юлчиевни.
– Сиз мендан бекорга гумон қилаяпсиз. Тўғри, мен ўлчаганн қўлингизда 150\120 ни кўрсатди. Лекин, қон босими икки қўлда икки хил кўрсатади, – ўзини оқлашга тушди Фарҳод.
– Мени иккинчи қўлимни текширганингиз йўқ-ку! – дедим.
– Иккинчи қўлингизники паст бўлиши мумкинлигини аниқ билганим учун ўлчаб ўтирмасдан, “сигналный лист”га 120\90 қилиб ёздим, – деди у.
Юлчиев билан бўлаётган можаролар давомида стол усти тиббиёт асбобларига тўлиб кетди. Мен Юлчиевга билан унинг уч нафар шеригига ҳам ғазаб билан қарадим:
– Сизларга ўхшаган одамларни мана бунга ўхшаган қонунбузар терговчилар ва уларнинг бошлиқларидан ҳимоя қилганим учун, шу куйга тушдим, қамалдим. Бир аёлга, миллатдошингизга зулм кўрсатаётган бу амалдорларга ёқиш учун уларнинг ғайриқонуий топшириғини бажаряпсизларми? Эртага буларнинг қўлига сиз ёки яқинларингиз тушмаслигига, уларга ҳам менга қўлламоқчи бўлаётганларидек муносабатда бўлмаслигига ким кафолат беради? Ҳозир амалга оширмоқчи бўлаётган жиноятларингиз фош бўлгудек бўлса, бу терговчилар ўз жиноятларини яшириш учун сиз гувоҳларни гумдон қилмасликларига қай бирингиз кафиллик бероласиз?
Кўрдимки, жон куйдириб айтаётган гапларим уларга зиғирча ҳам таъсир қилаётгани йўқ. Ноилож яна ўзини Юлчиев деб таништирган шифокорга юзландим.
– Сенинг исминг Отабек экан. Бир куннинг ичида яна битта Отабек номига номуносиб кимсага дуч келяпман. Отабек номини ҳаром қилган бир жирканчнинг туҳмати билан қамалдим, иккинчи Отабек, сен нима қилмоқчисан? Хайф сенга Отабек исми-ю, оқ халат. Мен сенларга ишонмайман! Сенларнинг муолажангга зор эмасман, кетларинг бу ердан! – деб бақирдим.
Гапимни эшитиб, шифокорларнинг иккиланиб қолганини кўрган терговчи жиловни ўз қўлига олиш илинжида:
– Бўлларинг, тез, айтганимни қилинглар! -деб бақирди.
Терговчининг таҳдидли овозидан шифокорлар ҳушёр тортишди, шекилли, оқ халатли аёл, ҳамшира бўлса керак, шоша-пиша бир нечта шприцларни олиб, укол қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Бир эркак ва бир аёл шифокор елкамдан маҳкам ушлаб, қимирламайдиган ҳолатга келтиришди.
– Сенларнинг ичган қасаминг урсин! Ичган қасамингга қилган хиёнатинг норасида гўдак фарзандларингга, набираларингга, ота-онангга урсин! Ичган қасамингга хиёнатинг учун яқинларингни қора қонига беланган ҳолатида топгин, лекин уларни қутқариб қолиш қўлларингдан келмасин! Суюклиларингни урсин қасамларинг, деб қарғайман сенларни! Суйганларинг ўлсин сенларни!!! – деб бақирганча, бир силтаниб, уларнинг қўлларидан чиқдим-да, жон ҳолатда дераза томонга қараб чопдим. Шоша-пиша ойнакни оча бошладим.
– Агар биттанг яқинлашсанг, мана шу деразадан ташлайман ўзимни, – деб бақирдим.
– Тожибоева, бемаънилик қилманг. Тўртинчи қаватда турибмиз ҳозир. Агар ўзингизни ташласангиз, ўлмасангиз ҳам, умрбод ногирон бўлиб қоласиз. Лекин, барибир, жавобгарликдан қутила олмайсиз, – терговчи жон талвасасида бақирар, бироқ, ёнимга яқинлашишга юраги бетламасди.
– Қай биринг менга яқинлашаман, укол қиламан десанглар, сенларни қарғайман. Тез кунларда ҳаётингдаги энг суйган одамингни ўлимини кўриш сенларга насиб қилишини сўрайман. Агар лаш-лушларингни олиб, хонадан чиқиб кетмасанглар, ўзимни шу ойнадан ташлайман, – дея шифокорларнинг хонани тарк этишини талаб қила бошладим.
Қараса, бўлмайдиган. Бир умр буйруқ беришга одат қилган, сўзи синиб ўрганмаган терговчи:
– Нимани кутиб турибсиз?! Гапни кўпайтирмай, бошланг! Тутинг уни! – дея амр қилди Юлчиевга.
Аммо шифокорлар бу сафар терговчининг гапига итоат этишмади. Стол устидаги асбобларини йиғиштира бошлашди. Бахтиёр уларни тўхтатмоқчи бўлганди, улар: «Ака, қаршилик қилаётганида бирорта жароҳат олса ёки шу важоҳати билан деразадан ўзини ташлаб юборса, биз жувонмарг бўламиз» – деб чиқиб кетишди.
Ғазабдан титраётган терговчи уларнинг орқасидан югурди. Кўп ўтмай, ёши тахминан 48-50 ёшлардаги ҳамшира аёлни қайтариб, олиб кирди. У мени шахсий тинтувдан ўтказди. Шахсий тинтув ўтказилгани ва қулоғимдаги сирғани олиб қўйишгани ҳақида баённома тузишди. Лекин, кейинчалик, тергов ҳужжатлари ичидан шахсий тинтув қилинганим ҳақидаги баённома изсиз ғойиб бўлди. Тинтув пайтида олишган сирғамни оила аъзоларимга қайтариб беришмади.
Психотроп муолажа қилиб, қилмаган айбимга иқрорлик ҳужжатига имзо чектириш учун қўлламоқчи бўлган режалари барбод бўлгач, хушёрлигимни йўқотган пайтимда, расмийлаштирилиши керак бўлган ҳужжатларга ҳимоячим сифатида иштирок этиши олдиндан келишилган адвокат Бахтиёр Абдуллаевни хонага олиб киришди.
Fikr bildirish