Ўзбекистон: Россиялик адвокатга Мирсобир Ҳамидқориев билан тергов изоляторида учрашишга рухсат берилмади

Ўзбек расмийлари россиялик адвокат Илларион Васильевга Мирсобир Ҳамидқориев устидан бўлиб ўтаётган суд маҳкамасида иштирок этишга рухсат бердилар, аммо адвокатга қочқин билан тергов изоляторида учрашишга изн бермадилар.  

“Жараён” таҳририятига йўллаган мактубида жорий йилнинг июнь ойи бошида Москвада ўғирлаб кетилган Мирсобир Ҳамидқориевнинг россиялик адвокати Илларион Васильев ўз ҳимояси остидаги қочқиннинг навбатдаги суди 20 ноябрга қолдирилгани ҳақида маълум қилди.

– Гарчи биз бугунги санани прокурор билан аввалги суд маҳкамасида мувофиқлаштирган бўлсак-да, у тўсатдан тарафларнинг судда сўзга чиқишига тайёр эмаслигини айтиб қолди. Мен аввалги суд маҳкамасида 20 ноябр куни Мирсобирнинг судида иштирок этолмаслигимни айтгандим, чунки айнан мана шу куни Москва шаҳар судида Замоскворец туман судининг Ҳамидқориевнинг қочқинлик мақоми юзасидан чиқарган қарорига нисбатан Москва шаҳар Федерал миграция хизмати киритган шикоят аризаси кўриб чиқилиши керак. Аммо судья Сарвар Каримов навбатдаги суд маҳкамасини айнан 20 ноябрга белгилади, – дея маълум қилди 13 ноябр куни адвокат Илларион Васильев.

Ўзбек расмийлари россиялик адвокат Илларион Васильевга Мирсобир Ҳамидқориев устидан Тошкентда бўлиб ўтаётган суд маҳкамасида иштирок этишга изн берганлари ҳақида “Жараён”га ноябр ойининг бошларида адвокат Васильевнинг ўзи маълум қилганди. Ўшанда адвокат Васильев, Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўзбекистонлик адвокати сўзларига таянган ҳолда, Тошкентда ўзбек қочқини устидан бўлиб ўтаётган суд маҳкамаси шов-шувли жараёнлардан бири эмаслигини айтганди.

Бироқ ўзбек суди адвокат Васильевга Мирсобир Ҳамидқориев устидан Тошкентда бўлиб ўтаётган маҳкамада иштирок этишга рухсат берган бўлса-да, кейинчалик адвокатнинг ўзбек қочқини билан тергов изоляторида кўришишига изн бермагани маълум бўлди.

– Менга Мирсобир билан СИЗОда учрашишга рухсат беришмади, бунинг учун маҳаллий адвокат бўлиш керак экан, – деб ёзади ўз мактубида Илларион Васильев.

Айни пайтда Мирсобир Ҳамидқориев халқ орасида “Тоштурма” дея аталадиган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли КИН УЯ 64/1 тергов изоляторида сақланмоқда.

Эслатиб ўтсак, Тошкентдаги суд маҳкамасида Мирсобир Ҳамидқориев россиялик адвокати Илларион Васильев билан қисқача гаплашишга муваффақ бўлган. Ўшанда ўзбек қочқини Васильевга Тошкентда бўлиб ўтган тергов пайтида қийноққа солинганини айтиб берган. Ўзбек томони Ҳамидқориев тергов изоляторида россиялик адвокати билан учрашган пайти унга куч ишлатар тузилмаси ходимлари томонидан ўзига нисбатан қўлланилаётган бошқа жисмоний зўравонликлар ҳақида ҳам айтиб беришидан хавфсираб, Илларион Васильевга ҳимояси остидаги қочқин билан учрашишга изн бермаганларини ҳам эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева эса тергов изолятори маъмуриятининг ҳатти-ҳаракатлари амалдаги қонунчилик актларига зид эканини айтади.

