Бугунги кунда Ўзбекистондан ҳар йили миллионлаб фуқаро дунёнинг кўплаб мамлакатларига муносиб ҳақ тўланадиган иш қидириб чиқиб кетиши сир бўлмай қолган. Кўплаб ишончли маълумотларга кўра, ҳар йили бу муҳожирлар Ўзбекистонга тақрибан 6-8 миллиард АҚШ долларига тенг маблағ жўнатадилар. Бироқ Ўзбекистон расмийлари ҳалигача яқин ва узоқ хорижда миллионлаган меҳнат муҳожири борлигини мутлақо инкор қилиб келади.
Бу вазият 2012 йилнинг охирига келиб ўзгарди. Ўшанда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисларидан бирида Ислом Каримов Москвада фаррошлик қилиб юрган ва ўша ерда жон таслим қилган ўзбекистонлик йигитнинг ўлими юзасидан норозилик изҳор қилганди. Ўша пайтда Каримов Вазирлар Маҳкамасига “у ўша ёқларда нима қилиб юрганди?” дея савол ташлаган ва йигитнинг ўлимида ички ишлар вазирини айблаганди.
Аслида меҳнат муҳожирлари ҳар доим жамиятнинг энг заиф қатлами бўлиб келган. Турли оммавий ахборот воситалари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳимоясизлиги ва ҳақ-ҳуқуқсизлиги ҳақидаги фактларни мунтазам равишда ёритиб келганлар. Кўп ҳолларда энг фожеали ҳодисалар муҳожирлар билан боғлиқ воқеалар бўлиб чиқади. Жумладан, муҳожирларнинг тақирбошлар ва миллатчилар томонидан шафқатсизларча ўлдирилиши доим содир бўлиб турадиган ҳолатдир.
Шунингдек, техник жиҳатдан ҳимояланмагани учун муҳожирлар ишлаб чиқариш жараёни қурбонига айлангани ҳам тез-тез кузатилади. Ўтган 2012 йили Москвада содир бўлган ёнғин чоғида ўзбекистонлик кўплаб меҳнат муҳожирлари тириклайин ёниб кетган.
Ислом Каримовнинг меҳнат муҳожирларини “дангаса” деб аташи алоҳида эътибор ва таҳлил талаб қилади. Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари, талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимлари давлат даражасида мунтазам равишда мажбуран ва бепул ишлатиб келинади. Каримов ҳукумати одамларни ё бепул ишлатиш, ёки арзимаган ҳақ эвазига ишлатиш психологиясига эга бўлиб, бу бозор иқтисодиёти асосий тамойилларидан бирининг, инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб ҳисобланади.
“Дангаса” сўзи инсонда ўз эҳтиёжларини ҳал қилиш учун ирода, интилиш ва саъй-ҳаракат йўқлигини англатади. Ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирлар ўзларини “дангаса” сўзи маъносига тўла тескари томондан кўрсатмоқдалар, улар жонларини хатарга қўяроқ, Россиядаги энг қийин ва ҳимояланмаган ишларни бажараяптилар.
Ислом Каримов баҳосида бир неча жиҳатни илғаш мумкин. Биринчидан, Каримов сўнгги чорак аср мобайнида ўзи томонидан барпо этилган сиёсий режим ўз фуқароларига нисбатан ҳамдардликнинг ҳар қанақа унсуридан ҳоли бўлган қип-қизил диктаторлик режими эканини таъкидламоқда. Иккинчидан, Каримов “дангаса” сўзининг ҳақиқий маъносини англаш салоҳиятидан маҳрум.
Аслини олганда, ҳақиқий “дангаса” Ислом Каримовнинг ўзидир. У ҳокимият тепасида қонунга хилоф равишда қолиш баробарида миллионлаб муҳожирлар билан боғлиқ ҳақиқий аҳволни ўрганиб кўришга ҳам, давлат аппаратини муҳожирларни чинакамига ҳимоя қилиш учун ишлатишга ҳам чоғи келмайди.
Айнан Каримов томонидан бошқарилаётган, жамият устидан назоратни новаторлик ғоялари, ислоҳот, янгиланиш ва одамлар турмушини ўнглаш эвазига эмас, балки куч, зўравонлик қўллаш ҳисобига ушлаб турган давлат тўлалигича ва батамом “дангаса” деб аталишга лойиқдир.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ислом Каримовнинг сўзлари меҳнат муҳожирлари учун хатарли оқибатларга эга бўлиши мумкинлигини қайд этаркан, бу сўзлар давлатлар ва жамиятлар учун ўзбекистонлик муҳожирларни бундан буён ҳам бемалол хўрлаш учун “руҳлантирувчи ишора” бўлиши мумкинлигини урғулайди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Париж, Франция
23 июнь 2013 йил
Fikr bildirish