Мўътабар Тожибоева: Жаноб Шавкат Миромонович сиёсий қатағон қурбонларини оқланг!
ЎЗБЕК ДИКТАТОРИНИНГ ЎЛИМИ СИЁСИЙ ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИНИ ОҚЛАБ, МАҲКУМЛАРГА ОЗОДЛИК БЕРИЛИШИГА ИМКОН ЯРАТИШИ ШАРТДИР!
1953 йилда Иосиф Виссарионович Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Никита Сергеевич Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим сиёсий амалларидан бири Сталин даврида қамалган сиёсий маҳкумларни озод этиб, барча сиёсий қатағон қурбонларини оқлашга Фармон бериш бўлганди.
Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий ва диний маҳкумлар сони кўпчиликни ташкил этиши билан олдинги сафда туради.
Лекин диктатор Ислом Каримовнинг вафот этганига бир ярим вақт ўтган бўлсада, ҳанузгача қамоқда қолаётган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатчилар ва диний эътиқоди сабаб “террорчи”ларга, диний “радикал”ларга айланиб, қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб сиёсий, диний маҳкумлар ва уларнинг яқинлари тақдирига етарлича эътибор қаратилгани йўқ.
Шунингдек Ислом Каримов қатағони қурбони бўлган ва унинг даврида жиноятлари адолатли судлов томонидан исботланмасдан туриб отувга ҳукм қилинган жабрдийдалар ўлимларидан кейин бўлсада оқланмадилар.
Уларнинг оила-аъзолари, фарзандлари ҳамон «ватан хоинининг фарзанди», «ваҳобийни оиласи» сингари қора номларни кўтариб юрибдилар.
Бундай оилалар вакиллари дунёнинг турли бурчига тарқалиб кетганлар, уларнинг аҳволидан хабар оладиган, «ҳолинг нечук?» дея бошини силайдиган, ҳуқуқларини тиклайдиган бирор-бир инсоннинг ўзи йўқ.
Диктатор Ислом Каримов даврида ғайриихтиёрий равишда ғойиб бўлган диний уламолар, диндор инсонларнинг тақдирига ҳам ҳанузгача умуман эътибор қаратилгани йўқ.
Мамлакатнинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат ҳали бу бедарак йўқолган инсонларнинг тақдири билан қизиққани, уларнинг яқинларига таскин бергувчи муждани бергани йўқ.
Ислом Каримов замонида ғайриихтиёрий тарзда ғойиб бўлган ўнлаб инсонларнинг яқинлари, онаизорлари, фарзандлари эшик тиқ этса «Болам келдимикан?» дея кўзларини эшикка тикишдан тўхтаганлари йўқ.
Қамоқнинг бир куни ҳам, бир дақиқаси ҳам қамоқдир. Буни ўзбек қамоқхонаси азобларини тотиб кўрган инсонларгина ҳис қила оладилар холос.
Мамлакатда сиёсий ва диний айбловлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан адолатсиз судлов тизимининг ноҳақ ҳукмларига асосан озодликдан маҳрум қилинганлар ва қийноқ қурбонларини, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, экстрадиция қилинганларни оқлаш, уларни озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан зудлик билан Махсус Давлат Комиссияси (МДК) ташкил этилиши даркор.
Мазкур Махсус Давлат Комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, бошқа касблар эгалари бўлмиш фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг виждонли усталари – ҳуқуқшунослар, прокурорлар, адвокатлар ва судьялар бўлиши керак.
Ўзбекистондек йирик мамлакатда Ислом Каримов бошчилигидаги диктатура режими сиёсий қатағони қурбонлари масалаларини, сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли.
Махсус комиссия энг аввало Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари қўмитаси, қийноқларга қарши кўмитаси ва ишчи гуруҳлари томонидан Мустақиллик эълон қилинган йиллардан бошлаб эълон қилган қарорлари, хулосалари ва тавсияларини ўрганиб чиқиб, ушбу халқаро хужжатларда баён қилинган таклиф ва талабларни бажарилишига маъсул қилиб тайинланса мақсадга мувофиқ бўлади.
