Моҳира Ортиқова: Омбудсман хоним нимани маъқул кўради?!

Ҳурматли муштарий!

Жорий йилнинг 12 апрель куни Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг бош директори Ив Даккор Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали қўмита Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларига боришни тўхтатгани ҳақида маълум қилганди. 

Даккор бундай қарор қабул қилинишига Қизил Хоч ташкилотининг маҳбусларни бориб кўриш йўлидаги уринишларига турли-туман тўсиқлар қўйилаётганини сабаб ўлароқ келтирганди.

Мазкур нуфузли халқаро ташкилот вакиллари авваллари Ўзбекистондаги жазони ўташ муассасаларида кўплаб маҳкумлар билан учрашган, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга уринган. Бу жараён, табиийки, силлиқ кечмаган.

Шу боис “Жараён” веб-сайти қамоқхоналарда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари билан учрашган собиқ маҳкумлар хотиралари асосидаги материалларни чоп қилишни бошлайди. Ажаб эмаски, бу материаллар ХҚХҚ вакилларининг Ўзбекистон қамоқхоналарига боришдан воз кечиши сабабларини бироз ойдинлатса…

Эътиборингизга 2008 йили қамоққа олингунга қадар Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида қоравул бўлиб ишлаган, айни кунларда эса Ўзбекистон Жиноят кодексининг “одам савдоси” моддаси бўйича узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, Навоий шаҳридаги колонияларнинг бирида жазо ўтаётган чирчиқлик Қаюм Ортиқовнинг турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқова ёзган мактубни ҳавола қиламиз. 2010 йили Қаюм Ортиқов колонияга ташриф буюрган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари билан учрашишга муваффақ бўлганди.

Моҳира Ортиқова мактуби 

Омбудсман хоним нимани маъқул кўради?

Турмуш ўртоғим Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси билан айбланиб, 6 йилликқамоқ жазосига ҳукм қилинганидан сўнг  6 майда унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганлиги  маълум бўлди. “Қийноқ” сўзининг даҳшатидан саросимага тушиб қолдим. Кимга мурожаат қилишни билмайман, айни пайтда ким менга ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эдим.

Адвокатнинг маслаҳатига кўра, Қизил Хоч халқаро ташкилотига мурожаат қилишга қарор қилдим ва ўша куни эрталаб  ташкилот бош офисига бордим. У ерда мени Марсель ва Ахмед исмли ташкилот ходимлари қабул қилишди. Мен ўзимни таништириб, нима мақсадда келганлигимни айтдим. Улар эримнинг кимлиги ва қамоққа олиниш тафсилотлари билан қизиқишди ва барчасини муҳим маълумот сифатида ёзиб олишди.

Улар менга айни пайтда Қизил Хоч жамиятининг Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифи тўхтатилганлиги, аммо ташрифни давом эттириш масаласи бўйича Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар олиб борилаётганлиги ҳақида гапиришди. Қизил Хоч жамиятининг судларга ва суд қарорларига таъсир ўтказиш ваколати йўқлиги, агар қамоқхоналарга ташрифи давом эттириладиган бўлса, Қаюм Ортиқовнинг аҳволи, яшаш шароити ва унга қандай муносабатда бўлишаётганлиги ҳақида ўрганиб, имкон даражасида унга зарурий ёрдамни кўрсатишга ишонтиришди.

2009 йилнинг 6 май кунидан бошлаб турмуш ўртоғим Қаюм Ортиқовнинг ноҳақ қамалганлиги ва унга нисбатан ўта оғир қийноқлар қўлланилганлиги сабабларини сўраб, Ўзбекистон Республикасида мен мурожаат қилмаган бирорта нуфузли ташкилот қолмади. Ҳаммасидан бир хил расмий жавоб олдим. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидова ёзган шикоятимни қуйи ташкилотларга ўрганиб чиқиб, жавоб ёзиш учун жўнатиш билан кифояланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон давлатида инсон ҳуқуқлари бўйича шикоятларни бевосита жойларга (турмаларга) бориб ўрганишга ваколатли бўлган шахс Сайёра Рашидовадир. Аммо Рашидова хоним ўзбек халқининг ҳак-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан кўра(барча масъул лавозимдагилар каби)уларнинг таҳқирланишига ва руҳан синдирилишига кенг имкониятлар яратиб беришни маъқул билдилар.

Орадан қарийб бир йил ўтиб, 2010 йил апрель ойининг бошларида Қаюм Ортиқов жазо муддатини ўтаётган Навоий шаҳридаги 64/29 – жазони ижро этиш муассасасига Қизил Хоч халкаро ташкилоти ташрифи амалга ошади. Бир ҳафталик ташриф давомида Қаюм Ортиқов доимий ишлаб турган жойи – «Чойхона»дан боққа – боғдорчилик ишлари билан шуғулланишга ўтказилади ва атрофига тўрт кишидан иборат “қулоқлар”“қўриқчи”ликка қўйилади.

Халқаро ташкилот жўнаб кетганидан кейин Қаюмнинг чойхонада ишлаган жойидан “обдон” текширув натижасида Қуръон оятлари ёзилган қоғоз топилади. Бу масалага “аниқлик” киритиш учун капитан С.Дўстбоев Қаюм Ортиқовни ва унинг ўрнида ишлаётган чойхоначини кабинетига чақириб, ким ваҳҳобийлар билан алоқа қилаётганлигини билмоқчилигини айтади. Чойхоначи ҳеч нарсадан хабари йўқлиги, бу ундан олдин ишлаган Қаюм Ортиқовнинг иши эканлигини айтади.

Табиийки, С.Дўстбоев Ортиқовни ваҳҳобийликда айблайди ва ўз ихтиёри билан тушунтириш хати ёзиб беришини талаб қилади. Ортиқов эса ҳеч қандай ваҳҳобийлар билан алоқада бўлмаганлигини ва бу ҳақда тушунтириш хати ёзмаслигини билдиради. Дўстбоев энди мақсадини очиқ айтади.

Зонага келиб-кетган Қизил Хоч халкаро ташкилотидагиларнинг қайси бири Қаюм билан учрашиши кераклигини ва унга қандай маълумотлар бериши лозимлигини, улар орасида британияликлар бор-йўқлиги ҳақида ёзиб беришини, агар шуларни ўз ихтиёри билан ёзиб берса, уни “ваҳҳобий” моддаси билан айбламаслигини, акс ҳолда, ёмон бўлишини билдиради. Ортиқов бу уйдирмаларни ёзиб беришдан қатъиян бош тортади. Шундан кейин бирнеча раҳбар ўзаро маслаҳатлашиб, Ортиқовни муассаса ички тартибини бузганликда айблаб, дубинкада калтаклаб, 5 кунлик жазо карцерига қамашади.

Бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналари дунёдаги энг разил, энг ваҳший ва энг жирканч қийноқлар ўчоғига айланган. Аммо Ўзбекистон бу масалада бутун дунё нигоҳига парда тутмоқда. Давлатнинг ички хунрезликларини ташқи дунё билан боғлаб турган ришталардан бири – Қизил Хоч халкаро ташкилоти фаолиятининг тўхтатилиши ўзбек маҳбуслари тақдири бундан-да аянчли бўлишидан далолатдир.

Моҳира ОРТИҚОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.