Гени ўзгартирилган сиёсий тузум

Яқинда Канадада яшаётган, кучга тўлган бир ватандош йигит билан скайпда гаплашдим. Суҳбат давомида озиқ-овқат ҳақида ҳам фикр алмашдик.

Канадада яшаётган ватандошнинг айтишича, у яшаётган вилоят гўшт экспорт қилар экан, гўшт шу қадар сероб эканки, унинг нархи Ўзбекистондаги нархдан ҳам арзон экан.

“Бироқ, – деди у, – гўшт еяётганингизда у гўштми, бошқа нарсами – билмайсиз, маза-матраси йўқ, ҳайвонни табиий озуқа билан эмас, чамаси, уни тез семиртирадиган, гени ўзгартирилган озуқа билан боқилиши туфайли бу жараён гўштнинг таъмига салбий таъсир этган бўлиши мумкин”.

Францияда ҳам аҳвол худди шундай эканлигини мен ҳам гапирдим. Масалан, магазин ёки бозордан сотиб олганингиздан икки кун ўтгач, олманинг устида қора доғлар пайдо бўла бошлайди, яъни ирий бошлайди. Барча меваларнинг кўриниши тиллодай, бироқ, канадалик йигит айтганидай, маза-матраси йўқ.

Менга бир одам қандли диабетни енгиш учун тоза асал истеъмол қилишни тавсия қилди. Ўзбекистондан тоза асал олиб келтириш бўйича барча уринишларим беҳуда бўлди. Францияда хилма-хил асал магазин ва бозорларда тиқилиб ётибди. Бироқ мазаси оқсоқлиги яққол билиниб туради. Туркиядан келадиган (устига “bal” деб ёзилган) асал ҳам худди шундай. Мен қизиқиб бунинг сабабини французлардан сўрадим. “Биз ўзимиз ҳам харид қилмаймиз, сотилаётган асал сунъий асал, у биринчи марта Европада кашф этилган. Асалари боқувчилар асалини магазинга топширмайдилар ёки бозорга олиб чиқиб сотмайдилар, уни ўзининг энг яқин одамларига сотишади”, дейишди. Мен буни тушундим.

Мен туғилиб-ўсган қишлоқда Баҳром-ўрис (“ўрис” унинг лақаби эди) деган йигит айнан сунъий асал “пиширар” эди: у ҳовлисида баҳайбат қозонга қоп-қоп шакар солиб қайнатарди. У қиёмга айлангач, унга 1-2 литр махсус суюқлиқ қўшарди. Шундан сўнг ҳалиги қиём “асал”га айланарди-қоларди – ҳиди айни асалники. Шу тариқа у юзлаб фляга “асал” тайёрлар, уларни КАМАЗга ортиб, Россияда сотиб келар эди.

Бир француз тушунтирди: “Бу ерда мева ва узумни эрта, яхши пишмасдан узишади ва унга махсус модда билан ишлов беришади. Ишланган бу маҳсулот махсус совутгичларда сақланади ва кераклича магазинларга дамба-дам топширилиб турилади ёки бозорга чиқарилади”. Ҳақиқатан, масалан, магазинда турган узумнинг усти юпқа бир оқ ёки кулранг парда (плёнка) билан ўралиб тургани яққол кўриниб туради, яхшилаб ювмасангиз, ейишга ҳам ботинмайсиз. Бу тадбир катта миқдордаги мева-чевани узоқ сақлаш ТЕХНОЛОГИЯси экан.

Бизнинг боғимизда олма дарахти кўп эди. Отам раҳматли олмани ё сомонга, ё яхши қуритилган қумга кўмар эдилар. Ҳовлимизда “олмахона” деб аталувчи махсус қурилган хона бўлиб, олма “свежий” ҳолда деярли ёзгача тугамас эди.

ХХ асрда олимлар “гени ўзгартирилган” бир балони ишлаб чиқишди: мева-чева, ўсимлик ва ҳатто ҳайвоннинг генини ўзгартиришди. Ген – тирик организм ирсийлигининг тузилиш (структуравий) ва функционал бирлиги ҳисобланади. Молекуляр генетика лаборатория шароитида генларнинг янги комбинацияларини яратиш устида иш олиб боради. Масалан, қандайдир ўсимлик зараркунанда ҳашаротлардан азият чекса, олимлар лаборатория шароитида бу ўсимлик генини ўзгартириб, зараркунанда ҳашарот уни истеъмол қила олмайдиган хилини ёки ўсимлик камҳосил бўлса, серҳосил бўлган шу ўсимликнинг янги навини яратади.

