Ўзбекистонлик аёл Россияда ўғлининг ҳақ-ҳуқуқи учун курашмоқда
Андижонлик Мавлуда Йўлбарсова Приморьеда уч ойдан буён жинсий тажовузда айбланаётган ўғли Акбаржоннинг ҳақ-ҳуқуқи учун кураш олиб бораяпти. Она фақат бир нарсани – ўз фарзандига нисбатан адолатли судлов ва терговни талаб қилмоқда.
“Жараён” таҳририятига Ўзбекистон фуқароси Мавлуда Йўлбарсова мурожаат қилиб, журналистларга ўз бошига тушган кўргиликни айтиб берди. Аёлнинг сўзларига кўра, яқинда уйлантирмоқчи бўлган ёлғиз ўғли Акбаржонни владивостоклик терговчилар ёш қизни зўрлаганликда айблаяптилар.
“Ўғлим уч йилдан буён Владивостокда ишлайди. Афғонистонда хизмат қилган отаси урушдан қайтганидан кейин кўп ўтмай олган жароҳатларидан вафот этган. Менинг бор-йўғи икки болам бор. Катта қизимни турмушга берганман, ўғлимни эса энди уйлантираман, деб тургандим. Ўғлимнинг исми Акбаржон Йўлбарсов, у 1984 йилда туғилган. Биз бу ерга Андижондан тирикчилик мақсадида келгандик. Аммо фалокат оёқ остида экан”, – дейди кўз ёшларини тўхтатолмаган Мавлуда Йўлбарсова.
Унинг айтишича, ўғли Акбаржон Приморьега келгандан кейин қарзга микроавтобус сотиб олиб, одам ташиб, пул топаётган экан. Шу йилнинг 30 август куни у шу ерлик нотаниш қизни уйига олиб бориб ташлабди. Аммо эртаси куни тонг саҳарлаб унинг уйига полициячилар бостириб кириб, уни маҳаллий полиция бўлимига олиб кетишибди.
Полицияда Акбаржонга у кеча уйига ташлаб қўйган аёлни гўё зўрлагани ҳақида айблов қўйишибди. Терговчилар йигитга уларнинг қўлларида аёл ёзган ариза борлигини ва унда Акбаржон жиноятчи сифатида кўрсатилганини билдиришибди.
Мавлуда Йўлбарсова маҳаллий расмийлар ўғлини содир қилиши мумкин бўлмаган жиноятда айблаётганларини таъкидлайди.
“Бу аёлнинг эри бор экан ва энг асосийси – қўшнилар ўғлимнинг уни соппа-соғ уйи олдига олиб бориб қўйиб, ундан пул ҳам олганини кўрган эканлар. Бунинг устига, буларнинг ҳаммаси видеокузатув камерасига ёзиб олинган экан. Агар у жиноят содир этган бўлса, булар ҳам бошқа жойлардаги камералар орқали қайд этилган бўларди. Мен охирги пулимга ёллаган адвокат: “Мен бу ёзувларни кўра олмайман, бунга ҳаққим йўқ”, деяпти. Ҳозир нима қилишимни ҳам, адолат талаб қилиб, қаерга мурожаат қилишимни ҳам билмай турибман. Мен ахир фақат бир нарсани – адолатни талаб қилаяпман, холос”, – дейди Мавлуда Йўлбарсова.
Аёл, айбсизлик презумпцияси ва қонунларга қарамай, “қўлга олинган тажовузкор” сифатида маҳаллий телевидение орқали кўрсатилган одам тимсолида ўз ўғли Акбаржон Йўлбарсовни танимаганини айтади. Унинг юзлари қонсираган ва жуда шишиб кетганди, дейди аёл. Унинг айтишича, кейинроқ унинг ўғлини талончиликда ҳам айблаганлар.
Акбаржон билан учрашган ўзбек тили таржимонидан Мавлуда Йўлбарсова ўғлини маҳаллий полиция бўлимида беш кун мобайнида қийноққа солганларини ва қандайдир ҳужжатларга қўл қўйишга мажбур қилишганини билиб олган. “Кейинроқ ўғлимнинг ўзи уни беш кун давомида оёғидан осиб қўйиб, калтаклаганларини ва қанақадир газ билан азоблашганларини айтиб берди”, – дейди аёл.
Ҳозирда ўзбекистонлик Мавлуда Йўлбарсова ўғлининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишда давом этмоқда ва бу иш адолатли текширилишига умид қилмоқда.
“Адвокатлар борган сари кўп пул сўрашаяпти, бироқ ҳеч бир иш қилишмаяпти. Шунинг учун ҳам мен Приморье ўлкаси ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига ўғлимнинг иши юзасидан мустақил текширув ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилаяпман. Мен онаман, ёлғиз ўғлим нималарга қодир, нималарга қодир эмаслигини мен билмасам, ким билади”, – деди ўз сўзи сўнгида Мавлуда Йўлбарсова.
“Жараён” таҳририяти Ўзбекистон фуқароси Акбаржон Йўлбарсов ишидаги воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу ҳақда ўз муштарийларини маълумот беришда давом этади.
Fikr bildirish