Ўлим билан тугаган қулликнинг охири кўринмаяпти, ҳуқуқ фаолига босим эса давом этмоқда
Урганч шаҳри аэропортига меҳнат муҳожирларининг жасадлари солинган рух тобутлар келишда давом этаётир. Йил бошидан буён 14 оила ўз боқувчидан ажралди. Хорижда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган кишилар асоратга тушиб қолмоқдалар.
Қонунсизлик ва иш берувчилар кўпроқ даромад топишга ҳарислиги ўз ватанида кераксиз бўлиб қолган ўзбекистонлик ёш ва соғлом йигитларнинг умр гули эрта сўлишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонлик амалдорлар мамлакатда ишсизлик муаммоси борлигини инкор этмайдилар, бироқ улар ёт ўлкаларда ишлаётган 3 миллиондан 5 миллионгача бўлган юртдошларининг тақдирига бефарқлар.
Бунинг қабатида шўрликлар қулларча эзиб ишлатилаётгани юзасидан системага қарши курашаётган бир одамнинг овози тобора залворлироқ янграмоқда.
“Нажот” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов “Жараён”га берган интервьюсида қўшни Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида меҳнат муҳожирлигига оид вазият ҳақида сўзлаб берди.
Бу минтақа меҳнат ресурслари ошиб-тошган ўлка ўлароқ зикр этилади. Расмийлар гастарбайтерлардан келадиган пул ўтказмаларини интиқлик билан кутадилар, бироқ юз минглаб хоразмликларни кўришга, боз устига, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашаётганларни қўллаб-қувватлашга тоқатлари йўқ.
10 йилдирки, вилоят адлия бошқармаси Ҳайитбой Ёқубовнинг ташкилотини рўйхатдан ўтказмайди, унинг яқинларини таъқиб қилади. Ўтган йили “Нажот” ноқонуний фаолиятда айбланиб, адолатсиз судга тортилди. Шунга қарамай, унда фуқаровий жасорат етарли ва Ҳайитбой Ёқубов расмийлар қулоғига ёқмаган ҳақиқатни гапиришда давом этмоқда.
(Видео меҳнат муҳожирлари дафн этилган қабристонлардан бирида тасвирга олинган).
Fikr bildirish