Каримова хоним ўз интервюсида Мўътабар Тожибоевани, жумладан, ҳибсда қийноққа солингани иддао қилинган собиқ ёрдамчиси ҳақидаги сўзларини рад этиш мақсадида ўзбек расмийлари билан тил бириктирганликда айблайди.
Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи, шунингдек, Тожибоева ва бошқа фаолларнинг Ўзбекистонда бизнес манфаатларига эга эканини даъво қилган.
30 ноябр куни Гулнора Каримова Твиттер микроблогида Юнонистон фуқароси бўлган Янис Галаноснинг иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурлангани ва қийноққа солинганини иддао қилган эди.
4 декабр куни Тошкентдаги «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти жаноб Галаноснинг Гулнора Каримова иддаоларини рад этувчи баёнотини эълон қилган.
Жамият фаоллари билан суҳбатда Тошкентда ҳибсхонада ушлаб турилган 31 ёшли Юнонистон фуқароси ўзининг Ўзбекистоннинг маъмурий қонунчилигини бузганинини тан олган ва қийноққа солингани ҳақидаги гап-сўзларни «бўҳтон» деб атаган.
Кейинроқ интернетда Гулнора Каримова ёрдамчисининг раддияси акс этган видео ҳам пайдо бўлган.
Мўътабар Тожибоева Галаноснинг раддиясига мутлақо алоқаси йўқлигини айтиб, «Ҳуррият» журналистини нопрофессионаллик ва нохолисликда айблайди.
Электрон мусоҳаба
«Ҳуррият» рўзномасида Гулнора Каримова билан чоп этилган суҳбат муаллифи Асли Баришнинг Би-би-сига айтишича, Каримова хоним билан суҳбат электрон почта орқали йўлланган саволлар ва жавобларга асосланган ва рўзнома ҳеч қайси томоннинг тарафини олмаган.
«Мен суҳбатдаги даъволарни текширишга ҳаракат қилдим, аммо Ўзбекистондан ҳеч ким биз билан мулоқот қилишни истамади», деб айтди туркиялик журналист.
Унинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова билан 17 марта электрон почта орқали ёзишган.
«Гулнора Каримованинг твитлари ҳамманинг оғзида эди ва биз ҳам бу қизиқишдан келиб чиққан ҳолда унинг ҳикоясини чоп қилдик. Биз ҳеч кимнинг тарафини олганимиз йўқ», – деб айтди журналист.
Би-би-сининг нима учун Мўътабар Тожибоева ва суҳбатда номлари тилга олинган бошқа фаоллар билан боғланишга ҳаракат қилмагани ҳақидаги саволига жавобан Асил Бариш барча тарафлар билан мулоқот қилиш, жумладан, Тожибоева хоним билан ҳам суҳбатлашишга тайёрлигини билдирди.
Гулнора Каримованинг 8 декабр куни «Ҳуррият»да чоп этилган суҳбати унинг шу йил октябрида Ўзбекистон ҳукуматидаги айрим доиралар ва оила-аъзолари билан «Твиттер уруши» бошланганидан буён матбуотга берган биринчи интервюси бўлган.
«Ҳуррият»нинг изоҳ беришича, Каримова хоним рўзномага «нима гапирса, айнан шуни ёзиш» шартини қўйган.
Ўтган ҳафта Гулнора Каримованинг синглиси Лола Каримова ҳам интервюда янграган иддаолар юзасидан опасини маҳкамага тортиш билан таҳдид қилган.
Мўътабар Тожибоева турк рўзномасидан раддия талаб қилмоқда
Fikr bildirish