Андижон қатлиоми Истанбулда хотирланди
2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган хунрезликка 8 йил тўлди.
Туркиядаги фуқаролик жамияти фаоллари, ўзбек мухолифати вакиллари ҳамда дунёнинг турли мамлакатларида бошпана топган журналистлару ёзувчилар Истанбулдаги “Боғларбоши” марказида тўпланиб бу санани хотирладилар.
Тадбир Андижон хунрезлигининг қурбонлари руҳига Қуръон тиловат қилиш билан бошланди.
Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти томонидан ўтказилган “Озод Ўзбекистон” халқаро тадбирда Буританиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам қатнашди.
Британиялик дипломат ўша хунрезликда Каримов ҳукуматини қоралаган Ғарб бугун яна шу ҳукумат билан қайтадан ҳамкорлик қилаётганини “иккиюзламачилик”, дея баҳолади.
“Бу иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Агар юзлаб намойишчи Ўзбекистонда эмас, Гуржистонда ўлдирилганда эди, Ғарбнинг бу воқеага муносабати бутунлай бошқача бўлган бўлур эди. Афсуски, Ғарб мусулмонларнинг ўлими ҳақида унчалик қайғурмайди. Ғарбда бугун қарор топган тизим шундай. Мен бу тизимнинг бир қисми бўлмаганимдан мамнунман”, дер экан собиқ элчи Мюррей.
Андижон қирғинининг бевосита шоҳидларисиз ўтган тадбир доирасида Крейг Мюррей қаламига мансуб “Самарқанддаги қотиллик” китобининг турк тилидаги нашри тақдимоти бўлди.
“Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адам Челик Андижон қатлиомидан шунча вақт ўтиб ҳам қурбонлар учун адолат йўқлиги, жаҳон ҳамжамияти юзлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган қирғин қаршисида ҳамон сассиз қолаётганини айтди.
Саккиз йил бурун Андижонда содир этилган хунрезликда, расмий маълумотларга кўра, 180 киши ҳалок бўлган.
“Ўзбеклар бирлиги” раҳбари Адам Челик ҳалок бўлган намойишчилар сони расмий рақамлардан “бир неча баравар кўп” эканини айтади.
Ўша воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган юзлаб оддий андижонликлар ва журналистлар мажбуран мамлакатни тарк этган эди.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Истанбулдаги тадбир ўша бевосита гувоҳлар иштирокисиз ўтганини шарҳлаб, мана шуларни гапирди:
“Афсуски буни мен ҳеч қандай изоҳлай олмайман. Демак ҳали ҳам ўша Андижон воқеаларидан кейинги пайдо бўлган Андижон синдроми, яъни қўрқинч синдроми кечган йўқ, бошқа бир изоҳ бўлиши мумкин эмас”.
Муҳаммад Солиҳ андижонлик қочқинларни ўзида бирлаштирган “Андижон Адолат тикланиш” ташкилотининг ўтган йили мухолифат гуруҳидан чиққанига ҳам тўхталди.
“Каримов ҳукумати нафақат мамлакат ичкариси, балки хориждаги Андижон қирғини гувоҳларининг овозларини ҳам самарали бир шаклда ўчиришга муваффақ бўлган. Ҳукумат андижонлик қочқинларга мухолифатдан чиқиш борасида тўғридан-тўғри босим ўтказгани, уларнинг Ўзбекистонда қолган яқинларига таҳдид қилгани бизга маълум”, деди ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ.
11 май куни ўтказилган халқаро тадбир доирасида Истанбул шаҳридаги Üsküdar Bağlarbaşı анжуманлар саройида 23 йилдан буён Ўзбекистонда кузатилаётган қатлиом ва қийноқлар, шунингдек 2005 йил майида Андижонда рўй берган хунрезликка оид фотокўргазма ҳам намойишга қўйилди.
Бир кун аввал, яъни 10 май эрталаб Истанбулнинг одамлар билан гавжум машҳур Тақсим майдонида ўзбек мухолифати фаоллари журналистларга матбуот анжумани берганди.
Саккиз йил аввал 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида тўпланган тинч намойишчилар ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилган эди.
Орадан шунча вақт ўтиб Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликнинг Андижон хунрезлиги бўйича текширув ўтказилишига оид талабини бажармай келади. Айни пайтда ўзбек расмийлари Андижонда аслида нима бўлганини ўрганиш истагини билдирган халқаро комиссияга ҳам рухсат бермаган.
Анжуман ташаббускорлари Истанбул анжуманидан мақсад саккиз йил муқаддам Андижонда рўй берган қатлиом унутилиб кетишига йўл қўймаслик, аксинча бунга халқаро ҳамжамият диққатини қаратиш эканини айтмоқда.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish