ББС: «Тошкент аэропортида мени озиқ-овқатсиз, бадбўй хонага қамаб қўйишди»
Қирғизистонлик таниқли инсон ҳақлари фаоли Тулекан Исмоилова 24 июнда Тошкентга сафар қилаётганида аэропортда тўхтатилиб, бир кеча қулф остида сақланган.
У француз адлия тизими мутахассислари билан Ўзбекистондаги ўсмир жиноятчилар ва қонун мавзусини тадқиқ қилиш учун Тошкентга келаётганди. Тошкент аэропортида ушлаб турилиши ортидан у Қозоғистонга чиқариб юборилган.
Исмоилова хоним 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан Қирғизистон жанубидаги қочқинлар билан учрашиб, «Ўққа тутилган одамлар» мубоҳасали ҳужжатли фильмини олган.
Би-би-си у билан боғланиб, ушланиши ва депортация қилиниши тафсилотларини сўради.
Исмоилова: Биз қандайдир муаммога юз тутамиз деб ўйламагандик, чунки гуруҳимиз таркибига ўсмирлар билан иш олиб борувчи Парижлик ҳакам ва тарбияси қийин ўсмирлар билаш ишлаш бўйича хорижлик мутахассислар кирганди. Мен Андижон воқеалари ортидан 2009 йилда бир марта Ўзбекистонда бўлганман.
2010 йилги Ўш воқеалари ортидан миллий озчиликлар учун адолат истаб кўп иш олиб борганман. Шунинг учун, мени тўхтатишади, деб ўйламагандим. Лекин, гуруҳимиз аъзоларини ўтказишди, мени эса тўхтатишди. Чегарачи компьютерига ва менинг паспортимга уч дақиқача синчиклаб қаради, кейин ҳамкасбига нималардир деди, кейин беш дақиқалардан сўнг бир гала чегарачилар етиб келишди. Улардан бири паспортимни олиб бир хонага кириб кетди.
Мен нима учун ушлаб турилганимни изоҳлашни сўрай бошладим, чунки ҳаракат эркинлиги инсоннинг энг асосий ҳуқуқларидан бири. Мен яқинларимга ва ҳамроҳларимга хабар беришим кераклигини айтдим. Кутинг, дейишди. Ҳамма ўтиб бўлди. Мени қўриқчи билан скамейкага ўтказиб қўйишди.
Кейин қандайдир афтидан лавозими юқори чегарачи келди, лекин ҳеч бири ўзини таништирмасди. Улар исмлари ёзилган беджикларини орқасига ўгириб қўйишганди. Кейин «қора рўйхат»да эканимини ва депортация масаласи кўриб чиқилишини айтишди. Бири менга бир ҳафтадир, иккинчиси эрталабки соат бешгача кутишимни айтди. Сўнг мени биринчи қаватга олиб чиқиб, қамаб қўйишди. У ерда жуда ҳаво дим эди, туалет қоғози йўқ эди, жуда кир эди. Туалет жуда кир эди, жуда сассиқ эди.
Би-би-си: Демак, бу оддий турмадаги камерадек бир хона эди, шундайми?
Исмоилова: Ҳа, қамохонадаги камерадек бир хона. Мени туни билан шу ерга қамаб қўйишди. Кечқурун мен эшикни қоқа бошладим. «Оч бўлганман ахир», десам, «Долларингиз борми?» деб сўрашди. Бештача одам шундай савол берди менга, долларим ё евро валютам бор йўқлиги ҳақида.
Ёнимда фақат қирғиз сўми борлигидан жуда ҳафсалалари пир бўлди. Кармонимнинг остида қолиб кетган 2 еврони топдим, «Ҳеч бўлмаса чой ичай, иккинчи қаватга олиб чиқинглар» деб илтимос қилдим. Иккинчи қаватда транзит зали борлигини билардим. Шу залга чиқиб олиш ҳаракатида эдим, чунки қирғиз сим-картали телефоним ишламаётганди.
Иккинчи қаватга олиб чиқишганида, чой ва фастфуд сотиладиган кафенинг ёнида кичкина интернет кафечаси бор экан, эгаси ёш ўзбек бола. «Ёрдам беринг, қизимга хабар юборишим керак, мен бировнинг бувисиман, тўғри тушунинг», дедим. У кўриб турибдики, қўриқчи назорати остидаман. Кейин интернетни очиб берганида, тезда ҳаммага ўзим ушланганим ҳақида хабар юбордим. Сўнг яна ўша камерага олиб тушишди.
«Матрас жуда кир, қандай ухлайман бу ерда?» десам, «Ҳеч қиси йўқ, ҳамма шундай ерда ухлайди», деб яна қамаб қўйишди. «Ахир мен ушлаб турибсизлар, оддий нарсалар, овқат, туалет қоғози, сочиқлар билан таъминлашингиз керак-ку», десам, «Йўқ, эрталабки бешгача кутасиз», деб яна қамаб кетишди.
Би-би-си: Эрталаб неччида келишди?
Исмоилова: Эрталаб мен яна тақиллатишни бошладим, чунки мазам қочганди. Соат беш, олти, етти ҳам бўлди, ҳеч ким келмади. Бошим оғирлашиб, ўзимни ёмон ҳис қила бошлагандим. Икки врач келиб, қон босимим 160-120га чиққанини ёзиб, дорилар беришди. Сал ўзимга келиб, яна ётдим. Кейин соат саккизда яна тақиллата бошладим.
Соат саккиз яримларда мени чой ичишга яна иккинчи қаватга олиб чиқишди. У ерга чиқсак, 40-45 ёшлардаги ўзбек эр-хотин икки фарзанди билан нонушта қилишаётган экан. Улар ҳам кўришди қўриқчи ёнимда эканини. Мен уларга ялина бошладим, 1000 қирғиз сўмини кўрсатиб, «бу 20 долларга тенг, илтимос озгина ўзбек сўмини беринглар, қорним оч», дедим. Улар эса туриб кетишди.
«Ҳа, майли», деб ўтирсам, ўша ёш аёл кўзлари ёшга тўлиб қайтиб келди, столимга 15 минг ўзбек сўмини қўйиб кетди, қирғиз сўмини бермоқчи бўлсам, олмади. Ўзбекчалаб раҳмат айтдим, тушундимки, меҳрибон, бир-бирига ёрдам берадиган инсонлар ҳамма ерда борлар.
Би-би-си: Суратга олишга муваффақ бўлдингизми?
Исмоилова: Сассиқ, доғлар билан қопланган каравотни расмга олдим, хонанинг ичида 2-3та расм олишга муваффақ бўлдим. Лекин, телефонимни олиб қўйишга таҳдид қилганлари учун, чегарачиларни суратга тушира олмадим. Телефонимни олиб қўйишмоқчи бўлганларида, барибир сим-картам у ерда ишламаётганини исботлаб, ўзимда қолдирдим.
Би-би-си: Чегарачиларнинг ўзлари сиз билан қандай муносабатда бўлишди?
Исмоилова: Жуда қупол муносабат қилишди. Чегарачи менга «Тез бўл, чойингни ич, нима бу ерни расмга олаяпсан», деб қўпол гапирарди. Кейин яна қамаб қўйишди. Сўнг соат 11:40да мени чегарадан олиб ўтишди ва кимдир мен билан суҳбат қилишини айтишди. У ерда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси муовини ва консул туришганди.
Улар соат эрталабки тўққиздан бери мени кўришга ҳаракат қилишаётгани, ўзбек Хавфсизлик Хизмати орқалигина мен билан учрашишга муваффақ бўлганларини айтишди. Беш дақиқагина гаплаша олдим, холос. Кейин мени парвозга чиқарамиз деб олиб кетишди. Билетни кўзимни қири билан кўрсам, Қозоғистоннинг Air Astana ҳаво йўллари чиптаси экан. Қўриқчи билан навбатга мен биринчи ўринга қўйишди, учоққа чиқариб 13Д ўриндиғига ўтқазишди ва шундагина паспортимни кўрсатишди.
Кичкинагина ёзув билан «қўриқчи назорати остида депортация» қабилида нимадир ёзилганди. Сабабини сўрасам, айтишмади. Лекин, аввалроқ қирғиз дипломатларидан сўраганимда, уларга ўзбек чегарачилари мен «муайян фаолияти учун қора рўйхатда» эканимни айтишганмиш. «Муайян фаолият» нима ўзи, билмайман.
Би-би-си: Сиз 2009 йилда Ўзбекистонда бўлгансиз ва ҳозирда Францияда бошпана топган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева билан учрашгансиз, шундай эмасми? Сиз шунинг учун депортация қилиндим деб ўйлайсизми ёки бошқа сабаблар борми?
Исмоилова: Биз ўшанда Фронтлайн ташкилоти ходими Мария Чиченкова билан қамоқдан озод этилган Мўътабар Тожибоевага Ўзбекистондан чиқиб кетишга ёрдам бергандик. Дарвоқе, Марияни ҳам бу йил февралида Ўзбекистонга киритишмади ва депортация қилишди.
Ўшанда Мўътабар билан Фарғонадан Тошкентга учганимизда, бизнинг орқамиздан мунтазам равишда кузатиб юришган. Машиналарда махсус хизматлар ходимлари юриб, суратларга олишган.
Билишимча, шунинг учун мен қора рўйхатга тушганман. Буларнинг бари мен учун жуда оғриқли бир нарса, чунки биз эркин ҳаракат қилишга қодир бўлишимиз керак. Биз қўшнилармиз, одамлар бир-бири билан мулоқот қилиши, қашшоқлик, йўқолиб қолишлар, зўравонликларга қарши курашда бир-бирига ёрдам беришлари керак.
Афсуски, Ўзбекистон авторитар давлат. У ерда ноҳукумат ташкилотлар сектори қолмаган, уни 2005 йилдаёқ йўқ қилишга киришганлар.
Би-би-си: Сиз билан бошқа ҳуқуқшунослар ҳам бўлишган, лекин айнан сизни ушлаб қолишган. Уларга эса Ўзбекистонга кириш рухсат берилган. Демак, бу билан Ўзбекистонга умуман инсон ҳуқуқлари фаоллари киритилмайди деб хулоса қилиш нотўғри, шундай эмасми?
Исмоилова: Албатта. Лекин бу одамлар ҳуқуқ ҳимоячилари эмасди. Улар балоғатга етмаган ёшлар билан шуғулланувчи ҳакам, турмалар тизими билан ишлайдиган ижтимоий ходим, учинчиси эксперт ва сиёсатшунос, тўртинчиси эса кўча болалари ва қамоқхоналардаги болалар фойдасига ҳайрия берадиган донор эди.
Тошкент аэропортида мени озиқ-овқатсиз, бадбўй хонага қамаб қўйишди
Fikr bildirish