Чунки Дилмурод Саид, Ғайбулло Жалилов, Санжар Исмоилов, Хайрулло Турсунов сингари сиёсий ва Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов, Алишер Кароматов, Абдурасул Худойназаров, Бобомурод Раззоқов, Қаюм Ортиқов, Эркин Мусаев сингари собиқ сиёсий, Уйғун ва Ойбек Рўзметов сингари диний маҳкумларни, шунингдек қанчадан-қанча адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлган жабрдийдаларни ҳуқуқлари паймол қилинганлигини малакали халқаро экспертлар исботлаб берганлар.
Махсус Давлат Комиссияси биринчилардан бўлиб сиёсий, диний маҳкумлар, сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ, тергов давомида ҳамда қамоқда қийноқлар натижасида вафот этганлар, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, экстрадиция қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ғайриқонуний ва мажбурий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонлар ишларини ўрганиши керак.
Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний айбловлар билан узоқ йилларга қамалганлар ва озодликка чиқиш арафасида жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи сифатида сохта айбловлар билан жазо муддатлари узайтирилган маҳкумлар устидан очилган жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқишлари, зудлик билан уларни озодликка чиқариш учун ўз хулосаларини ҳукуматга тақдим этишлари керак.
Махсус Давлат Комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг яқинларидан, оила аъзоларидан, қариндошларидан кечирим сўраши ва уларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак.
ОММАВИЙ ҚИРҒИНЛАР:
Давлат Махсус Комиссиясининг олдига қўйган энг муҳим вазифаларидан бири бу диктатор Ислом Каримов даврида содир бўлган оммавий қирғинлар юзасидан атрофлича текширувлаар ўтказишлари даркор.
Булар:
1990 йил 19-20 февралда Тошкент вилоятининг Бўка ва Паркент туманларида бўлиб ўтган қонли воқеалар;
1992 йилнинг 16 январь куни Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилишига норозилик билдириб, минглаб талабалар кўтарган исён ортидан шахарчадаги талаба ёшларни ўлдирилиши иши;
1999 йил 16 февраль кунги Тошкентда Вазирлар маҳкамаси биноси олдида ва яна бир неча жойда содир этилган портлашлар;
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир этилган “АНДИЖОН ҚАЛИОМИ”. Мамлакатда йиллар давомида илдиз отган коррупция, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муаммоларни Андижонга келиши кутилаётган Президент Ислом Каримовга айтиш, мақсадида тинч намойишга тўпланган аҳолини қирғин қилингани оқибатида юзлаб, балким минглаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган қатлиом айбдорларини топиб, уларни адолатли судлов орқали қонун олдида жавоб беришларини таъминлаш учун ушбу қатлиом юзасидан ҳукумат миқёсида текширувлар ўтказиш, ўрганиб чиқиш, текширув натижаларини ҲУКУМАТга тақдим қилиши шартдир!
Агар юқорида санаб ўтилган барча сиёсий зўравонлик, қатағон, қийноқ ҳамда адолатсиз судлов… қурбонлари ҲУКУМАТ томонидан оқлансалар (вафот этганлар “ўлимидан кейин оқлаш” мақомига эга бўлсалар) ва улар оилалари учун адолат қарор топса, мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, бу Ўзбекистон ҳукумати ва халқи келажаги учун катта резонанс бўлади.
Ушбу ўта жиддий ишлар билан шуғулланадиган мазкур Махсус Давлат Комиссиясининг фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши керак.
ЖИНОЯТ ИЖРОИЯ КОДЕКСИНИНГ 105 ВА ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 221-МОДДАЛАРИГА БИР НАЗАР
Махсус Давлат Комиссияси асосан қамоқхонадаги маҳкумлар иши бўйича қуйидаги иккита асосий йўналишда фаолият юритиши керак.
Биринчиси Жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиликда айбланган маҳкумлар иши бўлса, иккинчиси эса “Маъмурий ҳуқуқбузарлар” ишидир.
САҚЛАШ РЕЖИМИНИ “АШАДДИЙ БУЗУВЧИ МАҲКУМЛАР” ИШИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодексининг (Ўз.Р.ЖИК) 105-моддаси (“Интизомий жазо чоралари”) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг (Ўз.Р.ЖК) 221-моддаси (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) мамлакатдаги қамоқхоналарда қийноқлар қўллашнинг асослари ҳисобланади.