Диний уламолар ва ҳатто баъзи замонавий олимлар буни инсоннинг Яратган ишига кўр-кўрона аралашувининг натижаси, деб ҳисоблашади. Банда, у ким бўлишидан қатъий назар, Яратувчининг ишини ислоҳ қила олмайди. Бироқ бу ҳикматдан ҳозирги замон ишлабчиқариш ва савдо корпорацияларининг катта фойда олиш истаклари устун келаяпти. Натижа даҳшатли бўлиши мумкин: баъзилар инсоният билиб-билмай ўзига ўзи гўр ковламоқда, дейишади. Бу ҳақда “Ҳақиқий тиббиёт” ижодкори Ойдин Солиҳ хоним ҳам ёзган эдилар.

Юқорида айтилган гаплар фаннинг БИОЛОГИЯ бўлимига тааллуқли гаплардир. Назаримда, бу гаплар СИЁСАТга ҳам тааллуқли. Сиёсат — ДАВЛАТни тузиш ва уни бошқариш санъати ҳисобланади. Инсон – ижтимоий маҳлуқ, у бошқа одамлардан холи ҳолда яшай олмайди. Инсонлар миллати, тили, яшаш ҳудуди, тарихи ва бошқа жиҳатларига қараб, халқ шаклига келган ва ўз давлатини тузган. Сиёсатда, яъни давлатни бошқаришда энг асосий омил азалдан АДОЛАТ ҳисобланган.

Инсоният тарихида давлатни адолат асосида бошқарган сиёсатчилар ҳам бўлгани ҳақида манбаълар бор. Бироқ давлат бошқаруви ишида АДОЛАТ ва МАНФААТ ҳамма вақт бир-бирига қарши турган. Мен билган адолатли давлат раҳбарларидан бири Ҳиндистон Бош вазири [Ҳиндистонда Бош вазир давлат бошлиғи ҳисобланади] Лал Бахадур Шастридир. Унинг бош шиори “Ҳаётда ҳамма вақт ОДДИЙЛИК (камсуқумлик) ва САМИМИЙЛИК” бўлиб, ўзи ҳамма вақт шу шиорга содиқ бўлган. У вафот этганда уйида ҳиндча дафн маросимини ўтказишга бирор нарса топилмаган.

Инсоният тарихида давлатни фақат манфаат йўлида сурункали бошқарган шахслар беҳисоб бўлган. Уларнинг ўзи ва атрофи фақат бойлик тўплаганлар, шоҳона ҳаёт кечирганлар, айш-ишрат қилганлар. Бундай давлатларда адолат ҳақида гап ҳам бўлмаган. Бироқ бундай сиёсатчилар орасида улардан баттарроқлари, яъни бир пайтда ўз халқига чексиз зулм ўтказиб, давру-даврон сурганлари ҳам етарли бўлган. Уларнинг орасида эса ўз мамлакатини улкан бир зиндонга айлантирганлари ҳам бор. Шундай давлатлардан бири Ўзбекистондир. Ўзбекистон давлатга айлангандан кейин мен унда камида 15 йил яшадим ва ўзимнинг кузатишларимга эга бўлдим, улардан хулосалар чиқардим.

Мен давлат мулозимлари – Президент аппарати, Ҳокимиятлар, Олий суд ва қуйи поғонали судлар, Бош прокуратура ва қуйи поғонали прокуратуралар, Ички ишлар вазирлиги ва қуйи поғонали милиция идоралари, МХХнинг вилоят бошқармалари ходимларининг талайи билан учрашганман. Мени ажаблантирган нарса – уларнинг дунёқараши, фикрлаш доираси, инсоний хусусиятлари, жумладан, айёрлиги, адолат ҳақида узоқ бир тушунчаси ҳам йўқлиги, юргизилаётган сиёсатдан ҳамма вақт мамнунлиги (ва б.)нинг – бир хиллиги эди. Уларнинг оддий гапи ҳам, дўқ-пўписаси ҳам бир хил эди.