– Бундан ташқари, бу, эҳтимол, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари россиялик адвокатга ҳимояси остидаги қочқин билан тергов изоляторида учрашиши учун атайин сунъий равишда тўсқинлик қилаётганлари ҳақидаги ҳаёлларга олиб боради. Бу ҳатти-ҳаракат адвокатнинг навбатдаги суд маҳкамасига самарали равишда тайёргарлик кўришига ҳалақит беради ва суд жараёни тергов органига қулай бўлган сценарийда ўтказилади. Ўйлашимча, ўзбек расмийлари Ҳамидқориев адвокат Васильевга аввалги суд маҳкамасида Россиядан ўғирлаб кетилгани, Москвада, кейинчалик эса Тошкентдаги тергов пайтида қийноққа солинганини айтиб берганидан сўнг ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари қочқин билан адвокатга тергов изоляторида учрашишга рад жавобини беришни атайлаб ўйлаб топганлар, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Унинг фикрича, гарчи Илларион Васильев Россия фуқароси бўлса-да, судья Сарвар Каримов раислигидаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди уни Мирсобир Ҳамидқориев ишига ҳимоячи (адвокат) сифатида киритишга рухсат берган ва бу орқали суд Васильевнинг адвокат сифатидаги ваколатини тан олган. Шунингдек, Тожибоевага кўра, чет эллик юрист ваколатининг Ўзбекистондаги маҳаллий суд томонидан тан олиниши бир маротабалик характерга ва фақатгина Мирсобир Ҳамидқориев манфаатини ҳимоя қилиш доирасидагина кучга эгадир.

– Бу эса адвокат Илларион Васильев ўз ҳимояси остидаги кишининг манфаатларини судда ҳимоя қилишга тайёргарлик кўриш учун у билан тергов изоляторида учрашишга тўла ҳақли деганидир. Бундан келиб чиқди, тергов изолятори маъмуриятининг Васильев маҳаллий адвокат эмаслиги ҳақидаги даъвоси билан унга рад жавоб бергани ҳеч қандай қонуний асосга эмас ва бу Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мутлақо зиддир, – дейди ўзбек ҳуқуқ фаоли.

37 яшар ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Россия ҳудудида сиёсий бошпана олиш мақсадида яшаб келган, чунки у 2011 йилда Ўзбекистонда халқаро қидирувга эълон қилинган.Ўзбекистон томони уни таркибида таниқли ўзбек спортчилари, зиёлилари ва тадбиркорлари бўлгани айтиб келинадиган “Ислом жиҳодчилари” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотни тузишга алоқадорликда айблаб келади.

Аммо Ҳамидқориевнинг ўзи бу айбловларни мутлақо инкор қилган. Аввалги суд маҳкамаларида Мирсобир Ҳамидқориев ҳеч қандай таъқиқланган диний ташкилотга аъзо бўлмагани, фақат синфдошлари билан бўлиб ўтган Гап йиғилишларида Пайғамбар ва аёлларнинг рўмол ўраши кераклиги ҳақида гапирганини айтган.

Мирсобир Ҳамидқориев Россияда нотаниш кишилар томонидан ўғирлаб кетилганидан бир неча ҳафтга ўтгач, унинг дараги Тоштурмудан чиққан эди. Тошкентдаги суд маҳкамасида Ҳамидқориев адвокат Илларион Васильевга унинг Москвада ўғирланиши Россия Федерал хавфсизлик хизматининг амалдаги ходимлари томонидан бажарилганини, кейинчалик Россия махсус хизмати ходимлари уни ўзбекистонлик ҳамкасблари қўлига топширганлари ва у Москвадан Тошкентга самолетда олиб келинганини айтиб берган.

Айни пайтда ўзбек томони Мирсобир Ҳамидқориевга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддаси (“Ноқонуний жамоат ташкилотлари ёки диний ташкилотлар тузиш”) ва 244-2-моддаси (“Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”) бўйича айблов билдирилган.

Жорий йилнинг 7 ноябр куни Амнести Интернешнл инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти баёнот эълон қилиб, унда ўзбек расмийларини Мирсобир Ҳамидқориевнинг унга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги аризаларини адолатли равишда кўриб чиқишга, бундай ҳатти-ҳаракатларни амалга оширган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жавобгарликка тортишга ва ўзбек қочқини устидан бўлиб ўтаётган суд жараёнини халқаро ҳуқуқ меёрлари ҳамда “Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги” халқаро Пактга амал қилган ҳолда ўтказишга чақирди.

 

Мубина САФАРОВА

 

Қуйида “Жараён” таҳририяти “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг ўзбек расмийлари россиялик адвокат Илларион Васильевга ҳимояси остидаги Мирсобир Ҳамидқориев билан учрашишга рухсат бермагани ортидан ёйинлаган баёнотининг тўлиқ матнини (рус тилида) келтиради.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.