Ўзбекистон расмийлари мазкур фожеанинг асл кўламини жон-жаҳди билан яшириб келмоқда. Ҳалок бўлган фуқароларнинг сони ва шахсини аниқлашга уринган журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон расмийларининг аёвсиз қаршилигига дуч келганлар. Айни пайтда ўзбек расмийлари ҳалок бўлган фуқароларнинг умумий сони бор-йўғи 180 кишини ташкил этишини зўр бериб таъкидлаганлар. Бироқ улар ҳалок бўлган 180 кишининг исмини ҳали-ҳануз очиқламаганлар ҳамда уларнинг ўлими сабаблари ҳақидаги саволларга жавоб беришдан ўзларини олиб қочганлар.
Ўзбекистон 13 май куни Андижонда содир бўлган воқеалар туфайли постсовет ўлкалари ичида Европа Иттифоқи санкциялари билан қаршилашган ягона мамлакат бўлди. Бироқ муайян геосиёсий, жўғрофий ва сиёсий вазият важидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистон расмийларига нисбатан жорий этилмиш санкциялари бекор қилинган.
Ваҳоланки, бу санкциялар улкан сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга бўлиб, у мамлакат расмийлари обрў-эътиборида ҳам салбий аксланарди. Ҳозирги шароитда, интернет ва камерали миллионлаган уяли телефонлар даврида, халқаро ҳуқуқ ва глобал легитимлик замонида расмийлар тинч норозилик намойишига чиққан фуқароларни бамайлихотир ўққа тутолмайди.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Андижонда намойишчиларнинг ўққа тутилишини ҳали очилмаган ва жазоси берилмаган, шундай бўлса-да, жазо бериш муддати ўтиб кетмаган, эскирмайдиган жиноят, деб ҳисоблайди. Бу ерда гап фақат жиноят кўлами – ўлдирилган фуқаролар сонидагина эмас. Бу жиноятнинг тарихий жиҳати шундаки, расмийлар Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва қисман сиёсий муаммолардан шикоят қилиб, намойишга чиққан фуқароларни ўққа тутган.
Ўзбекистон расмийлари уларни тинглаш ўрнига барча намойишчиларни ўққа тутиб, ўлдиришга қарор қилганлар. Намойишчилар орасида болалар, аёллар ва қариялар бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Андижон қатлиоми Ислом Каримов режими тарихидаги марказий воқеа ва қилмишдир, бу воқеалар ўзбек халқининг тарихий хотирасида абадий қолажагига шубҳа йўқ.
2005 йилги Андижон фожеаси Ўзбекистоннинг келажакдаги расмийлари учун ҳам сабоқдир. Жиддий хатога йўл қўйган ва ўз легитимлигини бир марта йўқотган ҳокимият сиёсий, геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий каби турли характер ва мураккабликка эга ички ва ташқи муаммолар гирдобида қолиши мумкин.
Келажакда Ўзбекистонда ҳокимият тепасига келадиган шахслар жамиятда текис кечувчи тараққиёт ва барқарорликни таъминлаш, шу билан бирга, ўз легитимлигини йўқотиб қўйишга йўл қўймаслик учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, демократик ислоҳотлар ўтказиш масалаларига айниқса катта эътибор қаратишларига тўғри келади.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистоннинг Каримов ҳукмронлигидан кейинги даврида расмийлар ўз обрў-эътиборига нисбатан эҳтиёткорроқ, оқилроқ ва масъулиятлироқ, ислоҳотлар ўтказиш ишида эса малакалироқ ва изчилроқ бўлади, дея умид қилади.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Fikr bildirish