Баъзан мен шу учрашувлардан сўнг ўзимга ўзим савол берар эдим: “Нега бу мулозимлар орасида сал бошқачароқ фикрлайдигани йўқ? Нега улар яққол кўриниб турган адолатсизликни инкор этишади? Нега уларнинг барчасининг табиати сунъийлаштирилганга ўхшайди? Уларнинг ҳаммасиям давлат мулозими бўлгунга қадар бир хил одам бўлмаган-ку! Улар мулозим бўлгач, нега тубдан ўзгарди, нега биртипли одамга айланишди?

Бу саволлар менинг хаёлимга 90-йилларда келган, у пайтларда мен гени ўзгартирилган маҳсулотлар ва ҳатто ҳайвонлар ҳам борлигини билмас эдим. 2000-йиллар бошида менга бир одам тушунтирди: “Мана бу расмда табиий маккажўхори, мана бу расмдагиси гени ўзгартирилгани. Кўринишда фарқи борми? Йўқ! Маккажўхори истеъмол қиладиган ҳайвоннинг организми азалиятдан (яратилгандан бошлаб) табиий маккажўхорини ейишга мослаштирилган.

Агар бу ҳайвон муттасил сунъий маккажўхори еяверса, бориб-бориб унинг организмида нохуш ўзгаришлар юзага келади. Ҳайвонга ақл берилмаган, унга фақат инстинкт берилган, холос. Одамга эса ақл берилган, одамни ўзгартирмоқчи бўлсанг, унинг ақлига таъсир этиш керак. Бундай одамларни “зомби” дейишади. Чингиз Айтматов бундай одамлар учун “манқурт” деган атамани киритди. “Манқурт” уни туғиб ўстирган онасини ҳам танимас экан, деди у.

Мен тушундим. Наманган вилоят суди судьяси Комила Абдувалиева (лақаби “Доллархон”) икки ярим йил ичида 6 (олти) мусулмон йигитни отишга ҳукм қилди. Шу йигитларнинг бирининг онаси Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига мурожаат қилган эди – шу туфайли биз бу ишдан хабаримиз бор эди ва қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Мени қийнаган нарса шу бўлдики, нега АЁЛ бир эмас, икки эмас, ОЛТИ ЭРКАКни ўлимга ҳукм қилди? Икки ярим йил ичида! Мен бу аёлни тушунишга ҳаракат қилиб кўрдим – тушунмадим.

Менга у аёлда на виждон, на ақл, на дин-диёнат кўринди. Зулмкор сиёсий тузумга содиқлик билан хизмат қилиш ва манфаат инсонни виждондан ҳам, ақлдан ҳам, дину-диёнатдан ҳам мосуво қилар экан. Бошқача айтганда, зулмкор сиёсий тузумга хизмат қилиш одам генининг ўзгаришига олиб келар экан. Мен шуни яққол тушундим.

СССР даврида қамоқхоналар сони бўйича РСФСР ва Қозоғистондан кейин Ўзбекистон 3-ўринда турган. Ўша пайтларда Ўзбекистондаги қамоқхоналарда Ўзбекистонда қамалган одамлардан ташқари СССРнинг бошқа ҳудудларидан жўнатилган кўп сонли махбуслар ҳам сақланган. СССР тарқагандан кейин бу қамоқхоналарда фақат ўзбекистонлик махбуслар ва оз сонли (бир неча юз) чет элликлар сақланмоқда. Ўзбекистон қамоқхоналари тўлиб тошди, Жаслиқ, Янгийўл, Жиззах ва бошқа бир неча ҳудудларда янги қамоқхоналар ташкил қилинди.

Баракларида икки қават (устма-уст) темир кроватлар ўрнатилган қамоқхоналарнинг аксариятида учинчи қават қилиб темир кроватлар монтаж (сварка) қилинди. 850 – 1200 маҳбусга мўлжалланган УЯ 64/49 (Қарши), УЯ 64/45 (Олмалиқ), УЯ 64/6 (Чирчиқ) ва бир қатор бошқа қамоқхоналарда 3000 дан 5000 гача маҳбус ётибди. Каримов даврида Ўзбекистон қамоқхоналар юртига айланди.

Бу воқеълик сиёсий тузум идораларида оммавий тусга эга бўлгани учун мен тузумнинг ҳам гени ўзгарган экан, деган хулосага келдим. Гени ўзгартирилган олма – олма эмас, унинг фақат кўриниши олмага ўхшайди, холос. Унда табиий олмадаги шарбат деярли йўқ. Каримов яратган сиёсий тузумни “табиий” сифати билан сийлашга тил бормайди: ўз халқига чексиз зулм, хўрлик ва азобни ўнта-йигирмата мулозим эмас, юзминглаб табиати бир хил, мияси (ақли) сунъий ўзгартирилган мулозимлар келтирган.

Каримов ҳокимият тепасига келган пайтда Ўзбекистон иқтисоди РСФСР, Украина ва Белорусиядан кейин 4-ўринда турар, СССР бюджетидан Ўзбекистонга ажратиладиган йиллик маблағдан юқорида айтилган уч республикаларнинг ҳар бирига ажратиладиган маблағгина ортиқ эди, холос.

Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий аҳволи 5-6 миллион ўзбек мардикорининг Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ишлаб топган пули ҳисобига қад ростлаб турибди.

Яқингача мамлакатда чет давлатларга чиқиш визаси дунёда фақат тўрт давлат – Куба, Шимолий Корея, Непал ва Ўзбекистонда бўлган. Мамлакатимизнинг сафдошларини қаранг!

Бу ҳолат СССР ва бошқа коммунистик давлатларда бўлган. СССР фуқароси чиқиш визаси олгач, у махсус хизмат КГБ (Давлат хавфсизлиги хизмати)нинг суҳбатидан ўтказилган. Унга “Чет элга бориб келганимдан кейин, бирорта одамга чет элда кўрган афзалликлар ҳақида гапирмайман” деган розилик хати ёздирилган. Коммунистик ҳукмдорлар ўз фуқаролари эркин мамлакатлардаги эркинликлар ва тўқ ҳаётни англаб етишларидан ўлгудек қўрқишган. Коммунистик Куба ҳукумати 2013 йил 14 январда четга чиқиш визасини бекор қилди.

Ўзбекистонда мамлакатни коммунистик усуллар билан бошқаришни тўлиқ сақлаб қолган Каримов икки коммунистик давлат – Шимолий Корея ва Непал билан учмахов бўлиб, дунё ҳамжамиятидан бир чеккада турибди.

Бир неча кундан кейин Андижон қатлиомига 8 йил тўлади. Бу шаҳарнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, майдонга йиғилган тинч аҳолисини Каримов томонидан гени ўзгартирилиши натижасида йиртқичга айланган Зокир Алматов, Рустам Иноятов, Владимир Мамо, Руслан Мирзаев, Ғулом Қодиров, Тоҳир Муллажонов, Қосимали Аҳмедов, Павел Эргашев ва бошқалар шафқатсиз ўққа тутдилар. Ўзбеклар XXIасрда ўз давлат бошлиғи томонидан отилган биринчи халқ бўлди. Бундан ташқари…

Ўзбек халқи XXI асрда бошқа бир халқ ўзбекларни қатлиом қилганда раҳбари чеккада овоз чиқармай қараб турган биринчи халқ бўлди.

Марказий Осиёдаги уч давлатдан ҳар бирининг аҳолиси 5 – 6 миллиондан ошмайди. Ўзбеклар давлат раҳбари 20 йил ичида ўз юртидан тўлиқ бир давлат аҳолисини чет элга қувиб юборган биринчи халққа айланди.

Давлат раҳбарининг саъй-ҳаракати билан ўзбеклар, қаёққа қараманг, террористлар изғиб юрган давлатнинг фуқаролари эканлиги маълум бўлди.

Ўзбеклар давлат раҳбарининг жиноятчи беҳисоб қўриқчилари – милиция, МХХ, прокуратура, суд ва бошқа текинхўрларини боқиш учун мурғак болаларини эрта тонгдан қоронғу тушгунча пахта теримига  чиқарадиган халқ, деб танилди.

Толиб ЁҚУБОВ

Франция,

9 май, 2013 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.