Ўзбекистонлик ногиронларнинг 352 минг долларини ким ўғирлади?

2008 йил февралида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти томонидан «Жисмоний имконияти чекланган одамлар учун телекоммуникацион марказлар ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш бошланганди.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистондаги жисмоний имконияти чекланган одамлар учун Интернет тармоғидан бепул фойдаланиш бўйича хизматлар тақдим этиш бўлган.

Лойиҳани Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги кўмагида Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси билан биргаликда «Япония ҳукумати нолойиҳавий турдаги беғараз ёрдам ҳамкорлик жамғармаси» маблағи туфайли амалга ошириш мумкин бўлган. Лойиҳанинг умумий қиймати 352 минг АҚШ долларини ташкил этган.

2008 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ногиронлар жамияти раҳбари Ойбек Исоқов болаликдан ногирон бўлган кишидан 1 минг АҚШ доллари миқдорида пора ундираётган пайтда Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ушланган. О.Исоқовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 5 моддаси (167, 205, 207, 209 ва 210-моддалари) бўйича судлаганлар, шунга қарамай, у шартли жазо билан қутулиб кетган.

Тергов ва суд текшируви натижасига кўра, лойиҳа маблағларини ўмариш факти бўйича жиноятнинг ягона айбдори деб болаликдан ногирон бўлган О. Расулов эълон қилинган.  Ногирон О. Расуловнинг муайян даражада ақли заифлигидан фойдаланган ҳолда, уни 2008 йил январида Ўзбекистон ногиронлар жамияти базасида ташкил этилган «Technobiosplus» шўъба корхонасига директор этиб тайинлайдилар. Бу иш кейинчалик жиноят учун бутун жавобгарликни унинг зиммасига юклаш учун қилинади (бу одамга нисбатан кейинчалик амнистия қўллаш мумкин эди).

Лойиҳа маблағларининг ўғирланиши бўйича ишни олиб борган Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси Ҳусан Ҳусанов ўзининг коррупцияга чалингани ва принципсизлиги билан танилган. Жиноятнинг ҳақиқий айбдорларини топиш ва жавобгарликка тортиш ўрнига у айбсиз одамга, боз устига, ногиронга нисбатан айблов хулосасини берган.

Тошкент шаҳрининг Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди айблов томонини тўлалигича қўллаб-қувватлаган ва О. Расуловдан Ўзбекистон ногиронлар жамиятига етказилган зарарни ундириш шарти билан унга нисбатан амнистия қўллаган. О. Расулов тасарруфида мулк бўлмагани ва ота-онаси қарамоғида яшагани учун етказилган зарар қопланмай қолаверган.

Бу каби ҳар бир битим, айниқса юқори технологиялар соҳасидаги ҳар қанақа келишув Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан диққат билан текширилади ва назорат қилинади. Бу муассасанинг ҳамда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидаги коррупциялашган кимсаларнинг шахсий иштирокисиз ва ҳомийлигисиз мазкур жиноятни амалга ошириш имконсиз эди.   

Бу жиноятнинг асосий фигурантлари бўлиб ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси МХХ ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидан бўлган коррупциялашган ходимлар ўз «улуш»ларини олиб, гумондан хорижда қолдилар.

Ижрочиларга эса коррупциялашган ҳомийлар ҳимояси туфайли адолатли судловнинг қўли етмади.

Лойиҳанинг амалга оширилишига оид мониторинг нажиталари бўйича «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мутахассислари қуйидагича хулосага келдилар.

– Лойиҳа амалга оширилмаган;

– Лойиҳа маблағлари бир гуруҳ шахслар томонидан ўмарилган;

– Интернетга бепул кириш хизматидан 4 ой ичида тақрибан 300-400 ногирон фойдаланган;

– жавобгарликка мазкур жиноятга алоқаси бўлмаган ногирон О.Расулов тортилган;

– маблағ ўғирланиши факти бўйича ўтказилган тергов холис ўтказилмаган ва бирёқлама бўлган. Натижада жиноятнинг асосий фигурантларига ҳуқуқий баҳо берилмаган;

– ўғирликнинг асосий айбдорлари Ўзбекистон Республикаси МХХ ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидан бўлган коррупциялашган ходимлар бўлиб ҳисобланади. Уларни албатта аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш лозим.

2008 йилнинг 7 июль куни Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, у мамлакатга ҳокимиятнинг барча эшелонларида коррупцияга қарши кураш бўйича радикал чоралар қўллаш мажбуриятини юклайди.

Transparency International” халқаро ташкилоти маълумотларига мувофиқ, коррупцияни қабул қилиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Республикаси 2012 йилда рўйхат охиридан олтинчи (!) ўринни эгаллаб турибди, бу эса жуда ташвишланарли ҳолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати шахсий таркиби сафида, Бош прокуратура ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ходимлари орасида коррупцияни тугатиш мақсадида «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бу муассасалар раҳбарларини ногиронлар учун мўлжалланган маблағларнинг ўмарилишига кўмаклашган барча «погонли махлуқлар»ни аниқлаш ва бу жиноий ишни қайта кўриб чиқишга чақиради.

Шу билан бирга, биз Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхона ва элчихоналар, халқаро ташкилотлар ва ноҳукумат ташкилотларини ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ичидан ҳамкор танлашда, ҳатто уларни давлат ташкилотларида ишлайдиган юқори лавозимли амалдорлар тавсия қилган тақдирда ҳам, эътиборлироқ бўлишга чақирамиз.

«Ўтюраклар клуби»

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти

2013 йилнинг 27 феврали                                                          

Париж, Франция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.