Ўзбекистонда сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумларни амнистия қарори билан жазодан озод қилмаслик мақсадида тинимсиз равишда Ўз.Р. ЖИКнинг 105-моддасига асосан сохта айблар билан уларни “интизомий жазога” тортиб турилиши одатий тусга кирган.
Жиноят-ижроия Кодексининг 107-моддасида (“Интизомий жазо устидан шикоят бериш”) “Маҳкум ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо устидан хоҳишига кўра юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли” дейилган.
Лекин Ўзбекистонда маҳкумларга, уларнинг оила-аъзоларига, адвокатларига интизомий жазо қўлланилишига асосан бўлган ҳужжатлар жамламаси ва интизомий жазо қўллаш қарорлари билан танишиб чиқиш, уларнинг устидан шикоят бериш ва уларни бекор қилиш имконияти умуман берилмайди.
Шу бугунги кунгача бирорта маҳкум ёки уларнинг оила-аъзолари, адвокатлари қамоқхонадаги “қулоқ” маҳкумлар иштирокида (ёрдамида) расмийлаштириладиган “интизомий жазолаш” чоралари ва қарорлари, шунингдек ушбу қарорларни чиқаришга асос бўлган хужжатларини қонунийлигини аниқлаш учун танишиб чиқиш ва уларни бекор қилиш бахтига муяссар бўлмаганлар.
Ҳукумат қора рўйхатидаги маҳкумларни Жиноят Ижроия Кодексининг 105-моддасига асосан сохта айбловлар билан бир неча марта интизомий жавобгарликка тортиб, уларни жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи” ёки “тузалиш йўлига ўтмаган” маҳкум сифатида талқин қиладилар. Буларнинг барчаси ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Амнистия актидан фойдаланиш ҳуқуқини йўққа чиқариш учун ишлатилади.
ЖАЗОНИ ЎТАШ ТАРТИБИНИ АШАДДИЙ БУЗУВЧИ МАҲКУМЛАР деб – камида икки марта жазони ўташ тартибини қўпол равишда бузганлиги учун интизомий бўлинмага киритиб қўйилган ва бирор жазо белгиланган тартибда олиб ташланмаган ёки бекор бўлмаган маҳкумларга айтилади.
Бу тоифадаги маҳкум енгиллаштирилган сақлаш шароити ва манзил колонияларига ўтказилмайди, унга жазони ўташдан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.
Ўзбек расмийлари ва қамоқхоналар маъмуриятлари кўп ҳолларда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга қарши интизомий жазолаш қарорлари расмийлаштириб, ушбу қарорларга асосан маҳкумларни интизомий бўлинмаларга (асарда ва қамоқхона жаргонида жазо изоляторлари), карцерларга қамайдилар ва уларга нисбатан қийноқларнинг турли усулларини қўллайдилар. Бундай тоифадаги маҳкумларни жазолаш учун улар барча усуллардан фойдаланадилар.
Жумладан, уларга нисбатан қамоқхона жазо изоляторида, карцерларда қамоқхона маъмурияти фойдасига ишлайдиган маҳкумлар (лохмачлар) ёки қамоқхона ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилади. Маҳкумлар оч ва юпун қолдирилади, яқинлари билан учрашувдан маҳрум қилинади, лохмачлар ҳамда қамоқхона ходимлари уларга қарши ёлғон кўрсатмалар беришади, уларга нисбатан провокациялар уюштириб, жиноят ишлари қўзғатилади.
“Номақбул” хисобланган сиёсий ёки диний маҳкумларга нисбатан Жиноят ижроия кодексининг 105 – “Интизомий жазо чоралари” моддаси бўйича айбловлар ҳар йилги Ҳукуматнинг Амнистия қарори эълон қилинишига саноқли кунлар қолганида бир неча кун ичида ёки атига бир кун ичида бир неча марта “Жазони ўташ тартибини бузганлик учун интизомий жазога тортиш қарор”лари расмийлаштирилиб, бундай ҳаракатлар қамоқхона жаргонида “террор” деб аталади.
Бундай пайтларда қамоқхона маъмурияти ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг Марказий аппаратидан юборилган алоҳида қора рўйхатида тургани ва уларга нисбатан Амнистия акти қўлланилмаслиги ёки жазо муддати тугаган бўлса-да, озодликка чиқарилмаслиги маъқулроқ экани тайинланганини рўкач қилишади.
Натижада маҳкумлар жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиси сифатида махсус рўйхатга олиниб, нафақат амнистиядан актидан фойдаланишдан мосуво бўладилар, балким “муддатидан илгари шартли равишда озод этилиш” ва “жазони ахлоқ тузатиш ишларига алмаштириш” каби имкониятлардан ҳам буткул маҳрум этиладилар.
Ушбу расмийлаштирилажак сохта хужжатлар асосида қора рўйхатдаги маҳкумлар нафақат жазо изоляторларига, карцерларга қамаб, қийноққа тутиладилар, балким жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи маҳкум сифатида рўйхатга олинганлари сабаб кейинчалик ЖКнинг 221-моддасига кўра уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва жазо муддати бир неча йилларга узайтирилади.
Ўзбекистон ҳукумати ушбу моддалардан ўзи учун “номақбул” дея билган фуқаролик жамияти вакиллари ва виждон тутқунларидан иборат бўлган сиёсий ва диний маҳкумларни озодликка чиқиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этишларини олдини олиш мақсадида уларга нисбатан сохта айбловлар билан янгитдан жиноят ишлари очишда кенг фойдаланади.
Жиноят Кодексининг 221-моддасида қуйидагича ёзилган:
“Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса” уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинадилар”.
Ўзбекистонда “номақбул” ҳисобланган маҳкумларга қарши янги жиноят ишлари очиб, ушбу жиноят иши хужжатларини сохталаштирадилар, маҳкумлар ўзлари хоҳлаган адвокатлар билан умуман таъминланмайдилар, уларнинг оила-аъзолари уларга нисбатан янги жиноят иш қўзғатилгани, тергов харакатлари, суд жараёнлари олиб борилаётгани ҳамда жазо муддатлари узайтирилганидан ўз вақтида хабардор қилинмайдилар.
Маҳкумлар, уларнинг яқинлари ва адвокатлари нафақат маҳкум жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиси сифатида эътироф этилган расмий ҳужжатлар ва қамоқхона қарорлари билан, шунингдек ЖКнинг 221-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши материаллари билан ҳам умуман таништирилмайдилар.
Гарчи ЎзР Жиноят Процессуал Кодексининг 25-моддасида (“Судда ишларни юритишда тортишув”) Биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилиши баён қилинган бўлса-да, Ўзбекистонда суд жараёни пайтида томонлар тортишуви амалга оширилмайди.
Ушбу Кодекснинг 51-моддаси 6-қисмида (“Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар”) “Давлат қораловчиси ёки жамоат қораловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шарт” дея баён қилинган бўлсада, ҳукумат “қора рўйхат”ида турган маҳкумларнинг жазо муддатлари қўшиб берилиши бўйича жиноят ишлари судларда кўрилиши пайтида томонлардан бири – давлат қораловчиси иштирок этади холос.
Маҳкумларнинг оила аъзолари маҳкумга нисбатан янгитдан жиноят иши қўзғатилганидан бехабар қолганликлари сабабидан адвокат ёлламайдилар, ҳукумат амалдорлари эса маҳкумларнинг ҳимоя ҳуқуқларини таъминламайди.
Кейинчалик яқинлари томонидан ёлланган адвокатларга маҳкумнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишлари учун умуман имконият ва шароитлар яратиб берилмайди.
“МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛАР” ИШИ
Махсус Давлат Комиссияси бугунги кунда қамоқларда қолаётган сиёсий, диний маҳкумлар ҳамда қийноқлар ва адолатсиз судлов қурбонлари хисобланмиш маҳкумларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилишидан аввал маъмурий қамоқ жазосига тортилган ишлари билан биринчилардан бўлиб танишиб чиқиши даркор.
Чунки қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишлари қўзғатилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланган.
Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалган.
Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган “қулоқлар”, енгилтабиат аёллар ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан фойдаланилади.
Маъмурий қамоққа олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинадилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўладилар.
Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланилади. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради.
Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинадилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинадилар.
Fikr bildirish