Виталий Пономарев: Россиядаги ҳукумат пропагандаси “исломофобия”ни астойдил кўпиртирмоқда
Сўнгги йилларда Россияда ўнлаб марказий осиёлик қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари ўғирлаб кетилди.
Кейинчалик эса у инсонларнинг дараги Ўзбекистон ёки Тожикистон қамоқхоналаридан чиқди. Бу мамлакат расмийлари Россиядан ўғирлаб келинган фуқароларини оғир жиноятларни содир этганликда айблаб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг диний моддалари бўйича айбловлар билдирилганлари аниқланди.
“Жараён”га берган интервьюсида таниқли россиялик ҳуқуқ фаоли Виталий Пономарев сиёсий ёки диний фаолияти учун таъқибга учраб, мамлакатни тарк этган марказий осиёлик эмигрантларнинг ҳолатлари, уларнинг ўғирланишига қўл ураётган махсус хизматлар ва бу инсонлар ҳимоясига қаратилган халқаро ҳуқуқ меёрлари ҳақида гапиради.
Жараён: Жаноб Пономарев, сўнгги йилларда Россияда ўзбек ва тожик қочқинлари, меҳнат муҳожирларини ўғирлаш ҳолатлари кўпайди. Агар аввалига ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва умуман жамоатчилик бундай ҳолатларга кескин муносабат билдирган бўлса, кейинчалик ҳеч ким бу ҳақда эшитгач, ҳатто ҳайратланмайдиган ҳам бўлиб қолди. Буни нормал ҳолат, деб ҳисоблайсизми, буни жимгина тан олиш керак, холосми?
Виталий Пономарев: Бу мавзуга етарлича эътибор қаратилмаяпти, деган фикрингизга қўшиламан.Айтганча, марказий осиёлик қочқинларни нафақат ўғирлаб кетиш орқали, балки кўпинча инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни жиддий равишда бузиш орқали кузатилаётган экстрадицион ва маъмурий жараёнлар орқали ҳам юртларига қайтаришмоқда. Ва бу муаммога фақат Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари дуч келаётганлари йўқ, лекин улар билан бундай ҳолатлар бошқаларга нисбатан кўпроқ содир бўлмоқда, дейиш мумкин. Варшавада ЕХҲТнинг инсон ўлчови мавзусида бўлиб ўтган сўнгги мажлисида мен МДҲ давлатларидаги марказий осиёлик қочқинларга нисбатан алоҳида таҳдид мавжудлигини алоҳида қайд этдим ҳамда ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларга бу шахсларни юртларига мажбурий равишда қайтариб юбориш ҳолатларини мониторинг килиб боришни таклиф қилдим.
Марказий Осиё мамлакатларида сиёсий ёки диний сабаблар билан таъқибга учраб, сўнгра Россияга қочиб келган қочқинларни ҳибсга олиш ва мажбурий равишда юртларига қайтриб юбориш ҳолатлари 2012 йилнинг кузидан бошлаб кескин кўпайди. Бундай ҳолатларнинг сони шундайки, айни пайтда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотларида уларга бу ҳолатлар бўйича келиб тушаётган аризалар билан ишлаш учун етарлича ресурслар йўқ. Халқаро миқёсда эса бу муаммога етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Алоҳида қайд этиб ўтишим лозимки, Россияда бу жараёнлар мамлакатда демократик эркинликларни кескин равишда бўғиш билан кузатилаётган бир вазиятда содир бўлаяпти. Россияда ҳуқуқ фаолари “чет эл агентларига” айланди, интернет цензурага учради, ўзгача фикрловчиларнинг овозини бўғишга қаратилган “аксилэкстремистик” дея аталаётган қонунчилик анча кучайтирилди…Келажакда Россияда ҳам ҳудди Ўзбекистондаги каби чиқиш визалари жорий этилиши эҳтимолдан холи эмас. Россиядаги ҳукумат пропагандаси “исломофобия” ва “украинафобия”ни астойдил кўпиртирмоқда. Бундай сиёсий вазиятда нафақат қочқинлар билан содир бўлаётган ҳолатлар, балки ҳуқуқ фаоллари учун анъанавий бўлиб қолган бошқа мавзулар ҳам ОАВларида бундан бир неча йил аввал кузатилганидек тез-тез ва баралла ёритилаётгани йўқ.
