Мен нима дейман-у, қўбизим нима дейди…
Мамлакат Конституцияси ва қонунларини одамнинг скелетига таққослашади. Скелет бўлмаса ёки заиф бўлса, одамни бир халта гўшт ёки икки букчайган қария каби тасаввур қилиш мумкин, холос.
Бу ҳолатни халқимиз “Бўш қоп тик турмайди” деб ҳам тушунтиради. Давлат ҳам шундай. Давлат Конституцияси ва қонунлари нохолис, айёр, порахўр, қароқчи, саводсиз, ғаразли, бировларнинг буюртмаси билан иш кўрувчи лавозимли шахслар қўлига тушиб қолса, давлат ҳам бир халта гўшт ёки икки букчайган қарияга айланади.
Конституция амалда бўлса, қонунлар адолатли ишласагина мамлакат ривожланади, одамлар бахтли яшайди, Гулнора Каримовага ўзшаганлар халқни таламайди, президент ёлғон гапирмайди.
Қарши шаҳрида Гулшан Қараева деган синглимиз яшайди. Касби медик бўлса-да, юрак амри билан “одамларга ҳуқуқларини ҳимоя қилишда оз бўлса-да ёрдамим тексин” дея ҳуқуқбонлик соҳасида ҳам баҳоли-қудрат фаолият юритмоқда. Бу соҳада у Ўзбекистоннинг буюк ҳуқуқбони, физик бўлса-да, бироқ барча соҳада, хусусан сиёсатда ҳам, ҳамманинг олдида кетаётган Абдужалил Бойматов билан ҳамкорлик қилади.
Бу – яхши. БМТнинг ҳуқуқбонлар ҳақидаги 1998 йилда қабул қилган Декларациясига мувофиқ ҳуқуқбонлик касб танламайди. Ўзбекистон одил суди негадир аёлларни “яхши кўради”: эркакларга битта модда билан айб қўйса, аёлларни камида иккита модда билан “сийлайди”. Муътабар Тожибоевани, масалан, ЎН САККИЗТА модда билан “ўраб-чирмаган”.
Мен ўша пайтларда энг кучли россиялик адвокатлардан сўраганимда улар: “Совет даврида ҳам аёл 18 та модда билан айбланганини билмаймиз. 3-4 та модда билан айбланган аёллар бўлган, аммо 18 та модда …! Бу – кулгули!” дейишган. Гулшан синглимизга ҳам шаввоз терговчи Илҳом Шералиев иккита модда “ёпиштирибди”: 139 (Туҳмат) ва 140 (Ҳақорат қилиш).
Шу ерга келганда мен муҳтарам ўқувчилардан узр сўрамоқчиман: моҳият тушунарли бўлиши учун мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЎзР ЖК) ва Жиноят-процессуал кодекси (ЎзР ЖПК)дан бир неча кўчирмалар келтиришга мажбурман. Гарчи ўқувчига уларни ўқиш зерикарли бўлса-да, мен уларни “тишни тишга қўйиб” ўқишни тавсия қиламан. Инсон тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай одам шуларни ўқиши ва билиши зарур, деб ўйлайман. Шундай қилиб …
1) ЎзР ЖКнинг 1-моддасига асосан “Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларига асосланган”;
2) ЎзР ЖКнинг 3-моддасига асосан “Жиноят кодекси қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади”;
3) ЎзР ЖКнинг 5-моддасига асосан “Жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар”;
4) ЎзР ЖКнинг 10-моддасига асосан “Қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт”;
5) ЎзР ЖКнинг 14-моддасига асосан “ЎзР ЖК билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади”.
Илҳом Шералиев бўйича Гулшан қанақа жиноят содир этган экан? Гулшанга нисбатан 139 ва 140-моддалар бўйича жиноий иш қўзғатиш мумкинми? Жавоб битта: Гулшанга нисбатан жиноий иш қўзғатиш мумкин ЭМАС ва жиноят содир этган ЭМАС! Бу даъвони исботлаш учун юрист бўлиш ҳам шарт эмас, чунки унинг исботи шу моддалар диспозициясида ёзиб қўйилган:
139-модда: “Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса”;
140-модда: “Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, жиноят иши қўзғатилиши ШАРТ.
Бироқ, Гулшан Қараева олдин бирор марта ҳам суд қилинмаган! Кимгадир туҳмат қилгани учун ҳам, кимнидир ҳақорат қилгани учун ҳам маъмурий жазо олган эмас. Ким судланган бўлса, бу ҳақдаги маълумот суд органларининг маълумотлар базасида туради ва уни терговчи ёки судья истаган пайтда ўша базадан ола олади. Хулоса: Илҳом Шералиев Гулшан Қараева устидан НОҚОНУНИЙ жиноий иш қўзғатган! Бундай пайтда ҳар қандай виждонли инсоннинг нигоҳи Илҳом Шералиевга қаратилган бўлиши керак: нега у бу ишни қилди? Саводсизми? Гулшанга шахсий ғарази борми? Ёки кимнингдир закази (буюртмаси)ни бажараяптими?
