БМТ масъуллари Остонадан Турсунов экстрадициясини тўхтатиб туришни сўради
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси Қозоғистон ҳукуматидан бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмай туришни сўраган.
Мазкур бошқарманинг “Ўтюраклар клуби”га юборган мактубида Турсунов иши бўйича ёзилган якка тартибдаги шикоят қабул қилинганини ва у кўриб чиқилмагунча Турсунов Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги битилган.
Мактуб нусхаси Қозоғистон ҳукуматига ҳам юборилган ҳамда Қозоғистондан шикоят олти ой ичида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида кўриб чиқилиши ва бу вақтнинг ичида Остонадан Турсуновга боғлиқ ҳар қандай ҳаракат, шикоят ёки норозилик икки ой ичида билдириш сўралган.
“Ўтюраклар клуби” Хайрулло Турсуновнинг номидан БМТнинг Қийноқларга қарши кўмитасига шикоят ёзган бўлиб, унда Турсунов Ўзбекистонга юборилган тақдирда қийноқларга тутилиши мумкинлиги баён қилинганди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Турсунов иши Қозоғистондан 2011 йил июнида экстрадиция қилинмиш 29 нафар ўзбекистонлик қочқин иши билан ўхшаш эканлиги ва бу қочқинлар Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг қийноқларга дучор қилинганини маълум қилишган.
Хайрулло Турсунов 2012 йилнинг апрель ойида Ақтўбеда қўлга олинган ва шаҳар ҳамда вилоят судлари Қозоғистон Бош прокуратурасининг уни Ўзбекистонга бериб юбориш қарорини маъқуллаб ҳукм чиқарган.
Турсунов айни дамда Олмаота шаҳрига этап қилинган.
Fikr bildirish