Жараён: Ҳозир кўпчилик ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистондан қочиб, қўшни Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан бошпана изламоқчи бўлган ўзбек фуқароларини бу мамлакатларга бормасликни, ундан кўра улардан анча хавфсизроқ бўлган Туркияга боришни маслаҳат беришмоқда. Бироқ ўзбекистонлик қочқин барибир номи юқорида санаб ўтилган қўшни мамлакатлардан бошпана топишни истаб қолса, махсус хизматлар томонидан ўғирлаб кетилмаслиги учун авваломбор нималарга эътибор қаратмоғи керак?
Виталий Пономарев: Ҳозир ҳеч қандай маслаҳат беролмайман, чунки бунинг учун авваломбор индивидуал иш билан танишиб чиқишим керак. Ва баъзи бир ишлар бўйича қочқинлар ишлари билан шуғулланадиган ҳуқуқ фаоллари орасида турли фикрлар борлигини очиқ айтиб ўтишим керак.
Жараён: Жаноб Пономарев,Россия ҳудудида қочқинларни ўғирлаб кетиш ҳолатларининг деярли аксари ФХХ (Федерал хавфсизлик хизмати) ходимлари кўмагида амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо шу кунгача Россия махсус хизматининг бирорта ҳам ходими бунинг учун жавобгарликка тортилгани йўқ. Сизнингча, бунинг аксига, яъни ФХХ раҳбариятини Россия ҳудудида бошпана излаётган қочқинни ўғирлашда иштирок этган ходимининг ҳатти-ҳаракатлари учун жавоб беришига қандай қилиб эришиш мумкин? Ахир одам ўғирлаш бу энг ҳақиқий жиноятку.
Виталий Пономарев: Муаммо сиёсий даражада ҳал этилиши керак.
Бунда Россияда ўғирлаб кетилган қочқинлар ишлари бўйича очилган жиноий ишларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмининг текшируви охиригача олиб борилиши муҳим. Бироқ бундай ишлар бўйича текширувлар жиддий муаммоларга дуч келмоқда, жумладан, Ўзбекистонда қолаётган одам ўғирланиш ҳолатидаги қурбон билан тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлигидир. Ҳаттоки Ўзбекистон ҳудудида қолаётган ўғирланиб кетилган қочқин билан сўроқ ўтказилган тақдирда ҳам унинг ўғирланишига алоқадор бўлган мамлакат расмийлари жабр кўрган инсоннинг позициясига таъсир ўтказишда кенг имкониятларга эга бўладилар.
Жараён: Халқаро судлар Россия ҳукуматига бу мамлакат ҳудудида ўғирлаб кетилган инсонга фақат товон пули тўлаш ёки уни мамлакатга қайтиб олиб келинишини таъминлашидан бошқа бир мажбуриятларни ҳам юклаши мумкинми?
Виталий Пономарев: Агар сиз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судини назарда тутаётган бўлсангиз, суд амалдаги процедураларга кўра хулоса чиқармоқда. Суд керакли халқаро механизмларнинг иштирокчиси бўлмаган Ўзбекистон ҳукуматини бирор нарсага мажбур ёки қочқиннинг ўғирланишига алоқадор бўлган Россия ФХХнинг ходимини ҳам қамоқ жазосига ҳукм қилолмайди. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, Россия ҳукуматини ўғирланиб кетилган қочқинларга ўз вақтида товон пуллларини тўлаб бормоқда, алоҳида ишларни қайта кўриб чиқмоқда, бироқ гап мунтазам равишда кузатилаётган муаммолар ҳақида кетганда, бу мамлакат ҳукумати уларга керакли эътибор қаратаётгани йўқ.
Жараён: Суҳбатингиз учун катта раҳмат, жаноб Пономарев.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish