Турсуновга нисбатан жиноий иш очилишига маҳалла раислари сабабчи бўлган
Қозоғистонда ҳибсда қолаётган ўзбек қочқини Хайрулло Турсуновга нисбатан жиноий иш очилишига Қашқадарёдаги маҳалла раисининг аризаси ҳам сабаб бўлган.
Бу ҳақда Миллий хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича тергов бўлими терговчиси С. А. Аҳмадовнинг Турсуновга нисбатан жиноий иш очиш бўйича қарорида ёзилган.
2011 йилнинг 18 август куни “Нуқробод” ва “Кучкак” маҳалласи раислари С. Шарипова ва Р. Бобоев Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғига мурожаат қилиб, шу маҳаллаларда яшовчи тўрт аёлнинг чегарадан ноқонуний равишда Қозоғистон ҳудудига ўтганини маълум қилганлар.
Ушбу хабар асосида 2011 йил 17 декабрь куни бу тўрт аёл қидирувга берилиб, уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Бу хабарнинг эътиборга молик томони шундаки, “чегарани бузиб” ўтган аёллар ичида ўзбек қочқини Хайрулло Турсуновнинг турмуш ўртоғи Нодира Бўриева ҳам бўлганидир.
Аниқланишича, 2009 йилнинг 18 декабрь куни Нодира Бўриева Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қийноқларидан сўнг оиласи ва ўзининг жонини сақлаш мақсадида Қозоғистон ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлган.
Қарши шаҳар терговчилари Нодира Бўриева билан бирга ўттиз нафар аёлни қўлга олиб, уларни маҳаллий отин Меҳринисо Ҳамдамовага қарши кўрсатма бериш учун ваҳшийларча қийноқларга тутган.
Нодира Бўриеванинг қўлида эмизикли чақалоғи бўлгани учун у терговга уйидан қатнаб жавоб беради. Аёл тонгги саккиздан кечки ўн бир-ўн иккиларгача қаттиқ сўроқ қилинган.
Қийноқлар авж ола бошлагач, Нодира Бўриева уч фарзандини олиб, Қозоғистонга қочишга мажбур бўлади.
Бу вақтда унинг Россияда ишлаб юрган турмуш ўртоғи Хайрулло Турсунов Олмаотага оиласининг олдига келган.
Аввалроқ “Жараён” Турсунов турмуш ўртоғи туфайли Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Ўзбекистон ҳукумати даставвал Турсуновни Жиноят кодексининг бир банди бўйича айблаб, қидирувга берган эди. Аммо кейинчалик Нодира Бўриевани тезроқ қўлга киритиш учун Турсуновга нисбатан бир қанча айбловлар олдинга сурилди.
Хайрулло Турсунов бунгача ҳам Ўзбекистонда ЖКнинг 159-моддаси бўйича судланиб, ўн икки йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Аммо у амнистияга тушиб, муддатидан олдин озод этилган.
2006 йилнинг ноябрь ойида Турсунов тирикчилик мақсадида Россияга йўл олади. Орадан бир ярим йил ўтиб, аниқроғи, 2008 йил январида у уйига қайтиб келади.
Бироқ 2009 йилда Хайрулло Турсунов фуқаролардан тушган шикоят сабабли Қарши шаҳар милиция ходимлари томонидан қўлга олинади.
2009 йилнинг август ойида Ўзбекистонда мусулмонлар рўза тутаётганди. Турсунов бир неча таниши билан ўн литрли идишда сув олиб қайтаётганда, кўчада кўринишидан аҳлоқи бузуқ қизларга ўхшаган аёллар ундан сув сўрайди.
Хайрулло Турсунов уларга сув бермаслигини айтгач, аёллар унга ёпишиб кетишади ва ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлай бошлашади.
Шу пайт воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари пайдо бўлади. Аёллар милицияга қараб, Турсунов уларни сўкканидан ва Рамазон ойида рўза тутмаганлиги учун “кофир” деб ҳақоратлаганидан шикоят қилади.
Милиция ходимлари бошқа гувоҳларнинг “воқеа бундай бўлмади” деган гапларига қулоқ солмай, Турсуновни Қарши шаҳар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетадилар.
Кейинчалик маълум бўлишича, Турсуновни қўлга олишдан асосий мақсад бошқа экан.
Ўша вақтларда Қашқадарё вилоят бош имоми Исмоилхон Райҳонов жонига гўё суиқасд уюштирилган. Имом соғ қолади ва вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноятни содир этган шахсни топиш мақсадида олдин қамалган ва рўйхатда турувчи диндорларни турли баҳоналар билан қамоққа ташлаб, сўроққа тута бошлайди.
Ўн кунлик ҳибс мобайнида Турсуновни ҳам ушбу жиноятчиларни топиб беришни талаб қилиб, қийноқларга тутишади. Аммо бирор жавоб ололмагач, қўйиб юборишади.
Хайрулло Турсунов яна бирор баҳона билан ҳибсга олинишининг олдини олиш мақсадида 2009 йил 15 сентябрида Россияга қочиб кетади.
Россияга келгач эса, Турсунов “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Москвадаги бўлимига мурожаат қилади.
2009 йилнинг декабрь ойида у оиласи Ўзбекистондан Қозоғистонга қочиб келишга мажбур бўлганидан кейин самолёт орқали Олмаотага келади.
Айни пайтда Турсуновнинг уч фарзанди ва турмуш ўртоғи учинчи давлатга чиқиб кетгани айтилади.
Fikr bildirish