Васила Иноятова: Мен Human Rights Watchнинг яқин келажакда Ўзбекистондаги фаолиятидан катта умидлар қилаётганим йўқ
7 сентябрь куни Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Хью Уилямсон ҳамда ташкилотнинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Стив Свердлов Тошкентдаги АҚШ элчихонасида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Мамлакатда салкам партизанлик энтуиазми билан фаолият олиб бораётган ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва сиёсий маҳкумларнинг қариндошлари мавжуд вазият, демократия истеҳкоми бўлган Human Rights Watch ташкилотидан умидларини айтиб ўтишди.
Хусусан, Human Rights Watchнинг 1996-2000 йилларда Ўзбекистондаги фаолиятини тилга олган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ташкилот ходимларининг инсон ҳуқуқлари тадқиқи борасида ўта жиддий фаолият олиб боргани, кейинги пайтларда эса ташкилотнинг Ўзбекистонга доир фаолияти кескин пасайиб кетганини таъкидлади.
“Мен Human Rights Watchнинг яқин келажакда Ўзбекистондаги фаолиятидан катта умидлар қилаётганим йўқ. Чунки ташкилот вакиллари маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан, хусусан, “Эзгулик” билан аллақачон алоқаларни узиш даражасига етган. Мен жамиятимизнинг қамоқхоналарга ташрифига кўмак сўраб, бир неча марта ташклотга мурожаат қилдим.
Афсуски, улар ҳатто хатларимга жавоб ҳам беришмади. Аксинча, Фарғона.Ру сингари айрим сайтларда сиёсий маҳкумлар билан лойиҳаларимизга беписандлик, ҳатто мониторингларимизнинг объективлигига шубҳа билан қараш ҳолларини намойиш этди. Афсуски, Human Rights Watchда аввалги жанговарлик, шиддат сезилаётгани йўқ” дейди Васила Иноятова.
Элчихонадаги учрашувда янграган бу каби танқидларга жавобан Human Rights Watch вакили Стив Свердлов: “Human Rights Watch маҳаллий ҳуқуқ фаолларини молияловчи ташкилот эмас, бизнинг қўлимидан фақат маънавий қўллаб-қувватлов ва ҳукуматларга муайян даражада таъсир кўрсатиш келади” дея жавоб қайтарди.
Ўз навбатида Васила Иноятова Human Rights Watchнинг ўзи хоҳламаган ташкилотларга ҳатто маънавий кўмак ҳам бермаслигини, ташкилотнинг ўтмишдаги шиддати ва жанговарлиги аллақачон сўниб бўлганини қатор мисолларда кўрсатиб берди.
“Хайриятки, мамлакатда дипломатик корпуслар бор. Биз ана шундай оғир ва мураккаб шароитларда фақат уларга суянмоқдамиз. Масалан, АҚШ ва Германия элчихоналари фуқаролик жамияти вакиллари билан колониялардаги учрашувларимизга ҳам молиявий, ҳам маънавий рағбат билдирди. Ҳозирда яна ўша тўхтаб қолган лойиҳаларимизни давом эттирмоқчимиз, афсуски, Human Rights Watch сингари ташкилотлардан умид қилишга ботинмай турибмиз” дейди Васила Иноятова.
АҚШ элчилигида ўтган учрашувда иштирок этган ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, диний ва сиёсий маҳкумларга нисбатан эътиборимиз қониқарсиз даражада.
Масалан, биргина ҳуқуқ фаоли Нуриддин Жуманиёзовнинг ўлими, ундан ҳатто бехабар қолганимизнинг ўзи фуқаролик жамияти вакиллари тугул халқаро ташкилотларнинг сиёсий маҳкумлар масаласидаги иддаоларини шубҳа остида қолдиради.
“Биз аллақачон турмада ўлган фаолнинг озодлигини талаб қилиб, байроқ қилиб юрибмиз. Ҳатто унинг ўлимидан ҳам бехабар қолган эканмиз. Ким ишонади шундан кейин бизнинг сиёсий маҳкумлар ҳақидаги чақириқларимизга.
Human Rights Watchдаги дўстларимиз эса “Нураддин Жуманиёзов масаласида энг юқори доираларда музокаралар қилдик” деган гаплар билан бизни овутишмоқчи бўлишмоқда” дейди Дилором Исҳоқова.
Fikr bildirish