Жавоб: бу муҳтарам зотни саводсиз деб бўлмайди. Ҳар ҳолда олий юридик билими бўлса керак. Бўлмаса, у ҳолда уни давлатнинг ўта муҳим мазкур лавозимига ким ишга қабул қилганлигини текшириш зарур бўлади. Унинг Гулшанда шахсий адоапти бўлганига ҳам асос кўринмайди: нима, Гулшан Илҳом Шералиевнинг арпасини хом ўрибдими? Буюртма қолади, фақат! Илҳом Шералиев бекорчиликдан, ўз-ўзидан бировга қарши жиноий иш очавермайди-ку!
Бировнинг закази билан айбсиз инсон устидан жиноий иш очиш, бу – қип-қизил жиноят! Қизиқ замонлар бўлди-да: жиноятчи айбсиз одам устидан жиноий иш очиб ўтирибди. Юқорироққа қайтамиз: Илҳом Шералиев Гулшан Қараевага нисбатан жиноий иш очар экан, у ЎзР ЖКнинг 1-чи моддасига, яъни Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларига асосланганмикин? Асло!
У балки ЎзР ЖКнинг 3-чи моддаси, яъни Жиноят кодексининг қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асослангандир? Йўқ, асосланган эмас! Ундайда нима? ЎзР ЖКнинг 10-чи моддасига асосан “Қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт”. Шахснинг ҳатти-ҳаракатида жиноят таркиби мавжуд бўлиши учун ушбу учта шарт бажарилиши лозим: 1) Жиноят содир этилганлик белгилари бўлиши; 2) ЎзР ЖКда мазкур ҳатти-ҳаракат жиноят эканини эътироф этадиган модда бўлиши; 3) Шу ҳатти-ҳаракатни содир этган шахс [жиноят субъекти] мавжудлиги.
Гулшан Қараевага нисбатан жиноий иш қўзғатган жиноят субъекти Илҳом Шералиевнинг ҳатти-ҳаракатида жиноят таркибининг 1-чи шарти “мана-ман” деб турибди. ЎзР ЖКнинг 139 (Туҳмат) [Диспозицияси юқорида келтирилган], 209 (Мансаб сохтакорлиги) [Диспозицияси: “
1.Мансаб сохтакорлиги, яъни мансабдор шахснинг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб, сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб, сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлса] моддалари эса у содир этган ҳатти-ҳаракат жиноят эканлигини эътироф этувчи моддалардир.
ЎзР ЖКнинг 5-моддасига биноан Илҳом Шералиев Гулшан Қараева билан теппа-тенг, ортиқ жойи йўқ ва, демак, қилган жинояти учун жавоб бериши шарт, чунки ЎзР ЖКнинг 14-моддасига асосан унинг Гулшан Қараевага нисбатан қилган ҳатти-ҳаракати жиноятдир.
Ўзбекистон одил суди танлаб жазолайди
Илҳом Шералиев Гулшан Қараева устидан қўзғатган жиноий иш ЎзР ЖПКнинг 322-моддаси (Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари)нинг 3)-банди [Оммавий ахборот воситалари берган хабарлар]га асосланиб, яъни интернет-сайтдан олиниб қўзғатилган. Ушбу мақола ҳам бир неча ўзбекзабон интернет-сайтларда чоп этилишига ишонаман. ЎзР ЖПКнинг 345-моддасига асосан Илҳом Шералиевга нисбатан 139-модда бўйича Қарши шаҳар ИИБнинг терговчиси, 209-модда бўйича эса шу шаҳар прокуратурасининг терговчиси жиноий иш қўзғатишлари лозим.
Одатда, бир шахсга нисбатан қўзғатилган ишлар турли идоралар томонидан қўзғатилган бўлса, уларни шу идораларнинг бири бирлаштириши мумкин. Мазкур ишда бу ҳаракатни прокуратура амалга оширади. Бу иш тўлақонли ЖИНОИЙ ИШ бўлади, чунки 209-модданинг диспозициясида “шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейинсодир этилган бўлса” деган шарт йўқ. Кўрамиз, қўзғатишадими-йўқми? Агар айбсиз Гулшан Қараевага қарши ноқонуний жиноий ишни назорат қилган прокуратура уни судга йўллаган экан, шу орган ҳақиқатан жиноят содир этган Илҳом Шералиев устидан жиноий иш очмаса, у ҳолда бу ҳолат ҳукумат ҳуқуқбонга қарши қасддан репрессия (қатағон) уюштираётгани аён бўлади-қолади.
Бу ҳолда эса, Гулшан Қараева тўғридан-тўғри БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси (ИҲҚ)га мурожаат қилиши мумкин. Гарчи суд бўлмаса ҳам. Эшитишимиз бўйича Ўзбекистоннинг биринчи ва асосий ҳуқуқбони Акмал Саидов 2013 йил апрель ойида ҳукуматнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган ҳисоботини қўлтиқлаб, уни БМТнинг ИҲҚ аъзолари олдида ҳимоя қилиш учун Женева (ёки Нью-Йорк)га олиб жўнар эмиш.
Биз Гулшан Қараевани ким суд қилишини билмаймиз. 3 декабрь, душанбага мўлжалланган судга “судланувчи” ҳатто чақирилмаган ҳам. “Чақирилмаган” дейишимнинг сабаби шу-ки, судланувчи ЎзР ЖПКнинг 97-моддаси (Сўроқ қилиш учун чақирув) [Диспозицияси: “… судланувчи … судга чақирув қоғози билан чақирилади. Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар орқали топширилади…”]га биноан чақирилсагина қонуний ҳисобланади. ЎзР ЖПКда 588 та модда бор. Бир нарсани аниқ айтиш мумкин: судья унинг 97-моддасини ҳурмат қилмас экан! Демак, у сохта судья экан! Фақат бу модда эмас, судья яна қуйидаги моддаларни ҳам ҳурмат қилмас экан.
ЎзР ЖПКнинг асосий нуқталаридан бири унинг 396-моддаси (Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш чоғида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар)дир. Аниқлаштирамиз. Тергов тугагач, терговчи бир қатор процнссуал ҳужжатларни тайёрлаб, хусусан айблов хулосасини имзолаб, 381-модда (“Жиноят ишининг прокурорга юборилиши”)га асосан жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади. Прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосасини тасдиқлаб, ЎзР ЖПКнинг 388-моддасига асосан жиноят ишини тегишли судга юборади. Шундай қилиб, жиноий ишнинг судишюритуви жараёни бошланади. Ишни ўз иш юритувига қабул қилган судья ишни нимадан бошлайди?
Судьяга ишни ўрганиш ва бир қатор амалларни бажариш учун ЎзР ЖПКнинг 395-моддасига биноан 7 сутка вақт берилади (бу муддат шу суднинг раиси томонидан кўпи билан уч суткагача узайтирилиши мумкин). Мазкур амалларнинг орасида энг муҳими 396-модда (Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш чоғида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар)дир. Судья жиноий ишни судда кўриш учун тайинлаш масаласини ҳал қилиш чоғида айбланувчига нисбатан 7 ҳолатларни аниқлаши лозим. Гулшан Қараеванинг жиноий иши учун бу модданинг ушбу бандлари ўта муҳим:
1) ишни тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатлар борми-йўқми; [“борми” сўзини мен қўшиб қўйдим – Т.Ё.];
2) ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлими;
3) суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида ушбу Кодекснинг талабларига риоя қилинганми;
4) айблов хулосаси ЎзР ЖПКнинг талабларига мувофиқ тузилганми.
Жиноий иш ноқонуний қўзғатилган бўлса, у нафақат тўхтатилади, уни тугатиш (яъни ёпиш)га судьянинг тўлиқ ҳаққи бор. 2)-чи шартнинг бажарилиши [айбланувчи фойдасига] 3-чи, 4-чи ва 7-чи шартлар ҳам автоматик айбланувчи фойдасига ўтади, яъни ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарли эмаслиги, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида ЎзР ЖПКнинг талабларига риоя қилинмаганлиги ҳамда айблов хулосаси шу Кодекснинг талабларига мувофиқ тузилмаганлиги келиб чиқади.
Бу ҳолда судья ЎзР ЖПКнинг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар)нинг 2) [айбланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса] ва 3) [унинг содир этилган жиноятга даҳли бўлмаса] бандлари ҳамда 401-моддаси (Жиноят ишини тугатиш) [Диспозицияси: ЎзР ЖПКнинг 83-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, суд жиноят ишини тугатади]га асосан айбланувчини тўлиқ оқлайди.
Бироқ судья бу процессуал ҳаракатларнинг бирортасини ҳам қилган эмас ва, демак, у: 1) ЎзР ЖПКнинг 396, 401 ва 83-чи моддаларини ҳам ҳурмат қилмайди ва 2) Илҳом Шералиев билан жиноий тил топишган. Қонун бўйича у жиноий ишни ЎзР ЖПКнинг 396-моддаси асосида текшираётган пайтда суд жараёни ҳали бошланмаган бўлади.
Шу модда талаби бўйича у айбланувчи айбсиз эканини аниқласа, уни оқлайди ва бу ҳақда 401-модданинг 3-қисмига асосан айбланувчига ХАБАР БЕРИШИ КЕРАК. Мазкур мақола 1 декабрь куни ёзилмоқда, Ўзбекистон билан муттасил алоқадамиз, бироқ Гулшан Қараева ҳанузгача оқлов қоғозини олган эмас.
Билмадим, судья нимани кутаяпти: Илҳом Шералиев устидан очилиши муқаррар бўлган жиноий ишни прокуратура бекитиши учун амнистияни кутмоқдами? Ёки Гулшанни судга обкелтириб оқлов қоғозини ўз қўли билан топширмоқчими? Балки қасдма-қасдга, «нима бўлса бўлди» деган принципга кўра Гулшанни суд қилмоқчими? Нима бўлганда ҳам бу судья ноқонунийлиги кундай равшан бўлган жиноий ишни ўз ишюритувига олгач, уни ўрганиш муддати ўтган бўлса-да, қонун талабларини беҳаёларча бузаётир ва, демак, жиноят содир этаётир.
Толиб Ёқубов,
ЎИҲХЖ фахрий президенти
Fikr bildirish