Тошкент вилоятида диндорлар қамалди
Тошкент вилоятининг Янгибозор туман суди судьяси Машраб Мирзаев бугун тўққиз нафар маҳаллий диндор устидан ҳукм ўқиди.
Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумот тарқатди.
Маълумотларга кўра, судланувчининг етти нафари мамлакат Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоатчилик бирлашмалари ва диний ташкилотларни ноқонуний равишда тузганлик) ва икки нафари эса 244-моддасининг 1- банди (Ижтимоий хавфсизлик ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаганлик ёки тарқатганлик) бўйича айбланган.
Хусусан, 41 ёшли Ғайрат Ҳусанов ва 40 ёшли Шуҳрат Юнусов 7 йилданга қамалди, 37 ёшли Ботир Икромов, 36 ёшли Алишер Раҳимбоев, 40 ёшли Отабек Орипов, 40 ёшли Музаффар Миралиев, 34 ёшли Дилшод Салимов, 33 ёшли Фазлиддин Муҳаммедов ва 39 ёшли Ҳасан Абдиевлар эса шартли равишда 3 йилданга кесилди.
Судланганларнинг ҳаммаси Тошкент вилоятининг Паркент туманидан бўлиб, улар шу йилнинг май ойида ҳибсга олинганди.
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг қайд этишича, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний равишда қўлга олинган бу йигитлар иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида тергов ҳибсхонасида қийноққа солинган.
Улар ҳибсхонада бўлган пайтда уйлари тинтув қилинган, бироқ, маълумотларга кўра, тинтув чоғида уларнинг уйларидан таъқиқлаган адабиёт ва варақалар чиқмаган.
Fikr bildirish