– Ҳасан Чориевнинг ёш қизни зўрлаганликда айбланаётгани ҳақида унга давлат тарафидан ёлланган Убайдулло Жумаев исмли адвокати маълум қилди. Адвокат аллақачон шартнома тузилгани ва Чориевлар оиласи 200 минг сўм тўлаши кераклигини айтди, – деди 22 июн куни “Жараён”га гапирган Рустамов.
Эслатсак, Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туман фуқароси 71 ёшли Ҳасан Чориев 17 июнь куни дараксиз йўқолгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Отанинг яқинлари у Ўзбекистон президентига йўллаган шикоятлари бўйича Шаҳрисабз туман прокурори билан суҳбатга чақирилганидан кейин уйга қайтиб келмаганини айтган эди.
Ҳасан Чориевни қидириш ишлари билан шуғулланган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов анча уринишлардан кейин у Қаршидаги 5-тергов изоляторида сақланаётганини аниқлаган.
– Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинганига бугун мана олти кун бўлди. Шу кунгача на прокурор, на терговчи ва на унинг давлат томонидан ёлланган адвокати билан учраша олмадик. Қачон телефон қилсак, прокурорлар мажлисда, терговчи Тошкентда хизмат сафарида экани айтилаяпти. Кеча, 21 июнь куни кутилмаганда телефон қилган адвокати эса ғойиб бўлди, телефонга ҳам жавоб бермаяпти. Хуллас, майнавозчилик, – дейди бугун вилоят прокуратураси расмийларидан бирортаси билан учрашиш умидида яна йўлга чиққанини айтган альянс вакили Рустамов.
Ҳасан Чориевнинг қизи Зулайҳо Чориева отасига қўйилган айблов хулосаси билан ҳалигача яқинлари ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам таништирилмаганини ва бу айблов отасига нисбатан “қуруқ туҳмат” эканини айтади.
– Отам икки марта инсульт бўлган, урологик операция қилинган. Бу ҳукумат одамлари акам Баҳодирдан қасд олиш учун мана шунақа йўл билан отамни, оиламизни шарманда қилмоқчи. Олти кун бўлди – отамнинг аҳволидан ҳеч қанақа хабаримиз йўқ. Балки чол кишини дўппослашгандир “бўйнингга ол” деб, кимёвий дорилар қўллашгандир, ким билади. Бўлмаса нега кўрсатишмаяпти? Интернетда акам Баҳодир Чориев ҳақида “Ўзбекистоннинг бўлғуси президенти” номли мақола нашр қилинганидан кейин оиламизга мана шунақа тазйиқ бошланди, – дейди Зулайҳо Чориева.
Ўзбекистонда нозўровон йўл билан инқилоб қилишни тарғиб қилиб келаётган “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев отасининг қамалишини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлайди.
Айтилишича, Ҳасан Чориев аввал ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари томонидан бир неча марта ўғлининг сиёсий фаолияти борасида огоҳлантирилган.
Мавзу юзасидан “Жараён”га гапирган Қашқадарё вилоят прокуратураси масъулларидан бири Аброр Хидиров 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг жинсий тажовуз билан айбланаётганини тасдиқламагани баробарида рад ҳам қилмади.
Вилоят прокуратураси расмийси “Жараён” мухбирининг мавзуга оид саволларига шу яқин кунларда ёзма тарзда тўлиқ жавоб қайтарилишини ваъда қилди.
Ҳасан Чориев ўтган йил октябрида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси (туҳмат) бўйича айбланиб, иши судга оширилган эди.
Бунга унинг Қамаши туман ҳокими устидан ёзган шикоят аризаси сабаб бўлганди.
Миллий Хавфсизлик Хизматининг маҳаллий бўлимига ёзган аризасида Ҳасан Чориев туман ҳокимини ўзига тегишли бўлган, кейинчалик эса маҳкама қарори билан давлат ҳисобига ўтказилган 37 гектар ердан ноқонуний фойдаланишда айблаганди.
Маҳкама Ҳасан Чориевнинг даъво аризасини рад этиб, унинг ўзига катта миқдорда жарима солган эди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish