Швейцарияда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро кинофестиваль бўлиб ўтади
Бугун Женевада инсон ҳуқуқлари бўйича 11-Халқаро кинофестиваль ва форум (FIFDH) ўз ишини бошлайди. Мазкур тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қиладилар.
1 март куни бошланадиган инсон ҳуқуқлари бўйича 11-Халқаро кинофестиваль ва форум (FIFDH) ўн кун давом этади. Ташкилотчиларга кўра, тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокама қилинади. Шунингдек, жума куни даниялик журналист Майкл Андерсеннинг “Ўзбекистондаги қирғин” номли фильми ҳам намойиш этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро кинофестиваль ва форумнинг очилиш маросимидан сўнг тематик сессиялар иш бошлайди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга бағишланган сессияда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева, даниялик журналист Майкл Андерсен, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳамда Франциядаги ИНАЛКО шарқий тиллар ва цивилизациялар миллий институтининг профессори ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Катрин Пужоль нутқ сўзлайдилар.
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоевабу кинофестивалда айнан Ўзбекистон масаласи кун тартибига қўйилгани қувонарли ҳол эканини айтади.
– Бу кинофестиваль БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиллик сессияси олдидан ўтказилаётгани ҳам бизни хурсанд қилди. Бугун биз тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни озод қилиниши учун ёзилган петицияни ҳам тарқатишни ҳам мақсад қилганмиз.
Биз бу тадбир иштирокчилари ўзбек сиёсий маҳбуслари тақдирига бефарқ бўлмайдилар ва етарли миқдорда имзолар йиғишга муваффақ бўламиз, деб умид қилаяпмиз, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро кинофестиваль ва форум 2003 йилда ташкил қилинган. Ҳар йили ушбу тадбирга 21 мингдан кўпроқ киши ташриф буюради. Ҳуқуқ фаоллари, режиссёрлар, оммавий ахборот воситалари ва Женевадаги университет вакиллари ушбу тадбирнинг ташаббускорлари ҳисобланадилар.
Бугунги кунда мазкур тадбир инсон ҳуқуқларига оид турли мавзуларни муҳокама қилиш учун ўзига хос эркин платформа бўлиб ҳисобланади.
Fikr bildirish