– Етти йилдирки, қизим эри ва уч боласи билан вақтинча Олмаотада яшайди, эр-хотин ўша ердаги катта бир нуфузли компанияда ишлашади. У ерда доимий яшаш рухсатномасига эга бўлмай туриб, ишга жойлашиш ва муаммосиз яшаб бўлмайди. Шунинг учун қизим ва куёвим ўша рухсатномани олишга мажбур бўлишган, аммо улар Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишмаган.
Ўтган ой қизим болаларини олиб, бизни кўргани келганди Тошкентга. Аммо аэропортда у бошқа давлатда доимий яшаш рухсатномасига эга бўлган шахс бўлгани боис, қизимга қариндошларининг уйида эмас, балки бирор меҳмонхонада туриши кераклигини айтишган. Шунақа қонун чиққан эмиш Ўзбекистонда, – дейди тошкентлик суҳбатдош.
Аммо Тошкентга келган қизини гўё “меҳмонхонада яшаган” деб расмийлаштириш ниятида бўлган Нодир ака меҳмонхона ходимлари томонидан яна бир ақл бовар қилмас талабни эшитган.
– Ахир ўз уйим бўла туриб, қандай қилиб неча ой кўрмаган қизим ва уч набирамни меҳмонхонага жойлаштираман. Бир меҳмонхона топиб, у ердаги ходимлар билан гаплашиб, пул бериб, қизимни ўша ерда яшагандай қилиб расмийлаштирмоқчи эдим. Аммо меҳмонхона ходимлари менга: “ҳеч бўлмаса, қизингизнинг бирор кийимлари, сочиғи ва уйда киядиган шиппагини олиб келиб қўйинглар, чунки бизнинг меҳмонхонага милиция ходимлари келиб, “доимий яшаш рухсатномасига эга бўлган фуқароларимиз чиндан ҳам шу ерда туришибдими ёки меҳмонхонада турганлик бўйича ҳужжатларни қалбакилаштириб, ўзлари бошқа ерда яшаяптиларми?” деб суриштиришаяпти”, деб қолди.
Хуллас, қизимнинг айтилган кийим-кечагини ўша меҳмонхонадан олган номеримизга олиб бориб қўйдик. Қизим у ерга бориб, хабар олиб турди. Кунига 57 минг сўмдан тўлаб турдик. Қизим Тошкентда икки ҳафта туриши керак эди, ўйлаб қарасак, бунинг учун у бир миллион сўм атрофида пул тўлаш керак бўларкан. Қизим буларнинг барчасидан кўнгли қолиб, бир ҳафта деганда набираларимни олиб, Олмаотага қайтиб кетворди, – дейди ҳафсаласи пир бўлган суҳбатдош.
“Жараён” мухбирининг бошқа мамлакатда доимий яшаш рухсатномасига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун жорий қилинган бу янги тартиб ҳақида бирор расмий манбадан маълумот олиш уринишлари ижобий натижа бермади.
Эслатиш жоизки, Ўзбекистон расмийлари бундан аввал ҳам доимий яшаш рухсатномаси бўйича ақл бовар қилмас қоидаларни жорий қилгандилар. Масалан, бундан уч йил аввал, 2010 йили ўзбек расмийлари Ўзбекистонда доимий яшаш рухсатномаси билан яшаётган чет эллик фуқароларга мамлакат ташқарисига сафар қилиш учун икки йиллик чиқиш визаси олиш мажбуриятини жорий қилганди. Аммо Ўзбекистонда доимий яшаш рухсатномаси билан яшаётган ва чет элга чиқиб кетаётган аксар хорижликлар бу ҳақда самолётга чипта сотиб олиб, парвоз олдидан рўйхатдан ўтиш вақтида билганлари ҳақида кўп оммавий ахборот воситалари хабар ёзишганди.
Юқорида зикр этилмиш ҳолатни изоҳлаган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ўзбек расмийлари бу билан Ўзбекистон қонунчилигида кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини ўта қўпол равишда бузаётганини таъкидлайди.
– Бундан ташқари, бу ҳолат бошқа мамлакатлардан доимий яшаш ҳуқуқини олган Ўзбекистон фуқароларининг ҳам ҳукумат “қора рўйхати”га тушганлигини далиллайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда иш ўринлари тоборатақчиллашиб кетаётгани туфайли оиласини боқиш илинжида бошқа мамлакатлардан қўним топиб, ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш мақсадида ўша мамлакатлардан яшаш ҳуқуқи олаётган фуқаролар сони борган сари ошиб бормоқда. Бундан кўринадики, Ўзбекистон хукуматининг қора рўйхати ҳам борган сари узайиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳукуматининг ўз мамлакати фуқаролари бўлган ва бошқа мамлакатлардан яшаш ҳуқуқини олиб яшаётган фуқароларига нисбатан содир этаётган бунингдек қонунбузарлигига қарши ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотлари ўз муносабатларини билдиришлари, матбуотда бу муаммо кенг миқёсда муҳокама қилиниши, жамоатчиликни бу муаммодан кенгроқ хабардор қилиш ва ўзбек расмийлари билан ўтказиладиган учрашувларда ушбу масалани муҳокама қилиниб, ҳукуматдан қатъий тарзда изоҳ бериш талаб қилиниши керак, деб ўйлайман, – деди Мўътабар Тожибоева.
Fikr bildirish