Искандар Худойберганов: «Хавотир олманглар, саломатлигим яхши…»
Шу йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли (Жаслиқ) муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкум Искандар Худойберганов билан учрашди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкумга берилган илк савол унинг соғлиғи билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўлди.
“Муассаса раҳбарияти менга ижтимоий тармоқлар орқали кимдир менинг аҳволим оғирлиги, саломатлигим борасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни етказганини айтишди. Бу ҳақиқатдан йироқ, мана ўзингиз кўриб турибсиз. Фақатгина бу ёлғон хабар яқинларимга ёмон таъсир ўтказишини ўйлаб, сиқилдим” дейди Искандар Худойберганов.
Маълум бўлишича, Искандар Худойбергановнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқ. У шу кунда муассаса қошида ташкил қилинган ёғоч ўймакорлиги цехида ишламоқда. “Эрта-индин тикув цехига ўтмоқчиман, бичувчининг жойи бўшашини кутиб турибман” дейди маҳкум.
Суҳбат давомида муассасада у маҳкумларнинг давлат сиёсатига муносабати, сўнгги ислоҳотлар ва Президент бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга тамомила ўзгарганини эътироф этди.
“Ўзим ҳам шундан руҳланиб, ишим юзасидан 2018 йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят ёздим. Шикоятим кўрилаётгани ҳақида хабар келди. Мен билан қамалганларнинг ҳаммаси озодликка чиққанидан хабарим бор. Тўғри, аввал қаттиқ сиқилардим, ҳатто адвокат Майоров келганида у билан гаплашишга истак ҳам бўлмаган” дейди Искандар Худойберганов.
Шу кунда Жаслиқ лагерида маҳкумларнинг овқатланиш рациони бойитилган, Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмурияти мазкур масалага қонунчилик талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиқиб ёндошмоқда.
Ҳуқуқ фаоли Ташанов Искандар Худойбергановга: “Шундай гапиряпсизки, гўё бу ерда бирор муаммо йўқ. Очиқроқ гапиринг, айтганларингизга ҳамма ҳам ишонавермайди”. Искандар Худойберганов: “Ҳақиқатан ҳам сақланишим ва шароитлар масаласида муаммо йўқ. Аммо соғинч жон-жондан ўтди. Ота-онамни, қизимни, яқинларимни жуда соғиндим. Хат ёзсам инглизча муҳр босилиб, қайтиб келяпти. Манзил билан боғлиқ қандайдир хатолик бўлса керак.
Энди эса нима қилиб бўлса ҳам бу ердан чиқишнинг ҳаракатига тушганман. Ўз вақтида хатолик ўтган, лекин энди буларнинг бари ортда қолди” дейди маҳкум.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига ташкил қилинган учрашув масаласида миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Олий судини маҳкум Искандар Худойберганов ишини инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосида қайта кўришга чақиради.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати
Fikr bildirish