Олимжон Тўхтаназаров: Мен энди сизлар билан бир сафда тура олмайман!

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши раиси, Наманган вилоят ҳокими Х.Бозоровга

Халк депутатлари Наманган вилоят кенгаши Депутатларига ҳамда O‘zLiDeP депутатларига

Олимжон Тўхтаназаровдан

ОЧИҚ ХАТ!

Олимжон Тўхтаназаров қамоқдан чиққан куни яқинлари билан

Бугун 22 февраль куни Наманганда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси бўлар эмиш.

Ушбу сессия 4-Умрзақов сайлов округидан халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат Тўхтаназаров Олимжон Абдуназаровичсиз, яъни менсиз ўтармиш.

Албатта мени сессияга таклиф қилмадиларинг, қила олмасдинглар ҳам! Мени қонунга зид равишда ҳибсга олиб, маъмурий органларга ишловчи ёлланма адвокат Абдужаббор Нишоновни менга рўбарў қилиб, малакали ҳуқуқий ёрдам олишимга йўл бермасдан, менга нисбатан руҳий қийноқлар қўллаб, содир этмаган жиноятни зиммамга олишга мажбур қилиб, тинимсиз видеотасвирга олганликлари ва ўша олинган видеотасвирлардан монтаж қилиб, мени жиноят содир этганимни тан олганим ҳақидаги эртакни бутун бошли Ўзбекистон телеканалларида намойиш қилганларида, икки уч кун ичида турли матбуотларда 20дан ортиқ туҳмат ва бўҳтон мақолалар чоп қилиб, мени номимни булғаган паллаларида Сизлар сукут сақлашни афзал кўрдинглар!

Мени қонунга зид равишда ҳибсга олиб, мен содир қилмаган жиноятни бўйнимга илар пайтларида Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши раиси, Наманган вилоят ҳокими Х.Бозоров эса депутатга нисбатан уни жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳибсга олишга розилик беришга шошилди холос.

Жаноб Бозоров!

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11 – Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи ҳақидаги моддасида «Депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас» дейилган.

Мен тухматга учраганимни, ушбу холат юзасидан депутатлардан ташкил топган комиссия тузиб, ҳақиқатни аниқланишига ёрдам беришни сўраб, Кенгаш раисига – Сиз вилоят ҳокимига ариза билан мурожаат қилдим. Афсуски, сиз балким менинг ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни сезиб турганингиз учун ҳам мен қонуний талабимга Сиздан рад жавоби олдим.

Мен депутат бўлган онимданоқ Кенгаш раиси ҳокимлар бўлишига ўз муносабатимни билдириб келганман. Чунки, ҳоким ҳеч қачон депутатни ҳимоя қилмайди, хокимлар ўзларини ҳимоя қиладилар холос!  Мана энди қонунлар ўзгариб, Кенгаш алоҳида бўлмоқда, ҳокимлар депутатлар олдида ҳисобот берадилар!

Мен депутат сифатида неча марта муаммоларни кўтариб чиққаним учун тазйиқлар қилдилар. Хатто, вилоят ҳокимидан 30 йилдан кўпроқ вақт ичимлик суви етишмовчилигидан қийналаётган Янгиер қишлоғи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун 70 миллион сўм маблағ сўралганида хоким жаноблари ваъдалар бердилар, аммо амалда ҳеч қандай маблағ ажратилмади.  Давлат томонидан аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 2015 йилда 11,5 миллиард, 2016 йилда 16 миллиард, 2017 йилда 27.7 миллиард, 2018 йилда 36 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Аммо, аҳолининг яшаш турмуш тарзида кўзга кўринарли ўзгариш бўлгани йўқ.

Бу санаб ўтганим аҳолини қийнаётган биргина муаммо холос! Молия тизимида, саноатни қишлоққа олиб кириш борасида, йўл, газ, кўмир, уй-жой, фермерлик, тадбиркорлик, инфратузулмалар, «Обод қишлоқ» дастури борасидаги муаммолар хали бери ўз ечимини топишига ишонмайман!

Депутатликка Партия мени номзодимни кўрсатди, халқ сайлади. Халқ ишонч билдирди. Мен халқни ишончини оқлаш учун бор куч ва билимимни сарфладим ва охир оқибат жиноятчига айландим.

Айни ўзбек журналистлари ким ўзар ўйнагандек бири биридан ўтиб, мени жиноятчи дея талқин қилаётган, мени ва оилам вакилларини шарманда қилиш жараёнида жавлон ураётган  бир паллада Франциялик таниқли кинорежиссёр Christophe Ruggia бошчилигидаги жамоат арбоблари, актёрлар ва бошқа соҳа вакиллари менинг ҳимоям учун кампания бошлаб юборибдилар.

Қаранг! Ўзбек зиёлилари ўз миллатдошини қурбонликка бераётган бир паллада ўзга бир миллат, ўзга бир юрт зиёлилари Сизнинг миллатдошингизни ҳимояси учун жон фидо қилишга тайёр эканликларини изҳор қилибдилар!

Шу ўринда мени ҳимоям учун курашган, ўз сўзини айта олган, менинг жиноятчи эмаслигимга ишонч билдирган ҳар бир инсонга, ҳар бир софдил дўстларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман!

Қораверса мени ҳимоямга отланган, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи «Адолат тарозуси» (Весы Справедливости) журналистларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Чунки айнан мана шу журналистлар жамоаси менга қарши тайёрланган ва эфирга узатилган ҳар бир видео материалларни қай дақиқалари монтаж қилингану, қай бир дақиқада сохталик ошкор бўлган барчасини тахлил қилиб, баёнотлар бериб, жамоатчиликка тақдим қилиб борибдилар.

Партия эса ўз аъзосини, депутатини ҳимоя қила олмади! Мени, оиламни шаънимизни, қадр қимматимизни оёқ ости қилиб, мени ашаддий жиноятчи сифатида талқин қилаётган матбуотларга, уларнинг шаввоз журналистларига «айбсизлик презумцияси»га амал қилишларини талаб қилишга бирор бир партия вакили ўзида куч қудрат топа олмади.

Аслида биргина Ғурумсарой қишлоғида қуриб, ишга туширилган ФДҲЁ биноси, Мусиқа мактаби, Шифохонани  таъмирланиши, кўчаларни обод бўлиши, ер участкаларини берилиши, тадбиркорларга ёрдам қилинишида хиссам борлигини сизлар унутишни истаётган бўлсанглар ҳам халқ унутмайди!

Президентимиз Шавкат Миромонович 2017 йилда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига қилган Мурожаатномасида сенаторлар ва депутатларни уйғонишга чақирганди, депутатларни лоқайдликда айблаганди. Афсуски ўз партияси аъзосини ҳимоя қила олмаган партия вакиллари қандай қилиб халқнинг дардига дармон бўла олади?! Ҳеч қачон!

Жаноб депутатлар!

Бугунги Сессияда балким мени депутатликдан четланиш масаласини ҳам кўриб чиқарсизлар балким, балким 100 фоиз овоз билан мени депутатликдан четлатишга овоз ҳам берарсизлар! Ахир менингдек жиноятчи кимсага сизларни ораларингизда ўрин йўқ!

Лекин мен Сизларни оғирингизни енгил қилмоқчиман!

Сизлар мендан эмас, мен сизлардан юз ўгираман! Бунингдек ўтмиш замон қолдиқлари олдида оёғи қалтираб, ўз депутатини қурбонликка берган партия тавсия этган депутатлик нишонидан ҳам мени ўзим воз кечаман!

Мени ўзим Сизлардек ҳамон мудраб ётган Наманганлик партиядошларимдан кўнглим қолганини эълон қиламан!

Билингки, мен депутат бўлсам ҳам, бўлмасам ҳам Она халқимни хизматкори бўлиб қолавераман! Она халқимни қийнаётган муаммоларни кўтариб чиқавераман!

Мен ўзимни ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни, буларнинг барчаси уюштирилганлигини нафақат Сизларга, балким бутун жамоатчиликка исботлаб бераман!

Мен кимларнингдир олдида хижолат бўладиган, юзим шувут бўладиган қилмишни содир этмаганман!

Мен депутат бўлмаслигим мумкин, аммо, шу халқнинг фарзанди сифатида Она Ватанимни демократик мамлакатлар сафидан ўрин олиши учун курашимни бир дақиқа бўлсада тўхтатмайман, чунки бу менинг Она халқим олдидаги бурчимдир..!

Олимжон Тўхтаназаров

Ўзбек халқининг хизматкори

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.