– Ҳозиргина судья Сарвар Каримов Ҳамидқориевни айблов билдирилган иккала модда бўйича ҳам айбдор деб топди ва унга 8 йиллик қамоқ жазосини белгилади, – деди Илларион Васильев ва апелляция бериш муддати – 10 кунни ташкил қилишини қўшимча қилиб ўтди.
Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддаси (“Ноқонуний жамоат ташкилотлари ёки диний ташкилотлар тузиш”) ва 244-2-моддаси (“Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”) бўйича айбланаётган эди. Ўзбек расмийлари уни таркибида таниқли ўзбек спортчилари, зиёлилари ва тадбиркорлари бўлгани айтиб келинадиган “Ислом жиҳодчилари” дея номланган фаолияти мамлакат ҳудудида таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотда иштирок этганликда айблаб келганлар.
Бироқ Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўзи ҳеч қандай таъқиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этмагани, балки бир неча маротаба синфдошлар билан учрашув пайтида, Гапда, Пайғамбар ва аёлларнинг рўмол ўраши шартлиги ҳақида гапирганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтсак, гарчи Мирсобир Ҳамидқориев судида иштирок этишга рухсат берилган россиялик адвокат Ҳамидқориев иши бўйича 20 ноябрга белгиланган тарафларнинг судда сўзга чиқишида иштирок эта олмаслигини, шунинг учун буни бошқа муддатга, яъни бир неча кун аввалроққа кўчиришни ўзбек судьясидан сўраган бўлса-да, суд адвокатнинг илтимосини инобатга олмаган ва тарафларнинг судда сўзга чиқишини 20 ноябр кунига белгиланганди.
Бироқ россиялик адвокат Москвага кетганидан кейин Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди шошилинч равишда тарафларнинг судда сўзга чиқишини ўтказгани маълум бўлди.
– Мирсобирнинг қариндошлари менга уларга тарафларнинг судда сўзга чиқиши бугун (18 ноябрь куни – “Жараён”) бўлиб ўтишини тўсатдан маълум қилганларини айтиб беришди. Улар 20 ноябрга белгиланганди, бу ҳақда мен сизларга ўтган ҳафтада, Тошкентда бўлганимда хабар қилгандим. Бу хабарни эшитган Мирсобирнинг қариндошлари шошилиб судга боришган ва тарафларнинг судда сўзга чиқишида иштирок этишган, – дейди адвокат Илларион Васильев.
Аммо унинг айтишича, ўзбек сули Мирсобир Ҳамидқориевнинг ҳуқуқларини қўпол равишда бузган.
– Суд залида иштирок этган Мирсобирнинг қариндошлари менга Мирсобир судьядан тайёрганлик кўриш учун бир кун сўраганини айтиб беришди. Бироқ судья Сарвар Каримов бунга рад жавоби берган. У Мирсобирга қарата: “Истасанг ҳозир гапир, истамасанг, мен сўнгги сўзидан воз кечди, деб ёзиб қўяман”, деган. Мирсобир судьядан тайёргарлик кўриш учун вақт беришини ўтиниб сўраган, аммо судья бунга умуман кўнмаган. Кейин Мирсобир тайёргарликсиз гапира бошлаган, аммо судья уни ҳаттоки эшитмаган ҳам. Судья: “биз бу ишни бугуноқ тугатишимиз керак”, деган, – дейди Илларион Васильев.
Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг ноябр ойи бошларида ўзбек суди россиялик адвокат Илларион Васильевга Мирсобир Ҳамидқориев иши бўйича Тошкентда бўлиб ўтган суд маҳкамасида иштирок этишига рухсат берган, аммо кейинчалик адвокатнинг ўзбек қочқини билан КИН УЯ 64/1 тергов изоляторида (“Тоштурмада”) кўришишига йўл қўймаган.
37 яшар ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев жорий йилнинг 9 июнь куни Москвада ўғирлаб кетилганди. У Россия ҳудудида бошпана топиш мақсадида яшаб келган, чунки 2011 йили ўзбек расмийлари уни халқаро қидирувга эълон қилган эдилар.
Тошкентда бўлиб ўтган суд маҳкамасида Ҳамидқориев россиялик адвокатига уни Москвадан Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ўғирлаб, сўнг ўзбекистонлик ҳамкасблари қўлига топширганлари, улар эса ўз навбатида, ўзбек қочқинини Тошкентга самолетда олиб кетганларини айтиб берган.
Шунингдек, Мирсобир Ҳамидқориев Илларион Васильевга ўзбек суди уни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилишидан, қамоқда эса уни ҳудди Тошкентдаги тергов пайтида бўлгани каби шафқатсиз қийноқларга тутишларидан хавотирда эканини айтган эди.
– Мирсобир уни қамоқда йўқ қилиб юборишларидан хавотирланаяпти, – деган эди “Жараён”га адвокат Илларион Васильев.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish